КАЛЛАКЕСАР… (10-қисм)

0

 

 

«БОЙВАЧЧА»

 

* * *

 

Ҳақиқатан, эртаси куни Самад Меҳмоналини машинасига ўтқазиб, айтилган манзилга олиб борди. Уларга фақат Муҳсин ҳамроҳлик қиладиган бўлди. Меҳмонали тушундики, Муҳсин деганлари жуда айёр ва ҳушёр йигит экан. Балки шунинг учун ҳам Самаднинг энг яқин шотирларидан бирига айланган. Самад Муҳсиннинг иштирокисиз ҳеч бир ишга қўл урмаскан.

Аммо ҳашаматли ҳовли рўпарасига етиб келишгач, Муҳсин машинада қоладиган бўлди.

Дарвоза қаршисида эса, бойвачча бўлса керак, ёнида тўрт чоғли барваста эркаклар билан қўл қовуштирганча турарди. Самад бойвачча ва ёнидагилар билан совуққина кўришди-да, ичкарига йўл олди. Меҳмонали ҳам Самад етагида ҳовлига кирди.

Умрида бундай уйни кўрмаганди.

Ҳашаматни кўриб тош қотди. Уй эгаси Қўйсин бойваччанинг эса жуда димоғдор, қўрс, совуққон ва баджаҳллиги шундоқ юзидан сезилиб турарди.

Меҳмонларни пилдираганча меҳмонхонага бошлаб кирди-да, безатилган узун стол қаршисига ўтиришни сўради

— Укажоним, хуш кепсиз, — деди юзларга фотиҳа тортилгач, Самадга мулойим оҳангда. — Бир оғиз қўнғироқ қилиб буюрсангиз, машина юборардим-ку! Жа ноқулай аҳволга солингиз-да одамни!..

— Ҳечқиси йўқ, — деди Самад қаршисидаги бойваччага совуқ боқиб. — Атайин ўзим хабар бермай келдим. Бир меҳмондорчилигингни кўриб қўяй дедим.

— Жуда тўғри қипсиз, — ялтоқланди бойвачча. — Биз хизматда! Илойим умрингиз узун, мартабангиз бунданам улуғ бўлсин, укажон!.. Айтганча… Қани, дастурхонга қаранглар, укажон!..

— Биз меҳмонга келмадик сеникига, — гапни кесди Самад. — Мана бу йигит бизнинг укахонлардан. Ишончли, гапи кескир, тегирмонга тушса тирик чиқади. Ҳов ўша айтган гапинг бўйича опкелдим.

— Вой, шунақами? — бойвачча даст ўрнидан турди-да, артистларча Меҳмоналига юзланиб таъзим бажо айлади. Шу аснода кўзларида ёш ғилтиллади. — Самаджон ука, олтин бошингиз омон бўлсин! Бечора Жаҳонгирим…

— Вей, бойвачча, ўзингни қўлга олсанг-чи йиғлоқи қизларга ўхшаб кўзёш қилавермай. — Ундан кўра, гапнинг дангалини айт. Қанча берасан, қачон бу укахонни чиқариб оласан, турмадагилар, прокуратура, полиция билан қандай келишгансан… Шуларни билишимиз керак. Худо кўрсатмасин, менинг юзим шувут бўлса биласан сени нима кутишини! Ё билмайсанми?

— Биламан, — деди ер чизиб бойвачча. — Сизни билмай ўлибманми?!. Энди… Ҳа, аллақачон уёқдагиларминан ишни пишитиб қўйганман. Рози-ризолик, олди-бердилар жойида. Фақат бу укамизни оборсак, ўғлимнинг айбларини бўйнига олса, бўлди…

— Қанча бермоқчисан? Шундан гапир!

— Беш юз минг кўкида бераман, — деди илкис бошини кўтариб бойвачча. — Гап битта, худо битта!

— Менинг улушим-чи? — совуқ тиржайиб Қўйсин бойваччага айёрона боқди Самад. — Биласан, мен текинга ишламайман.

— Самаджон, ука, — деди бойвачча ҳануз ер чизган кўйи. — Беш юз минг кўкида беряпман-ку! Нима дейди… Ўзларинг келишволасизлар-да энди! Бир умр хизматингиздаман, ука! Тонсам… Худо урсин-э!..

— Бўпти, — бойваччанинг елкасига қоқиб, шу орада Меҳмоналига кўз қисиб қўйди Самад. — Худони безовта қилма! Ҳазиллашдим. Бу укам билан ўзимиз гаплашиб олаверамиз. Хўш, ҳақни қай тартибда, қачон берасан? Дангалингни айт!

— Агар укам хўп десалар… Банкдан пластик карточка олиб ўшанга ташлаб бера қолсаммикан?

— Бўлади. Хўш, қачон ташлайсан?

— Ҳайрон бўп қолдим. Сизлар… Нима дейсизлар бу масалада?

— Бизми? — деди кафтларини бир-бирига ишқалаб Самад. — Укам кетишидан олдин ташлайсан ўша пластикка. Пластик менда туради. Чунки бегона юртларда, «тем более» турмада пластик кўтариб юрмайди-ку! Майли, буниям ўзиминан алоҳида гаплашамиз. Сен унда эртагаёқ бизни олиб банкка борасан, пластик зормандасини оламиз, ана ундан кейин индинга жўнайверсангизлар бўлади. Айтганча… Яна бир нарса… Меҳмон укамни қанча муддатда чиқариб оласан у ердан?

— Бир йилга келишганмиз судья, прокурорлар билан, — деди энди бошини баландроқ кўтариб бойвачча. — Гап битта, худо битта! Худо насиб қилса, келаси йил худди шу куни ўзим турмадан опчиқиб, опкеламан Меҳмонжонни.

— Хавфсизлик масалалари-чи? Ҳарқалай боланг ментни ўлдирган. Тағин…

— Тушунаман, — деди асабий лаб тишлаб бойвачча. — Мен ҳаммасини ҳал қип келганман, ука, хотиржам бўлаверинглар! Укамизни биров чертмайди. Агар чертса, телефон бериб келаман, менга қўнғироқ қилади, ўзим эринмасдан бориб адабини бераман. У ярамасларгаям ҳазилакам пул сарфламадим, ука! Мана шу бетавфиқ ўғилнинг дастидан бўларим бўляпти!

— Ҳечқиси йўқ, — деди Самад кетишга чоғланиб. — Боланг ҳали бошини деворга уриб кўрмаган-да! Уриб кўрса кейин ювош тортади. Бўпти, бизга рухсат! Демак, эртага эрталаб сени кутамиз укам билан!

— Албатта… Ҳалиги… Самаджон ука, бир чўқим ош…

— Ошни кейин еймиз, бойвачча, — кулиб Қўйсинбойнинг елкасига қоқди Самад. — Мана бу ишкаллар бирёқли бўлсин, бир чўқиммас, кўпроғини еймиз!

— Худо хоҳласа! Агар… Сизларни овора қилган бўлсам, уринтирган бўлсам, кечириб қўясиз-да, ука!..

Самад жавоб қилмади. Совуқ тиржайиш билан кифояланиб, Меҳмоналининг тирсагидан тутганча кўчага йўл олди.

 

ТУРМА

 

* * *

 

Шу кеча Меҳмонали анча вақтдан бери хотиржам ва тинч ухлабди. Самаднинг ҳашаматли уйидан алоҳида хонани ажратишган экан. Юмшоқ диванда ухлаб ўрганмагани учунми, бир муддат у ёнбошдан бу ёнбошга ағдарилавериб хуноб бўлди. Ҳатто, остидаги кўрпача устига тўшалган оппоқ чойшабга тегинишга-да қўрқди. Ўрганмагандан кейин шу-да. Қишлоқда эски-туски, увадаси чиққан кўрпалар устида ухлашга одатланган одам бироз ўнғайсизланиб қоларкан…

Бироқ кўнгли ҳайитдагидек ёруғ эди. Шундай баджаҳл ва қачон қараса қовоғини уйиб юрувчи Самаддек одам уни бойиб кетишга ундаши Меҳмоналини қувонтирарди. Шуларни ўйлаганда, кўз олдида тоғаси, кеннойисининг шанғиллаётган қиёфаси намоён бўлди. Ўз жигарларидан рўшнолик кўрмагани, аксинча, уларнинг бор-будидан айириб, кўчага шармандаларча ҳайдаб солгани алам қилди. Уларнинг кетидан Барно, ўзи чин кўнгилдан севган қиз хаёлида жонланди. Унинг сўнгги сўзлари ёдига тушиб, кўнгли ғашланди. Хаёлан бўлса-да, бир кунмас бир кун албатта қишлоққа боришни, борганда ҳам ярқираган машина ҳайдаб боришни орзулади. Ўшанда ҳаммалари, тоғаси-ю, кеннойиси, Барно-ю, унинг ота-онаси афсусдан тил тишлашларига ишонди…

Хаёл-да, бир олиб кетса, узоқларга судраклаб кетади. Меҳмонали Қўйсин бойвачча ваъда қилган ярим миллион доллар ҳақида ўйлай бошлади. Ахир… Бу жуда катта пул. Қамоқда ўтириб чиқса, бир йилдан кейин ўша пулларга эгалик қилиши мумкин бўлади. Қандай кечаркин аҳволи? Даста-даста пулларни қўлига олгач, ҳаволаниб кетмасмикан? Нимага сарфлайди шунча пулни? Бизнесга урадими ўзини? Ё бошқа йўллари ҳам борми?..

«Э, Самад бор-ку, — ўйлади Меҳмонали ғижини келиб. — Бир йўлни кўрсатар, ахир! Балки бирга иш қилишни таклиф қилар. Нима бўпти? Булар шаҳар одами. Тиши шу шаҳарда чиққан. Пулни айлантиришни яхши билишади… Ишқилиб, худо тўғри йўлдан адаштирмасин-да!..»

Меҳмонали яна бир талай ширин хаёлларни кўксига босган кўйи кўзи илинганини ҳам пайқамай қолди.

 

* * *

 

Эртаси куни Қўйсинбой уни поезд вокзалида қарши олди. Меҳмонали бундан ҳам жуда мамнун тортди. Чунки самолётни жини суймайди. Сабаби, қўрқади. Самолёт пастлаётганда, жони чиққудек бўлади. Поезд эса жуда тинч бўлади. Россияга кетишда Қозоғистон чўлларидан ўтади. Ҳар хил ҳамроҳларга рўбарў бўлади, танишади, кўнгил ёзади. Бунга армия хизматидан қайтаётганда шахсан гувоҳ бўлган. Ҳар хил йўловчилар зериктиришмаган, қандай манзилга етганини сезмай қолган. Маза қилган…

Бу гал ҳам шундай бўлди ҳисоб. Купедоши андижонлик Тўхтамиш деган ўзи тенги йигит экан. Аввалига гаплари қовушмади. Бир-бирларига ишончсиз, шубҳали назар билан боқа бошлашди. Бир-бирларини ўғрига йўйиб гўё мушук-сичқон ўйнашди. Охири бўлмади. Тўхтамишнинг тоқати тоқ бўлди.

— Ўртоқ, йўл бўлсин? — сўради у Меҳмоналига тегишли ўриндиққа оҳиста чўкиб. — Сир бўлмаса нима иш билан кетяпсиз Россияга?

Меҳмонали батафсил гапириб ўтиришни хоҳламади. Самад ҳам шундай тайинлаганди. Шунинг учун гапни қисқа қилди.

— Тижорат билан кетяпман. «Мол» опкелишим керак уёқдан.

— Ҳа-а, тушунаман, — деди Тўхтамиш ер чизиб. — Ўзим ҳам тижоратчи бўлсангиз керак деб ўйловдим.

— Ўзингиз-чи? — сўради Меҳмонали. — Сиз нима иш қиласиз уёқда?

— Менми? — кулимсиради Тўхтамиш. — Э, биздақалар қурилишдан бошқа нимаям қиларди?!. Иш боракан. Акахонлардан бири катта объектни олибди. Мениям чақирди. Лекин нолимайман. Худога шукр, қурилишдаям яхши пул тўлашади.

— Ҳа, эшитганман, — деди Меҳмонали. — Уёқда бизникилар тиқилиб ётибдийкан. Ҳар қадамда учратаркансиз.

— Албатта, тирикчилик тошдан қаттиқ. Масалан, менинг иккита болам бор. Ўхшайманми болали одамга?

— Йўғ-э, — деди Меҳмонали ҳайрати ортиб. — Сираям ўхшамайсиз. Бўлиши мумкинмас.

— Ҳамма шундай дейди. Лекин бу ҳақиқат. Отам раҳматли тўйингни кўриб қолай деб эрта уйлантириб қўйган.

— Худо раҳмат қилсин отангизни!

— Раҳмат.

— Агар мен ишлайдиган шаҳарга борсангиз, бир ўтасиз-да кулбамизга! Ҳар ҳолда танишиб олдик. Бир юртдан бўлсак. Нима дейсиз?

— Насиб бўлса албатта ўтаман…

 

* * *

 

Олис йўл ниҳоят ортда қолди. Тўрт кун деганда, Меҳмонали айтилган манзилга етди. Шу ерда уни бир одам кутиб олиб, қўлига Россия паспортини топшириши лозим эди. Шундай бўлди ҳам. Янги ҳужжатни қўлга олгач, вокзалдан чиқиб, ўнгга юрди. Худди ўша ерда Меҳмоналини полиция машинасида кутиб туришарди. У сўнгги бор осмон-у фалакка тикилди, тоза ҳаводан қайта-қайта симирди. Кўнгли эса барибир алғов-далғов эди. Умрида полициячилар билан иш олишмаган, турма деганларининг яқинига бормагани учунми, қалбининг бир четини ваҳимага ўхшаш нимадир кемириб ўтар, аммо шу заҳоти мияси катта ва кўкимтир пулларни ёдига солиб, ёқимсиз туйғуни нари ҳайдарди.

Ҳа, ана, бир-бирини барвасталикда қувиб ўтишга тайёр тўрт полициячи машина ёнида тек турганча Меҳмонали яқин келишини кутаётган экан. Яқинлашиши билан улардан бири бир қадам олдинга ташлади-да, ҳарбийларча саломлашди.

— Полиция катта лейтенанти Морозов! Адашмасак, сиз ўша Меҳмоналисиз, шундайми?

— Ҳ-ҳа, — деди негадир тутилиб Меҳмонали. — Худди ўша!

Жавоб қайтаргани ҳамоно орқароқда турган уч полициячи баравар келиб икки қўлига чанг солди. Катта лейтенант шоша-пиша Меҳмоналининг қўлларини кишанлади.

Машинага чиқиб ўтиришгач, ҳайдовчига буюрди:

— Бўлимга ҳайда!

Машина тахминан ярим соатча йўл босиб, ниҳоят ички ишлар бўлимига етиб борди. Дарвоза очилгач, ҳовлидан ўтди-да, энг четдаги эшик рўпарасида тўхтади.

«Шу шекилли қамоқхонаси, — кўнглидан ўтказди Меҳмонали. — Ҳозир шу ерга опкиришади-ю, тамом, қайтиб ёруғ дунёни кўрсатмасликлари аниқ. Ўлиб кетмайдими. Бир йил чидаб берса, ниятига етади. Бойиб кетади. Егани олдида, емагани кетида бўлади. Мўътабардақаларнинг ўзи югуриб келиб бўйнига осилади…»

— Чапга юр, — буюрди орқада келаётган полициячилардан бири. — Жуда яхши. Энди зинадан пастга юр!

Шундагина билдики, камералар ертўлада экан. Ҳайрон бўлди. Киноларда кўргани ертўлада эмасди-ку! Ё ҳар ерда турлича бўларканми қамоқхоналар?..

Уни ертўладаги узун йўлак орқали охирги эшикка олиб боришди.

Полициячиларга ички ишлар бўлими навбатчиларидан бири ҳамроҳлик қилаётганди. Эпчиллик билан бориб камера эшигини очди.

Киришди. Шу ерда қўлидаги кишанни ечиб олишди.

Камерада узун бўйли, ингичка мўйлаб қўйган, қайтарма лаб бир ўзбек йигити ўтирган экан. Меҳмонали киргани ҳамоно илдам юриб унинг қаршисида тўхтади.

— Демак, дадам сени ёллабди-да, ҳамшаҳар, — деди у Меҳмоналига бошдан оёқ разм солиб. — Жуда яхши қипсан рози бўлиб. Бир нимали бўп қоласан. Лекин турмага борганингдан кейин аристонлар билан дўст тутинишга ҳаракат қил. Осмондан келма, бурнингни кўтарма!

Меҳмонали билдики, бу Қўйсинбойнинг ўша қайсар ва баттол ўғли. Отаси шу арзандаси учун беш юз минг доллардан кечиб ўтирибди.

Негадир йигитга қараб туриб ғижини келди. Азалдан бойваччаларнинг арзандаларини жини суймасди. Шу тобда ўша жинлари қўзғолон қила бошлади. Нимадир қилиб бу йигитнинг қитиғига теккиси келиб кетди.

— Ўргатишга ёшлик қиласан ҳали, — деди чирт этиб полга тупуриб. — Ундан кўра иштонингни шилта қилмай яшашни ўрган!

— Нима? — ҳеч қачон бу тахлит ҳақоратли сўз эшитмаган эканми, бойваччанинг ўғли икки қўлини баравар юқорига кўтариб Меҳмоналини уришга чоғланди. Лекин нарида полициячилар тургани эсига тушиб, шоша-пиша бир қадам ортга тисланди.

Нимадир демоқчи бўлиб лабларини қийшайтириб, тишлари ғижирлади. Бироқ индамади. Бош чайқай-чайқай, ташқарига йўл олди.

 

* * *

 

Қора қисматнинг кирдикорлари кўп ва хўб бўлади. У бандасига бир ёпишдими, ажралишга сира шошилмайди. Одамзодни ўзининг турли жирканч ва зулматдангина иборат кўчаларига итқитиб ташлайверади. Жон аччиғида юқоридан пастга қулаган, қулаш туфайли жони узилгудек даражага етган одам қора қисматнинг ихтиёрига қарши ҳеч бир ҳаракат содир эта олмайди. Ростакам қулга айланади.

Меҳмонали ҳам ўз қисматининг қулига айланиб бўлганини энди-энди чуқурроқ идрок эта бошлаганди. Айниқса, камера ичкарисида ҳукм сура бошлаган хунук сукунат уни хаёлнинг турли кўчаларига судраклаб кетарди. Бадбўй ҳидни димоғида туйгани сайин кўнгли беҳузурланиб, ўз қисматига лаънатлар ўқирди…

Шу тахлит икки кунни ўтказди. Ертўлага соқчилар бир кунда фақат икки маротаба тушарди. Унда ҳам овқат олиб киришарди. Бериладиган овқат эса бир бўлак қора нон-у, ичида бир нечта куйинди пиёз бўлаклари сузиб юрган шўрвадангина иборат эди. Нима ҳам қила оларди. Бу ерлар бўлак шаҳар, мусофир юрт. Ўзининг юртида, киндик қони тўкилган қишлоғида топилмаган меҳрибонлар бу юртларда топилиши амри маҳол.

«Ҳечқиси йўқ, — кўнглидан ўтказди Меҳмонали тишни тишга босиб. — Қай кунларни кўрмадим. Гўдак мурдасини мана шу қўлларим билан қучоқлаб ерга кўмдим, қанча калтаклар едим, эркак бўла туриб фоҳишани никоҳимга олдим, қучоғимга солиб ётдим. Ўзимча мақтандим, ғурурландим. Хурсандлигимдан теримга сиғмай қолдим. Оқибати-чи?.. Йўқ, ношукрлик қилмаслигим керак. Худойим раҳм қилди-ку! Самадга рўбарў этди-ку! Қўйсинбой катта пул берди-ку! Қийинчиликларга атиги бир йилгина чидасам бас, ана ундан кейин мендан бадавлати бўлмайди. Еганим олдимда, емаганим ортимда бўлади…»

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...