Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 13 ноябр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

 

13 ноябр куни кучли босим остида, қатъий график бўйича иш юритишингизга тўғри келади. Вақтинча шахсий ҳаёт ва кўнгилочар машғулотларни бир четга суриб туринг. Спорт билан шуғуллансангиз, жисмоний зўриқиш меъёрида бўлишини таъминланг. Агар бел, оёқларингизда оғриқ сеза бошласангиз, айрим спорт машғулотларидан воз кечишингиз керак бўлади. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 20. 05)

 

Кузатувчанлик ва кучли ҳис-туйғулар нафақат шахсий ҳаётда, балки ишда ҳам жуда асқотади. Барча ишларингиз унумли кечади. Асосийси, энтузиазмни йўқотмасангиз бас. Оила қурмаганларнинг қай бири иллюзияга зўр берса, билсинки, муҳаббат бобида тузоққа илинади. Бу тузоқ сиз учун эмас. Эҳтиётингизни қилинг. Кечқурун молиявий аҳволингиз яхшиланади. Яъни, кимдир қўлингизга бир даста пул тутқазади.

 

ЭГИЗАКЛАР (21. 05 — 21. 06)

 

13 ноябрда ишхонадаги раҳбарлар берган вазифалардан бош тортиб юрманг. Раҳбарларингиз профессионаллигингизга қойил қолгани учун ҳам зиммангизга энг мураккаб вазифаларни юклайди. Уларнинг даромади ҳам ўзига яраша бўлади, ишонаверинг. Куннинг иккинчи ярмида яқин дўстларингиздан бири ҳақида хушхабар эшитасиз. Шу баҳонада дўстингиз билан қўнғироқлашасиз. Кечқурун айримлар олис хизмат сафарига жўнаб кетиши кутилмоқда.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 22. 07)

 

Олдиндан қанча режаларни тузиб қўйган чиқсангиз, афсуски, режаларингиз ортга сурилади. Бугун худонинг айтгани бўлади. Лекин молиявий муаммоларни бартараф этишда пухталанган режа жуда зарур бўлади. Ҳисоб-китобда арзимас хатоликка йўл қўйсангиз ҳам инқирозга юз тутасиз. Шунинг учун сергакликни қўлдан берманг. Кечқурун айрим дўстларимизнинг хонадонида чақалоқ йиғиси жаранглаши мумкин. Умри билан берган бўлсин! Ёлғизлар муҳаббатда бугун танаффусларни бошдан кечиради.

 

АРСЛОН (23. 07 — 23. 08)

 

13 ноябр куни арслон буржи остида таваллуд топганларнинг қаршисида омад эшиклари ланг очиқ бўлади. Мартабангизни юқори чўққиларгача кўтармоқчи бўлсангиз, ўша эшиклардан дадил ўта оласиз. Тадбиркорлар ҳам яқин шериклари билан кутилган келишувларга эришади. Даромад мўмай бўлиши тайин. Молиявий масалада ҳам хавотирланишга ўрин йўқ. Бу муаммолар кун давомида муваффақиятли бартараф этилади. Харидларда тежамкор бўлинг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 22. 09)

 

Бугун тақдир инъом этган ҳар бир эзгуликдан мамнун тортишингиз тавсия этилади. Тушгача етмай, киссангиз пулга тўлади. Тақдир осмонингизда кечга қадар қуёш нур сочади. Булутларга бу осмонда жой бўлмайди. Жуфти билан ажрашиб кетганлар, ҳали оила қуришга улгурмаганлар бугун ўз бахтини қидириш билан банд бўлишлари мумкин. Кайфиятингиз бузилса, иш билан чалғишга ҳаракат қилинг. Соғлиғингизни эҳтиёт қилинг.

 

ТАРОЗИ (23. 09 — 23. 10)

 

13 ноябрда ўзингизнинг жисмоний ҳолатингизга биринчи навбатда эътибор қаратинг. Саломатлигингиз сиз ўйлаганчалик баҳодирларча эмас. Оддий шамоллаш ҳам оёғингиздан олиши ҳеч гап эмас. Бу муаммо бўлмаслиги учун иммунитетни кўтаришингиз лозим. Иммунитетни эса витаминга бой мевалар, темир моддасига бой маҳсулотлар кўтаради. Спорт билан шуғулланинг. Ишхонада мукофотдан қуруқ қолмай десангиз, истеъдодингизни яна бир бор кенг намойиш этинг.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Куннинг биринчи ярмида юз фоиз ёқимли лаҳзаларни бошдан кечирасиз деб бўлмайди. Лекин куннинг иккинчи қисмида вазият кескин ўзгаради. Янги танишувлар, учрашувларни ҳам худди шу маҳал бошдан кечирасиз. Бир жойда узоқ туриб қолишдан сақланинг. Кўпроқ мулоқотда бўлинг. Дўстларингиздан бири кечки пайт ёқимли хабар етказиши кутилади. Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

13 ноябр куни атрофдагилардан беркинишни хаёлингизга ҳам келтирманг. Ким биландир гаплашгингиз келмаса, қолганлар айбдор эмас. Одамларга нисбатан очиқ кўнгил билан муносабат юритинг. Оила аъзоларингиз орасида нимадандир ранжиганлари бўлса, уларни ҳам фақат сиз тинчлантира оласиз. Керак бўлса, артистлик истеъдодингизни ишга солинг. Кимнидир хавотирлардан, қайғудан халос этишнинг ҳам савоби чексиз бўлади.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

Бугунги кунингиз ташвишлар, асабий лаҳзалар, тўс-тўполонли вазиятларга бой бўлиши мумкин. Рўзғор, уй икир-чикирлари, уй таъмири билан астойдил шуғулланинг. Жуфтингиз сиздан нимадир сабаб билан ранжиган кўринади. Агар бунинг асл сабабини топа олсангиз, муносабатларингиз яна қайноқ ҳолига қайтади иншооллоҳ. Олис сафар, хизмат сафарига боришдан воз кечинг. Ҳалокатга учрашингиз эҳтимоли бор. Омад сизга ёр бўлсин!

 

ҚОВҒА (20. 01 — 18. 02)

 

13 ноябрда яқинларингиз, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар қаршисида кайфиятингиз тушкунлигини сездирмаслигингиз талаб этилади. Жуда дўппи тор келса, буни куз ҳавосига йўйиб қўя қолинг. Шунда англашилмовчиликлар, ортиқча саволлар барҳам топади. Куннинг иккинчи ярмида жуфтингиз билан орангиздан қора мушук ўтиб кетиши кутилади. Овқатланиш режимига қатъий амал қилинг. Ошқозонингизни беҳуда қийнаманг.

 

БАЛИҚ (19. 02 — 20. 03)

 

Бугун балиқ буржи остида туғилганлар дўппини осмонга отаверсалар бўлади. Иш жойингизда эрта кундаёқ мукофот пули тарқатишади, маошингиз ошганини хабар қилишади. Ҳа, дўкон айланиш пайти етди. Сизни харидлар кутади. Аёллар эса гўзаллик салонига йўл олсинлар. Кечқурун хонадонингизга меҳмонлар қўлларида ажойиб совғалар билан ташриф буюришади. Мана буни ҳақиқий позитивлик деса бўлади.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

loading...