Мурадовнинг UFC’даги иккинчи жанги муддати ва рақиби аниқ бўлди! ФОТО

0

Аралаш жанг санъати (MMA) бўйича ўрта (-84 кг) вазн тоифасида октагонга чиқиб келаётган ўзбекистонлик Маҳмуд Мурадов (23-6, 14 КО) UFC’даги иккинчи жангини АҚШда ўтказадиган бўлди. Бу ҳақда GoSport нашри хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Маҳмуд Мурадов ММА’нинг энг нуфузли турнири бўлган UFC’даги иккинчи жангида америкалик Тревор Смитга (15-9, 10 КО) қарши рингга чиқади. Жанг 7 декбарь куни АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳридаги «Capital One» аренасида бўлиб ўтади. Мазкур жанг UFC on ESPN 7 турнири доирасида ташкил этиладиган ММА кечасида бўлиб ўтади.

Аслида Тревор Смит ярим оғир (-93 кг) вазн тоифаси вакили Алонсо Менфилдга (9-0, 9 КО) қарши рингга чиқиши лозим эди, аммо бу жанг бекор қилинган ва Менфилд ўрнига Маҳмуд Мурадов Смитга рақиблик қилиш бўйича келишувга эришган.

Маълумот учун, 38 ёшли Смит жиу-житсу спорти устаси саналади. У ММА’а ўтказган 24та жангининг фақат биттасида рақибини нокаут эвазига мағлубиятга учратган. Яна 8та жангида усул ёрдамида муддатидан олдин ғалаба қозонган. UFC мусобақаларида 11 марта октагонга кўтарилиб, 5та ғалаба ва 6та мағлубиятни ўз ҳисобига ёзиб қўйган.

Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Мурадов UFC’даги дебют жангини 28 сентябрь куни ўтказганди. Дания пойтахти Копенҳагенда UFC Fight Night 160 турнири доирасида у италиялик Алессио ди Кирикога (12-4, 9 КО) қарши октагонга чиқиб, уч раунд якунларига кўра, очколар ҳисобида ғалаба қозонганди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Маҳмуд Мурадов UFC билан тўртта жангга шартнома имзолаган. Жангдаги натижаларга қараб бу муддат яна узайтирилиши мумкин бўлади. У мазкур нуфузли турнирда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган илк ўзбекистонлик спортчи сифатида тарихда қолди.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here