Расмий Кабул ИШИД террорчиларининг Афғонистондан Тожикистонга ўтганини инкор этди

0

Афғонистон ҳукумати вакиллари ИШИД террорчиларининг мамлакат ҳудудидан Тожикистонга ўтиб 6 ноябрда чегара постига ҳужум уюштирганлигини инкор этди. Бу ҳақда «Независимая газета» хабар берди.

Фото: Sputnik
Хабарга кўра Афғонистон кучишлатар тизими расмийси жангариларнинг Қундуз вилояти ҳудудидан Тожикистонга ўтганига ишонмаяпти. У ҳудуднинг Тожикистон ва Афғонистон чегарачилари томонидан яхши қўриқланишини билдирди. Афғонистон махсус хизматининг исмини ошкор этмаган юқори лавозимда ишловчи ходими 20 нафар террорчининг Тожикистонга ўтганини «сафсата» деб атади ва бу борада тожик ҳамда афғон разведкалари ўртасидаги алоқа мустаҳкам эканлигини қайд этди.

Афғонистон расмияларининг фикрича, ушбу жиноий гуруҳ Тожикистонда шакллантирилган. Афғонлар Тожикистон хавфсизлик хизматининг қўлга олинган террорчиларни сўроқ қилиб, тегишли ахборотларни қўшни мамлакат махсус хизмати билан бўлишишига умид қилмоқда.

ИШИД амалга оширилган ҳужум юзасидан масъулиятни ўз зиммасига олмаган.

5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар кечаси 20 нафар қуролланган ва юзига ниқоб таққан жангарилар Душанбедан 60 километр узоқликдаги «Ишқобод» постининг «Султонобод» ҳарбий отрядига ҳужум қилгани, тўқнашув натижасида номаълум шахслар чегарчиларнинг автоматлариини эгаллаб олгани, хавфсизлик ходимлари ўтказган тезкор махсус ҳарбий операция давомида қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси йўқ қилингани ва 5 нафар жангари қўлга олингани, Тожикистон томондан бир нафар чегарачи ва милиция нозири ҳалок бўлгани маълум қилинган. Жангарилар сўроқ қилинганидан кейин уларнинг Афғонистон ҳудудидан қочиб ўтган ИШИД террорчилари эканлиги аниқланган. Улар Тожикистонга 3 ноябрь куни Афғонистондан Хатлон вилояти орқали кириб келган ва Рудакий туманида 200 километрлик масофани босиб ўтган. Кейинчалик ҳужум уюштирганларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари бўлгани қўлга олинган ва ҳалок бўлганлар орасида аёллан ҳам борлиги хабар қилинди.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.

 

daryo.uz