Колумбия врачлари ҳали тирик беморни ўлганга чиқаришди…

0

 

Колумбиянинг Барранкилья шаҳридаги шифохона врачлари 80 ёшли Канделарио Гутьеррес Эрнандес (Candelario Gutierrez Hernandez) ни текшириб кўриб яқинларига оламдан ўтганини етказишди. Шу билан бир вақтнинг ўзида қариянинг ўлими тўғрисида маълумотнома ҳам тайёрлаб улгуришди. Беморнинг жасадини эса махсус қопга жойлаб ўликхонага элтишди. Маҳаллий аҳоли одатига кўра, марҳум ёки марҳумани ўликхонадан гўрковлар олиб кетишаркан. Шифохонага етиб келган гўрковлар сира кутилмаганда қария тирик эканини айтиб қолишди. Қариянинг қизи жонҳолатда отасининг «жасади»га ташланди. Не кўз билан кўрсинки, отаси билинар-билинмас нафас олар, бармоқларини ҳам қимирлата бошлаганди. Асосийси, танаси ҳали иссиқ эди.

Канделарио Гутьеррес Эрнандес астмадан азоб чекарди. Тирик қолганига қарамай, аҳволи жуда оғир эди. Ўша куни кечқурун соат 18: 30 да ростакамига оламдан ўтди.

Марҳумнинг яқинлари врачларни қўпол хатоси учун судга бериш-бермаслиги ҳозирча номаълум.

loading...