КАЛЛАКЕСАР… (8-қисм)

0

 

 

ЗАНЖИРБАНД

 

* * *

 

Меҳмоналини шаҳардан ташқаридаги қайсидир бир ҳовлига олиб боришди. Йўл-йўлакай шотирларнинг ярмидан кўпроғи бошқа манзилга бурилиб кетди. Фақат орқадаги машинада тўрт барзанги, Меҳмонали ўтирган машинадагилар қолди.

Машина манзилга етиб келиб тўхтагандан кейин ҳам Меҳмоналини икки барзанги маҳкам тирсакларидан тутган кўйи ертўлага олиб тушишди.

— Буни занжирлаб туринглар, — барзангиларга тайинлади Самад. — Мен ҳозир ичкарига мўралайман-у чиқаман!..

Ертўла Меҳмонали киноларда кўргандек шоҳона эмасди. Ичкаридан қандайдир қўланса ҳид тараларди. Қайсидир бурчакда сувнинг шилдирашига ўхшаш товуш қулоққа чалинарди.

Тайинланганидек, барзангилар Меҳмоналини занжирлаб ташлашди. Ўзлари эса наридаги стол қаршисига чўкиб писта чақишга тушишди.

«Демак, бу хунаса мени ўлдиришга қарор қилибди-да, — кўнглидан ўтказди Меҳмонали. — Пешонамда бировларнинг қўлида ўлиб кетиш ёзилган шекилли-да. Акс ҳолда югургилаб катта шаҳарга келмасдим. Қизиқ… Қай йўл билан ўлдираркин? Ҳойнаҳой, тўппончада отиб ўлдирмаса керак. Олдинига қийнаса керак. Ўша ярамас кинолардаям шунақаларнинг ишларини кўрганлар, билганларини кўрсатишаркан-да бундан чиқди! Ана, анави югурдакларининг пинагиям бузилгани йўқ. Ҳазил-ҳузул қилиб ўтиришибди. Иккаласиям хотиржам. Мен-чи? Гўдакни ерга кўмган куним тушларимгача булғаниб чиққанди. Қалтироқ босиб нақ ўлаёзгандим. Наҳотки, одам бировни ўлдираверса, дийдаси тошга айланса?.. Ҳа-я, чамаси ўша мурғак гўдакнинг арвоҳи мени қарғаган кўринади. Бўлмаса, ишлар манавинақанги чаппасига кетиб ўтирмасди. Жин урсин бунақаларни! Буларга бас келишнинг ўзи бўлмаса. Ҳаммаси бир-биридан ваҳший, қўрс, шафқатсиз, имонсиз… Дардини кимга айтишни билмайди одам. Ҳатто, оппоқ соқоли билан Соли отаям шуларга илакишиб ўтирибди-ку! Худодан қўрқмагани-чи буларнинг!.. Афсус, ниятимга ета олмадим. Мўътабарни фоҳишалиги учун жазолай билмадим. Самадни ўлдириш тугул койишгаям улгурмадим. Унинг ўзи мени шу ерларга опкелиб бўғизлаш палласида турибди. Ожиз эканман. Ожиз одам зўрларга бас кела олмаслигини идрок этмабман. Ғўрлик қилибман. Каратэ-паратэни билса, одам манаман деганнинг белини синдира олади деб ўйлабман. Хом сут эмган банда эканман…»

 

* * *

 

Меҳмоналининг хаёли бўлинди. Кутилмаганда ертўла эшиги шарақлаб очилди-да, аввал Самад, кетидан тўрт чоғли барзанги кириб келди. Стол қаршисида ўтирган барзангилар ими-жимида писталарини қайтадан киссага уриб, қаддиларини ғоз тутишди.

— Боплабсизлар-ку куёв болани, — дея кулди Самад Меҳмоналини кўрсатиб. — Мўташга сакрайвериб толиққандир ҳарқалай. Шунақами, куёв бола?

Меҳмонали масхараланишларга ўрганмаган.

Самадга еб қўйгудек тикилиб турди-да, билинар-билинмас тишларини ғижирлатиб қўйди. Бу ҳаракатидан Самад баттар наша қилди. Кула-кула, Меҳмоналига яқин келди.

— Демак, сен келгинди, жўжахўроз мени ўлдиришга кебсан-да-а? — сўради Меҳмоналининг сочига чанг солиб. — Қария жўнатдими? «Мен учун ўч ол» дедими? Гапир!..

— Мен терговда эмасман сенга гапирсам, — жавоб қилди Меҳмонали. — Ўлдиришга келганим рост. Менинг аёлимни, қалбимнинг эгасини хўрлаганинг учун, бахтига чанг солганинг учун жавоб беришинг керак.

— Ў, Муҳсин, — Самаднинг кулгиси бу гал нафратга қоришиқ чиқди. — Эшитдингми? Братишка жа романтик экан. Фоҳишани севиб қопти! Нима қилсак бўларкин? Ё мана шу ертўладан иккаласига жой тўшаб берайликмикан-а? Романтика, асал ойи дегандай… Нима дейсан, Муҳсин?..

Барзанги жавоб қайтариш ўрнига беўхшов кулиш билан чекланди.

— Йўқ, — деди Самад илкис ортга ўгирилиб. — Низом!

Ҳов нарида столга суянганча писта чақаётган барзанги югура келиб Самаднинг қаршисида ҳозир бўлди.

— Эшитаман, ака!

— Бўшат занжирдан йигитни! — буюрди Самад беихтиёр қовоғи уйилиб. — Тезроқ бўл!

Меҳмонали занжирдан бўшатилди. Аммо шундан кейин ҳам бир туки сесканмади. Аллақачон тақдирга тан бериб бўлганди. Энди унга барибирдек туюларди. Қай ҳолатда ўлишнинг фарқи қолмаганди. Биларди. Пичоқлашсаям, бўғишсаям, ёки калтаклаб ўлдиришсаям барибир жони оғрийди. То юраги уришдан тўхтагунча жони оғрийверади. Фақат… Тезлатишсайди шу ишни…

Руҳий азоб оғирлик қиларкан одамга.

Нафрат, ваҳм, алам, армон, надомат бир-бирига қоришиб, Меҳмоналига ёмон азоб бера бошлаганди.

— Ҳозир менинг кўз ўнгимда манави Муҳсин акангминан беллашасан, — деди Самад Меҳмоналининг кўзларига тик боқиб. — Ҳунарингни кўрсатасан! Агар уни ютиб чиқсанг, гап бўлиши мумкинмас, кечираман, ҳамма ҳунарларингга кўз юмаман, эшикларни катта очиб қўяман. Кетаверасан хоҳлаган ерингга. Ҳатто, акаларинг машинада манзилинггача элтиб ҳам қўйишади. Башарти ютқазсанг… Ютқазсанг, менинг бир шартим бор. Шунга кўнишингга тўғри келади. Кўнмасанг, ўзингга ёмон бўлади! Тушунтира олдимми?

— Менга барибир, — елка қисган кўйи жавоб қилди Меҳмонали. — Қачон, қаерда ўлишнинг фарқи қолмаган анчадан бери.

— Унақа дема, ўғил бола, — дафъатан бақириб юборди Самад. — Қанақа ўлиш? Жонингдан тўйганмисан? Ҳали муштдек бўла туриб ўлимни гапиришинг нимаси? Билиб қўй, менинг ёнимда бундан кейин ўлимдан гап очмагин! Ёмон қип ташлайман, бола! Тушундингми?

— Тушунарли, — деди Меҳмонали. — Мен тайёрман!..

 

ЮЗСИЗЛАР

 

* * *

 

Муҳсин ҳам чайирликда Меҳмоналидан қолишмасди. Айниқса, бўйининг узунлиги унга жуда қўл келарди. Меҳмонали дастлаб унинг ҳаракатларини кузатаркан, юта олмаслигига амин бўлганди. Бироқ Муҳсин бир-икки «ташлашиш»дан кейин кетма-кет хатога йўл қўя бошлади. Меҳмонали навбатдаги хатога йўл қўйишини пойлаб турди-да, аввал қўл, кетидан оёқ зарбаларини йўллади. Муҳсин йиқилди. Йиқилганда ҳам ерга юзтубан тушганча ётиб, бир неча дақиқа юзини чангаллаб ётишга мажбур бўлди.

— Қойил, бола, қойил, — деди даст ўрнидан туриб Самад. — Бопладинг. Десантураданмисан нима бало?

— Ҳа, шунақа десаям бўлади, — деди Меҳмонали бош қашиб. — Энди кетаверсам бўлар-а, брат?

Самад бу саволни эшитибоқ шотирларига бир-бир қараб чиқди-да, шу орада Муҳсиннинг елкасига қоқиб овутган бўлди. Сўнгра яна Меҳмоналининг ёнига қайтди.

— Ҳа, манзилга ўзим обориб қўяман, — деди у. — Лекин Мўташникига бормайсан. Меникига борамиз. Сенминан гаплашадиган гаплар кўп. Хўш, розимисан?

Меҳмонали айниқса Самаддан бундай лутфни сира кутмаганди. Ютиб чиққани алам қилади ва тағин ёмонлик қилса керак деб хаёл қилганди. Вазият юмшаб, Самаднинг ўз уйига таклиф қилиши, боягидек қовоқ-тумшуқ қилишдан тийилиши, муносабати кескин ўзгарганини кўриб анча хотиржам тортди. Лекин кўнглининг бир четида бу зўравон, каллакесардан барибир ўч олиши муқаррарлигига амин турди.

— Розиман, — деди у мажбуран бўлса-да, жилмайиш қилиб. — Сиз нима десангиз шу-да, брат!

— Жуда соз, — дея шотирларга юзланди Самад. — Қани, арслонларим, кетдик бизникига! Бугун Меҳмон братишка билан танишганимизни ювамиз!

 

* * *

 

Меҳмонали машинанинг орқа ўриндиғида, Самаднинг ёнида жимгина кетиб борарди-ю, қур-қур қалбига қулоқ тутарди.

Қалби сокин эди. Безовталик, қўрқинч, ваҳм сезилмасди.

«Бу зўравоннинг бир режаси бор шекилли, — кўнглидан ўтказди у. — Жуда айёр бўлади бунақанги нусхалар. Ўзича алдаб-сулдаб туриб боплайман деб ўйласа керак-да. Боплаб бўпсанлар! Менам кейинги пайтларда жонимни тикиб, ана ундан кейин бир ишга қўл урадиган бўлганман. Ўлимданам, зўрликларингданам қўрқмайман. Йўқотадиган ҳеч кимим ҳам йўқ. Таваккал. Худога таваккал қиламан!..»

— Братишка, — дея кутилмаганда орадаги жимликни бузиб Меҳмоналига юзланди Самад. — Қаерликсан? Ота-онанг борми? Нега келгандинг шаҳарга?

Меҳмонали аввалига жавоб беришни хоҳламади. Жавоб қилса, сир бой бериб қўядигандек туюлаверди. Бироқ Самад барибир айтмасига қўймаслигини сезиб, жавоб беришга аҳд қилди.

— Ота-онам ўлиб кетишган, — деди ҳийла бош эгиб. — Момомминан бобомнинг қўлида ўсганман. Бирин-сирин улар ҳам ўлиб кетишди. Мендан анча катта ёшдаги тоғам бор. Шу тоғам сиғдирмади. Уйдан ҳайдаб солди.

Самад Меҳмоналини тинглаб турди-да, гап шу ерга етганда, илкис гапини кесди.

— Тўхта, Мамир, — ҳайдовчига бақирди у. — Тўхта! Муҳсинга қўнғироқ қил, тез бориб бояги айтган ишни қилсин! Иккаласиниям мен боргунча уйимга опкеб турсин! Биз йўл-йўлакай братишкаминан тамадди қилволамиз.

— Хўп бўлади, хўжайин, — дея машинани четга олиб тўхтатгач, ҳайдовчи қўл телефонига ёпишди.

Муҳсин бошқа машинада йўлга чиққанди. Меҳмонали сездики, муштлашувда ютиб чиққанини Самад кечира олмабди. Демак, Муҳсинга ўч олиш учун имкон бермоқчи. Ҳойнаҳой, каллакесарларининг абжирроқлари бўлса, ўшаларни Самадникига олиб борса керак. На илож? Ҳозир шуларнинг қўлида. Хоҳлашса, ўлдиришади, хоҳлашмаса, тепкилаб-тепкилаб йўл четига ирғитиб кетишади…

Аммо Меҳмонали сир бой бермади. Индамасдан ўтираверди. Самад ҳайдовчи буйруғини Муҳсинга етказиб, моторга ўт қўйгач, яна Меҳмоналига юзланди.

— Сенам ўзимиздан экансан, братишка, — деди у бармоғи билан машина ойнасига чертиб. — Менам худди сенга ўхшаб кўчада ўсганман. Фақат фарқимиз шундаки, мени туғишган акам уйдан ҳайдаб солган. Ҳечқиси йўқ, сенам пишасан ҳали. Ҳаммаси олдинда. Хафа бўлма!..

«Қанчалар айёр ва тилёғламайкан бу Самад, — кўнглидан ўтказди Меҳмонали зимдан унга тикиларкан. — То жонингни олгунчаям билдирмайдиганлар, сездирмайдиганлар хилиданакан. Лекин… Нима зарилийкин? Жиғига тегдими, йўлига ғов бўлдими, ўлдириб юборавермайдими чўзмасдан? Барибир шу ишни қилади-ку! Пайсалга солиб барака топармиди…»

Самад то манзилга етиб келишгунча сўз қотмади. Машина ҳашаматли ҳовлилардан бири дарвозасидан ўтиб ҳовлида тўхтагачгина, қаддини ростлаб Меҳмоналининг елкасига қоқиб қўйди.

— Ҳадеб ўй сураверма, — деди у Меҳмоналига совуқ боқиб. — Худога таваккал қил, братишка! Барибир худонинг айтгани бўлади. Ҳатто, ўлимгаям тик қара, братишка!..

Бу гаплар Меҳмоналининг шубҳаларини баттар кучайтирди. Самад беҳуда кимсасиз жойга олиб келмаганига яна бир карра амин бўлди. Демак, ҳаммаси учун ўч олади. Биринчи навбатда Мўътабарни орага қўшса керак. Баҳона бор. Ана ундан кейин Муҳсиннинг ютқазганини рўкач қилади. Лекин… Нега ҳақиқий эркак бўлса, ўз қўллари билан қилиб қўя қолмайди шу ишни? Қўрқадими? Ҳечам. Қўрққанда шу ёқларга келиб овора бўлмасди…

Қанчалар миясини ёмон ўйлар чирмаб олмасин, Меҳмонали қалбида қўрқув ҳиссини туймаётганди. Гўё дунёга ўт кетса ҳам бир туки қимир этиб қўймайдиган даражада сокин, хотиржам эди.

Тўғри-да, агар ажал таъқиб этишни бошласа, олмагунча қўймайди. Қўрқиб нима барака топарди?!. Ота-бувалари ўз даврида душманнинг ўқига қўрқмасдан, тап тортмасдан тикка боришган. Ўшаларнинг авлоди-ку! Манавилардан қўрқиб, қалтираб турса, ўлимдан чўчиб ёлворса, Азроил ортга қайтиб кетадими? Асло! Шундай экан, дадил олдинга юради! Душманнинг кўзига тик боқади. Токи бу нусхалар кўриб қўйсин! Тан берсин!..

Меҳмонали Самаднинг ортидан ичкарига кирди. Даҳлиз орқали меҳмонхонага ўтишди.

Остона ҳатлади-ю, Меҳмонали таққа тўхтади.

Не кўз билан кўрсинки, пойгакда Мўътабар ва Соли ота бош эгган кўйи тик туришарди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...