Президент топшириғи ижроси юзасидан Мудофаа вазирлиги вакиллари иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилди

0

Кеча, 12 ноябрь куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи мобайнида Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмларда ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини янада шакллантириш масалалари бўйича топшириғи ижросини таъминлаш бўйича ишчи йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, ҳарбий қисм командирлари ва уларнинг ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вилоят бўлими аъзолари иштирок этди.

Сурхондарё вилоятидаги Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини янада шакллантириш, Сурхон воҳасининг ўзига хос қадриятларини уларга ўргатиш, шунингдек, Термизийларнинг ҳаёт йўли, уларнинг ижод намуналари ҳамда инсон маънавий юксалишида термизийларнинг ўгитлари ва фалсафасини, Алпомиш руҳияти ва у томонидан жамиятни ривожлантиришда олиб борилган ишларнинг мазмун-моҳиятини, воҳанинг миллий қадриятига хос бўлган бахшичилик санъатининг аҳамиятини ҳарбий хизматчиларга ўргатиш масалалари юзасидан йиғилиш иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Шундан сўнг масъуллар Сурхондарё вилоятида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини янада кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг этномаданий қадриятлар асосида маънавий савиясини оширишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш бўйича зарур тавсияларни бердилар.

Шунингдек, йиғилишда вилоят ҳокимининг 2019 йил 9 ноябрдаги “Сурхондарё вилоятида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий хизматчиларнинг этномаданий қадриятлар асосида маънавий савиясини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида бу борада олиб борилаётган ишларини янада кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг этномаданий қадриятлар асосида маънавий савиясини оширишга доир комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан ишчи гуруҳ аъзоларига ҳамда масъул ташкилот ва идоралар раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Шуни таъкидлашимиз керакки, Сурхондарё вилоятида ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирокидаги маданий, маънавий ва маърифий тадбирлар ҳарбий қисмларда, вилоятнинг тарихий қадамжолари ва музейларига экскурсиялар уюштириш орқали ҳамда бахшичилик ва чавандозликни тарғиб қилган ҳолда жадаллик билан олиб борилмоқда.

 

loading...