Халқаро «Ҳарбий-касбий тайёргарлик» олимпиадасига номзодлар саралаб олинди

0

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ўқув жараёнини таъминлаш базаси ва “Чирчиқ” умумқўшин дала-ўқув майдонида Қуролли Кучлар миқёсида «Ҳарбий-касбий тайёргарлик» олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо мамлакатлар олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида ўтказиладиган «Ҳарбий-касбий тайёргарлик» олимпиадасига саралаш босқичи ҳисобланган мазкур мусобақада Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти, Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ва Миллий Гвардия ҳарбий-техник институти курсантлари беш кун давомида ўзаро баҳслашди.

Курсантлар назарий билимлардан ташқари «Армия биатлони», «Машғулотда қийин бўлса, жангда осон бўлади», «Нишонни аниқ йўқ қилиш», «Мураккаб тўсиқлар йўлагидан ўтиш», «Белгиланган ҳудудни харита орқали топиш», «НАТО йўлагида эстафета» каби 12 йўналишда ўз билим ва кўникмаларини намойиш этишди. Юқорида санаб ўтилган мусобақанинг ҳар бир йўналишдаги топшириқларни жамоаларнинг олти нафардан қатнашчиси аниқлик ва матонат билан бажаришга ҳаракат қилишди.

«Ҳарбий-касбий тайёргарлик» олимпиадасида юртимиз шарафини ҳимоя этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун беллашувлар муросасиз курашларга бой бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, бу борада Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ва Қуролли Кучлар академияси курсантлари кўрсатган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтиш ўринли. Бу икки жамоа ҳар бир ўтказилган мусобақадан сўнг навбати билан биринчи ҳамда иккинчи ўринларни банд этиб туришди. Баҳслар давомида олинган кичик жароҳатлар ҳам курсантларнинг ғолиблик учун бўлган иштиёқини сўндирмади.

«Ҳарбий-касбий тайёргарлик» олимпиадасининг республика босқичида курсантлар «НАТО йўлагида эстафета» баҳсларини “Чирчиқ” умумқўшин дала-ўқув машғулотлари майдонининг халқаро талабларга жавоб бера оладиган, янги қуриб фойдаланишга топширилган майдончасида ўтказишди.

Якуний натижаларга кўра, «Ҳарбий-касбий тайёргарлик» олимпиадасининг республика босқичида 1-ўринга Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоаси сазовор бўлиб, келаси йил ўтказиладиган VI халқаро олимпиадага йўлланмани қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо мамлакатлар олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари иштирокидаги VI халқаро олимпиадасига 2020 йил 17-23 май кунлари Ўзбекистон мезбонлик қилади.

 

 

loading...