ЎЛИМДАН КЕЙИНГИ ҲАЁТ… (3-қисм. Мистика)

0

 

 

* * *

 

Шафқатсиз куч мени ҳимоячиларимдан ажратиб қўйгач, шу лаҳзадаёқ айлана атрофимни қора шарпалар ўраб олишди. Улар бошимга қоп-қора матони ёпиб қўйишди. Энди мен ҳеч нарсани кўра, эшита олмас, сўзга тилим айланмас эди. Вужудим музлаб, ҳеч нарсани ҳис этмай бораётганимни идрок этиб турардим.

Шунда бобомнинг: «Қўрқма! Ибодат қил!» деган сўзларини эсладим. Афсуски, бирор сўз ёдимга кела қолмасди. Шунда ўзимни зўрлаб, Москвадаги квартирамиз деворига осиб қўйилган илоҳа ҳайкалчасини эсладим. Эсладим-у, ибодатга тилим айланди.

— Худойим, менга кўмак бер!.. — дея олдим.

Бошимдаги мато бирдан ғойиб бўлди. Лекин ҳамон жинлар устимдан босиб туришарди. Янада бардамликка юз тутиб баландроқ овозда илтижо қилиб кўрдим.

— Ёр-дам бер!..

Ана энди жинлар мени озод этишди. Мен барибир нола қилишда давом этавердим.

Жинлар ниҳоят устимдан тушишди. Аммо буткул ғойиб бўлишмади.

Улардан халос бўлдим-у, ўзимни жинларнинг танасига маҳкамланган узун темирга бойланган ҳолда кўрдим. Икки ёнимда жуда-жуда тор деворлар зоҳир бўлди. Бу девор мени хоҳланган вазиятда қисиб йўқ қилиши тайин эди.

Шунда ҳеч қачон қилмаган ишимни амалга оширишга, яъни, чўқинишга аҳд қилдим. Ўнг қўл бармоқларимни маҳкам қисиб пешонамга йўлладим. Афсуслар бўлсинки, қўлим ўзимга бўйсунмасди. Чап қўлим билан мажбуран ўнгини пешонамга олиб бордим. Сўнгра бармоқларимни қорнимга туширдим. Аммо ўнг қўлни елкамга кўтариш буткул мушкул эди. Барибир зўр бериб бу амални ҳам бажо этдим. Ҳа, чўқинишга эришдим!..

Чўқинганим ҳамоно темир ўзидан тўқ қизил нур таратиб мени озод этди. Деворлар ҳам ғойиб бўлди. Тепамда мовий осмонни кўрдим. Хурсандлигимданми, азбаройи қўрқиб кетганимданми, тинимсиз пичирлардим:

— Худойим, кўмак бер, кўмак бер, кўмак бер!!!

Билмадим. Қанча вақт нола қилганим ёдимда йўқ. Тўсатдан жинлар халқаси атрофимда айланиб, аянчли товушда чийиллай бошлади. Бу товуш нафақат овоз чиқаришга қўймас, балки, нақ миямга урилиб, вужудимда кучли оғриқ пайдо қиларди. Мен барибир нола қилишда давом этавердим.

Ва олисдан қулоғимга ёқимли куй эшитилгандек бўлди. Куй таралиши билан жинларнинг аянчли товуши тинди. Таналари ўз-ўзидан кулга айланди. То жинлар бутунлай йўқ бўлиб кетмагунча ёқимли куй янграйверди.

Қийноқлардан халос бўлганимга яна бир карра амин бўлиш ниятида ортимга ўгирилган ҳам эдимки, ёнимда фариштам ва бобом ҳозир бўлишди.

— Ўзимнинг ақлли неварагинам! — эркалай бошлади бобом мени маҳкам бағрига босиб.

Кўрдимки, бобом унсиз йиғларди.

— Нега йиғлаяпсиз? — сўрадим ундан хавотир аралаш. — Мени дуо қилдингизми?

— Ҳали ҳеч кимни бу қадар узоқ муддат дуо қилмагандим. — деди бобом кўз ёшларини арта-арта. — Кўрдингми, ғуруринг сени сал қурса бадном этаёзди?

— Ҳозир уни ортиқча қийнашнинг ҳожати йўқ. — гапга аралашди фариштам. — Халос бўлдими, шунинг ўзи катта гап.

— Халос бўлмади, — деди бобом. — Уни Худойимнинг ўзи асраб қолди.

— Ҳа, Худойим бечораларга ҳамиша меҳрибон. — жавоб қилди фариштам ва шоша-пиша чўқиниб олди.

Мен унинг чўқинишини кузатарканман, бу амал қандай тўғри бажарилиши хотирамга жойлашга уринардим.

— Энди жинлар ҳужум қилишмайдими? — умид билан сўрадим мен. — Ё яна қийноқлар борми олдинда?

— Ҳали синовлар якун топмади. — деди фариштам. — Ҳеч бир руҳ барча синовлардан ўтмагунча манзилига ета олмайди. Мабодо дўзах синовларида омадинг чопмай қолмаса… Негаки, фақат илоҳий руҳларгина дўзахни айланиб ўта олишади. Бошқалар албатта унинг синовларига рўбарў бўлишади. Биз синовларнинг ярмидангина ўтдик холос.

— Тағин жинларга дуч келарканмиз-да! — дедим қовоғимни уйиб…

Нимаям қилардим? Фариштам жавоб қилиш ўрнига мени қанотлари остига олиб осмонга кўтарилди. Бобом биздан сал орқароқда учиб борарди.

У ҳақ экан. Боягина менга азоб берган даҳшатларни унутиб улгурмай, тағин устимга жинлар тўдаси ёғилиб, мени ғийбатчилик, ичи қоралик, жаҳлдорликда айблай бошлашди. Лекин иш калтаклашларгача етиб бормади. Тириклигимда ашаддий суюқоёқ, енгил табиатли бўлсам-да, кўпчилик дилхираликларни унутиб юборадиган, ўзимнинг айбимни ҳам тан олишга қодир аёл саналганим сал кўмак берди.

Бунда фариштамнинг ҳам ҳиссаси кўп эди. У жинларга бир талай яхши ишларимни мисол қилиб келтирди. Яъни, бир куни оламдан ўтган ҳамкасбимнинг оиласига маошимнинг ҳаммасини топширганим, ёки гадойга сўнгги тийинларимни берганим… Қизиғи, шундай майда-чуйда эзгу ишларни ҳам жинлар ҳисобга олишди.

Ана шундан сўнг жинлар менга барча хафа қилган одамларнинг исмларини эслашни буюришди. Вой, қандай қилиб ҳаммасини эслаб қолишим мумкин, ахир?.. «Қўлларингдан келганини қилаверинглар, айтмайман!» деб туриб олдим. Ана шу гапим туфайли бизни ўтказиб юборишди.

Биласизми, навбатдаги синовни эслаш мен учун жуда-жуда оғир. Кўз ўнгимга келтирсам, ҳануз юрагим орқага тортиб кетади.

— Олдинда қотиллик сўроқлари кутаяпти. — деди фариштам.

Мен бўлсам, бепарво қўл силтадим.

— Бемалол ўтиб кетамиз. Тириклигимда пашша ва чивинларни ҳисобга олмаса, ҳеч кимни ўлдирмаганман.

— Ўша пашша, чивинларни ҳам ҳисобингга ёзишлари мумкин. — деди фариштам. Бунақа ҳодисалар жуда кўп бўлган.

— Тўғрисини айт, — дея фариштамга юзланди бобом. — Ростдан ҳам неварам ҳеч кимни ўлдирмаганми?

— Шунақасиям бўлган! — қисқа жавоб қилди фариштам…

Бу гапни эшитган бобом секин ўнг қўлини туморга босди.

Тепамизда навбатдаги қора булутлар тўдаси пайдо бўлди. Сал ўтмай, врачларникига ўхшаб кетадиган оқ халатларда жинлар йўлимизга кўндаланг бўлишди. Баъзиларининг халати қонга бўялганди.

— У ўғли Александр ва Татьяна, Анастасия исмли икки қизини ўлдирганликда айбланади! — эълон қилди жинлар каттаси. Ва қонга бўялган панжаларини баланд кўтарди.

— Ие, бу нимаси? — ҳайрон бўлиб сўрадим мен. — Менинг ҳеч қачон фарзандим бўлмаган!..

Ҳа, мен уларга ўн саккиз ёшимда жазманимдан ҳомиладор бўлиб қолганларим ва ҳомилани ҳар гал олдириб ташлайверганимни айтиб ўтирмадим.

— Александр деган ўғлингни ҳозир сенга кўрсатамиз! — деди жинлар каттаси. Қизларинг эса жазманинг фикрига кўра албатта туғилиши зарур эди. Аммо сен ўз билганингдан қолмадинг.

Жинлар мени фариштам ва бобомнинг бағридан тортиб олиб қоронғи йўлак бўйлаб нари олиб кетишди. Улар йўл-йўлакай бараварига «Ҳозир ўғилчангни кўрасан, севимли онажони!» дея ҳайқиришарди.

Биз деворлари ажойиб тарзда таъмирланган, ўртасида бассейни бор катта залга кириб бордик. Бассейндан буғ чиқар, бадбўй ҳидига тоқат қилишнинг сира имкони йўқ эди. Йўқ, мени жинлар бассейн бўйига судраклаб бориб пастга назар ташлашга мажбур этганларидаги даҳшатларни тасвирлаб бера олмайман.

Ҳушимдан кетиб қолибман. Кўзларимни очганимда, тепамда бобом турганини кўрдим. Фариштам ҳам унинг ёнида эди.

— Яна озгина чидагин, болам! — шивирлади бобом.

Ҳа, ҳали бу ҳаммаси эмас экан.

— Ана энди ҳаётингдаги даҳшатларни намойиш этамиз! — деди жинлар каттаси.

Кўз ўнгимда катта оқ экран намоён бўлди ва Питердаги чиройли, қадимий уй кўрсатила бошланди. Бу уй қачонлардир Кадет корпуси эди. Шу ерда Лермонтов таҳсил олган. Кейинчалик бу уйни туғруқхонага айлантиришган.

Уй экранда катталашиб, ичкарисида қўрқибгина турган ёш бир аёлни кўрдим. У ўзидан ёши улуғроқ бошқа бир аёлга маҳкам ёпишганча турарди…

Ҳа, дарҳол эсладим. Ойим мени аборт қилиш учун олиб келганди. Ўшанда мен аниқ бир қарорга келиб, аборт хонасига зинапоялардан кўтарила бошлагандим.

Намойиш этилаётган фильмда ҳаммаси бошқача тасвирланганди.

— Мен боламни нобуд қилмайман! — қичқирдим мен тўсатдан ва қоча бошладим. Онам эса менга етиб олиб уқтира кетди.

— Кўзингни оч, аҳмоққинам! Ўз ҳаётингни расво қиласан-ку! Озгина чидасанг, тамом! Ҳаммаси яхши бўлади! Ҳомиладан халос бўласан!

Сўнгра бошқа бир фильм кўрсатилди. Унда мен ўғил туғдим. Исмини Александр деб қўйдим. Жазманим севиниб кетди. Кейинчалик биз турмуш қурдик ва биргаликда педагогика институтида таҳсил олдик. Шаҳарнинг қайсидир четида мўъжазгина уйимиз, ҳовлида итимиз бор эди. Биз бахтли ҳаёт кечирардик. Кейинчалик икки қизли ҳам бўлдик. Исмларини Настя, Татьяна деб қўйдик. Ўғлимиз Саша улғайиб, руҳоний бўлди. Уни Александр ота деб атай бошлашди. Бу ҳаётда онам биз билан бирга яшаб, болаларимни, кейин невараларимгача тарбия қилди. Саша ажойиб би қизга уйланди. Улар икки ўғил, икки қиз кўришди. Аста-секинлик билан онам иккимиз художўйларга айланиб бордик. Албатта Сашанинг таъсирида.

Фильм оиламиз аъзолари ўтириб биргаликда чой ичаётган жойда тўхтатилди. Ортимиздаги деворга каттакон тақвим илиб қўйилган, унинг остига «21 июл 1990 йил» деб ёзиб қўйилганди. Бу менинг ҳақиқий ҳаётдаги оламдан ўтган куним эди.

— Давом эттиришга ҳожат йўқ. — деди жинлар каттаси. Агар бунинг қалби бўлса, бу фильмни томоша қилиб ҳўнг-ҳўнг йиғлаган бўларди.

— У шундоқ ҳам керагича жазосини олди! — мени ҳимоя қилишга ўтди фариштам. — Кўрмаяпсанми, йиғлаяпти?!.

— Дўзах кўз ёшларга ишонмайди! — деди жинлар каттаси. — Йиғласа йиғлайверади-да!..

— Сен ноҳақсан! — гапга аралашди бобом. — У бутун умр тавба қилиб яшаган

— Тавба қилган? Қайси черковга кириб тавба қилган?

— Ҳа, бу ҳақиқат! — деди фариштам ва қўлини экран томон чўзди. Шу лаҳзада бошқа бир манзара намоён бўлди.

Биз Георгий билан болалар боғчаси рўпарасида турибмиз. Чор атрофда болажонлар қийқириб ўйнамоқда. Мен тез-тез унга таънали боқар, кўзларимдан дувиллаб ёш оқарди.

Бу манзара ниҳоят топгач, бошқаси кўринди. У ерда Георгийни навбатдаги хиёнати учун тинимсиз койирдим ва унга: Майли, йўқол! Бахтли бўл!: дея қичқирардим.

Тасвир тугаб экран ўчди. Менинг хотираларимда ўша ҳодисанинг ўзгинаси жонлана бошлади. Ҳа, Георгий мен билан бола масаласида гаплашишни истамас, хиёнат қилишда, бегона аёлларнинг ортидан чопишда эса ҳамон давом этарди.

— Майли, руҳингизни олинг-у, бу ердан йўқолинг! — деди жин кутилмаганда. — Бу гуноҳи учун жазосини олди. Лекин олдинда уни жиддий синовлар кутади. Қани, ўшалардан ҳам бир ўтиб кўрсин-чи!

Биз йўлга тушдик. Қалбим тунд эди. Вужудимни қандайдир ёқимсиз, аччиқ дард кемирар, гоҳ қусгим, гоҳ ўзимни ҳушдан кетаётган каби ҳис этардим.

Афсус! Нега тириклигимда Худога нолалар қилмадим? Нега художўйлик йўлидан кетмадим? Нима учун болажон бўла олмадим?..

Қанча йўл босдик, билмайман. Олдимизни қуюқ туман қоплаб, яқингинамизда пуштиранг тошлардан бунёд этилган баланд қалъа кўринди. Қалъа эшиги тепасига ранг-баранг олов билан «ХУШ КЕЛИБСИЗ!» деб ёзиб қўйилганди. Ичкаридан эса, қандайдир мусиқа янграрди.

Қалъага яқин келгач, беихтиёр этим жунжикиб вужудимни титроқ босди. Чунки… Қалъа зинога муккасидан кетган эркак ва аёллар танасидан қурилган экан. Жазманларнинг юзлари тилинган, оғзи очиқ ҳолда инграшар, кўзлари ўйиб олинган, қалъа деворидан қонли кўз ёшлар оқиб пастга тушарди.

— Адашганлар салтанати! — деди бобом.

— Э, мен адашмаганман. — дедим хотиржамлик билан. — Тўғри, кўп эркаклар билан яқин муносабат юритганман. Аммо ҳар гал чин юракдан, тоза қалб билан йўл тутганман.

Бобом негадир бу гапларимга хурсанд бўлмади.

— Менга қара, — деди у бўйнидан туморини ечиб қўлига оларкан. — мен дарвозанинг ташқари тарафида туриб сени дуо қиламан. Сен тезроқ жазолардан халос бўлишингни Худодан сўрайман. Манави туморни занжирга бойлаб узайтирамиз ва сен бир учини ушлаб оласан. Агар фариштанг сени жинлардан қутқара олмаса, ўзим занжирни тортиб ташқарига чиқариб олишга ҳаракат қиламан.

— Занжир калта-ку! — дедим елка қисиб.

— Сен ўша ўзинг айтган «соф севгинг»ни деб жуда узоқ кетмагансан деб умид қиламиз. Агар ҳақ бўлиб чиқсанг, занжир ўз-ўзидан узайиб боради. Акси бўлса, узилишга мажбур бўлади.

Шу пайт ичкаридан қип-яланғоч эркак, аёл жинлар тўдаси чиқиб келишди-да, мени ўраб олишди. Ўлай агар, тириклигимда бу қадар очиқ манзарани сира кўрмагандим.

— Қани, салтанатимизга марҳамат қилсинлар! — чивиллаб мени ичкарига бошлай кетишди жинлар. — Уялма, киравер! Сен бу ерда зерикиб қолмайсан! Бошингга шундай ишларни соламизки, туғилганларингга пушаймон ейсан!

Биз фариштам билан бирга ичкарига қадам қўйдик. Эҳ, бу ерда кўз кўриб қулоқ эшитмаган манзара намоён эди!.. Мусиқа садоси, эркак, аёл жинлар бир-бирларини қучоқлаганча рақс тушиши, барчанинг кўз ўнгида баъзилари бурчак-бурчакда бир-бирларининг пинжига кирганча ётишлари… Бу манзара ростини айтсам, одамнинг кўнглини айнитарди холос.

Менга бир қараганда, қурбақани эслатиб юборадиган, оғзи акуланики каби катта жин аёл яқин келди-да, орқамга шапатилаб бор овозда қичқирди:

— Ў, бизга янги қиз келибдими дейман? Хўш, ўз хоҳишинг билан орамизда қоласанми, ё…

— Нима ё? Бу билан нима демоқчисан? — сўрадим ундан.

— Ундан нима истайсиз? — орқамиздан етиб келган бобом жин аёлга савол ташлади.

— Менми?.. Бошимга ураманми буни? — ерга тупуриб лаб бурди жин. — Ҳозир у тириклигида кўнгилхушлик қилган эркаклар сонини ҳисоблаймиз ва уларга қўшиб буни ҳам тегишли жойга жўнатамиз.

— Бу ерда ҳисоблаб ўтиришнинг сира ҳожати йўқ. — дедим мен. — Менинг ҳаётимда учрашадиган, яшайдиган биргина эркак бўлган.

— Шунақа дегин? Вей, биргина эркаклар билан рисоладагидек яшаган аёллар бизнинг тепамиздан катта тезликда учиб ўтишади. Ҳозир биз санайлик, ўшанда биласан!..

Жин қўлидаги қутини очиб, ичидан бир даста беҳаё суратлар чиқарди. Не кўз билан кўрайки, суратда мен ўз севган кишим билан турардим. Қолганлари… Қолганларида бегона эркаклар… Биз беҳаёларча суратга тушган эдикки, нимадир дейишга ожиз қолдим.

— Бу менинг эрим Георгий! — дея олдим жинга зўрға.

— Қолганлари-чи? Ўйнашларинг-ку!

— Бу… Шунчаки кўнгилхушликлар эди.

— Ҳа-а, сен шуни кўнгилхушлик деб атйяпсанми?.. Лекин бу гапинг билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди.

Жин ўзининг яшил кафтини бурнимга яқинлаштирганди, унда оқ-пуштиранг яланғоч қиз сурати кўринди.

— Танияпсанми?

Мен яхшилаб назар солдим. Бу менинг ёшликдаги суратим эди

— Энди бунисига разм сол! — деди жин бошқа кафтини кўтариб.

— У кафтида менинг биринчи муҳаббатим экан. Жин икки кафтини бир-бирига яқинлаштирган эди ҳамки, биз муҳаббатим билан бир-биримизга маҳкам ёпишиб, ишқ лаззатидан баҳра ола бошладик.

Мен қотиб қолдим.

— Энди бу йигитчани, — деди жин. — сал нарига суриб турамиз. Ҳозирча сайр қилиб келсин! — У бир кафтини бошқасидан тағин узоқлаштирди ва биринчи муҳаббатим ўрнида иккинчиси пайдо бўлди. У ёш, навқирон шоир йигит эди. Биз шоир билан қисқа вақт учрашиб юрганмиз. Лекин жиннинг кафтида юз бераётган ҳодисаларга ишонишнинг сира имкони йўқ эди. Ҳозиргина биринчи муҳаббатим билан лаззатланган танам энди дарҳол шоирнинг қўйнига кирди. Жин сал туриб икки кафтини бир-бирига урди-ю, энди мен икки эркакнинг орасида қолиб уларни ўз меҳримдан баҳраманд эта бошладим.

— на энди сенинг ҳақиқий севгилинггаям етиб келдик! — деди жин.

Ҳақиқатан унинг кафти бўйлаб кичкина, кўп бошли, кўп қўлли ва кўпоёқли маҳлуқ кезар, қўллари, оёқлари менинг танамни икки эркакнинг қучоғидан юлиб олишга уринарди.

— Бу нимаси? — йиғлагудек бўлиб сўрадим мен жиндан. — Нега ёлғонларни намойиш этасан?..

— Бизда ёлғон бўлмайди. Ундан кўра, шартимга қулоқ тут. Энди бизнинг князимизни хурсанд қиласан. Шундай хурсанд қиласанки, ҳаммамиз маза қилиб томоша кўрайлик. Мана шу нарса сенга тайин этилган жазодир.

Қурбақасифат жин биз томон ёпирилиб кела бошлаган яшил булутга таъзим бажо айлади. Булут бирдан тарқаб, орасидан Шайтони лаин тиржайган кўйи чиқиб келди. У қип яланғоч, кулранг танаси кўнгилни ағдаргудек жирканч эди.

— Қани, ўзимнинг кичкина қайсарим! — дея менга тобора яқинлашиб келарди шайтон. — Икковимиз ҳақиқий севгини намойиш этамиз. Манавилар ҳам бир томоша кўришсин-да!.. Ўзим суякларингни синдиргудек эркалайки…

— Фариштам! — қўрқув аралаш қичқирдим мен.

— Чиранаверма кўпам! — деди шайтон. — У барибир сени эшитмайди. Биздаги ёқимсиз ҳидларга фариштангнинг димоғи дош бера олмай жуфтакни ростлаб қолган. Келақол, отагинангнинг қўйнини тўлдир, жонидан!

Мен ўзимни нари олиб қўлимни орқага ташлаган эдимки, шу заҳоти кафтларим орасида бобомнинг тумори бойланган занжирни ҳис этдим.

— Қўйвор бу занжирни! — бақирди шайтон мен томон югурди. Бироқ занжирнинг бир учини кафтларимга ўраб иккинчи учи билан шайтонни тушириб қолдим. Ана энди атрофимдаги жинларнинг қичқириқлари ҳаммаёқни тутиб кетди. Мени эса қандайдир куч дарвоза ортига итқитиб ташлади.

Кўзимни очганимда икки қўлтиғимдан фариштам ва бобом тутганча номаълум тарафга судраб боришарди.

Сал ўзимга келгач, улар мени яна олдинда хайрсизлик салтанати кутаётганидан огоҳ этишди. Мен ўзимча бунисидан ҳам осонгина ўта олишимга ишондим. Аммо уларга ҳеч нарса демадим. Ва тўғри йўл тутдим.

 

* * *

 

Мен тириклигимда ҳеч қчон гадойнинг ёнидан индамай ўтиб кетмаганман. Чўнтагимда сўнгги танга қолган бўлса-да, унга тутқазганман. Дўстларим кулфатда қолсалар, кўмаклашганман. Ҳатто сиёсий террор қурбонларига, Чернобил ҳалокати туфайли жабр чекканларга, Арманистондаги зилзила туфайли азият кўрганларга сидқидилдан ёрдам берганман. Қайта қуриш даврида эса россиялик кексаларни моддий тарафдан қўллаб-қувватлаганман. Лекин бу салтанатдагиларнинг намойиш этаётган ўйинларидан лол эдим.

Ана, отам билан сиёсат бобида баҳслашаяпман. Унга марксизм-ленинзмга асосланган классикларнинг жумлаларини келтириб ўзимни оқламоқчи бўлаяпман. Биз баҳслашишимиз давомида ортимизда иккита қора соя пайдо бўлди. Бири отамники, иккинчиси меники. Менинг соям ўзининг ўткир, узун ва беўхшов тишларини ғижирлатганча отамнинг жигарини суғуриб олишга интилаяпти.

Георгий ва менинг иштирокимдаги навбатдаги саҳна ҳам худди шунга ўзхшаш эди. У ожиз, бемор ҳолатда ваннахонада қимирламай ётар, мен бўлсам, остонада икки қўлимни белимга тираган кўйи уни чақиб-чақиб олар, «Йўқол, хиёнаткор! Кет уйимдан! Йўқол!» дея бақирардим. Ҳайқириқларимдан ваннадаги сув қизара бошлаб, қонга айлана борарди.

Ҳа, ҳаётимда бу тахлит кўнгилхираликларнинг жуда кўпини келтириб чиқарганман. Шунинг учун ҳам нима қилишни билмайман. Олдинда ўзимни кутаётган жазоларни ўйлаб дир-дир титрайман. Ана, рўпарамда оғир гурзилар кўтарган бир тўда жинлар ҳозир бўлишди. Агар савалай бошлашса, мажақлаб ташлашади-ку!.. Эҳ, бобожон, фариштам, мени ҳимоя этсаларинг-чи!.. Қаранглар, оғзимдан худди ваннадаги каби қип-қизил қон сизиб чиқаяпти! Димоғимни қоннинг сассиқ ҳиди тутиб, кўнглим айнияпти…

(давоми бор)

Елена ВОЗНЕСЕНСКАЯ

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

loading...