Нозик хилқат фитначилар “тўр”ига тушмасин ёхуд динда «интим жиҳод» тушунчаси борми?​

0

Халқимиз азал-азалдан оилани муқаддас ҳисоблаб, унинг яралиши ва мустаҳкам ҳолда ривожланишини ҳамиша қўллаб-қувватлаган.

Муқаддас Ислом динида ҳам оила, унда камол топаётган фарзандлар таълим-тарбияси ҳамда ота-она бўлиш бахти улуғ неъмат ҳисобланиб, бу нозик масалага алоҳида ёндашилади.

Эр (ота) — оиланинг устуни (таъминотчиси) бўлса, она — оиланинг асосидир. Бу тамойил Ўзбекистон Республикасининг “Оила” Кодексида ҳам мустаҳкамланиб, оиланинг бахт-у иқболи ва фарзандлар таълим-тарбияси қаторида она-онанинг муқаддас бурч ва масъулияти ҳам белгиланган.

Аммо, минг афсуски, бугун айрим оилаларда ана шундай беназир неъматнинг қадрига етмаслик оқибатида турли арзимас баҳоналар сабаб оилалар бузилиб, гулдек фарзандлар етим бўлиб қолмоқда. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатда баъзида ОНА деган муқаддас номга доғ тушириб, аёл сабабчи бўлаётгани ташвишлидир.

Айрим оилалар ажралишида афсуски, Ислом дини асосий сабаб қилиб кўрсатилаётган ҳолатлар учраётгани жамиятнинг оғриқли нуқтаси ҳисобланади.

Яқинда бўлган воқеа

Тошкентда яшаган бир аёл Туркияга тижорат мақсадида сафар қилиб турар экан. Аёлнинг охирги тижорат сафари одатдагидек бир ҳафта эмас, 1-2 ойга чўзилиб кетибди.

Шунда аёлнинг оиласи хавотир олишни бошлаб, уни ахтаришга тушибди. Эрининг телефонига аёлидан телеграм орқали шундай хабар келибди: “Дадаси, мен ҳозир Суриядаман. Мен бу ерда “жиҳод” йўлини танладим. Учта фарзандим сизга омонат”…

Диққат қилинг. Бу қандай жоҳиллик! Ҳа, бу аёлнинг тутган йўли Ислом нуқтаи назардан ҳам энг тубан жоҳилликдир(!). Инсонийлик нуқтаи назардан эса, манқуртликдан ўзга нарса эмас!

Шу ўринда савол туғилади: хўш, бу аёлнинг онгини заҳарлаб, ўз жуфти-ҳалоли, шириндан-шакар фарзандлари, муқаддас оиласидан юз ўгиртириб жаҳолат ботқоғига ботишига кимлар ва қандай омиллар туртки бўлди? Ислом динида аёлларнинг “жиҳод” қилиши, аслида жоизми?

Маълумки, Пайғамбаримиз даврларида дастлабки пайтда Ислом динини одамларга тушунтириш ва тарқатиш жуда қийин кечган ҳамда душманларга қарши курашиш учун саҳобаларнинг кучи камлик қилган. Аммо шунга қарамай, ислом дини доимо аёлларнинг қўлига қурол олиб, урушга чиқишига қатъиян қарши бўлган.

Ҳатто шундай ҳолат ҳам бўлган эканки, аёллар Пайғамбаримиз с.а.в.нинг олдиларига келиб жиҳодга чиқишга рухсат беришларини илтимос қилганларида ҳам рад жавобини олганлар.

Қуйидаги ҳадис бу фикримизга далил бўлади: روى ابن أبي الدنيا في “النفقة على

العيال“ (528) وفي “مداراة الناس“ (173) وابن بشران في “أماليه“ (11) من طريق عَبْد الْمُتَعَالِ بْن طَالِبِ بْنِ إِبْرَاهِيمَ ، ثنا إِبْرَاهِيمُ بْنُ سُلَيْمَانَ أَبُو إِسْمَاعِيلَ الْمُؤَدِّبُ ، عَنِ الْحَجَّاجِ بْنِ دِينَارٍ، عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ عَلِيٍّ ، عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ ، قَالَ: “ بَيْنَا نَحْنُ قُعُودٌ عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذْ أَتَتْهُ امْرَأَةٌ ، فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللَّهِ أَنَا وَافِدَةُ النِّسَاءِ إِلَيْك ، يَا رَسُولَ اللَّهِ : رَبُّ الرِّجَالِ وَرَبُّ النِّسَاءِ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ ، وَآدَمُ أَبُو الرِّجَالِ وَأَبُو النِّسَاءِ ، وَحَوَّاء أُمُّ الرِّجَالِ وَأُمُّ النِّسَاءِ ، وَبَعَثَكَ عَزَّ وَجَلَّ إِلَى الرِّجَالِ وَالنِّسَاءِ ، فَالرِّجَالُ إِذَا خَرَجُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَقُتِلُوا فَهُمْ أَحْيَاءٌ عِنْدَ رَبِّهِمْ يُرْزَقُونَ ، وَإِذَا خَرَجُوا فَلَهُمْ مِنَ الْأَجْرِ مَا قَدْ عَلِمْتَ، وَنَحْنُ نَخْدُمُهُمْ وَنحْبِسُ أَنْفُسَنَا عَلَيْهِمْ ، فَمَاذَا لَنَا مِنَ الْأَجْرِ؟ فَقَالَ لَهَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ( أَقْرِئِي النِّسَاءَ مِنِّي السَّلَامَ وَقُولِي لَهُنَّ: إِنَّ طَاعَةَ الزَّوْجِ تَعْدِلُ مَا هُنَالِكَ ، وَقَلِيلٌ مِنْكُنَّ تَفْعَلُهُ.

Ибн Аби Дунёнинг “ан-Нафақа алал аёл” ва “Мадоратун нисо” ҳамда Ибн Шиброннинг “Амолия” асарларида Иброҳим ибн Сулаймон Абу Исмоил ал-Муаддиб, Ҳажжож ибн Динор, Муҳаммад ибн Али, Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Жобир ибн Абдуллоҳ деди:

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдик. Шунда бир аёл кириб келиб: “Мен аёллар номидан Сизнинг ҳузурингизга вакил бўлиб келдим”, деди-да Расулуллоҳга қуйидагича мурожаат қилди:

“Эй, Расулуллоҳ! Эркакларнинг Роббиси бўлган Аллоҳ аёлларнинг ҳам Роббиси эмасми?! Эркакларнинг отаси бўлган Одам Ато аёлларнинг ҳам отаси эмасми?! Эркакларнинг онаси бўлган Ҳавво аёлларнинг ҳам онаси эмасми?! Аллоҳ эркаклар билан бир қаторда Сизни биз аёлларга ҳам Пайғамбар қилиб юборган-ку, тўғрими?! Унда нега фақат эркаклар Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқиб, ажр савобига эришмоқдалар?! Биз эса, фақат уларнинг қўл остида хизматларини қилиб ўтирамиз. Бизга қандай ажр-савоб бор?!”

Расулуллоҳ (с.а.в.) аёлнинг иддаосини эшитиб, босиқлик билан шундай жавоб қайтардилар: “Сен бориб менинг номимдан барча аёлларга саломимни етказгин ва уларга шу сўзларимни айтгин: Аёлнинг ўз эрига итоатда бўлиши юқоридаги ишлар (эркакларнинг жиҳод қилиши) билан баробардир (ва ажри ҳам барбардир). Афсуски, сиз аёллар ушбу ишни кам қилмоқдасизлар (эрга итоат қилишда дангасалик қилмоқдасизлар)”.

Мазкур ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл киши турмуш ўртоғи итоатида бўлиб оиласи, фарзандлари таълим-тарбияси учун хизмат қилса, жиҳод қилганлик савобига эришади(!)

Юқоридаги ҳадис “Агар сиз аёллар (оила қуриб никоҳ орқали) бир фарзандни дунёга келтириш билан жиҳод қилган савобига ноил бўласизлар. Шу ҳолатда вафот этсангиз шаҳидлик мақомига, агарда фарзандни (эсон-омон) дунёга келтириб олсангиз ғозийлик савобига эришасизлар”, мазмунида ҳам ривоят қилинган.

Энди мавзуимизнинг асл мақсадига ўтадиган бўлсак, бугунги кунда дин ниқобидаги экстремистик кучлар юртимиздаги айрим аёлларни “…сизлар ҳам жиҳод қилишни истасангиз, ислом учун кураш бўлаётган диёрларга (Сурия, Ироқ) ҳижрат қилиб, у ерда қон кечаётган мужоҳидларнинг нафсини қондириб, уларга фарзанд ато этишингиз энг тўғри йўлдир”, деган мазмунда жоҳилона, баландпарвоз чақириқлар билан хотин-қизларни ҳам ҳақиқат йўлидан оғдиришга ҳаракат қилмоқ.

Бунинг натижасида бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида ҳам айрим ижтимоий тармоқлар ва яширин каналларда “интим жиҳод”, деган хунук ибора тарқалиб кетди.

Савол туғилади: хўш, “интим жиҳод”нинг ўзи нима?

Бу саволга ойдинлик киритадиган бўлсак, бу каби тарғиботларни амалга ошираётган ғаразли мақсаддаги кимсаларнинг фикрича, “гўёки аёл ёки бокира қиз бугунги кунда Сурия ва Ироқда қон тўкаётган жоҳил қонхўрлар сафига бориб қўшилиб, улар билан бирга яшаб, уларнинг нафсларини қондириши – “интим жиҳод” экан.

Бу каби ҳайвоний фикр ва тафаккурга кўра, “интим жиҳод” қилувчи аёл айни пайтдаги эри жангда ўлса, дарҳол бошқа бир “мужоҳидга” эрга тегиши мумкин экан…

Бундай жаҳолатга бошловчи, жирканч фикрларни эшитган ҳар бир соғлом фикрли инсон ва ҳақиқий мусулмон киши “Астағфируллоҳ!”, деб юбориши табиий. Зеро, бу ўринда муқаддас Ислом динидаги Оила масалалари, идда, никоҳ тартиб-қоидалари қаерга кетади?!

Ислом дини азиз ва мукаррам қилиб қўйган нозик хилқат – аёлни бундай тубанликка тарғиб қилишга бундай манқуртлар қайси виждон, имон билан журъат эта олди?!

Аслида, Аллоҳ таоло ўзининг яратган бандалари орасида инсонни азизу ва мукаррам қилиб яратганини Қуръонда алоҳида қайд этган:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً

Маъноси: Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда – қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик.

(Исро, 70).

Шунингдек, инсонларни икки жинсда (эркак ва аёл) қилиб яратиб аёлнинг оиладаги мақомини алоҳида оят билан белгилаб берган:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللّهُ وَاللاَّتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلاَ تَبْغُواْ عَلَيْهِنَّ سَبِيلاً إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيّاً كَبِيراً

Оят маъноси: Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар — яхши хотинлардир. Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало, уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни, насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга бўйинсунмасалар) уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган зотдир. (Нисо, 34).

Ушбу оятни Шайх Абдулазиз Мансур “Қуръони карим маънолари таржимаси” китобида қуйидагича шарҳлаб берганлар:

Ушбу оятда оиладаги эр билан хотиннинг ўрни белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр, аввало, оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар бўлган, уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат ҳисобланмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли у оиланинг бошлиғи саналади.

Яхши хотин эса диёнатли, эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир. Агар хотин томонидан оиланинг ё эр-хотиннинг тинч-тотувлигига рахна соладиган бирон феъл содир бўлса, эрнинг вазифаси, аввало, унга яхшилик билан тушунтириш, тушунмаса меҳру муҳаббатини дариғ тутиш билан ўз норозилигини билдиришдир. Бу ишлар фойда бермаган тақдирдагина хотинга (уни уриб, зинҳор уч олиш ёки роҳатланиш учун эмас), балки тўғри йўлга солиш мақсадида) қўл кўтаришга рухсат берилади.

Лекин, табиийки, эрга итоат қилишни ўзи учун бурч, деб билган аёл ва ўзидан қудратлироқ бўлган зот – Аллоҳ кўриб турганига имони комил бўлган эр бу охирги чорагача етиб келмайди.

Демак, мазкур оятдан маълум бўладики, аёл оилада ҳам нозик хилқат сифатида эътироф этиб келинган. Нозик хилқат деганда, уни асраб-авайлаш, эҳтиёткорлик билан парвариш қилиш тушунилади. Тарихдан маълумки, Ислом дини кириб келиши билан жаҳолат домига шўнғиб кетган Арабистон ярим оролида ҳам аёллар ва қизларга нисбатан бўлган ноинсоний, ваҳшийларча муносабат батамом йўқ қилинди. Расулуллоҳ (с.а.в.) бошчилиги ва раҳнамолигида хотин-қизларга Аллоҳнинг улуғ мўжизаси сифатида муомала қилина бошланди.

Энди юқоридаги оғриқли муаммонинг иккинчи жиҳатига эътибор қаратсак: Ислом динида “Зино — энг катта гуноҳ”, ҳисобланади. Қуръонда Исро сураси, 32-оятда шундай дейилган;

وَلاَ تَقْرَبُواْ الزِّنَى إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاء سَبِيلاً

Оят маъноси: Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир.

Аҳамият берсак, мазкур оятда “зино қилманглар”, дейилмасдан, балки “зинога яқинлашманглар”, дея таъкидланмоқда. Бу дегани, мўмин-мусулмон инсон зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим(!)

Аллоҳ таоло бу ояти билан инсон наслини ва насабини сақлашни ирода қилди ва бизни огоҳлантириб, “Ва зинога яқинлашманглар”, деб хитоб қилмоқда.

Демак, мўмин киши билан зино тушунчаси ўртасида катта масофа бўлиши керак, унинг яқинига йўлашни, ҳатто фикр ҳам қилиш мумкин эмас. Бунга ушбу ҳадис ҳам далилдир:

قال النبي صلى الله عليه وسلم: من حام حول الحمى يوشك أن يقع فيه.

Ҳадис маъноси: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Аллоҳ таолонинг ҳудуди (ҳаром қилган нарсалари) атрофида айланса, унга тушиб кетиши яқиндир, деганлар.

Юқоридаги оятнинг мантиқий давоми ўлароқ Нур сураси, 30-оятда Аллоҳ таоло зинонинг ўзидан қайтариб қўя қолмай, балки унга олиб борувчи восита – назардан ҳам қайтарди:

قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

Оят маъноси: Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир.

Мана шу оятлар ҳам бугунги кунда илмсизлик ёки нотўғри тушунча сабабли ўз оиласи, фарзандларини ташлаб, ўзга ўлкаларга бориб, ўз танаси билан “жиҳод” қилаётганлар вақтида тавба қилмаса, келгусида бу дунёда ҳам, охиратда ҳам аянчли оқибатлар кутиб турибди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази

UzA.uz

 

loading...