КАЛЛАКЕСАР… (9-қисм)

0

 

 

ТУБ БУРИЛИШ

***

 

Меҳмонали ҳақиқатан жуда ноқулай аҳволда қолганди. На Мўътабар, на Соли отага сўз қота олар, уларга ҳам ҳайрат, ҳам нафрат аралаш боқиш билан чекланарди.

Бир кўнгли “Қичқир, дунёни бузгудек жуда баланд овозда қичқир! Ўлдир, ноинсофлар, нонкўрлар, ҳаромиларнинг бошини кес!”, дея ҳайқирарди. Бироқ бошқа бир кўнгли изн бермасди. Бардошли бўлишга ундарди. Хотиржам тортишга чақирарди.

— Ҳайрон бўлдинг-а, братишка, — деди орадаги бирпаслик сукутни бузиб Самад. — Буларни нега опкелишдийкин, нима муддаоси бор экан деб бош қотира бошладинг. Тушунаман, сени, яхши тушунаман. Тўғри, очиғи бошида сени кўрганимда, ўлдириб, жасадингни итларга ташлашни хоҳлагандим. Айниқса, тўппончани анави Мўташнинг бошига тираб турганингни кўриб, сени кўришга кўзим қолмаганди. Биласанми нега? Чунки мен ҳеч қачон аёл кишига қурол тугул, қўл ҳам кўтармайман. Буни ҳезалакча иш деб қабул қиламан. Ана шунинг учунам сен паймонамни тўлдирдинг. Аммо кейинроқ ғамгин ҳикоянгни тинглаб, башарангга яхшилаб назар солиб, сенминан озми-кўпми гаплашиб, фикримни ўзгартирдим. Сен яхши йигитга ўхшадинг. Бунга ишонаман. Сабаби, қалбим ҳеч қачон мени алдамайди. Нима дейсан?..

Меҳмонали аввалига не деб жавоб қайтаришни билмай ҳалак бўлди. Самадга худди илгаригидек сира ишонгиси кела қолмади. Бу гаплари, тутган ишлари кўзбўямачилик, ўлдиришдан олдин шунчаки чалғитиш деб хаёл қилди. Лекин кўп эшитган, киноларда кўрган. Зўравонлар, каллакесар, бандитлар бировни чалғитиб, беҳудага вақт кетказиб ўтирмайди. Ўлдириб қўя қолади. Самад эса бошқача йўл тутяпти. Шунча гапни гапирган, ҳамдардлик билдирган одам қотилликка қўл урмаса керак, ахир!?. Тағин… Худо билади. Умуман, нимани ўйлаяпти ўзи? Ўйлаб бу ўйларнинг охирига ета оладими? Йўқ. Ҳали ҳеч ким ўйининг охирига ета олмаган. У ҳам ета олмайди.

— Очиғи, ростдан ҳайрон бўлдим, — деди таваккал Меҳмонали. — Икковларини нега олиб келганингизни ҳалиям англаб етганим йўқ, ишонинг. Лекин биламанки, сиздай ақлли инсон бир нарсани ўйлаб қўйгандирки, уларни опкелтиргандир…

— Баракалла, братишка,— дея унга яқин келиб икки елкасига қўлларини қўйди Самад. — Адашмабсан. Мен ҳақиқатан ота-болани атайин опкелтирдим. Бошқачароқ айтганда, сендай мард, қўрқмас, жасур братишкага “сюрприз” қилай дедим. Ёқдими сюрпризим?

Меҳмонали яна бу саволга жўяли жавоб топа олмай хуноб бўлди. Шунинг учун елка қисиш билангина жавоб қайтаришга аҳд қилди.

— Хўш, қария, кайфият қалай, кайфият? — Самад Соли отага яқин бориб масхараомуз сўз ташлади. — Нимага титраяпсиз? Ё “похмел” безовта қиляптими? Пулингиз йўқми бош оғриқ қилишга?

Соли ота қўрқа-писа Самаднинг кўзларига бир марта боқди-ю, қайта ер чизиб норози бош қимирлатиш билан чекланди.

— Ана шунақа бўлади, — давом этди бир Мўътабарга, бир қарияга боқаркан Самад. — Тарбиясизлик охири шармандаликка опкелади. Сен тарбиясиз эдинг, бунинг касри манави фоҳиша қизингга урган. Ҳатто, ҳомиладорликдан сақланишниям билмайди бунинг! Сен бўлсанг, тирик гўдакни, бегуноҳ болани роддомдан ўғирлатиб чиқиб мана шу жирканч, ифлос қўлларингминан бўғиб ўлдирдинг. Хўш, бунинг ажрини ким тўлади? Меҳмонми? Кечагина қишлоқдан пул топаман деб шаҳарга келган бегуноҳ йигитми? Нега? Нима учун бўғиб ўлдиришга духинг етибди-ю, мурдани кўмишга келганда, виждончанг қийналиб қолдими? Э, сендақаларда виждон нима қилсин?

— Отамни ҳақорат қилманг, илтимос, — кутилмаганда Самаднинг сўзини кесди Мўътабар. — У киши… Шаҳардаги энг обрўли одамларнинг бири.

— Обрўли? Вей, тилинг чиқиб қоптими? Қачондан бери?

— Қўй, қизим, сен аралашма, — деди Соли ота бошини сарак-сарак қилиб. — Биз… Ўзимиз келишволамиз…

— Демак, гап бундай, — деди Самад Меҳмонали томон бир қараб қўйиб. — Сенларминан пачакилашиб ўтиришга вақтим йўқ. Қария, сен ҳозироқ Меҳмон ёзган тилхатни менинг қўлимга тутқаз! Қани тилхат?

Соли ота шоша-пиша қўйнига қўл солиб тилхатни чиқарди-да, Самадга узатди.

—Жуда яхши, — деди Самад тилхатни эринмай кўздан кечириш асносида. — Энди Меҳмоннинг оёғига йиқилиб тавба қиласанлар! Йўқ, олдин оёғини ўпиб, ана ундан кейин тавба қиласан. Қани, бошла, қария!

Соли ота бундай вазият юзага келишини кутмаган эканми, бирпас довдираб қолди. Бир Самадга, бир Меҳмоналига қараб жавдиради. Сўнгра Самаднинг жаҳдга қоришиқ қиёфасидан қўрқа-писа аста Меҳмоналининг қаршисига яқин борди-да, тиз чўкди.

Меҳмонали сезиб турарди. Қария ўзига етгунча қайсар, димоғдор ва қўрс одам. Аммо ҳозирги ҳолатда қўрслиги ўтмаслигини билади. Ҳойнаҳой, Самадни кўпдан бери танигани учун феълидан яхшигина хабардор бўлса керак, астойдил энгашди-да, Меҳмоналининг оёғини ўпиб, кетидан пойини кўзларига сурди.

— Кечиринг, болам мен гумроҳни, — деди қария беихтиёр йиғламсираб. — Аҳмоқлик қип қўйдим. Кечиринг!..

Самад Мўътабарни ҳам тиз чўкишга, узр сўрашга мажбур этди. Шундан кейин сўнгги гапини тилига кўчирди.

— Энди, қария қулоғингга қуйвол, — деди у ёнидагиларга кўз қисиб. — Меҳмонга зўрлик қилганинг, менинг боламни ўлдириб, кўмдирганинг, қизингни фоҳишага айлантирганинг учун бадал тўлайсан. Агар тўламасанг, ўласан!

Соли ота бадал сўзини эшитгандаёқ адо бўлаёзганди. Буни тиззаларидаги титроқ кучайиши, бошини ўзи билмаган ҳолда чайқай бошлаганидан илғаб олса бўларди.

— М-мен… Қ-қанча?.. — аранг ўзини тутиб Самаднинг кўзларига боқди қария. — Ҳалиги…

— Юз минг кўкида опкеласан. Сенга эртага кечқурунгача муҳлат. Агар соат кечки саккизда пуллар қўлимга тегмаса, тамомсан! Сениям, қизингниям асфалософинга жўнаттираман! Энди сурларинг мени уйимдан! Эртанинг ҳаракатини қил! Айтганча, Мўташ, сен қоласан! Сенга алоҳида иш бор!

 

***

 

Соли отанинг қандай ноинсоф, тошбағир, енгил табиатлилиги шу ерда ҳам яна бир карра ошкор бўлди. Агар бошқа ота бўлса, ўзи ўлиб кетса-да, қизини бегона эркакнинг ихтиёрига ташлаб кетмасди. Айниқса, уни олиб қолган одам қанчалар зўравон, шафқатсиз ва диёнатсизлигини билиб туриб бундай шармандаликка йўл бермасди. Афсуски, қария қутулганига шукр қилди. Қизи тарафга бир марта бўлсин қараб ҳам қўймади. Худди юмшоқ супурги каби майинлашганча пилдираб чиқиб кетди.

Шу тобда Меҳмоналининг боши тобора ғувиллаб, асаблари қақшагандан қақшаб борар, нималар бўлаётганини сира идрок этиб улгурмасди. Гўё чалкашликлардангина иборат, аммо ёқимсиз бир туш кўряпти-ю, қанча чиранмасин, уйғона олмаяпти. Тушга барҳам бериб қўя билмаяпти.

— Мўташ, — унинг хаёлини бўлиб бир бурчакда қўл қовуштирганча тек турган Мўътабарга юзланди Самад. — Сен, бор, даҳлизга кириб тур! Ўша ерда бизни кут!

— Хўп бўлади! — Мўътабар бир туки сесканмай, ер остидан Меҳмоналига совуқ қараб олди-ю, айтилган хона томон йўл олди.

— Меҳмон, братишка, — деди Самад Меҳмоналининг елкасига қўл ташлаб. — Юр, гаплашиб олишимиз керак!

Меҳмоналининг бу зўравонга бериши керак бўлган саволлари кўп эди. Аммо тилини тийди. Бундай вазиятда савол ташлаш ноўринлигини англаб етди. Саволларни гаплашиш асносида беришга аҳд қилди.

Самад ҳайдовчига кетиш учун рухсат берди. Ёнида фақат Муҳсинни олиб қолди холос. Икковлари унга эргашиб ҳовлининг бошқа бир четидаги хонага киришди. Бу хона жиҳозлардан холи экан. Тўрга ярқираган атлас кўрпача тўшаб қўйилибди. Кўрпачага биринчи бўлиб Самад ўтирди ва икковларини ўтиришга чорлади.

Меҳмонали ҳануз Самаддан нигоҳини узмасди. Унинг қовоқлари уйилганча, сира очилишидан дарак йўқдек эди. Қур-қур жаҳл билан бармоқларини қисирлатиб олар, нимадандир безовта экани, қаттиқ асабийлашаётгани кўз қарашларидан шундоқ кўриниб турарди.

— Братишка, — ниҳоят бошини кўтариб Меҳмоналига юзланди Самад қаршисидаги Муҳсинга маъноли қараб қўйиб. — Ҳаммасини тушунаман. Хаёлингдан шу тобда нималар кечаётганини ҳам билиб турибман. Имкон топсанг, мениям бўғизлаб ташлагинг келяпти. Бунга ҳаққинг бор. Ахир, сен алдандинг, ғуруринг поймол бўлди. Буям етмагандай, кўз олдингда хотинчангга эга чиқяпман. Тушунаман… Тушунаман…

— У энди хотиним эмас, — деди Меҳмонали асабий лаб тишлаб. — Фоҳишалигини ўз кўзим билан кўрганимдаёқ талоқ қилганман уни!

— Бу тўғри қарор, — деди Самад яна бир карра Муҳсинга маъноли кўз ташлаб олгач. — Сенинг ўрнингда бошқаси бўлсаям шундай йўл тутарди. Майли, бўлар иш бўлиб ўтди. Энди буёғига маҳкам бўл, укам, жудаям маҳкам бўл! Ҳаёт шунақанги бешафқат! Айниқса, сен билан бизга ўхшаганларга ҳар қадамда зуғум ўтказишга ҳаракат қилади. Биз эса бўш келмаслигимиз керак. Душманларимизни ер билан яксон қилаверишимиз зарур. Ана шунда ғалаба бизники бўлади. Нима дейсан?

— Ҳақсиз, — Меҳмонали сўнгги лаҳзаларда азбаройи асабийлаша бошлаганидан аранг ўзини идора этиб турарди. Уни Самаднинг асл нияти хавотирга, шубҳага солар, тезроқ мақсадга кўчишини хоҳлаётганди.

“Эй Яратган эгам, — хитоб қиларди қалбан. — Сен адолатлисан! Сенинг адолатинг қаршисида мендек бандаларинг жон фидо этса арзийди. Ўзинг сақлагувчисан! Ўзинг алқагувчисан! Хатога йўл қўйсам, ўзинг жазолагувчисан! Ёмонларга, кўнгли қора, иккиюзламачилар, фирибгарлар, шафқат нелигини билмаган нодонларга ўзинг тавфиқ бер!..”

Руҳан эзилиб бораётган бўлса-да, Меҳмонали тез фурсатда ўзини қўлга ола билди.

Оллоҳни чин кўнгилдан ёдга олди дегунча, кўнгли ёришиб кетгандек, қалбида баҳор яшнай бошлагандек, вужудини илиқ бир туйғу қамраб олгандек енгил тортди.

— Сиз ҳақсиз, — деди яна бир бор Самадга тик боқиб. — Душман таъқибида қолишдан, хасисга қарздор бўлишдан, номардга муҳтожликдан худонинг ўзи асрасин!..

— Баракалла, — Самад бу гаплардан кейин даст ўрнидан турди. Унга жавобан Меҳмонали, Муҳсин ҳам тик оёққа туришди.

Самад аста Меҳмоналига яқинлашди-да, елкасига қўл ташлади.

— Сени кучли, жасур десам, жуда ақлли ҳам экансан. Бу феълинг менга маъқул. Энди гапни чўзмайлик-да, мақсадга ўтайлик. Меҳмонали, жасурлигинг, қўрқмаслигинг, тўғрисўзлигинг бир тараф, Мўташ-у Соли қария бир тараф. Ишон, агар исловотхонага кириб мен билан очиқчасига олишишга аҳд қилмаганингда, кўзларимга тик қараб ниятингни ошкор этмаганингда, манавинақанги ишлар, гап-сўзлар бўлмасди. Сени ҳар қанақасига тинчитиш қўлимдан келарди. Бироқ сендаги шиддатни кўриб, ўзим каби қийналганингни эшитиб фикримни ўзгартиришга мажбур бўлдим. Энди эса гапимни эшит. Шаҳарда Қўйсинбой деган обрўли, пулдор бир бойвачча бор. Жуда шинаванда, кўнгли тоза, дангалчи одам. Уям менга улуш бериб туради. Эвазига мен уни ментлардан, солиқчилардан, прокуратура ходимларидан ҳимоя қилиб тураман. Мақтанишмас, жудаям бой, аммо мендан ўлгудай қўрқади. Шу одамнинг Жаҳонгир деган ёлғиз ўзбошимча ўғли Россияда наркотикка аралашиб қопти. Буям етмагандай, қўлга олиш жараёнида мелисани ўлдириб қўйибди. Отаси ялиниб худонинг зорини қиляпти. Агар ким ўғлининг айбини бўйнига олиб турмада ўтириб берса, оғзига сиққан пулни бераркан. Нима дейсан? Сен бойваччанинг ҳожатини чиқара оласанми?

Меҳмонали суҳбатда бундай кескин бурилиш юзага келишини кутмаганди.

Не деб жавоб қайтаришни билмай гарангсиб қолди.

 

***

 

Меҳмоналининг ўй-хаёллари тамоман чалкашиб кетди. Қай бири ҳақиқатга яқин, қай бири зиёнли эканини англай олмай ҳалак бўлди.

“Самад ғирт муштумзўр, ашаддий каллакесар, жиноятчи, инсоф-у диёнатни унутган, ҳис-туйғулардан мосуво бир кимса бўлса, — дея ўйларди у жавоб беришга шошилмай. — Аслида мен шу кимсани тинчитиш ниятида келдим. Ишлар эса бутунлай чаппасига кетди. Самад мени бир зарба билан синдирди-ю, ҳаммасини ўзгартириб юборди. Нима қилай? Қандай ишонай бу зўравонга? Шунақа дейман-у, ўша… Исловотхонадаги қўлга тушишимдан то ҳозирга қадар менга ёмонлик қилмади. Аксинча, нуқул менинг ёнимни ола бошлади. Ҳатто, қария, Мўътабарниям қаршимда тиз чўктирди. Нега? Қайси кўрсатган кароматим учун бундай қилди? Наҳотки, буларнинг ҳаммасини мана шу турмада ўтиришга розилик беришим учун қилган бўлса? Зўрлик билан, ёки шантаж қилиб ҳам кўндирса бўларди-ку! Худойим, менга тўғри йўл кўрсат! Қачонгача қоқинишда давом этаман? Қачонгача мени синайсан? Ота-онамнинг тайини бўлмади, тоғам уйдан маҳрум қилиб кўчага ҳайдади. Ҳаммасини кўриб, билиб, кузатиб турдинг. Шунда ҳам шукр қилдим ўзингга. Сен бўлсанг, бир итқитдинг-у, қаёқдаги зинокор, иймонсизлар қўлига топширдинг. Улар керагича устимдан кулишди. Ғуруримни, эркаклик шаънимни ўзлари истаганча топташди, оёқости қилишди. Шундан кейин ҳам раҳм қилмадинг. Мана, анави гўрсўхталар, ашаддий каллакесарларга рўбарў қилдинг. Бу мараз ўзим кўнгил қўйган аёлга ҳам кўз ўнгимда эгалик қилиб турди. Миқ эта олмадим. Нима қилай? Қачонгача сукут сақлайсан? Қалбимга бирор белги юборсанг-чи! Ўзинг кўрсатмагин, башарти ҳозир Самадга ташланиб қолсам, пичоқлабми, отибми ўлдирсам, нима қилардинг? Қандай йўл тутардинг, худойим? Биламан, сен мени иблис етагига кирганликда айблай бошлайсан. Демак, бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон бўлганидек, ҳар қанақасига айлантирмай, қай ёнбошимга ағдарилмай, барибир ҳаловат бермайсан. Хотиржамлигимни ўзимга қайтармайсан. Унда менинг олдимда биттагина йўл қолади. Самад айтган таклифга рози бўламан-у, ўзингга таваккал қиламан. Мабодо кун келиб ачинсанг, раҳмимни ерсан, бўлмаса, бундан-да баттар кунларга соларсан…”

— Розиман, — деди Меҳмонали ниҳоят бошини кўтариб. — Аммо ҳаммасини олдиндан билишим керак. Қанча тўлашидан тортиб, қанча муддатда турмадан чиқиб кетишимгача билишим шарт. Ўша одам ваъда бериши лозим. Бу… Ўзингиз тушунасиз… Ҳазилакам гапмас бу.

— Ҳақсан, Меҳмон ука, — деди Самад Меҳмоналининг кўзларига тик боқиб. — Ҳаммасини сен хоҳлагандай ҳал қиламиз. Розилик билдириб, жуда тўғри йўл тутдинг. Бир-икки сўмли бўп қоласан баҳонада. Қани, кетдик унда! Дам оламиз! Насиб бўлса, эртага эрталаб Қўйсин бойваччаникига борамиз…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

 

 

loading...