Чўчқа ва қўй гибридидан яратилган қўй гўшти Ўзбекистонга келди деган хабарлар ростми?

0

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқдаги бир гуруҳда танишим бир видеони ташлаб мутахассис сифатида фикримни сўради. Қисқагина видеода қанақадир ярмаркага олиб чиқилган Белтекс қўй зоти кўрсатилган, видео ортида гапираётган киши эса “бу қанақа қўй бўлди, қўй билан чўчқани чатиштириб яратилганми” қабилида гап айтган.

Видеога эса “Диққат!!! Хитой чўчқа ва қўйнинг чатиштиришидан яратилган, гени ўзгартирилган қўй гўштини Марказий Осиё учун тайёрламоқда. Бундай гўштни ейиш хавфли, у одам генини бузади. Ушбу гўштлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон колбаса цехларига юборилмоқда” деган изоҳ бириктирилган эди.

Биз биладиган қўйлар фанда хонаки қўй деб аталиб, унинг илмий номи Ovis aries. Ушбу қўй тури ёввойи қўйлар – муфлонлардан келиб чиққан. Ҳозирги кунда дунёда қўйларнинг 1000 дан ортиқ зоти мавжуд. Қўйлар гўшт, сут, жун, тивит, пўстинбоп каби йўналишларда етиштирилади. Яхшироқ тушунишингиз учун мисоллар келтираман. Мана Ўзбекистонда ҳисори қўйлар жуда машҳур, улар айнан гўшт йўналишидаги қўйлар ҳисобланади. Ҳар битта ҳисори қўй 80-100 кг гўшт беради, думбасининг оғирлиги 25 кг гача боради. Машҳур қоракўл қўйлари эса айнан майин тивит жунли тери учун етиштирилади. Ушбу қўй терисидан тикилган телпак ва бошқа кийимларнинг нақадар қимматлигини билсангиз керак.

Белтекс ҳам худди мана шундай оддий қўй зоти. У 1989 йилда Буюк Британияда яратилган. Белгия текстил қўй зотидан яратилгани учун ушбу сўзларнинг биринчи бўғинларини ўзаро қўшиб “белтекс” деб ном беришган. Белтекс айнан гўшт йўналишидаги қўй зоти ҳисобланади. У Британияда маҳаллий қўй зотлари билан чатиштириш натижасида яратилган. Бу қўйнинг чўчқага ҳеч қандай алоқаси йўқ, худди шундай Хитойга ҳам.

Шу ўринда биолог мутахассис сифатида бир нарсага изоҳ бериб кетмоқчиман. Бирор бир ҳайвон тури билан иккинчи бир бошқа ҳайвон турини чатиштириб оралиқ дурагай тур олинмайди. Бу фан учун ҳам ниҳоятда қийин ва олинган тақдирда ҳам у насл бермайди. Генетиканинг фундаментал қонунлари бунга йўл бермайди. Шу боис турли ҳайвонларни чатиштириб олинган организм деганга ўхшаган хабарларга дуч келсангиз, билинг-ки бу юқори эҳтимоллик билан ёлғон. Бундай хабарларга алданиб қолманг, маълумотларни текширинг ёки энг камида мутахассислар фикрини сўранг.

Sof.uz

loading...