КАЛЛАКЕСАР… (7-қисм)

0

 

 

«ҚЎШМАЧИ»

 

* * *

 

Қандайдир чекка кўчалардан бирига яқинлашгач, Мўйдин рулни чапга бурди. Чамаси юз метрча нарида йўл четига уч-тўртта машина қўйилган, ўнгдаги кўримсизроқ дарвоза қия очиқ эди. Дарвозахона чироғи ёқиб қўйилибди.

Мўйдин машинани дарвозага етмай нарироқда тўхтатди-да, ортига ўгирилиб, Меҳмоналига бирпас тикилиб қолди.

— Нега бақрайиб қолдинг? — энди дадилроқ, дўқ оҳангини бир парда юқорилатиб сўради Меҳмонали. — Тинчликми, «мужик»?

— Очиғи, бор-у, сенам ўзимиздан эканинг менга ёқди, — деди тиржайиб Мўйдин. — Ҳақиқий мужиклар шунақа бўлишади. Маладес, братишка!.. Айтганча, турмада ўтирганмисан ҳеч? Ёки…

— Ўзинг-чи? — саволга савол билан жавоб қайтарди Меҳмонали. — Ўзинг ўтирганмисан?

— Албатта, — ўтирган ерида керилди Мўйдин. — Икки марта ўтирганман. Братишка, ҳаётни кўраман, одам бўламан десанг, турмада ўтириб чиқишинг шарт. У ерда братваларнинг ўзи «статиянг»га қараб муносиб кутиб олишади. Сенга маслаҳатим, бугун мана шу исловотхонада катта тўполон кўтар, Самадни отиб ташла! Хотининг… Ҳалиги… Нимайди… Мўътабарни айтаман-да! Униям аяб ўтирма! Одаммас улар!..

— Буни сен ўргатмасангам яхши биламан, — Мўйдиннинг гапини кесди Меҳмонали. — Ундан кўра, айт, етиб келдикми? Самадини қайдан топаман?

— Ана, ҳов анави дарвозанинг ичкарисида ғирт бузуқлар, суюқоёқлар, арзонгаров маразлар окахонларининг кўнглини овлашади. Самад ҳам шу ердайкан бахтингга. Ҳов ўша яшил иномарка Самадники.

— Ўзи… Самад деганлари ким? — атайин ижикилаб сўради Меҳмонали. — Қўшмачими? Ё шунчаки кўнгил хушлашга кеп турадими бу ерга?

— Қўшмачимас, — деди асабий лаб тишлаб Мўйдин. — У ифлосларнинг ифлоси. Қўшмачи, уй эгалари, ҳар бир фоҳишадан алоҳида-алоҳида улуш олади. Ўзи бу ерга кам келади. Бугун омадимиз келди шекилли-да!

— Унда кетдик ичкарига, — машинадан тушишга чоғланиб Мўйдинни тезлади Меҳмонали. — Нега ўтирибмиз? Бизам бир татиб кўрайлик-да фоҳишаларни!

— Йўқ, братишка, — дея норози бош чайқади Мўйдин. — Бунисига келишмаганмиз. Мен сени шу ерда қолдираман-у, таксида орқага қайтаман. Машина сенинг ихтиёрингда бўлади!

— Ҳозиргина мужикман деб жар солаётгандинг-ку! Энди нега қисинасан?

— Ҳаддингдан ошма, — деди Мўйдин лаби учиб. — Қуролинг борлиги учун ҳурматингни қип турибман. Чунки сенам ўзимизга ўхшаб телбайкансан. Телба билан ҳазиллашиб бўлмайди. Чунки у телба! Сал жиғига тегсанг, отиб қўйишданам тоймайди. Тўғри топдимми, братишка?

Бу гапи Меҳмоналига жуда ёқиб тушганди. Мўйдиннинг топқирлигига тан бериб елкасига шапатилади.

— Гап йўқ сенга, брат, — деди жиддий тортиб. — Сен ҳақиқий мужиксан! Насиб бўлса, бизам бир кун мужик бўламиз! Мана кўрасан! Майли, унда калитни чўз! Мен иш билан шуғулланмасам бўлмайди.

— Ўзингни эҳтиёт қил, — деди Мўйдин машина калитини унга узатаркан. — Сенминан бизга худодан бошқаси ёрдам бермайди. Ҳаммаси ифлос. Жуда эҳтиёт бўлиб иш тут! Самад деганлари оч бўрига ўхшайди.

— Кўрамиз қанақа бўрилигини, — деди пастга тушишга ҳозирланиб Меҳмонали. — Урғочи итга айлантирмагунча тинчимайман унақаларни!..

 

* * *

 

Меҳмонали ичкарига кириб борарди-ю, вужудида қўрқув аломатларини ҳис этмасди. Икки хаёли Мўътабарда эди. Унинг ҳуснини, эркаланишларини қайта-қайта ёдга олар, қалбан ҳис этар, «қанийди, бу ерда Мўътабарни умуман танишмаса, у қайсидир бир дугонасиникидами, қариндошиникидами бўлса-ю, Меҳмонали ўша хонадонга етиб борса. Остона ҳатлаб ичкарига киргандаёқ Мўътабар бошига оппоқ рўмол ўраган, узун атлас кўйлак ва лозимда намоз ўқиётган бўлиб чиқса!» дея умид қиларди.

Бошқа бир кўнгли ҳозир бошланажак тўполонлар, муштлашувлар, бақир-чақир, қарғиш-у ув тортиб йиғлашларни олдиндан сезиб бу бўй йигитни жаҳд отига миндира бошлаганди. Ҳар гал Мўътабарни бегона эркак билан тасаввур этгани сайин беихтиёр тишлари ғижирлаб, муштлари тугилиб борарди…

Тақдир экан.

Умидлари, хаёллари охирига етмай қолди. Ҳовлига кириши билан икки барваста, ўзи тенги йигит йўлига кўндаланг бўлди.

— Ҳа, йигит, сенга ким керак? — сўради уларнинг бири. — Қизлар керакмиди, ё?..

Меҳмонали ҳам анойи эмас. Бундай вазиятларда ўзини қандай тутишни, нима дейишни билади.

— Ока, зўри керак эди, — деди деярли шивирлаб. — Братаним бор, диди жуда нозик. Қайсарликниям қийиб қўяди. Агар зўридан бўлса, опкетсак девдик. Нима дейсиз?

— Гап йўқ, — деди иккинчи йигит Меҳмоналига синчиклаб назар ташларкан. — Ҳақини берсангиз бўлди. Ест қиламиз!

— Ҳақига гап йўқ, — деди Меҳмонали. — Фақат бир гап бор-да яна. Братан шу ерда Самад деган оғайниси бўлиши мумкинлигини айтувди. Аслида мен орқали ўша Самад акадан илтимос қилмоқчийдилар!..

Йигитлар Самаднинг исмини эшитибоқ сергак тортишди. Бир бирларига сирли қараб олгач, уларнинг бири Меҳмоналининг кўзларига совуқ боқди.

— Кечирасиз-у, ўша братанингиз мелисада ишламайдими мабодо? — сўради у паст овозда. — Тағин «аблава» қилаётган бўлмасин!

— Э, бу нима деганингиз, брат, — деди Меҳмонали кулиб. — Қанақа мелиса? Братанимнинг ипподромда дўконлари бор. Тадбиркор. Мелиса бўлса мени жўнатармиди? Ўзи келаверарди-да!

— Ишондик, — деди йигитларнинг бошқа бири. — Қани, ичкарига кирайлик! Самад акаям кайф қилиб ўтирувдилар. Қизларниям биратўла танлаб оласиз! Қани, юринг!..

Ана энди буёғига Меҳмонали каллани ишлатган ҳолда ҳаракатлар содир этиши лозим эди. Худо кўрсатмасин, сал адашса, тамом, ҳаммаси барбод бўлади…

Ҳа, олдин Мўътабар масаласини ҳал қила қолади. Ундан кейин Самади билан учрашади. Иложи борича икковиниям бу уйдамас, четроққа обориб тинчитиши лозим. Шундай йўл тутиши керакки, валломати ҳам хитланмасин, Меҳмоналига заҳрини сочиб кўнглини булғамасин.

— Аввал қизларни кўра қолсак нима дейсиз, брат? — ичкарига кириб, узун йўлак орқали четдаги хона томон юра бошлашганда, Меҳмонали тўхтаб савол ташлади. — Асосий иш ҳам шу-да аслида!

— Гап йўқ, — деди йигитларнинг бири шеригига маъноли қараб олиб. — Унда манави хонага кирамиз.

Шундай деб йигит хона эшигини очиб юборди.

Бу хона каттакон зални эслатар, бироқ таъмири одмигина эди. Шифтдаги биллурсифат қандил, бир четга қатор териб чиқилган сервант, шкафни айтмаса, жозибаси деярли йўқ эди. Лекин хона тўридаги узун диванда оёқларини чалиштирганча ўтирган фоҳишалар ҳар қандай эркакнинг кўзини ўйнатиши тайин эди.

Меҳмонали ҳануз худодан тиларди. Шулар орасида Мўътабари, умрида илк бор уни ишқ шаробига қондиргани, Оллоҳнинг гувоҳлигида никоҳига олган ҳасми-ҳалоли бўлмаслигини ёлвориб, шундоқ ҳам шикаста кўнгли йиғлаб-йиғлаб сўрарди. Надоматлар бўлсинки, қисмат зарбидан қочиб қутулиб бўлмас экан.

Мўътабари ўн чоғли фоҳишанинг ўртасидан жой олганди.

Эшик очилгандаёқ биринчи бўлиб у ўрнидан турди.

Кўзлар тўқнашди.

Меҳмонали умри бино бўлиб кўп ва хўб хўрликларни бошидан кечирган. Ҳарбий хизматдалигида яккакураш, каратэ сирларини ўрганаман деб ҳазилакам калтакларни емаган. Ҳеч қачон қаддини букмаган. Сулайиб қолган онларда ҳам ўзини қўлга олиб қаддини кўтара олган. Бироқ шу тобда алп қадди букчайиб қолгандек, ўзи ўта ҳимоясиз, ожиз бир бандага айланиб қолгандек эди. Ўзи сезмаган ҳолда кўзларидан дув-дув ёш оқа бошлаганди. Остонада қотиб турарди-ю, уёғига бир қадам босишга-да қўрқарди. Худди мина кўмилган ҳудудда ҳозир бўлиб қолган каби тиззалари дағ-дағ титрар, титроқларга лаблар-у қовоқлари ҳам жўр бўларди.

Нигоҳлари Мўътабарнинг ярим яланғоч жуссаси, тўзғин сочларига аламли тикилганча гўё тошга айланганди. Жасурликда тенгсиз юраги нуқул депсиниб, кўксини тешиб юборай дерди. Қалби эса ҳўнг-ҳўнг йиғлаганча тиним билмай Меҳмоналининг кўксига муштларди.

 

* * *

 

Аёл ҳаёси бор, аммо тасодифан йўлдан адашган бўлса, рангида дарҳол ўзгариш содир бўлиши, йиғлай бошлаши, тиз чўкиб узр сўраши, азбаройи шармандаликка чидай олмаса, жонига қасд қилиши тайин эди.

Мўътабарнинг бир туки қилт этмади. Ҳатто, бир муддат Меҳмоналининг кўзларига тик боқиб ҳам тура олди. Кейин эса ортида турган узун-қисқа, ориқ-семиз фоҳишалар тарафга бош буриб кулиб қўйди-ю, Меҳмоналини тирсагидан тутган кўйи ташқарига бошлади.

Меҳмонали эса ҳануз ўзига кела олмасди. Жаҳд, рашк, алам, нафрат бир-бирига қоришиб, танаси гўё муз қоплаган каби ташқи таъсирни сезмас, кўзларидан эса ўзига бўйсунмаган ҳолда шашқатор ёш қуйилиб келарди.

— Нега келдингиз бу ерга, хўжайин? — йўлакка чиқишгач, Мўътабар ҳеч нарса бўлмагандек эрининг икки билагидан тутиб сўради. — Сизга айтгандим-ку менинг ишимга аралашманг деб!..

Шундан кейингина Меҳмонали ўзига келгандек бўлди. Алам ва армон аралаш нигоҳларини Мўътабарга қадаб бир зарб билан қўлларини силтаб ташлади.

— Ҳали сен… Фоҳишамисан? — дея муштларини асабий тугди Меҳмонали. — Мени алдадингми ҳали? Қайси юз билан?..

— Вей, ҳаддингиздан ошманг, — атрофдагиларга ўғринча қараб Меҳмоналининг билагини чимдиб қўйди Мўътабар. — Нега ҳамманинг олдида жар соляпсиз? Кимсиз ўзи? Юринг, уйга борайлик, ўша ерда гаплашамиз!

— Уйга дейсанми?.. Яхши-и… Борамиз! Ҳозир… Аввал Самад аканг билан танишиб олай, ана ундан кейин уйга борамиз!

— Самад билан танишмайсиз, — гапни кесди Мўътабар. — Ҳаддингизни билинг! У одам сизга ўхшаганлар билан гаплашиб ўтирмайди.

— Шунақами? Ҳозир кўрасан қандай гаплашишини!..

Меҳмонали эпчиллик билан қўйин чўнтагидаги тўппончани қўлига олди-да, Мўътабарнинг чаккасига тиради.

— Ҳозир манави тепкичани бир боссам, — деди овозини янада баландлатиб. — Асфалософинга жўнайсан. Истайсанми ўша ёқларга боришни? Албатта истайсан! Истамасанг, ўзим ёрдамлашиб юбораман! Қани, соҳибжамол, энди мени ўша Самад аканг ўтирган хонага бошла!..

Мўътабар ён-веридаги эркак-аёлларга қўрқинч аралаш қарай-қарай, Самад деганлари ўтириши лозим бўлган хона томон юришга мажбур бўлди.

Қурол, барибир, совуқ-да, Мўътабар юриб борарди-ю, ёруғ дунёдан буткул умидини узганди. Қандайдир бир неча ўн-йигирма сониялар ичида жамики қариндош-уруғи, дўст-у душманларигача кўз олдидан маржон каби тизилганча ўтиб улгурганди.

У биларди, сезарди, худо кўрсатмасин, биргина ножўя ҳаракат содир этса, Меҳмонали албатта тепкини босади. Ана ундан кейин ҳаммаси тугайди. Мўътабар қонига беланади-ю, ёруғ дунёга тўёлмасдан, армон-у андуҳлар исканжасида жон беради…

Самад бўйдор, кенг елкали, нигоҳлари совуққон, жуда бақувват жуссали бир эркак эди.

У хона тўридаги юмшоқ диванда оёқларини чалиштирган кўйи ўтирар, атрофини чамаси ўн чоғли ўзидан ёшроқ йигитлар қуршаганди.

Меҳмонали Самадни кўргандаёқ дарров илғади. Унинг турқи-таровати спортчи эканини кўрсатиб турибди. Акс ҳолда нигоҳи бу қадар совуққон тусга эга бўлмасди…

Самад ё олдиндан билган, ё бу тахлит манзараларни кўравериб кўзи пишганми, ўтирган ерида қимирлаб ҳам қўймади. Аксинча оғзининг таноби қочганча бир Мўътабарга, бир Меҳмоналига боқди. Ҳойнаҳой, буёғи қандай кечиши билан қизиқишни ихтиёр этди…

Шу тобда кутилмаган воқеа содир бўлди.

Орқадан кимдир билдирмайгина яқинлашиб келди-да, Меҳмоналининг бошига милтиқ тиради.

Меҳмонали кўз қири билан бўлса-да, кўра билди.

Бошига тиралган қурол қўштиқ милтиқ. Бундай милтиқ кўпроқ овчиларда бўларди. Агар ўқ узилса, теккан одамнинг тити-питисини чиқариб ташлайди.

— Қани, қаҳрамон, тўппончани секингина менга бер, — деди милтиқ тираб турган эркак. — Тез бўл! Нозланишга, қайсарлик қилишга вақтинг йўқ. Агар шу гапимни уч марта такрорласам, тепки босилади. Бўл тез!

 

* * *

 

Қайсарланиб қаерга ҳам борарди. Ёруғ дунё нафақат одамзод, балки чумолига ҳам тотли туюлади. Ажал мўралай бошлаганини сезди дегунча типирчилаб қолади. Нима қилиб бўлса-да, ундан нари қочгиси келади. Меҳмонали ҳам худонинг бандаси-да! Худони қанчалар севмасин, унга қанча тавоб қилмасин, Азроилнинг ҳукмига киргиси келмайди. Ёруғ дунёдан сира кетгиси келмайди.

Милтиқ тепкиси босилишга шайлигини қалбан ҳамда жисман ҳис этиб эҳтиёткорлик билан қўлидаги тўппончани орқадаги милтиқлига тутқазди-да, Мўътабарни қўйиб юборди.

— Ортиқчалар чиқиб кетсин хонадан, — ўтирган ерида пинагини бузмай буюрди Самад. — Қолганлар жойига ўтирсин! Маъруф ака, қўйворинг бу йигитни! Ҳаддан ташқари қўрқитвордингиз шекилли. Иштонини ифлос қип қўйган бўлмасин тағин! Биласиз-ку, бадбўй ҳидни жиним суймайди!..

Меҳмонали ҳам аста кўрсатилган ерга ўтирди. Лекин ён беришни хоҳламасди. Интиқом ўти ҳануз кўнглининг бир четини куйдиришдан тийилмаганди. Хаёлан бўлса-да, Самаддан ҳам, Мўътабар-у Соли отадан ҳам ўч олишни ният қиларди.

— Мўташ, бу ким? — сўради қаршисига бориб ўтирган Мўътабарнинг кўзларига боқиб Самад. — Қанақанги шалтоқларни эргаштириб юрибсан? Ё ўзинг буюртма бердингми мени ўлдиришга?

Бу саволни эшитган шотирлар баравар қимирлаб олишди. Баъзилари масхараомуз тиржайиб ҳам қўйди.

— У… Менинг эрим, — деди Мўътабар. — Ишонинг, Меҳмон ака менинг эрим.

— Ие, гап буёқдами ҳали? — Самад дафъатан ўрнидан қўзғалди-ю, Меҳмоналининг тепасига келди. — Бу қаҳрамон эрингми ҳали? Демак, шу кўмган менинг боламни, шундайми?

Мўътабар айбдорона бош эгиш билан кифояланди.

— Отанг шу мишиқини топганмиди менинг боламни йўқ қилиш учун? Менга билдирмасдан роддомдан болани опчиқтириб, оппоқ соқолини селкиллатиб, худодан қўрқмай гўрга тиққан сассиқ чолнинг югурдагими бу ҳали? Хайрият, Мўташ, худога ҳақ эканман. Мана, гуноҳкор ўз оёғи билан келиб турибди пешонамга. Йигитлар, тушуняпсанларми? Бу боламнинг қотили! Мана шу мараз менинг фарзандимни ҳали дунёни танимай туриб гўрга тиққан экан!

Бу камситишлар, қўрсликлар, ҳақоратлар Меҳмоналининг асабига тега бошлаганди. Борган сари кўнгли тошдек қотиб бораётганини ҳис этарди. Боягина милтиқ заҳрини вужудида туйиб, тиззаларида пайдо бўлган титроқлар ваҳми қаергадир изсиз ғойиб бўлган каби дадиллаша борарди. Охири тоқати тоқ бўлди. Ортиқ сукут сақлашга, Самаднинг қаршисида бош эгиб ўтиришга журъати етмади.

— Оғзингга қараб гапир, — деди хириллаб. — Намунча катта кетмасанг? Зўр бўлсанг, яккама-якка чиқ! Кучимизни синашволамиз!..

Меҳмоналининг болаларча соддалик билан тилига кўчирган гапи Самадни ҳам, атрофини қуршаб олган шотирларни ҳам четлаб ўтмади. Бараварига хохолаб кулиб юборишди.

— Баракалла, эркак, — деди Самад орқадан келиб қўлларини Меҳмоналининг икки елкасига қўяркан. — Душманимнинг худди шунақа дадил, жасур бўлишини хуш кўраман. Аммо менинг яккама-якка муштлашиб ўтирадиган одатим йўқ. Кўряпсанми, ёнимда ўн чоғли шотирим турибди. Истасанг, шулар сенминан яккама-якка муштлашади. Лекин огоҳлантириб қўяй, ютқазсанг, мана шу қўлларим билан ўзим муштлашувни охирига етказаман. Ютсанг, тирик қолдираман. Тақдирга тан бераман-у, орқамга ўгирилиб кетвораман!

— Сен ўзингни шунчалик зўр деб ҳисоблайсанми? — деди Меҳмонали тишлари беихтиёр ғижирлаб. — Менинг хотинимни нега йўлдан урдинг, мараз? Кучинг аёл кишига етдими?

Бу гапидан сўнг Самад ва ёнидагилар баттар хохолашди.

— Хотиним дейдими, Муҳсин? — сал наридаги новчадан келган, қиррабурун шотирига юзланиб қичқирди Самад. — Ё мен яхши эшита олмадимми?

— Шундай деди, рост, — жавоб қилди Муҳсин. — Хотиним деди, бой ака!..

— Вей, тирмизак, — қайта Меҳмоналига юзланди Самад. — Мўташ беш йилдан бери мана шу хонадонда бегона эркакларнинг кўнглини овлайди. У ғазнамнинг бир чети. Менга пул ишлаб беради. Шуни билармидинг, нодон бола?..

Бу гапларни эшитмаса яхшийди. Сал қурса, Самадни қулочкашлаб юбораёзди. Аранг ўзини тийиб қолди.

— Хўп, Мўътабар фоҳишайкан. Сиз ўзингиз нима учун ундан бола орттириб юрибсиз? Хўш, жавоб бера оласизми?

— Бунинг ўз тарихи бор, — деди даст ўрнидан туриб Самад. — Кейин билволасан. Ҳозир эса мен билан бирга кетасан. Ўзинг хоҳлагандай эркакчасига гаплашволамиз. Муҳсин, бу йигитни машинага ортинглар! Мўташ, сен ишингга бор!..

У йигитлар Меҳмоналини олиб чиқиб кетгунча кутиб турди-да, ташқари эшик ёпилиши билан Мўътабарни икки елкасидан тутиб ўзига қаратди.

— Қора дори қандай сотиляпти? — сўради шивирлаб. — Охири кўринай дегандир?

— Хавотир олманг, ҳаммаси жойида, — деди ҳануз безовта эшик томон қарашдан тийила олмай Мўътабар. — Эртага тугайди… Сиз… Меҳмонни ўлдирасизми? Агар…

— Қўрқма, — деди Самад совуқ тиржайиб. — «Эр»чангга жин урмайди. Локигин… Сенга қойил қолдим. Бу лохни қай гўрдан топа қолдинг? Ё мижозларингданмиди?

— Йўқ, — дея лаб учириб юзини терс бурди Мўътабар. — Отам топиб кепти мардикор бозордан. Қарасак, омигина, бўшанггинейкан. Шунга…

— Сираям бўшангга ўхшамайди бунинг. Эҳтиёт бўл, тағин хонавайрон қип кетмасин!

— Сиз борсиз-ку хонавайрон қилса! Ё ҳимоя қилмайсизми?

— Қўй, қаёқдаги гапларни гапириб асабимга ўйнама! Эрингга бир иш бор. Уни кутма. Яқин орада уйингга қайтмайди.

— Қайтмаслигини ўзим ҳам англаб турибман. Фақат ўлдириб қўйманг, илтимос!

— Хотиржам бўл, бунақалар тегирмонга тушса бутун чиқади. Айтдим-ку, иш бор эрингга, иш!

Шундай деди-ю, Самад Мўътабарнинг пешонасидан бир марта ўпиб қўйиб, ташқарига йўл олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...