ЎЛИМДАН КЕЙИНГИ ҲАЁТ… (4-қисм. Мистика)

0

 

 

* * *

 

Хайрият, улар менга яна меҳр кўрсатишди. Бобом ва фариштам жинларга қачонлардир Германиядан Россияга хайрия ёрдами жўнатганимни, бировларга меҳр кўрсата олишимни исботлашди. Бундан ташқари, холам билан боғлиқ пальто воқеасини ҳам эслатиб ўтишди.

Ҳа, бу жуда қизиқ кечганди. Холам партия аъзоси эди. Анча йиллардан бери айнан мендек партияни ёмон кўрадиган жияни билан гаплашишни истамагани туфайли бизникига келмай қўйганди. Албатта, ойим уникига тез-тез бориб турар, оғирини енгил қилишга уринарди. Ниҳоят мен чет элга кўчиб кетадиган бўлиб қолдим. Холам буни эшитиб Пулково аэропортига етиб келди. Мақсади аниқ эди. Мени бу қилаётган ишим учун қарғаш, шу йўл билан аламидан чиқиш. У мени кузатишга чиққанлар олдига туриб олди-да, онамдан ўзига қўшилиб қарғашини талаб қила бошлади. Холам шу қадар қаттиқ бақириб қарғадики, юраги хуруж қилиб қолди. Тезда врачлар етиб келиб қон босимини ўлчашга тушишди. Укол қилишди. У орадан бироз ўтгач, ўзига келди-ю, ўрнидан туриб кетишга чоғланди. Мен шоша-пиша унинг драпдан тикилган пальтосини қўлимга олиб кийдириб қўймоқчи бўлдим. Аммо… Негадир холамга раҳмим келди. Пальтоси анчагина эскириб кетганди. Нима қилсам бўлади? Холам шу эски пальтода уйига кетадими энди?.. Эгнимдаги манави шубамни кийдириб юборсам-чи? Кўнармикан? Вақт оз қолаяпти…

— Холажон, мени кечиринг! — дедим охири ўзимда куч топиб. — Мен ҳаммасини тушуниб етдим. Албатта ўзгараман. Сиз хоҳлагандек одам бўламан. Мен ҳеч қаерга кетмайман. Келинг, манави шубани кийиб олинг! Биз Георгий билан чиптани топшириб келайлик, сиз онам билан бирга уйга кетаверинг! Келганимдан сўнг пальтоларимизни алмаштириб олаверамиз. Агар истасангиз, албатта…

Ҳайратда қолган холам бирдан юмшаб, менинг шубамни эгнига илди. Шундан сўнг онам уни таксига ўтқазиб уйга олиб кетди. Биз бўлсак, Георгий билан божхона кўригидан ўтишга ошиқдик. Ҳа, мен холамни алдагандим. Лекин бошқа иложим ҳам йўқ эди… Эҳ, Вена аэропортида эски пальтода кўрган журналистлар, бошқа шахсларнинг ҳайрон бўлганликларини бир кўрсангиз эди… Йўқ, мен афсусланмадим. Негаки, ҳамон холажоним менинг шубамда совуқ емасдан кўчаларда бемалол сайр қила олади.

Фариштам кутилмаганда қаердандир холамнинг ўша эски пальтосини топди-да, бошимга ёпиб хайрсизлик салтанатидан мени олиб чиқиб кетди. Чиққанимиздан сўнг, албатта, пальто ўз-ўзидан ғойиб бўлди.

— Наҳотки, ҳаммаси тугаган бўлса? — сўрадим мен жинлардан узоқлашиб кетганимиздан сўнг бобомга умидвор тикилиб. — Бобожон! Фариштам! Айтинглар, ҳаммаси тугадими?

Улар мени тинчлантирган бўлишди. Аммо мен билан негадир гаплашиб ўтиришни исташмади.

Салтанат кезишларимиз давомида бобом қариб кетди. Энди у эллик-эллик беш ёшлар оралиғидаги қария кўринишига кириб қолганди. Ҳатто, ажойиб, келишган ва навқирон фариштамнинг ҳам юзларида чарчоқ аломатлари сезилиб турарди. Мен ҳаммасини фикрлаб, мулоҳаза қилиб кўришим лозим эди. Афсуски, бунга ўзимда куч топа олмасдим.

 

УЧИНЧИ БОБ

 

Биз анча жойгача жимгина учиб бордик. Кейинчалик бизни ўраб турган саҳро бирдан ўзгача тусга кира бошлади. Аввалига осмонни олтинранг туман қоплади. Бобом ва фариштамнинг рангсизланган кийимлари аста-секин оппоқ тусга кирди. Юз тузилишлари ҳам ўзгарди. Бобом ёшарди, фариштам юзларидаги чарчоқ белгилари йўқолиб, яна илгариги навқиронлигига қайтди. Олдинда қандайдир улкан ва ёрқин тепалик кўринди. У бир қараганда тоғни, бир қарасанг, булутни ҳам эслатиб юборарди.

— Худойимнинг салтанати яқинлашмоқда! — тантанавор оҳангда деди фариштам

— Худога шукр! — мамнун оҳ тортди бобом.

Бобомнинг бу сўзларига улкан салтанат акс садо берди.

— «Худога шукр!.. Худога шукр!..

Сўнгра олдинда булутлар орасидан кўплаб олтинранг булутлар ажралиб чиқиб, ҳар бири заррин қуёш нурларига айланиб бутун теваракни ёритиб юборди. Бу гўзаллик шу қадар ажойиб ва сеҳрли эдики, кўзларинг чақнамасдан иложинг йўқ.

— Худойим, қандай гўзал! — қичқириб юбордим мен…

— Ҳа, бу Худойимнинг ҳусни! — деди бобом. — Угина дунёни қутқаради!.. — Хайрият, биз етиб келдик. Уйга қайтиш қандай яхши-я!..

— Ҳа, яхши, — бош ирғади фариштам. — Худойимга ҳамду санолар бўлсин!..

Бобом ва фариштам тиз чўкиб ибодат қила бошлашди. Мен бўлсам, уйга қайтиш деган тушунчанинг ўзимга тааллуқли жойи йўқлигини ҳис этганим сабабми, уларнинг ёнида жимгина турар, атрофни томоша қилишга тушиб кетгандим. Бу орада булут тарқаб, олдимизда олтин каби сап-сариқ йўл пайдо бўлди. Олинранг қум устида оёқ яланг туриш ёқимли эди. Қум товонларимга бироз ботиши худди касалликдан даволаш учун ишлатиладиган таббий электр токини эслатарди.

Сап-сариқ қумлардан тузилган йўл ям-яшил дарахтзор томон олиб борарди. Йўқ, бу ўрмон эмас, истироҳат боғи эди. Мен бундай манзарани фақат эрталардагина ўқиганман. Шунинг учун бўлса керак у ёққа худди водийликлкар тоққа талпинганларидек жуда-жуда боргим келар, бироқ бобом ва фариштамнинг ибодат қилиб бўлишларини кутишим лозим эди.

Ниҳоят улар ибодат қилишдан тўхтаб ўринларидан қўзғалишди.

— Кетадиган вақтимиз бўлди! — деди фариштам.

Мен сабсизли билан сўрадим:

— Қаерга борамиз?

— Худойимга таъзим қилишга.

— Худойим шу ёқда яшайдими? — боғ томонга ишора қилиб сўрадим.

— Жудаям аҳмоқсан. — мени уришиб берди фариштам. — У ҳамма жойда мавжуд. Қулликдан озод бўлган ҳар бир руҳ унинг ҳузурига бориши шарт. Худойим уларни кўргач, ўз қарорини чиқаради. Хўш, тайёрмисан?

— Албатта!

Биз олтинранг йўл бўйлаб кета бошладик. Бу йўлдан юриш жуда осон ва ёқимли эди. Мен ўсимликлар ҳамда ранг-баранг гуллар ифорига тўла ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олар, бениҳоя шод эдим. Биз кўз очиб юмгунча боғнинг илк дарахтларидан бири рўпарасига етиб олдик. Мен тирилигимда ҳеч қачон бундай дарахтларни учратмаганман. Қадлари тик, баргларининг ёрқинлиги кўзни қамаштиради. Олдинма-кетин катта қайин дарахтини ай ланиб ўтдик. Йўқ, Ердаги қайинлар бунинг қаршисида ўта ожиз ва кўримсиз ҳолга келиб қолиши аниқ. Буларнинг гўзаллигини сўз билан таърифлаб бўлмайди.

Бир маҳал юқоридан кафтимнинг ярмича келадиган барг учиб тушиб қўлимга ёпишди. Баргнинг икки тарафи ҳам юпқа олмос кукунларига кўмилган. Мен баргни ҳидлаб кўрдим. Ажойиб ҳид! Хушбўй ва маст қилгудек!..

— Ҳа, ҳақиқий қайин ҳиди худди шундай бўлиши керак! — деди бобом менинг ҳайратимни пайқаб.

— Бобожон, — сўрадим ундан. — нега Ердаги қайинлар шундай ифордан маҳрум?

— Одамларнинг сонсиз гуноҳлари туфайли шундай кўйга тушишган.

— Қ-қанақасига?

— Жудаям оддий. Барча ёвузликлар одам орқали ерга ўтиб дарахтларни гўзалликдан, мана шундай файздан маҳрум этган.

— Балки радиация туфайлидир?

— Шундай десаям бўлади.

Мен қайин баргини кафтимга олиб пуфладим. У қайтадан дарахт шохлари орасидан жой олди.

Биз олдинга интилдик ва тез орада бояги дарахтларга лиқ тўла боғ ичкарисига кириб бордик. Бу дарахтларнинг биронтаси на касалланган, на бирор новдаси синган. Барчалари ям-яшил, навқирон ва гўзал. Ўзларидан димоғни қитиқлаб, кўнгилга ҳузур бағишловчи исларни таратишмоқда. Баъзилари гуллай бошлаган, айримлари эса мевага лиқ тўлган

Биз юриб бораётган йўл аста-секин кенг аллеяга айланди. Сўнгра дарахтлар орасидаги заррин нурлар кўпайгандан кўпайиб, яна бошқа йўл ва сўқмоқларга кўзим тушди. Бу йўл, сўқмоқлар бўйлаб ўзим каби одамлар фаришталари ҳамроҳлигида фақат олдинга талпинишарди. Узоқдан дарахт ўтқазаётган одамларга кўзим тушди.

Биз текис йўнилган оқ кўприк ўтган анҳорга етиб бордик. Менга бу кўприк фил суягидан ясалгандек туюлди. Мен тўхтаб кўприк тутқичига суянган кўйи пастга қарадим. Жимгина оқаётган сувда оқ, пушти ва мовий ранг гуллар оқар, улар орасида… Йўқ, олтин

Эмас, оддий олтинранг балиқлар сузиб юришар, ҳар бир балиқ қимматбаҳо тошларни эслатиб юборарди. Ўзимга қолса, бу ерда узоқ вақт қолиб кетишим мумкин эди. Аммо фариштам елкамдан туртиб, йўлда давом этишга ундади.

Юра-юра, рим фонтанларига ўхшаш пушти марвариддан бунёд этилган фаввараларга яқинлашдик. Уларнинг ён-атрофига ёғоч ўриндиқлар ўрнатилган. Албатта, ўткинчилар ўтириб истироҳат қилишлари учун бўлса керак. Фавворанинг юқоридан турли ҳолатга кириб пастга оқиб тушаётган зилол сувларига тўйиб боққим келарди-ю, афсуски тўхташга рухсат беришмади.

— Мана сизга ҳақиқий жаннат! — дедим йўл-йўлакай бобомга ҳайратимни яшира олмай.

— Йўқ, болажоним, — жавоб қилди бобом. — бу жаннат эмас. Жаннатнинг энг кўримсиз ҳудудларидан бири холос. Жаннат ҳали жуда олисда. Унгача етиб бориш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

— Ундай бўлса, менга бошқача жаннатнинг кераги йўқ. Мана шунисиям бўлаверади! — дедим қайсарлик билан.

Бобом ва фариштам ҳайрон бўлиб бараварига менга юзланишди.

— Нима, яна нотўғри гапириб қўйдимми? — сўрадим юрагим ғашланиб.

— Шундай десаям бўлади. — жавоб қилди бобом. — Бу сенинг қўлингда эмас. Қаерда бўлишингни фақат Яратган ҳал этади. Бўлар-бўлмасга алжирайверишинг яхши эмас.

Ҳа, бобомга қарши гапириш бефойда эди. Индамай итоат билан уларга эргашдим…

 

* * *

 

Олдинда бундан-да гўзалроқ манзара намоён бўлди. Тувакларда ажойиб, кўзни қамаштирувчи ранг-баранг гулларки, баъзиларини тирик эканимда ўзим ҳам уйда ўстирганимни эсладим. Фақат уларнинг ердагидан фарқли жиҳатлари бор эди. Масалан, уларнинг баландлиги менинг бўйим билан баробар, гуллари нақ шампан виноси қуйиладиган идишдек келади. Гуллар орасидан гўёки пуштиранг ёғду тараларди.

Дарахтларда эса булбуллар бир-бирларига навбат бермай куйлашади. Гоҳо шундоқ ёнимдан капалаклар учиб ўтишарди. Мен азьаройи ҳайратланганимдан гулларга тикилиб туриб қолар, бобом ва фариштам нуқул қўлимдан тортиб олдинга ундашарди.

Йўл ўнгга бурилиб, янада кенгайди. Биз бошқаларга етиб олдик. Уларнинг фаришталари ҳам меникига ўхшаб ўрта бўйли, юз тузилишлари турлича бўлса-да, барчаларининг нигоҳларидан нур ёғиларди. Кўпчилик одамларни фаришталари худди боласини боғчага олиб кетаётгандек қўлларидан тутиб боришарди. Баъзилари уч киши бўлиб қадам ташлашар, айрим одамларни бутун бошли гуруҳ кузатиб борар, уларнинг ҳам таналари бобомники каби нурга тўлиқ эдики, руҳоний эканликларини илғаб олиш қийин эмасди.

Одамлар орасида қариялар, болалар, ўрта яшарлар мавжуд эди. ЮЗ-кўзларидан турли халқ вакилларига оидликлари кўриниб турарди. Лекин жуссалари гўё фототасмадан қирқиб олинган қуруқ суратни ёдга соларди. Уларга разм солиб туриб ўзимни кўздан кечирдим. Йўқ, менинг ҳам улардан афзал жиҳатим йўқ экан. Аксинча, мен кулранг, кир-чир чинни идишга ўхшаб кетарканман. Эгнимда ҳамон касалхона чойшаби ва тумордан бўлак ҳеч вақо йўқ. Тўғри, кийим бу ерларда асосий рол ўйнамайди. Масалан, баъзилар яланғоч кетиб боришаяпти. Шунга қарамай, ҳеч ким уларга эътибор бераётгани йўқ…

— Бобо! — дедим секин. — Нега руҳлар турлича? Баъзилари кўпроқ, айримлари камроқ нур таратишаяпти-я?

— Ахир, одамлар ҳар хил! — тушунтирган бўлди бобом. — Масалан, бизда жудаям кўримсиз руҳ… — бобом шу гапни айтиб беихтиёр кулиб юборди…

Қаранг, бобомнинг кулганини шу пайтгача кўрмагандим. Худди ичида бир неча юзлаб чироқлар ёқилиб кетгандек атроф ёришиб кетди… Юзларига яхшиси қарамаган маъқул. Ёғдудан кўз қамашиб кўр бўлиб қолиш ҳеч гап эмасди.

Бобомнинг ҳазилидан руҳланиб кетдимми, ўзим ҳам ҳазиллашгим келди.

— Бобо, уйдан чиқишдан аввал юзингизга парда тортиб олсангиз бўларкан! — дедим кулиб. — Сизга тикилган одам кўр бўлиб қолиши мумкин.

Шу ондаёқ фариштам бўйним аралаш мушт тушириб қолса бўладими…

Кучли оғриқдан қум устига ўтириб қолдим ва йиғламсираб бобом икковларига савол назари билан боқдим.

Фариштам норози бош чайқаб ёнимга ўтирди.

— Кечир мени! — деди у. — Мен ўзимни тутиб тура олмадим. Бу муштни аслида тирик эканингда, номақбул қишларни қилиб юрган кезларингда туширишим лозим эди. Унда сенга раҳм қилибман мен аҳмоқ. Шунинг учун ҳам шу кунни қирқ йил кутдим. Мана, ниҳоят ниятимга эришдим. Сени калтакладим. Қани, қўлингни бер, ўрнингдан турақол!..

Мен кулимсираб секин фариштамга қўлимни узатдим. Бобом айтган гапларимдан мамнун эканми, фариштамнинг бағридан тортиб олиб маҳкам қучоқлади.

Фариштам эса сўзлашда давом этди:

— Фикр доиранг торлиги, Анна, ўзингни ҳалок этади! Ахир, бобонгнинг миясида шундай ёғдулар борки, биз фаришталар ҳам унга ҳавас қиламиз! Уларни биз илоҳий дея ҳисоблаймиз. Сен бўлсанг, ҳазиллашиб ўтирибсан.

— Ҳазиллашсам нимаси ёмон?

— Худодан қўрқиш керак! Бу номуссизликдан ҳам ёмон!

— Агар ўзларинг айтганларингдек, Худо раҳмдил бўлса, ундан қўрқишнинг нима зарурати бор?

— Барибир қўрқиш лозим. Севишни билган қўрқишниям билиши шарт. Худойим раҳмдил, лекин шу билан бирга адолатли йўл тутади. Дунё бир симфония. Уни Худо яратган. Бир марта шу куйни чаласан-у, умринг тугаганини билмай қоласан. Агар нотўғри чалсанг, куйласанг, тамом, Худонинг марҳаматидан маҳрум бўласан.

Мен жим туриб фариштамнинг сўзларини тинглар, баъзан мен томон боқиб кулиб қўйишларини кўриб юрагим ғаш тортарди.

— «Ҳа, фариштам менинг устимдан кулаяпти чоғи…

— Хавотир олма! — ичимдагини пайқагандек тинчлантира бошлади фариштам. — Мен сенинг устингдан кулаётганим йўқ. Биз фаришталар умуман кулмаймиз. Кулиш одамларга қўрқувдан ўзларини асрашлари учун ато этилган.

— Сиз қандай қилиб менинг хаёлларимни илғаб олаяпсиз? — сўрадим ундан.

— Кўпам аҳмоқлик қилаверма! — деди фариштам. — Хаёлингни илғашнинг сира ҳожати йўқ. Ҳаммаси юзларингга ёзиб қўйилган. Лекин беҳуда қўрқаяпсан. Агар Худога таъзим бажо қилишни истамаётган бўлсанг, Ерга қайтаверишинг мумкин. Шундай руҳлар борки, бу кунни минг йиллаб кутишади. Сизлар уларни арвоҳ деб атайсиз. Афсуски, улар ҳам сен каби аҳмоқлик қилиб қўйишган-у, Худо кейин буёқларга келишларига изн бермаган.

Эҳ, фариштам мени қўрқув эмас, бояги боғ, у ердаги гўзаллик ортга тортаётганини билсайди… Бир-бирларига навбат бермай куйлаётган булбуллар, алвон-алвон гуллар, ажойиб табиат… Нима қилай? Шартта ортга қайтайми? Худойимга таъзим бажо айлашдан бош тортайми? Йўқ! Бундай қилишга ҳаққим йўқ!..

Мен фариштам ва бобом қаторида қадамимни тезлатдим…

 

* * *

 

Яна бир бурилишдан сўнг қаршимизда шу қадар кенг йўл зоҳир бўлдики, фаришталар етаклаган одамлар кўплигидан четларини кўриб бўлмасди.

— Қара, Анна, — деди фариштам. — бу одамлар сен билан бир кунда оламдан ўтишган.

— Улар ҳам ортда қолган салтанатлардан эсон-омон ўтиб олишганми?

— Худога таъзим қилишга унинг борлигига ишонганларнинг барчаси боради. Салтанатларда ушланиб қолганлар эса кейинроқ боришади. Уларни илоҳлар ва руҳонийлар дуо қилиб олиб чиқишади.

— Демак, буларнинг орасида биронтаям Худога ишонмайдиганлари йўқ демоқчимисиз?

— Ҳа.

— Мен-чи?

— Сен Худога ишонмайдиганлардан эмасдинг. Фақат аҳмоқ эдинг, холос.

— Ҳа, мен ҳам ўрмонда ўсмаганман. Ҳатто, Библияни ўқиганман бир пайтлар!

Шунда бобом беихтиёр мени маҳкам қучиб ўзига яқинроқ тортди.

— Менга қулоқ сол! — деди бобом. — Ҳозир қалбингда содир бўлаётган турли тушунмовчиликлар Яратганнинг ҳузурига боришдан олдинги гуноҳкор руҳ билан бўладиган оддий ҳодиса холос. Бунинг сира ёмон жойи йўқ. Фақат миянгдан бўлмағур хаёлларни, қўрқувни чиқариб ташла. Олдинга боқ!

Мен бобом кўрсатган тарафга қарадим. Биз кетиб бораётган йўл улкан тоғга туташиб кетаркан. Тоғ ортини оппоқ булутлар қоплаган. Тоғ чўққисига кенг, оқ зинапоя орқали одамлар фаришталар ҳамроҳлигида чиқиб боришаяпти.

— Биз Яратганнинг ҳузурига кетаяпмиз, — давом этди бобом. — У сени борлигингча кўради. Қалбингга, хаёлларингга баҳосини беради. Ҳар бир яшаган кунингни мулоҳазадан ўтказиб, Қиёматгача бўлган тақдирингни белгилайди. Ҳушёр бўл ва қалбингга куч йиғ! Агар қўлингдан келса, ибодат қил! Биз фариштанг билан сени дуо қиламиз. Халал берма!

— Хўп, бобожон, ҳаракат қиламан!

 

* * *

 

Мен ҳақиқатан миямданортиқча хаёлларга жой бермасликка интилиб, билганимча Худойимга нола қилишга тутиндим:

— Яратган эгам! Менинг узримни қабул эт! Тавба қилдим! Мен… Очиғи, Сендан нега қўрқишим сабабини билмайман ва қўрқаётганим йўқ. Ўтинаман, менга мана шу ажойиб жаннатингдан жой бер! Ўзим билан ўзим ёлғиз қолишимга имкон бер!..

Ҳайрон қолдим. Биз тоққа яқин борганимизда унинг олислардан кўринган ажойиблиги буткул йўқолганди. Агар кенг зиналарни ҳисобга олмаса, тоғ қип-яланғоч, харсанг тошлардангина иборат эди. Тошлар орасида майда-майда гуллар бўй кўрсатиб турарди. Зиналар ҳам тошлардан ясалган бўлиб, одамлар унга яқин келишлари ҳамоно тиз чўкиб тошларни ўпа бошлашарди. Баъзилари шу кўйи зиналардан юқорига кўтарилишарди.

Бобом ва фариштам сариқ рангли катта харсанг тош рўпарасида тўхтаб тиз чўкишди. Менга ҳам шундай йўл тутишни буюришди.

— Бу Голгофа! — деди бобом.

Янада ҳайратим ошди. Ахир, Голгофа Иерусалимда жойлашган эди-ку!..

Мен индамай бу қайноқ тошни ўпдим. Шундан сўнг биз кенг зиналардан юқорига кўтарила бошладик…

 

* * *

 

Биз юқорилаганимиз сайин ҳаво исиб борар, нафас олиш жуда қийин кечарди. Тепадан эса қарасангиз кўзни қамаштириб юборгудек даражада ёрқин нур тараларди. Мен бу нурга қарай олмай, бошимни эгиб олишга мажбур бўлдим.

Бир амаллаб зинапоянинг илк майдончасигача етиб олдик. Биздан бўлак одамлар ҳам шу ерга етганда астойдил ёнбошлаб ҳордиқ чиқаришаётган эди.

— Чарчадингми, болам? — сўради бобом.

— Жудаям иссиқ, — дедим ҳамон бошимни кўтаришга қўрқиб. — анави нур кўз очишга қўймаяпти. Майлими, пича ўтириб дам олсам?

Бироз нафас ростлаганимдан сўнг ўрнимдан туриб юришга тайёр эканимни билдирдим. Аммо зинадан эндигина бир поғона юқорига кўтарилган эдимки, беихтиёр бошим айланиб тўхтаб қолдим.

— Буёғига юра олмайсанми? — хавотир аралаш сўради фариштам.

— Юра олмайдиганга ўхшайман. Ўзимни ёмон ҳис этаяпман.

Бобом мени дарров бағрига олиб бошимни оппоқ либосининг енги билан ёпди. Шундан сўнг бироз енгиллашгандек, йўлда давом этдим. Шу кўйи иккинчи майдончагача етиб олдик.

— Нима қилсаларинг қилаверинглар, мен ортиқ юра олмайман! — дедим мен юришдан тўхтаб. — Кучим қолмади.

— Биз дуо қилишдан бошқасини бажара олмаймиз. — деди фариштам.

Улар ёнимга туриб олишди-да, кўзларни қамаштирувчи оппоқ булутларга тикилиб олганча мени дуо қила кетишди. Лекин барибир енгил тортмадим. Бобом ва фариштам дуо қилишда давом этаверишди:

— Эй, Яратган эгам, адашган руҳингни ўзинг паноҳингга ол! Гуноҳларидан ўт!..

Уларга бошқа фаришталар ҳам жўр бўлишди. Мен дуолар остида учинчи майдончагача етдим. Қарангки, у ерда ҳам мен каби ўзини ёмон ҳис эта бошлаган руҳлар талайгина экан…

(давоми бор)

ЕЛЕНА ВОЗНЕСЕНСКАЯ

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

loading...