Сохта «001 VIP» авторақамини ясаган фуқаро қўлга олинди (видео)

0

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда «01 001 VIP» давлат рақам белгиси билан боғлиқ видеотасвир тарқалгани ҳақида хабар берилганди. «Замон» информацион дастурида маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ИИББ ушбу рақамларни ясаган фуқарони қўлга олган.

Видеони тасвирга олган фуқаро бошқаларга ҳам шу турдаги сохта рақамлар ясаб беришни таклиф қилган.

Таъкидланишича, интернет орқали фуқаролар буюртмалар беришни ҳам бошлаган, хусусан, бир фуқаро «01 707» давлат рақамини ясатиш учун буюртма берган. Хизмат кўрсатувчи мазкур рақамларни ясагани учун 150 АҚШ доллари миқдорида пул олаётганида Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси томонидан ушлаган.

Сохта рақамларни ясаш билан шуғулланган фуқаро — 1987 йили Тошкент шаҳрида туғилган Акмал Машарипов бўлиб чиққан.

«Интернетда чиройли номерларни қараб ўтирганимда мана шунақа номер кўриб қолдим. Москвада талабаман. У ерда мана шундай номерлар чиқариб берадиган полиграфиялар борлигини кўргандим. Интернет орқали уларга буюртма бердим. Ўртоқларимга мақтанаман деб шу рақамларни келтирдим. Интернетга қўйганимда кейин кўпчилик ёза бошлади. Бунақа номерлар радарга тушиш-тушмаслигини сўрай бошлашди. Мен бу ҳақда билмаслигимни айтдим», — дейди Акмал Машарипов.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125-моддаси 6-қисмига асосан Давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини, шунингдек, давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Daryo.uz

loading...