ЎЛИМДАН КЕЙИНГИ ҲАЁТ… (1-қисм. Мистика)

0

 

 

БИРИНЧИ БОБ

 

Менинг ўлимдан кейинги саргузаштларим тўртинчи қаватдан йиқилганимдан сўнг бошланди.

Қизиқ, кейинроқ полициядан аниқлаб билсам, ўлимимга иккита сабаб қўйишибди. Ўз жонига қасд қилиш ва жонига қасд қилиш ниқоби остидаги қотиллик.

Жонига қасд қилишни улар қуйидагича тасвирлашган: Мен эркак киши билан хуфиёна учрашиб юрганман-у, кутилмаганда унинг хиёнат қилаётганидан хабар топганман. Эркак мени ташлаб кетган. Жавоб сифатида мен аламимга чидолмай ўзимни деразадан пастга отганман.

Иккинчи сабаби жонига қасд қилиш ниқоби остидаги қотиллик. Яъни, эркак, яъни, жазманим хиёнат қилаётганидан мен хабар топгач, негадир қўрқиб кетиб айбларини ёпиш мақсадида мени деразадан пастга итариб юборган.

Аслида эса ҳаммаси бошқача кечганди. «Тарвуз» лақабли мушугим бўларди. У ярамас деразанинг ташқари тарафига териб чиқилган гулдонларга ҳожат чиқаришни хуш кўрарди. Қанча ҳайдамай, барибир йўлини топарди.

Ўша машъум куни эрталаб ҳам негадир «Тарвуз» кўринмай қолганидан хавотирим ошиб, югурганча балконга чиқдим. Не кўз билан кўрайки, у гулдонлардан бирига осилиб турибди. Чамаси, мўлжални сал нотўғри олиб тушиб кетаёзган шекилли. Жоним халқумимга келиб уни кўтариб олиш ниятида белимгача энгашиб пастга қўл чўздим. Шунда мушук тўсатдан билагимга ёпишиб шу қадар қаттиқ тишладики, мен мувозанатни йўқотиб пастга — бетон устига қулаб тушганимни сезмай қолдим…

Касалхонанинг оғирхонасида ўзимга келганимда, ойнали шифт орқали пачоқланган қовурғаларимни, қонга ботган юзимни кўрдим. Врачлар атрофимни ўраб олиб қовурғаларимни жой-жойига қўйишар, ораларига қандайдир темир тутқичлар ўрнатишарди. Мен ҳаммасини ойнали шифт орқали бемалол томоша қилар, вужудимда ҳеч қандай оғриқ, қўрқув сезмасдим.

Шунда юзларимга яхшироқ разм солишни истадим. Врачлар орасидан кўришга ҳам муваффақ бўлдим. Йўқ, бу менинг юзим эмас, мурданики эди. Рангим оппоқ, бурним қийшайган, лабларим тишларимга қапишиб кетганди.

Шунда кўнглим озиб кетди. Чунки, илгари мурдалардан жуда-жуда қўрқардим. Бу ерда эса… Ўзимнинг мурдам… Энг даҳшатлиси, кўзларим юмуқ. Унда буларнинг барчасини қандай кўраяпман?..

Қўрққанимдан ўзимни бир четга олдим-у, шифтдаги иккита чироқ орасида пайдо бўлдим. Шунда ҳаммаси ўзгача тус олди. Шифтда ҳеч қандай кўзгу йўқ эди. Ўз жасадимни юқоридан туриб кузатаётганимга гувоҳ бўлдим.

Йўқ, қўрқиб кетмадим. Ҳали ўлим шарпаси мени таъқиб этмасди. Ҳа, ҳаммаси туш. Мен тушимда парвоз қиляпман. Шундай экан, нега ёқимлироқ, гўзалроқ жойларда павроз қилмаслигим керак?.. Шундай ўйлар миямга келди-ю, очиқ эшикдан касалхона йўлаги бўйлаб ташқарига кета бошладим…

Йўлакнинг ярмига етганимда, мени йўғон ялтироқ сим юқорига торта бошлади. Мен аввалига оғирхонадаги бирорта симни илаштириб олдиммикан деб ҳам ўйладим.

Ҳа-я, тўхта, ҳозирги кўринишим қанақа ўзи? Кетаяпман-у, қандай кўринишга эга эканимни билмайман. Шундай хоҳиш менда пайдо бўлиши ҳамоно рўпарамда ўз қиёфам намоён бўлди. Мен жуда соғлом, гўзал бир аёл сифатида савлат тўкиб турардим…

Йўлак охирида катта дераза бор экан. Ўша ойнадан учиб ўтишга қарор қилдим. Оҳ, шифт узра парвоз қилиш шу қадар ёқимли эдики… Афсуски, узоққа учиб бора олмадим. Ялтироқ сим менга маҳкам бойланган эди. Ундан халос бўлмоққа шайланганимда, кўксимда кучли оғриқни ҳис этдим. Нимаям қилардим? Ортга қайтишга мажбур бўлдим…

Оғирхона ёнидан учиб бориб йўлак бурчагига бурилдим. Бу ер касал кўришга келганлар учун мўлжалланганди. Стол, диван ва иккита юмшоқ курси қўйилган. Курсилардан бирида дугонам Наташа ўтирар ва қўл телефони орқали ким биландир гаплашар, кўзларидан ёш қуйилиб, қўлидаги сигаретни чўзиб-чўзиб тортарди. Албатта, суҳбат мен ҳақимда кетаяпти.

— Врачлар умуман умид йўқ дейишаяпти. — дерди Наташа йиғи аралаш. Бечора Аня!.. Ўша эркак билан яшай бошлагандаёқ охири яхшилик билан тугамаслигини билардим…

— Наташа, йиғлашни бас қил! — бақирдим унга. — Ундан кўра, сигаретингдан берсанг-чи!..

У эса худди мени эшитмагандек ҳасратлашишда давом этди.

Мен секин пастга тушиб Наташага яқинлашдим-да, юзларини силамоқчи бўлдим. Сўнгра елкасига қўлимни қўйдим. Аммо у негадир мени пайқамади. Ҳайрон бўлдим-у, индамай дугонамнинг сўзларини тинглашда давом этдим.

— Албатта, — дерди у. — оғирхонада беҳуш ётибди. У ерга ҳеч кимни киритишмаяпти. Георгий йўқ. Қердалигини ҳеч ким билмайди. Ярамас, беркинганга ўхшайди. Мен полицияга ҳаммасини айтиб бердим. Улар ҳозир қотилни қидиришаяпти. Мен ўйлайманки, Аня ўз жонига қасд қилган тақдирдаям, барибир у қотил!..

Мен бу гапларни ортиқ эшитиб тура олмаслигимни англаб етдим. Негаки, менинг яқин дугонам лабидан сигарет тушмай тинимсиз йиғлаяпти, менинг доғимда куйиб ёнаяпти…

Мен шу заҳоти юқорига парвоз қилдим.

Лекин шифтма-шифт учиб юравериш ҳам жонимга текканди. Умуман бу тушдан зериккандим. Шунга яраша, қандай уйғонишни ҳам билмасдим…

Йўқ, оғирхонага қайтаман-да, ўз танамга яқинроқ бўламан…

Палатада врачлар йўқ эди. Стол қаршисида фақат навбатчи ҳамшира ўтирарди. Танам эса тинчгина ётар, билакларимга қандайдир ускуналар ўрнатиб қўйишган, кўксим бир меъёрда кўтарилиб тушарди. Шунда билдимки, бу туш эмас, ўнгим.

Ҳа, аслида мен ўлибман. Фақат тиббий ускуналаргина мени мажбуран ушлаб туришибди. Мен бўлсам, руҳман. Танамни тарк этибман. Ялтироқ сим у билан боғлаб турибди холос. Шу тобда Аняга ачиниб кетдим. Афсус, ҳеч қандай кўмак бера олмайман. Ожизман. Шундай экан, бу ерда дардга тўлиб туришимдан фойда йўқ.

Мен яна касалхона йўлаги томон йўл олдим.

Бир маҳал дераза ортида болалар товушида чуғур-чуғур қилаётган қора шарпаларга кўзим тушди. Уларнинг бўйи бир метрча келар, барчалари букри эди.

ҳаш-паш дегунча шарпалар деразадан ўтиб рўпарамда ҳозир бўлишди. Шунда дарров бир фикрга келдим. Булар ўзга сайёраликлар-ку!

Авваллари ўзга сайёраликлар борлигига ишонармидим-йўқми, эслай олмайман. Айни дамда бир нарсага амин эдимки, улардан сира қўрқмаяпман. Аксинча қизиқишим ортиб кўз уза олмаяпман.

Ўзга сайёраликларнинг барчаси қип-яланғоч, терисининг ранги кулранг, ғижим, каллалари катта-катта эди. Бир қарашда улар қандайдин экзотик жониворларни ҳам эслатиб юборарди.

Мен ҳамон шифтдаман. Ўзга сайёраликлар шундоққина остимда туриб олганча менга номаълум тилда нималардир дея суҳбатлашишарди. Сездимки, гап айнан мен ҳақимда кетаяпти. Чунки, тез-тез шифтга қараб қўйишар, қўллари билан мени кўрсатишарди ҳам.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўзга сайёраликларнинг бошқаларига нисбатан сал новчароғи кутилмаганда юқорига тикилганча рус тилида менга сўз қотди.

— Биз сени олиб кетгани келдик. — деди у. — Зудлик билан ортимиздан юришинг лозим.

Мен индамас, тўғрироғи, нима деб жавоб қилишни билмасдим. У ҳам бирпас сукут сақлаб тургач, мулойимлик билан давом этди.

— Сен билан учрашганимиздан жуда мамнунмиз. Қўрқма, биз сенга ёмонлик қилмаймиз!

Қизиқ. Олдин кетишга буйруқ беришса-да, кетидан меҳрибон бўлиб қолишса…

Сир бой бермадим.

— Йўқ, — дедим хотиржамлик билан. — олдин кимликларингни, мени қаерга таклиф этаётганларингни билмагунимча, жойимдан жилмайман. Бундан ташқари, мен ўз танамга боғлаб қўйилганман.

Улар мени тушунишди. Ҳечқандай ёмон сўз айтишмади. Ўзаро маслаҳатлашиб олишгандан сўнг, новча сўз бошлади:

— Биз олис сайёрадан келганмиз. Атайин сени олиб кетиш учун. Ерни тарк этадиган кунинг келди. Ишон, ҳеч қачон афсусланмайсан. Танангдан тезда узилишинг лозим. Тезроқ бўл! Ундан кейин биз билан бирга учиб кетасан. Ўлгин-у, озод бўл!

Ие, булар ўйлаб гапираяптими? Қандай қилиб ожиз, ҳимояга муҳтож танамни тарк эта оламан? Унга хиёнат қиламанми? Йўқ, яхшиси, сабр қиламиз.

— Сиз кимсиз менинг ўрнимга қарор чиқарадиган? — бақирдим унга. — Қачон ўлишим-ўлмаслигимни ўзим ҳал қиламан. Қизиқ, ўзи қайси сайёрадан келгансизлар?..

Новча менга сайёра номини айтди. Мен бу сайёра ҳақида болалигимда турли афсоналарни эшитган эдим.

— Сенинг ҳаяжонингни, дардингни тушунамиз. — деди новча. — Аммо қуруқ гапларга ишонишинг зарур эмас. Ҳозир ўзинг кўрасан!

У узун тирноқли қўлларини дераза томон чўзиб силтади. Дераза ойнаси олдин яшил ранг билан қопланди. Сўнг худди бузилган телевизордаги каби ойна узра тўлқинлар намоён бўлди. Ана ундан кейин ойнада мовой осмон, ям-яшил ўтлоқлар манзараси пайдо бўлди. Чор атроф ҳашаматли уйлан билан ўралганди.

Хўш, нима бўпти? Замонавий одамни бунақанги афсоналар билан ҳайратга тушириш мушкул.

— Агар биз билан кетсанг, — деди новча. — шу уйлардан бирида яшай бошлайсан.

— Бу уйларни бошимга ураманми? — дедим мен ҳам бўш келмай. — Одамлар учун кўринмасга айланиб бўлганман. Хоҳласам, бундан-да яхшироқ қасрларга кириб яшашим мумкин. Йўқ, уй муаммоси мени безовта этмайди.

Ўзга сайёраликлар бу гапимни эшитиб шовқин сола бошлашди. Бироқ новча уларни шу заҳоти тинчлантириб мен томон юзланди.

— Тушунсанг-чи, сен назарда тутаётган ўша қасрлар бошқа руҳлар билан тўла. Улар Арши аълога чиқа олишмайди. Рухсат этилмайди.

— Нима қиламан Арши аълода? — ҳамон қайсарлик қилишда давом этдим. — Менга Еримиз ҳам етиб ортади.

— Ҳазиллашма! Тушунаман, сен биздан қўрқмаяпсан. Бу яхши, албатта…

Шу гапни новча бекор айтди. Мен беихтиёр қўрқувдан титрай бошлаганимни ҳис этдим…

Йўқ, йўқ, қўрқувдан халос бўлишнинг бирдан-бир йўли — унинг устидан кулиш.

— Сени уёқда ажойиб ҳаёт кутмоқда! — деди новча.

— Яна-чи? Яна нима кутаяпти экан?

— Биз томонларда сен жуда буюк ақл, одамзод тарихи қаҳрамонлари билан учрашиш бахтига муяссар бўласан! Бундан ташқари, сендан аввал ўлиб кетган, ўзинг жонингдан азиз деб билган яқинларинг билан кўришишинг мумкин. Уларни ёдга ол!

Мана бу ҳақиқий зарба эди. Ахир, мен сўнгги йилларда ота-онамдан айрилдим. Ёлғиз укам, эгизагим Алёша болалигида бўғмага учраб ўлган. Агар тирик бўлганда биз қандай бахтли ҳаёт кечирардик…

Яқинлари ёдимга тушди дегунча дераза ойнасида уларнинг сиймоси кўринди. Худди шу лаҳзаларни кутиб тургандек, уччовлари қўлтиқлашганча оқ вилла ичкарисидан чиқиб келишди. Онам менданда ёшроқ кўринарди. Отам сал каттароқ эди. Алёша бирдан сал нари борди-ю, қотиб-қотиб кулиб менга қўл силтай бошлади.

Ота-онам бир-бирларини қўлтиқлаган кўйи зинапоя олдида туришар, улар ҳам кулимсираб мени чорлашарди. Ажабо! Алёша оламдан ўтгач, улар бир-бирларидан шу қадар совиб кетишгандики, иш ажрашишгача бориб етганди. Қанча уриндим. Икковларини яраштириш га ҳаракат қилдим. «Ўлган ўлиб кетди. Ҳадеб куяверманглар! Ўзларингни ўйласаларинг-чи!» дея куйиндим. Фойдаси бўлмади.

Мен чет элга кетаётганимда алоҳида-алоҳида кузатишганди. Она юртга келган маҳалларимда бир кун отамникида турсам, иккинчи куни онамнинг уйида қўним топардим.

— Сизларга ишонмайман! — дедим ўзга сайёраликларга. — Сизлар билан ҳеч қаерга кетмайман!

— Сен албатта кетишинг шарт!

— Йўқ, мен ўлган-ўлмаганимни яна бир карра текшириб кўраман!

Шундай дедим-у, овозимнинг борича бақириб оғирхонага қараб учдим.

Аҳмоқлик қилиб қўйибман. ОЛдин манави ўзга сайёраликлардан силлиқлик билан халос бўлишим керак эди. Шунда ҳеч нарса бўлмасди. Қайтадан ўз жасадим устида ҳаво шари каби парвоз қилардим. Ўзга сайёраликлар ўз осмонларига кетган бўлишарди. Қўрққанимдан ўз танамга маҳкам ёпишиб олдим-у, тўсатдан юрагимда даҳшатли оғриқ пайдо бўлди. Мен зулмат қаърида қолдим. Жонҳолатда бақирар ва қоронғиликдан қутулиш йўлини қидирарканман, ўзим сезмаган ҳолда мени танам билан боғлаб турган ялтироқ сим узилиб кетди. Мен йўлакка учиб чиқиб кетдим.

Ўзга сайёраликлар шу ондаёқ мени маҳкам қучоқлаб олишди. Уларнинг қўллари жуда-жуда совуқ, нафасларидан ҳам аёз ҳиди уфурарди.

Бир пайт новча менга қўл чўзиб сийналаримни ушлади. Ушлади-ю, дарҳол қўлини тортиб олиб нари қочди. Мен эса сал енгил тортиб, қичқиришга ўзимда куч топа олдим:

— Ёрдам беринглар! Қутқаринглар!

— Ҳеч ким сени қутқара олмайди! — совуқ оҳангда сўз қотди новча. Анави ярамас туморингни барибир дафн этаётганда ечиб олишади.

— Ҳа, сени ҳеч ким қутқара олмайди! — беихтиёр бақира кетишди қолган шериклари ҳам.

— Ҳа, ҳеч ким! — мен орқамда кимнингдир мулойим шивирлашини эшитиб шоша-пиша овоз келган томонга ўгирилдим. Рўпарамда узун бўйли, келишган бир йигит турарди. У бир неча қадам ташлаб ўзга сайёраликлар ва менинг ўртамга туриб олди.

У врач ҳам, касал кўришга келган одам ҳам эмасди. Оёқларида ялтироқ этик, қизил чопон кийганди.

— У мени ёрдамга чақирди ва мен келдим! — бақирди у ўзга сайёраликларга қараб. — У меники! Йўқол ҳамманг!

Ўзга сайёраликлар бир-бирларини турта-турта девор томон чекинишди.

— Йўқол дедим!

Улар айлана ҳосил қилиб дераза ойнаси орқали ташқарига ўзларини уришди. Мени чулғаб олган қўрқув ҳам ўз-ўзидан йўқолди.

— Кўзларимга тик боқ! — деди йигит эркалаш оҳангида. — Анавилар сени қўрқитиб юборишдими?

— Ҳа, улар мени қайсидир сайёрага олиб кетмоқчи бўлишди. Ўлиб кетган яқинларим билан учраштиришга ваъда беришди. Ҳатто экранда уларни кўрсатишди ҳам. Лекин мен ишонмайман. Буларнинг ҳаммаси ёлғон!

— Албатта ёлғон! — деди йигит. — У ярамаслар алдашда устаси фаранг… Хўш, менинг кимлигимни англадингми?

— Меҳрибонлигингизга шубҳам йўғ-у, аммо кимлигингизни билмайман. Илтимос, мени ёлғиз ташлаб кетманг! Қўрқиб кетаяпман!

— Сени ёлғиз қолдирмайман! — бош ирғади у. — Айт, нималар бўлганидан хабардормисан?

— Ҳа, биламан. Мен ўлганман. Жасадим оғирхонада стол устида ётибди. Лекин… Мен нега бу ердаман? Буёғига нима қиламан? Қандай йўл тутаман?..

— Бунинг сира қўрқинчли ери йўқ. — йигит янада мулойимлик билан давом этди. Сен аллақачон ўлим йўқ эканини тушуниб етдинг. Чириган одам танасидан ажралиб чиқдинг.

— Нега чириган бўларкан? Мен ҳали қариб қолганимча йўқ.

— Мен билан баҳслашма. Сен касал танани тарк этиб, руҳларнинг боқий дунёсига йўл олиш ниятида бу ерга чиққансан. Биз сен билан бирга менинг кошонамга йўл оламиз. Сен у ерда қувонч, шодлик нима эканини ўз кўзларинг билан кўрасан. Билиб қўй, мен ҳамманиям ўзим билан бирга олиб кетавермайман. Фақат олдиндан танлаганларимнигина таклиф этаман. Туғилишинг билан сени танлаганман. Интиқлик билан улғайишингни кутдим. Сенга меҳр кўрсатдим. Айнан мен сенга ғурур бахш этдим. Сен менинг миллионлаб ёқтирган қизларимдан бирисан. Мен ҳаммаларингизни севаман!

— Кимсиз, ахир? — сўрадим тоқатим тоқ бўлиб.

— Мени оддий қилиб «ота» деб атайвер!

— Ота? Сизни-я?..

— Ҳа. Қани, қўлингни бер! Мен билан юр! Бундан кейин ҳеч қачон ёлғизлик азобини туймайсан! Сенинг укаларинг, сингилларинг кўп. Хўш, энди кимлигимни англаб етдингми?

— Англадим… Сиз Пайғамбарсиз!..

Бу гапимни эшитиб йигит бир сакраб тушди ва чопонига ўралиб олди. Бир муддат жим тургач, менга қўл чўзди.

— Кел, мен билан бирга кет! Менинг кенг ва эркин дунёимга борайлик! Фақат бундан аввал бўйнингдаги анави темирни ечиб ташла!

— Қандай қилиб ечаман? — дедим туморни маҳкам ушлаб. — Бу туморимнинг сояси холос. Асл нусхаси жасадим билан бирга.

У ҳамон буйруқ бажарилишини кутарди. Ахир, бу нимаси? Туморни менга онам совға қилган. Бўйнимга тақиб қўяётиб: «Туморни менга бобонг берганди. Сен болалигингда қаттиқ касал бўлиб қолдинг. Врачлар сени даволашдан воз кечишди. Шунда бир тақводор қўшни аёл тезда сени черковга олиб бориб чўқинтиришимни маслаҳат берганди. Ўшанда шу туморни бўйнингга тақиб чўқинтирдим ва сен аста-секин тузала бошладинг» деганди. Демак, бу шунчаки тумор эмас, қимматбаҳо!

— Нега қараб турибсан? — бақирди йигит менга. — Еча қолмайсанми тезроқ!?.

— Бу ишни қилма, Анна! — бир маҳал яқингинамда жуда-жуда таниш, қадрдон товуш жаранглади. Шошиб орқамга ўгирилдим-у…

Рўпарамда озиб-тўзиб кетган, рангпар ҳолда марҳума онам турарди…

Ҳа, у мен чет элдалигимда раккка учраб оламдан ўтган. Мени ватанимга киритишмади. Мен онажонимни қучоқлаб дафн эта олмадим.

— Ойижон!..

— Овозингни ўчир! — қичқирди нотаниш йигит. — Сен эса бу ердан йўқол!..

Мен унга қулоқ тутиб ўтирмай онамни маҳкам қучоқлаб олдим. Тўғри, нотаниш йигитнинг қичқириғидан қўрқардим. Лекин онам муҳимроқ. Мен ундан энди айрилиб қолишни истамасдим.

— Ойижон, биласизми, мен ҳам ўлганман!?. — дедим шивирлаб.

— Ҳа, болажоним, биламан. — жавоб қилди онам. — Биз бобонг билан сени қарши олгани келдик.

Онамнинг ортида узун бўйли, соқол қўйган, руҳонийлар кийимидаги эркак ҳозир бўлди. Мен уни тириклигимда ҳеч қачон кўрмаганман. Суратлари ҳам негадир сақланиб қолмаган экан. Аммо билдимки, бу одам ҳақиқатан менинг бобом. У онамга қуйиб қўйгандек ўхшарди.

— Салом неварагинам! — бош ирғаб мен билан кўришди бобом. — Сен туморингни ечмай жуда тўғри иш қилдинг. Агар ечганингда, биз сенга ёрдам бера олмасдик. Энди Худога нола қил. Сени шайтон ҳамласидан халос этишини сўраб ибодат қил! Кўрдингми, бу қари ёлғончи, фирибгар руҳингни еб битириш учун олдингга келибди!

— Бекорларни айтибсан. — нотаниш йигит тескари ўгирилиб совуқ тиржайди.

Шайтон?.. Ким бу эртакка ишонарди? Тўғри, дунёда шафқатсизлик, бало деган тушунчалар бор. Бироқ шайтоннинг мавжудот эканига негадир шубҳаланардим.

Бобом хаёлимдан ўтган фикрларни англадими, сўз бошлади:

— Сен ҳақсан, қизим. Ким ҳам манави думли, шохдор маҳлуққа ишонарди? Фақат аҳмоқларгина унга ишониб ортидан эргашишади.

— Мен шайтон эмасман! — ҳайқирди нотаниш йигит. — Мен одамларга марҳамат кўрсатувчи илоҳман! Одамларни мен яратганман!

— Одамларни сен эмас, Худо яратади! — жавоб қилди бобом. Неварамни эса барибир сенинг қўлингдан қутқаришга улгурдим.

— Бу одамга ишонма, Анна! — менга юзланди шайтон. — Наҳотки сени қанчалар севишимни ва ардоқлашимни билмасанг?

— Сен уни бўри қўйни севгандек севасан. — деди бобом. — Аня, ҳозирожқ ибодат қил. Худойим кечиримли.

— Мен ибодат қилишни билмайман, бобо!

— Ҳеч бўлмаса, «Худойим, мени кечир!» деган жумлани тилингга кўчир! Шу ондаёқ шайтоннинг сассиқ терисини елкангдан итқитиб ташлайсан.

Шайтон кулиб юборди.

— Оббо руҳоний-ей! Сенинг бу гапларинг ҳозирги замонда эртакка айланиб улгурган.

— Яна ёлғон гапиради-я, ит! — жаҳл отига минди бобом. — Худойим ҳатто тасодифий ибодатниям эшитади.

— Бўлмаган гап. Анна гуноҳкор! Гуноҳкор!

— У чўқинтирилган. Гуноҳлари кечирилишига ишонаман. Ундан кўра, ўзинг айт, шайтони лаин, нега унинг туморидан қўрқаяпсан? Гапирмайсанми?

— Қўрқаман?.. Йўқ, кўнглим айнийди холос. Негаки, бу ифлослар бир умр менинг буйруғимни адо этиб келишган. Ўзлари мустақил гуноҳ қилишни билишмайди. Менинг кўрсатмаларим билангина иш тутишади. Ҳозир бўлса, бу неваранг кутилмаганда сенинг Хўжайинингга итоат этиб қолибди. Қаёқдаги бир парча темирни бўйнига осиб олибди!..

— Темир дейсанми? Ҳозир текшириб кўрамиз! — Бобом бўйнидаги туморни қўлларига олиб баланд кўтарди ва баланд овозда қичқирди:

— Яратган эгам! Ўзинг юз кўрсатгин! Токи сенинг ғазабингга учраганлар даф бўлсин!

Шайтон бу гапни эшитди-ю, титраб-қақшаб йўлак охирига қараб қочди. Ғойиб бўлишдан аввал икки қўлини кўтарганча бақирди:

— Чириб битгин, қари руҳоний!.. Анна, сотқин! Биз ҳали сен билан учрашамиз! Мендан қочиб қутулиб бўпсан!

(давоми бор)

Юлия ВОЗНЕСЕНСКАЯ

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here