КАЛЛАКЕСАР… (5-қисм)

0

 

 

«ТАН МАҲРАМ»

 

* * *

 

Соли ота узун йўлакдан ўтиб каттакон залга кирди. Хона жуда ҳашаматли, айланасига қимматбаҳо жиҳозлар қўйилганди. Меҳмонали умри бино бўлиб бу каби кошоналарга кириб кўрмагани учунми, полга тўшалган қалин, чўғ каби қип-қизил гиламга ҳам қўрқа-писа оёқ қўярди.

— Қани, ўтир, йигит, — тўрга ишора қилди Соли ота. — Нега анқаясан? Ўтирсанг-чи!

Меҳмонали итоат билан кўрсатилган жойга чўкди. Қария ҳам тиз чўкиб фотиҳага қўл очди.

— Ишқилиб, душманларнинг кўзи кўр, тили соқов, қулоғи кар бўлсин! Омин, Оллоҳу Акбар!..

Меҳмонали ҳануз ўзини олдинда нималар кутаётгани билан қизиқарди. Яратгандан руҳан жазоласа тезроқ жазолай қолишини сўрарди. Соли отанинг ҳар бир қалтис ҳаракатини кўрганда, юрагидаги шубҳа-гумонлар, қўрқувлар минг чандон ортиб, безовталанишга мажбур этарди. Бир кўзи эса ташқарида эди. Худди қария Мўйдинга тайинлаган-у, ҳозир кўчадан уч-тўртта ўзи каби барзангиларни бошлаб келадигандек, Меҳмоналини бўғизлаб ташлайдигандек бўларди.

— Энди гапни эшит, — ўртадаги сукутни бузиб гап бошлади Соли ота. — Бояги Мўйдин аканг менинг жияним бўлади. Айтдим-ку боя, испортчи. Жа муштумзўр. Беш-ўн йил бурун бировни сўйиб қўйиб қамоқлардаям ётиб чиқди занғар. Келажакда сенга шу дарс бўлсин дейман-да! У гап қайтарганларни жуда ёмон кўради.

— Нега буларни менга уқтиряпсиз? — сўради Меҳмонали тоқати тоқ бўлиб. — Жа ёмонлик қиладиган бўлсангиз, мана, қаршингизда ўтирибман. Нима қиласиз чўзиб?

— Жа маҳмадоналар хилидан экансан ўзингам, — норози қўл силтаб Меҳмоналига аламли боқди қария. — Сен ким бўпсанки, ёмонлик қилсам? Нимангга ёмонлик қиламан? Агар кўнглимда ёмонлик бўлса, ўша ўзинг ковлаган чуқурга сениям кўмдирвора қолардим. Кўммадим-ку!.. Айтганча, ертўла воқеасини бировга гуллаб юрмагин! Биласан, огоҳлантирдим, тилхатниям ёзиб бергансан. Кечириб ўтирмайман!..

— Аҳмоқ эмасман гуллаб, — деди бошини терс буриб Меҳмонали. — Ундан кўра, буёғига нима иш қилишимни айтинг. Вақт кетяпти, ахир!

Соли ота бир муддат ер чизганча ўйга толди. Шу орада бояги ҳовлида рўбарў келган қиз ичкилик, газаклар, шоколадлар терилган патнисни кўтарганча кириб келди.

— Хуш кепсиз, — деди мулойимлик билан Меҳмоналига ер остидан боқаркан қиз. — Ота, чарчамадингизми?

Соли ота қизига меҳр билан қараб қўйди-да, боши билан «йўқ» ишорасини қилди.

Қиз ўнг қўлини кўксига қўйган кўйи хонани тарк этди.

 

* * *

 

— Бу менинг якка-ю, ёлғиз қизим, — деди Соли ота Меҳмоналига зимдан синчков тикилиб. — Гапнинг индаллосини айтсам, қизимнинг исми Мўътабар. Эридан ажратволдим. Ҳароми ўз боласини тан олмаганмиш. Ўша… Сен ертўлага кўмган бола неварамийди. Худо кечирсин!.. Хуллас, Мўътабар бахтли бўлишини хоҳлайман. Уни сен бахтли қиласан. Башарти бош тортсанг, ё сенам ўша Самад ҳаромининг йўлини тутсанг, билиб қўй, жонинг мени қўлимда. Буни сенга боя уқтирдим ҳам. Қисқаси, бугун никоҳ ўқилади. Мана шу уй сенларники. Яйраб-яшнаб яшайсанлар. Хўш, нега оғзингни очаверасан, Меҳмонбой? Гапирсанг-чи мундай эркакка ўхшаб!..

Мўътабарни кўрганданоқ Меҳмоналининг бўлари бўлаёзганди. Қизнинг жуда жозибали ҳусни дейдими, қоматими, ё катта-катта кўзларими, ишқилиб нимасидир Меҳмоналини ҳайрат ва орзу денгизига улоқтириб ташлаганди. Бу денгиздан сира чиққиси келмасди. Мўътабар унга ер остидан тикилиб, отасига билдирмайгина жилмайиб қўйгани бола фақирнинг жонини узиб олай деганди…

У дарров Барнони кўз олдига келтирди. Унинг сўнгги гаплари, ота-онасининг менсимасдан рад жавобини бериши, шу ҳаракати билан камситиши миясида ғужғон ўйнаб муштдек юрагини ўртай бошлаганди.

«Мана, шундай гўзал қиз ҳам менга ўтли боқишдан тийила олмади, — дерди хаёлан ўзига ўзи. — Барно-чи?.. Билмаган экан, унга Меҳмонали эмас, уй керак экан. Демак, муҳаббати сохта экан-да!.. Эссиз, ўшанда кўнгил қўймаса бўларкан. Кўнгил қўйди, ортидан ҳалаканинг итидек чопди, изиллади. Барно бўлса, парвойига ҳам келтирмади. Меҳмоналини уйсиздан олиб уйсизга солди…»

 

* * *

 

Ҳа, Меҳмонали қариянинг сўнгги сўзини эшитгач, ҳали ўзи ҳам таниб-танимаган ёввойи ишқ ўти кўксини баттарроқ куйдира бошлаганди…

Аммо бир кўнгли қарияга ишонма дея ғалаён қиларди. Бошқа бир кўнгли эса Меҳмоналининг вужудини қитиқлаб, дунёга янада кучлироқ меҳр билан боқишга ундарди.

«Қария ростданам мени куёв қилмоқчими? — ўйларди Меҳмонали ҳайратдан ёқа тишлагудек бир аҳволда. — Ахир… Қизи жудаям чиройли, келишган экан-ку! Бундай қизларнинг харидори кўп бўлади дейишарди-ку! Наҳотки, шундай соҳибжамол бахтсиз бўлса?.. Ҳа-а, чол боя ертўлада нима девди? Куёвининг исмини Самад дебмиди? Ҳа, шундай девди. Ўша Самадиям ғирт овсар шекилли-да! Келиб-келиб соҳибжамолниям ташлаб кетадими!?. Эҳ, Меҳмонали, нималар бўляпти ўзи? Боя гўрковлик қилиб, титраб-қақшаб бўлса-да, мурдани кўмдинг. Ўша пайтда сендан бошқаси бўлса юраги ёрилиб ўларди. Шубҳа-гумонларнинг минг кўчасига кириб чиқдинг. Ёруғ дунёнинг мўъжизаси-ю, яхшиликларидан буткул умидингни уздинг. Энди бўлса, бахтинг, омадинг шундоқ пешонангдан чиқиб турибди… Қизиқ, Соли ота гапнинг дангалини айта қолса бўлмасмиди ўша ёқдалигида?!. Пайсалга солиб, қўрқитиб, тилхат ёздиришнинг нима кераги бориди? Тўғри шу уйга опкелиб Мўътабарни кўрсатса, олам мусаффо, Меҳмонали кўнарди, қайсарлик қилмасди. Тўғри-да, ўзи чекка бир қишлоқдан пойтахтга бахтини, омадини қидириб келган бўлса. Мана, худо ёр бўлиб ўша бахт, омад оёғининг остидан чиқди. Яна нима керак унга? Қишлоқда юрса, нимага эришарди? Йў-ўқ, каллани ишлатиши керак. Агар шундай соҳибжамол қиз бахтсиз бўлса, Меҳмонали албатта бахтли қилади. Худога шукр, мен спортидаям унча-мунчасига сўзимни бериб қўймайман. Мўътабарни ҳимоя қилишга, севишга, қадрлашга қурбим етади…

Обба тулки-ей! Оббо ичидан пишган қария-ей!.. Мардикор бозорни айланиб фақат мени танлабди. Демак, унга менам ёқиб тушганман. Кетиб қолишимдан қўрқиб, барзангиларини ишга солган у. Сезган-да! Ернинг тагида илон қимирласа билади бунақанги бойлар. Хайрият, бировдан кам бўлмайдиган чиқа бошладим. Чол сира қўрқмаса ҳам бўлади. Агар илгари кетиш ниятида турган бўлсам, Мўътабарни кўрганимданоқ бу ниятимдан қайтдим. Ҳа, мен Мўътабарга жон-жон деб уйланаман…

Тўхта, бу қариянинг навбатдаги ҳийласи эмасмикан ишқилиб? Ахир, қайси ота шундай қизини умрида кўрмаган, таг-тугини суриштирмаган йигитнинг қўйнига солиб қўяди? Муддаоси нимайкин ўзи? Наҳотки, синаб кўрмоқчи бўлса? Нега? Йўқ, бундай эмасдиров! Акс ҳолда шу ергача судраклаб, олдига мана бундай шоҳона дастурхон тузаб ўтирмасди…

Ҳа-а, тахминлари тўғри чиқяпти. Мўътабарнинг ёши ўттиздан наридалиги кўриниб турибди. Бунинг устига эрдан чиққан. Катта шаҳарларда эрдан чиққан қизларнинг бахти очилиши мушкулроқ кечади. Шунинг учун Соли ота мени танлаган. Бўй-бастим, кўринишимдан қизини ҳимоя қила олишимга кўзи етган. Бунинг устига Мўътабардан ёшроқман. Бўй йигитман. Қайси ўттизга кириб қолган аёл бўй йигитга тегишни хоҳламайди. Жон дейди! Қишлоқда кўрган. Омина опа деган ҳисобчи аёл ҳам шундай қилганди. Эри билан ажрашиб кетгандан кейин ҳеч қанча ўтмай, энди армиядан келган Султон акага тегволганди. Ҳамма гапирганди. Аммо фақат ёши катталар гапирган, гап-сўз қилган. Қизлар, жувонлар бўлса, Омина опага роса ҳавас қилишган…»

Қария ҳам ана шуни мўлжаллабди чоғи. Қизи бўй йигитга тегса, мақтаниб юради-да!.. Меҳмонали бунақа соҳибжамолни қайдан топсин?!. Ана, Барно чолнинг қизидақа кетворган бўлмасаям, Меҳмоналини назарга илмади-ку! Уйи йўқлигини юзига солди очиқчасига. Мана шу аёлга уйланиб қишлоққа оборса-чи? Биринчи бўлиб Барнога, уйидагиларга кўз-кўзласа-чи? Қандай бўлади? Э, қанддай бўлади! Куйиб, сочини юлсин Барно! Меҳмоналининг кимлигини кўрсин! Шундай гўзал хотини борлигига гувоҳ бўлсин-у, уйида ўтира олмай қолсин!.. Ҳа, роса аламидан чиқарди. Хотини билан етаклашиб борарди-да, тоғаси Обид сувчининг ҳовлисига — ўзининг, бобоси, момосининг излари қолиб кетган уйга кирарди. Атайин қўшиб-чатиб бўлсаям роса мақтанарди. Хотинигаям шипшитиб қўярди. Куйдириб, кул қилишарди. Эҳ, роса кўнглидагидек иш бўларди…

 

* * *

 

— Ухлаб қолдингми? Гапирмайсанми? — ўртадаги сукутни бузиб сўради Соли ота. — Мўътабар ёқдими сенга? Менинг гапимга кирасанми, ё…

— Мен розиман, — деди Меҳмонали. — Уйлансам, шундай қизга уйланаман-да, ота! Қолаверса…

— Бошқа гапларни қўй, — икки кафтини бир-бирига ишқалаб тиззалаб олди Соли ота. — Жавобинг ҳақиқатан ақлли одамнинг жавоби бўлди, баракалла! Энди тағин бир гапим эсингда бўлсин! Мен бизнес одамиман. Бир умр савдогарчилик қилиб ўтдим. Нима қилайки, қариб қолдим. Соғлиқ қурмағур панд бериб қўйяпти. Худо ўғилдан қисди-да, на илож!?. Биттагина шу Мўътабарни берди холос. Шунисигаям шукр! Агар яхши куёв бўлиб юрсанг, қизимнинг айтганидан чиқмасанг, топганим сенларники. Гўримга орқалаб кетмайман-ку бойликларни!.. Мўътабар, ҳой Мўътабар! Қайда қолдинг?

Зум ўтмай Мўътабар юз кўрсатди. Адрасдан кўйлак-лозим кийибдики, бир ҳуснига ўн ҳусн қўшилгандай очилиб кетибди.

Меҳмонали унга ер остидан билдирмайгина разм соларкан, сал қурса оғзидан сўлаги оқиб кетай дерди. Юраги безовта уриб ўзи сезмаган ҳолда муштларини тугарди.

 

* * *

 

— Ҳа, отажон, — дея ўнг қўлини кўксига қўйганча Соли отанинг қаршисида ҳозир бўлди Мўътабар. — Бирор нарса керакмиди?

— Ўтир, — деди қария атайин Меҳмоналининг ёнидан жой кўрсатиб. — Муҳим гап бор!..

Мўътабар аста келиб Меҳмоналининг ёнидан жой олди. Гарчи ораларида эллик сантиметрча бўшлик бўлса-да, Меҳмоналининг кўкси қайнаб кетаётгандек безовталана бошлади. Бироқ сездирмади. Ҳаяжонини сир тутиш илинжида бош эгиб олди.

— Сенга айтган йигит мана шу эди, — деди Соли ота. — Биласан, мен очиқ гапиришни хуш кўраман. Хўш, сенга маъқулми Меҳмонали?..

Мўътабар илкис бош кўтариб Меҳмоналига бир қараб қўйди-ю, қайта бош эгди.

— Баракалла, — деди Соли ота кулимсираб. — Ҳозир Самин мулла келади. Никоҳ ўқитамиз иккалангизга. Бир-бирларингни ҳурматлаб, эҳтиётлаб яшайсанлар шу уйда. Каминг бўлмайди. Ҳамма нарсанг тўкис бўлади. Нима дейсан?

Мўътабар отасига ялт этиб қаради-да, елка қисди.

— Бўпти, унда сизлар ўтира туринглар, — Соли ота ўрнидан қўзғалди. — Мен қўшниларни чақирай. Гувоҳликка ўтишсин. Сизлар гаплаша туринглар, танишинглар!

 

* * *

 

Орадан бир ҳафта ўтди. Меҳмонали умри бино бўлгандан бери биринчи марта ўзини шу қадар бахтли ҳис этди. Соли ота у ўйлаганчалик жоҳил эмаскан. Икки ёшга умуман халал бермади. Меҳмоналини илгаригидек тергаб, қўрқитиб хит қилмади. Ҳар замонда кириб озиқ-овқат, майда-чуйда нарсалар олиб келиб ошхонага қўйди-ю, икковларидан ҳол сўрагач, чиқиб кетаверди. Меҳмоналининг юрагига ўрнашиб қолган ваҳима, қўрқув, нафрат ҳисси вақт ўтгани сайин сўна борарди. Айниқса, Мўътабарни ҳар эркалаганда, ёруғ дунё кўзларига янада гўзалроқ кўрина бошларди…

Шундай кунларнинг бирида Меҳмонали ошхонада кимнингдир қаттиқ-қаттиқ гапираётганидан уйғониб кетди. Уйғонди-ю, шоша-пиша ёнига боқди. Мўътабарнинг ўрни бўм-бўш. Даст ўрнидан туриб қулоғини динг қилди. Ошхонада гапираётган хотини экан.

— Муслим ака-а, намунча қайсарсиз? — дея кулги аралаш сўзланарди Мўътабар. — Яна бир ҳафта муҳлат бери-инг, жон Муслим ака! Ахир… Чиллалиман. Эримнинг ёнида… Ҳалигидай… Тушунасиз-ку ўзингиз! Уф-ф… Э, мижоз йўқотмайман, ишонинг! Яна бир ҳафта дам олишга рухсат берсангиз, икки ҳисса ишлаб берардим чиқиб. Майлими-и?..

Меҳмоналининг тоқати тоқ бўлди. Бир ҳатлаб ошхонада ҳозир бўлди.

Мўътабар эса унга кўзи тушди дегунча жонҳолатда телефонни орқасига беркитиб, Меҳмоналига аланг-жаланг боқди.

Азалдан қизғончиқ эди. Ўзига тегишли буюмга кимдир кўз олайтира бошласа, жаҳд отига минар, буюм бировнинг қўлига тушишини ҳазм қила олмасди. Бугун тушундики, хотинини бундан бешбаттар қизғонаркан. Бегона эркакнинг исмини хотини тилга кўчиргани уни адо қилаёзди. Гоҳ ўнг, гоҳ чап қовоғи учиб-учиб кетди.

— Ким у Муслим ака? — сўради у таҳдид аралаш. — Нега бегона эркак билан сўроқсиз гаплашяпсан? Ким у?

Мўътабар бир муддат индамай Меҳмоналига тикилиб турди-да, сал ўзини қўлга олган каби қаддини ростлади. Кейин эса қўлидаги телефонни стол устига қўйди.

— Мени ким деб ўйлаяпсиз? — деди у лаблари хиёл титраб. — Мен сизга ҳисоб беришим керакми? Қачондан бери?

Меҳмоналига бу жавоб алам қилди. Ўзини хўрлангандек, таҳқирлангандек ҳис этиб, хотинига яқинлашди ва иягига чанг солди.

— Қачондан берилиги эсларидан чиқдими? — деди алам аралаш шивирлаб. — Никоҳ ўқилгандан бери! Мажбурсан ҳисоб беришга. Хўш, ким Муслим ака?

— Ким бўларди? Ишхонамдаги бошлиғим. Ишга чиқ деяпти! Бўлдими? Кўнглингиз тинчидими энди?

— Ишга?.. Қара-я, сен билан бир ҳафтадан бери бирга яшаб қаерда ишлашингни сўрамабман ҳам. Қаерда ишлайсан ўзи?

— Сизга нима фарқи бор? — овозини яна бир парда кўтариб сўз қотди Мўътабар. — Ишдақа иш!

— Номи бордир ахир?!. Қайси ташкилот? Заводми? Ё касалхонами?

— Менга қаранг, — икки қўлини белига тираб бир қадам ортга тисланди Мўътабар. — Мана бунинг сизга сираям қизиғи йўқ. Ҳисоб бериш мажбуриятини олмаганман.

— Шунақами? Жа қайсар экансан! Чиройли, ақлли десам, ўтакетган қайсар ва шартаки экансан.

— Ажаб бўпти! Боринг, нонуштангизни тайёрлаб қўйганман! Еб олинг-да, менинг ишимга аралашманг!..

Бу гап ортиқча эди.

Меҳмонали ўзини хўрланган, ожиз ҳис эта бошлади. Боягина қалбини эгаллаб олган қайноқ муҳаббат ўти сўниб ўрнини музлик эгаллаб олгандек алам қилди. Бироқ Мўътабар ҳақ эди. Суриштиришга, тергашга ҳақли эмас. Уй ҳам хотининики. Уёқда отаси… Хоҳласа, қўлидаги далилларни мелисага топширади-ю, Меҳмоналини қаматиб юборади…

Аҳмоқ бўлибдими қамалиб?!.

Ҳозир нақ жанннатда яшаяпти-ку! Қаерда ишласа ишлайвермайдими?!. Яшашини билиши керак у.

Меҳмонали шуларни хаёлидан ўтказаркан, ўзини мажбурлаб бўлса-да, Мўътабарга жилмайиш қилди-да, юз-қўлини чайиш ниятида ваннахонага кириб кетди.

 

* * *

 

Аммо вақт ўтгани сайин Меҳмоналининг табиатига хос қайсарлик зўр кела борарди. У қалбан хоҳламаса-да, миясининг аллақаерида беркиниб турган ўша қайсарлиги қўзғолон қилаверди.

— Сен қанақа бўшанг йигитсан ўзи? — дерди иблис қайсарликни забтига олиб. — Муштлашишга устасан. Анча-мунчасига кўча-кўйда сўз берадиганлардан эмассан. Ҳозирги тутаётган ишингни қара. Хотин киши эркакнинг қаршисида бош эгиб туриши лозим. Буни биласан. Аммо била туриб унинг ўрнига ўзинг бош эгиб қоляпсан. Хўш, уйида яшаётган бўлсанг нима қипти? Ана, ўрусияга бор, йигитман дегани борки хотинининг квартирасида яшайди. Улар тилини бермайди. Керак бўлса, қайнонасини оёққа турғазиб қўйишади. Сен-чи? Қўйнингда буралиб-буралиб ётган жононингнинг иш жойини аниқлашга ожизлик қиляпсан. Қаматармиш. Қаматиб бўпти. Чол пихини ёрганлар хилидан. Соддалигингни, қишлоқилигингни билгани учун ноғорасига ўйнатяпти. Майли, ўйна, бу ҳозир сенга жудаям зарур. Бироқ шу ўйин баччағарни ўз фойдангга ишлат-да! Йўқ, ортидан пойла. Эртага ишга деб кетиши билан ортидан пойлаб бор, қўрқма! Ана шунда ҳаммасини аниқлайсан-қўясан!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here