Президент мамлакатдаги норозиликлар ортидан истеъфога чиқди

0

Боливия президенти Эво Моралес истеъфога чиқишини эълон қилди. Унинг ортидан вице-президент Альваро Гарсиа Линера ҳам истеъфога чиққан.

“Биз ютқазган партиялар тарафдорлари уюштираётган зўравонлик ва тажовузни бошдан кечираётганимиз оғриқлидир. Шу ва бошқа сабабларга кўра мен истеъфога чиқмоқдаман ва бу ҳақидаги тегишли мактубни Боливия парламентига жўнатмоқдаман”, деб айтган Моралес матбуот анжуманда.

Моралес мамлакатда юз бераётган тартибсизликлар тезда тўхташига умид билдирган. У, шунингдек, мамлакатда зўравонлик авж олмаслиги туфайли истеъфога чиққанини маълум қилган.

У юзага келган вазиятни давлат тўнтаруви деб атаган. “Ака-ука, опа-сингиллар. Шуни айтмоқчиманки, бизнинг кураш тўхтамайди, биз тенглик ва тинчлик учун курашни давом эттирамиз. Ҳозир президент сифатидаги вазифам вазиятни тинчлантириш йўлини топишдан иборат”, деб қўшимча қилган у.

Моралес, шунингдек, мамлакатни тарк этмаслигини айтган. “Мен Боливияни тарк этмайман. Менинг қочишим учун асос йўқ”, деб таъкидлаб ўтган Моралес.

Аввалроқ мамлакат қуролли кучлари мамлакатда барқарорликни таъминлаш учун Моралесни лавозимини тарк этишга чақирган.

Куба Моралесни қўллаб-қувватлаб, унинг кетишини давлат тўнтаруви деб атаган. Мамлакат конституциясига кўра, президент ўз лавозимидан кетгач унинг мажбуриятлари дастлаб вице-президентга, сўнгра сенат спикерига, ундан кейин депутатлар палатаси спикерига ўтади. Бироқ уларнинг барчаси мамлакатни бошқаришдан бош тортишган.

Боливия сенатининг иккинчи вице-спикери, мухолифат вакили Жанин Аньес олий ҳокимият мамлакат раҳбарияти истеъфосидан кейин унга ўтишини эълон қилган.

Pagina 7 нашрининг ёзишича, Моралеснинг самолёти Аргентина бўйлаб парвоз режасини сўраган. Таъкидланишича, Моралеснинг укаси Эль-Альто аэропортидан учиб кетган.

 

kun.uz

loading...