КАЛЛАКЕСАР… (6-қисм)

0

 

Тўқнашув

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча яна тун чўкди. Ёш келин-куёв учун тун дегани худди жаннат меваси каби жуда тотли туюлади. Келин ҳам, куёв ҳам кун бўйи туннинг тезроқ келишини интиқ кутади, кўз тикади. Меҳмонали ҳам бундан истисно эмасди. Эрталабки аразлар унутилиб, икковлари кечки овқатни апил-тапил тановул қилган бўлишди-ю, ўзларини диванга ташлашди. Яна эҳтирослар қулига айланишди…

Лекин бугун Мўътабарнинг ўзини тутишида, бўса, эркалашларга жавоб қилишида билинар-билинмас қандайдир майда ўзгариш сезилиб қолаётганди. У эрини илгаригидан-да қаттиқроқ қучарди, қаттиқроқ суйкаларди. Худди охирги марта бирга бўлаётган каби хўрсиниб, қучиб, ўпиб тўймасди.

Қора кўзларидан эса тез-тез ёш томчиларди.

Олдинига Меҳмонали эътибор қилмади. Аммо бу ҳолат бир неча марта такрорлангач, Мўътабарни авайлабгина ўтқазиб кўзларига боқди.

— Нега йиғлаяпсан? — сўради у шивирлаб. — Йиғлатган мен эмасми? Ё эрталаб ишингни суриштирганимга хафа бўлдингми?

Мўътабар киприклари пирпираган кўйи Меҳмоналига бирпас тикилиб турди-да, норози бош чайқади.

— Эрталабки гап-сўзларни аллақачон эсдан чиқарганман, Меҳмон ака, — деди у маъюсланиб. — Ўзи… Шунчаки кўнглим бўшаб кетди… Эътибор қилманг! Мен шунақаман. Баъзида йиғлаб тураман…

 

* * *

 

Мўътабар эртаси куни ишга кетгач, Меҳмонали истамайгина ҳовлига чиқди. Ишком, четдаги сўри, томорқа четидаги ўрик дарахтига ҳиссиз боқаркан, яна кўнглига безовталик, шубҳа ўрлай бошлади. Шу тобда хотинининг қаерда ишлаши, Муслим кимлигини аниқлагиси келаверди. Бир неча маротаба шайланиб кўрди. Тез уйга кириб кийимларини алмаштириш, таваккал йўлга чиқиш пайида бўлди. Бироқ… Қаерга боришни билмаслиги йўлдан қайтараверди. Шаҳар катта бўлса, қай манзилга бориб, қаердан Мўътабарни қидиришни билмаслиги панд бераверди…

Шу пайт ташқарига машина келиб тўхтагани қулоғига чалинди-ю, сергак тортди.

Бу Соли отанинг машинаси эди.

Қария зум ўтмай қўлида майда-чуйдалар тўлатилган халтачани кўтарганча ҳовлига кирди.

Меҳмонали ҳурмат юзасидан салом бериб, унинг қўлидан халтачани олди.

— Мўътабар ишга кетдими? — сўради Соли ота Меҳмоналига зимдан тикилиб. — Қачон кетди?

— Соат тўққизларда кетувди, — деди Меҳмонали ҳануз қўл қовуштириб. — Юринг, ота, ичкарига кирайлик!

— Ҳа, кирамиз, — деди Соли ота асабий лаб тишлаб. — Сен халтачадагиларни олиб хонтахта туза! Қайноқ кабоб опкелганман, ота-бола бир қиттай-қиттай қилайлик!

Меҳмонали дарҳол ортга қайтди-ю, қария уқтирганидек халтачадагиларни хонтахта устига қўйди. Шу орада Соли ота ҳам ичкарига кириб тўрдаги бахмал кўрпачага чўкди.

«Ҳа, бугун яна мени ичкилик билан сийламоқчига ўхшайди, — кўнглидан ўтказди Меҳмонали билдирмайгина қарияга ер остидан қараб оларкан. — Шу баҳонада унинг ўзидан сўрайман қизи қаерда ишлашини. Айтар! Мен барибир Мўътабар ҳақида ҳамма нарсани билишим керак. Билмасам, нима қилиб юрибман одам бўлиб!?.»

— Ота, — деди бир қадаҳдан ичкилик ичиб, буғи чиқиб турган кабобни газак ўрнида тишларкан. — Майлими бир савол берсам?

Ёши ўтганлиги сабабми, биринчи қадаҳдан кейиноқ Соли отанинг кўзларидан тортиб юзларигача қизариб кетганди. У бир муддат қовоқ уйиб Меҳмоналига қараб турди-да, бошини сарак-сарак қилди.

— Нимани сўрамоқчисан? Гапиравер!

— Мўътабар масаласида сўрамоқчийдим, — деди Меҳмонали бармоғини билинар-билинмас хонтахтага асабий уриб. — Қаерда ишлашини билмоқчийдим.

Бу гапни эшитди-ю, Соли ота беихтиёр гезарди. Лекин гапиришга шошилмади. Аксинча, Меҳмоналига янада совуқроқ боқди.

Меҳмонали ҳам атайин ортиқ сўз демади. Бунинг ўрнига қадаҳларни ичкиликка тўлдириб, бирини қарияга узатди. Соли ота бир кўтаришда ичкиликни сипқорди-ю, қадаҳни зарда аралаш хонтахтага қўйди.

— Тағин ҳаддингдан оша бошладингми сен бола? — деди у оппоқ соқоли безовта учиб. — Бошида нима дегандим? Мўътабарни тергамайсан, суриштирмайсан, рашк қилмайсан демаганмидим?

— Т-тўғри… Шундай дегансиз. Лекин…

— Лекин-пекинингни қўй, бола, — деди қария. — Индамасдан яшашингни бил! Шунда тинч бўласан.

Меҳмонали ортиқ сўз қайтаришни ўзига эп кўрмади. Бу қария осонликча жон берадиганлардан эмаслигини илғади.

«Шошилмаймин, — кўнглидан ўтказди у қадаҳларни яна ичкиликка тўлатаркан. — Кайфи ошсин, ўзи тўтидай сайрай бошлайди. Ана шунда ҳаммаси равшан бўлади. Мен хотинимнинг қаерда ишлашини билиб оламан. Агар алдаган бўлса…»

Меҳмонали беихтиёр муштларини тугиб ер остидан Соли отага еб қўйгудек боқди.

Қариянинг парвойи фалак, берилиб гўшт чайнарди.

 

* * *

 

Орадан тахминан беш дақиқача вақт ўтди. Шиша идишдаги ичкилик яримлаб улгурганди. Соли ота навбатдаги қадаҳни сипқоргач, бир муддат бошини эгган кўйи тек ўтириб қолди. Меҳмонали эса ҳамон кутарди. Кўнглининг бир четда умид учқунлар, қария албатта «ёрилиш»ига ишонарди.

«Ана, — дея хитоб қилди дафъатан қалби. — Соли отанг ҳозир ёрилади. Кайфи таранглашди. Энди буёғига пишиқ-пухта бўл. Ёлғонларга учишдан тийил. Бардам бўл!..»

Ҳақиқатан, Соли ота илкис бошини кўтарди-да, кайфдан қизариб кетган кўзларини лўқ қилганча қаршисида индамай ўтирган Меҳмоналига жавдиради. Кайфи шу қадар ошгандики, ҳатто, оппоқ соқолига ёпишган гўшт парчаларини ҳам пайқамас, оғзидан қур-қур сўлаги оқиб томоғигача думалаб тушарди.

— Болам, — деди беихтиёр йиғламсираб қария. — М-менга ўғлимдай бўп қолдинг. М-мана… Мўътабаримни бахтли қилдинг. Илтимос, менга ёрдам бер! Фақат йўқ дема! Ёрдам бе-ер!!!

Умрида кекса эркакнинг йиғлаганини кўрмаган Меҳмонали бироз ўзини йўқотгандек, довдираб қолгандек эди. Аммо тезда ўзини қўлга олиб, ички қувватга суянди-да, дадиллашди.

— Нега йиғлаяпсиз, ота? — сўради қарияга тик боқиб. — Тинчликми? Йиғламанг-э, уят бўлади!

— Менга ёрдам бер, болам, — такрорлади йиғи аралаш Соли ота. — Гапир, ёрдам берасанми?

— Қандай ёрдам? Нима гап ўзи?

— Анави Самат… Жуда ёмон одам у! — деди қария. — Қизимни бахтсиз қип қўйди… У… Ундан қўрқаман, ҳа, қўрқаман! Самат мафиячи! Калламни опкетади ғинг десам! Сен… Уни бир ёқли қил, болам! Ўлдир уни! Қизимнинг ўчини ол Саматдан!

— Ўзингиз-чи? Ўзингиз тинчитолмайсизми?

— Й-йў-ўқ, — деди Соли ота кўз ёшларини енгига артиб. — Қўрқаман… Ёмон у бола, жуда ёмон!

— Олдин менга қизингиз қаерда ишлашини айтасиз, — деди Меҳмонали. — Ана ундан кейин ёрдам сўрасангиз ярашади.

— Қизим… Бировнинг уйида ишлайди. Уни… Самат мажбурлайди. Ҳар куни пулини олиб қўяди. Бегона эркакларминан ётишга мажбурлайди. Қизим… Маҳалламда бош кўтариб юролмас бўлганман.

— Ҳайф-э сизга, — деди Меҳмонали жаҳдини тия олмай. — Кап-катта одам, оппоқ соқолингиз билан уялмайсизми шунақа ишларни қилишга? Нега менга унда қизингизни бердингиз? Мен фоҳишага мосманми? Менинг тенгиммиди фоҳиша-а? Гапиринг!..

— Қ-қизимни ҳақорат қилма, — деди қария дафъатан йиғлашдан тийилиб. — Менинг қизим фоҳиша эмас, ёвузлик қурбони холос. Мен ўша ёвузликка нуқта қўймоқчиман.

— Унда қўяверинг эди нуқтангизни! Менинг нима алоқам бор… Хуллас, тилхатни қайтариб беринг! Жонга тегди ҳаммаси…

Соли ота кайфдан қизариб кетган кўзларини қисганча Меҳмоналига қараб совуқ тиржайди. Кейин эса унга яқинроқ сурилиб ўтирди.

— Тилхатни ҳеч ким топа олмайдиган жойга беркитиб ташлаганман, — деди у ҳамон Меҳмоналининг кўзига тик боқиб. — Сен ҳалиям менинг қулимлигингча қоляпсан. Қачон ўша Самат хунасани тинчитиб, ўлигини ёнимга опкеласан, тилхатингни йиртиб ташлаймиз. Акси бўлса, тилхат жойидан жилмайди. Хўш, шартим тушунарлими, бойвачча?

— Кесатманг, — деди Меҳмонали асабий лаб тишлаб. — Ундан кўра охиратингизни ўйланг. Ёшингизам ҳалигидай… Бир жойга бориб қолди.

— Нега кесатмай? Қизимни, якка-ю ёлғиз гулимни қўйнингга солиб қўйган бўлсам. Ишга борай, оила боқай деган ташвишинг бўлмаса. Қизим уёқдан пул опкелиб турган бўлса, мен буёқдан ёрдам беряпман. Хўш, бойвачча демай нима дей?

— Бас, етар! — беихтиёр бақириб юборди Меҳмонали. — Қанақа эркаксиз ўзи? Нуқул кесатасиз, миннат қиласиз, ерга урасиз! Нима, ўша қизингизга мен орзуманда бўлганмидим? Ўзингиз эмасмидингиз мени мардикорлар орасидан танлаб олиб, бошимга мағзава ағдарган? Сиз…

 

* * *

 

— Бўлди, болам, бўлди, — дея Меҳмоналининг елкасига қўлини қўйди Соли ота. — Мундай олиб қаралса, ҳозирги вазиятда икковимизам фаришта эмасмиз. Майли, агар сени ранжитган, ерга урган бўлсам, кечир! Кел, ундан кўра, икковлашиб Саматни қандай тинчитиш йўлларини қидирайлик! Ҳа-я, тўхта…

Соли ота энди астойдил тиззалаб ўтириб олди-да, қўйин чўнтагидан оппоқ чит рўмолча чиқарди. Рўмолчани кафтига ўраган бўлди-да, бошқа бир чўнтагидан тўппонча чиқарди.

Тўппончани кўргач, Меҳмонали адо бўлаёзганди. Айниқса, қария чит рўмол ёрдамида тўппончани чиқариб олиши уни ҳайратга солганди. Биларди, армияда бу тахлит қуролларни кўп маротаба қўлига олган, отган, машқ қилган. Мато ёрдамида қуролни қўлда тутиш амали бармоқ излари тушиб қолмаслиги учун содир этилишини ҳам ёдлаб юборганди.

«Вей, қария, айёр, доғули-ей, — кўнглидан ўтказди Меҳмонали ҳануз кўзлари чақчайганча Соли отага ер остидан боқаркан. — Маст десам, айёр экан-ку тозза! Бармоқ изларини қолдирмаслик учун эҳтиётини қилибди! Не ниятда қурол чиқарди? Мени отиб ўлдирмоқчими? Ўлдириб бўпти!..»

Ҳали хаёлларини бир нуқтага жойлаб улгурмай, ўртадаги сукутни қариянинг ўзи бузди.

— Ушла болам буни, — деди Соли ота тўппончани Меҳмоналига узатиб. — Бу сенга Саматни йўқ қилишда асқотади. Ҳамма ўқи жойида. Манави трубача тўппончанинг учига қотирилади. Биласанми нега?

— Аҳмоқмасман, — дея тўппончани қўлига олди-да, бошқа қўли билан трубани тўппончанинг уч қисмига қотириб маҳкамлади. — Бу труба ортиқча шовқин чиқишига йўл қўймайди.

— Баракалла, — деди Соли ота мамнун жилмайиб идишдаги ичкиликдан ўз қадаҳига тўлдириб қуяркан. — Энди қўрқмасангам бўлади. Борасан, учрашасан, отасан, тамом! Индамай ортингга қайтаверасан!

— Нега менга бу қуролни тутқазиб қўйдингиз? — эҳтиёткорлик билан сўради Меҳмонали. — Ҳозир ўзингизни ўлдириб кетишимдан қўрқмайсизми?

Унга жавобан қария оғзидан оқа бошлаган сўлакни енгига артди-да, силкиниб кулди.

— Жиннимисан, болам? Мени ўлдириб нима барака топардинг. Ҳарқалай, юз-кўзларинг номард эмаслигингни айтиб турибди. Қолаверса… Мен ўлимдан қўрқмайман. Ёшим бир жойга етиб бўлган. Гапни кўпайтирмагин-да, йўлга туш, ўғлим! Шу кеча йўқ қилмасанг бўлмайди уни.

 

* * *

 

Қурол қўлига теккач, аввалига боши қотган, бундай матоҳларни қария қай гўрдан топиши мумкинлигини ўйлаб ич-этини ея бошлаган бўлса, энди хаёли буткул бузилганди.

«Мана, энди интиқом пайти етди, — дерди кўнглига астойдил ўтириб олган иблис. — Ҳозир битта ўқ билан чолни тинчит. Ундан кейин қизи бузуқилик қилаётган уйни топиб боргин-да, униям йўқ қил! Кейин ҳеч нарса бўлмагандек чиқиб кетаверасан. Ҳа, пулларини ҳам тийин-тийинигача олвол. Товон пули, маънавий зарар деган гаплар бор. Ҳазилакам қийналдингми шу ифлосларни деб! Туҳмат қилишди, гўр ковлашга, мурғак гўдакнинг жасадини кўмишга мажбурлашди, шаънингни булғашди. Шунча ишлардан кейин уларни тирик қолдиришга ҳақинг йўқ. Олға бос! Уруғини ўйнат бу хонасалотларнинг!..»

Бошқаси бўлса, иблиснинг чақириқларига лаббай деб жавоб берарди-ю, ишини битириб ими-жимида жуфтакни ростларди. Бироқ Меҳмонали ундай йўл тута олмади. Аввал бир кор-ҳол содир қилиб қўймаслик учун тўппончани киссага беркитди. Кейин эса даст ўрнидан туриб кайфда ўзича нималардир дея ғудрана бошлаган Соли отанинг тепасига келди.

Шу тобда ташқарида дарвозанинг тарақлаши қулоққа чалиниб, ўн-ўн беш карра киприк қоқгулик вақт ўтгач, ичкарига Мўйдин кириб келди. Меҳмонали оёқ товушларини эшитгандаёқ тўппончани қайтадан қўлига олганди.

Кирди-ю, Меҳмонали қўлида тўппонча ушлаб турганини, Соли ота ўтирган ерида унга нуқул жавдираётганини кўриб беихтиёр ранги бўзарди. Эҳтиёт шарт икки қадам ортга тисланиб олишни-да унутмади.

Меҳмонали дилгир. Мўйдиннинг нега ранги бўзарганини кўрди дегунча шоша-пиша тўппончани қўйинга урди-ю, Мўйдинга савол назари билан боқди.

— Ҳа, Мўйдин болам, келдингми? — деди қария бирдан жонланиб. — Сен… Меҳмонали ўғлимдан қўрқма! У сенга ёмонлик қилмайди. Ўтир буёққа, ўтир!..

Мўйдин сал ўзига келган кўйи ҳамон бир кўзини Меҳмоналидан уза олмай қария кўрсатган ерга чўкди.

 

* * *

 

— Мен… Ҳеч нарсани тушунмаяпман, — дея икковларига навбатма-навбат олазарак боқди Мўйдин. — Нималар бўляпти ўзи бу ерда?.. Ота, ким сизга мунча кўп ичкилик ичирди? Манави келгиндими?

— Сен… Меҳмон боламни келгинди дема-а, — деди Соли ота Мўйдиннинг кўзларига ғазабнок боқаркан. — У куёвим. Қизим Мўътабарнинг эри. У ҳаммасини билади. Ҳаммасидан бохабар. Шунинг учун мен билан ишинг бўлмасин-да, Меҳмон боламни Мўътабарнинг ёнига обор. Самат ўша ерда бўлиши керак. Меҳмон болам Саматни йўқ қилади. Ҳа, хотинини хўрлагани, номусини поймол қилгани учун ўч олади ундан.

Меҳмонали илгари бундай гапларга эътибор қилмаган бўлса-да, шу тобда беихтиёр кўнгли ғаш тортиб, ўзидан нари борса уч-тўрт ёш катта Мўйдиннинг қаршисида ғалати аҳволга тушиб қолди. Ўзини камситилгандек, ғурури топталгандек ҳис эта бошлади. Тасаввурида Мўйдин қариянинг гапларидан сўнг устидан кулаётгандек, масхаралаётгандек, қўли билан кўрсатаётгандек туюлиб кетди. Бироқ бу хаёллар, уялиш-у, нафратланишлар, надомат чекишлар энди унга наф бермаслиги тайин эди. Негаки, бўлар иш бўлиб ўтган. У фоҳишага уйланган. Фоҳиша хотини келтирган жирканч пуллар эвазига яшамоқда. Ҳар бурда нони ўша наҳс босган пулларга келганини яхши англаган. Ўша нон бўлагини ҳар тишлаганда, бирор марта бўлсин, тавба қилмаган, пушаймон чекмаган. Шундай экан, қайси юз билан номус қилади-ю, мулзам тортади. Виждонини аллақачон еб битирай деди-ку!..

 

* * *

 

«Ўлганнинг устига тепган» қилиб йўлга чиқишгач, Мўйдин жиғига тега бошлади.

— Ҳа, бойвачча, — деди машина кўзгучасидан орқа ўриндиқда ўтирган Меҳмоналига тик қараб. — Бобойнинг жон ерини топдингми дейман? Қуролгача топиб берибди? Шунча йилдан бери хизматини қилиб, менга ҳали қурол тутқазмаганди. Ё крутойларданмисан? Тағин йўлда мениям тинчитвормагин, ҳи-ҳи-ҳи!!!

Шундоқ ҳам асаблари қақшаб бораётганди. Мўйдиннинг қочиримли саволлари баттар жаҳдини қўзғади.

«Ростданам, — кўнглидан ўтказди Меҳмонали Мўйдинга зимдан назар соларкан. — Йўл-йўлакай ўлдириб қочворсам-чи? Биров билиб ўтирибдими менлигимни. Баҳонада манави иномаркасини усталарга пуллардим-да, чўнтакни қаппайтириб, Россиягами кетворардим…»

— Жуда тўғри йўлни танлаяпсан, — дея аюҳаннос солди иблис Меҳмоналининг кўксини қитиқлаб. — Қаёқдаги фоҳишага эрлик қилиб, унинг дастидан одамлар олдида бош кўтариб юра олмай, қисинди каби омонат ҳаёт кечиряпсан. Сенинг қимматинг шуми? Шу қадар арзон турадими ғуруринг? Эркак деган номга доғ туширяпсан, йигит! Тезроқ ўлдир манави нусхани! Эсингдами, ўша куни у сени молдай калтаклаганди. Ўчингни олмайсанми? Индамай дўст тутиниб кетаверасанми? Агар ўша Мўътабаринг фоҳиша бўлса, бундан чиқди уям татиб кўргани аниқ…

«Йўқ, — дея бош қашиб олди Меҳмонали. — Шошилмайман. Қурол барибир ёнимда. Ўлдиришга улгураман. Аввал Мўътабарнинг кўзларига боқай, айбини бўйнига қўяй. Ундан кейин Самади билан эркакчасига гаплашиб олай…»

— Ҳа-а, мум тишлаганмисан, қаҳрамон? — энди овозини бир парда юқорилатиб сўз қотди Мўйдин. — Намунча ўйга толмасанг? Ўзингни бўш қўй!.. Саволимга жавоб бермадинг! Ўлдириб юбормайсанми мени ишқилиб?

— Ҳали ажалинг етмайроқ турибдийкан, — деди Мўйдиннинг елкасига қўл ташлаб Меҳмонали. — Худойимдан сўровдим, шошилмаслигимни тайинлади. Шундай экан, иштонингни ҳўл қилгудай бўлиб қўрқаверма! Ўлмайсан!

— Сени айёр десам, яна ғирт фолбинмисан дейман? — деди жиддий тортиб Мўйдин. — Худойим билан гаплашганмиш… Хотиринг жам бўлсин! Мени ҳали сен тугул ўша Самадиям чертолмаган. Шунақа «мужик»ман мен.

Меҳмонали тилини тийди.

Нима деса, манзилга етгачгина дейишни маъқул билди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here