ЎЛИМДАН КЕЙИНГИ ҲАЁТ… (5-қисм)

0

 

 

* * *

 

Фаришталарнинг ҳайқириқлари якун топгач, бирдан жимлик чўкиб, кимнингдир оҳистагина сўзлаши қулоққа чалинди:

— «УЛАР ТАЙЁР ЭМАСЛАР».

Бу сўз буй руққа ўхшамасди. Кўпроқ ачиниш оҳангини англаса бўларди. Лекин барибир мен ҳеч нарсани тушунмасдан, ёнимдагиларга савол назари билан боқдим. Ушбу сўзни эшитган бошқа фаришталар, секин ўринларидан туришди.

— Кетдик, Анна, — деди фариштам, — Худойим сенинг масалангни ҳал этди. Сенга яна бироз вақт берилади. Бу Яратганнинг ягона ҳукми!

Вақт берилади? Нега?.. Мен ҳамон ҳеч вақони тушуна олмас, манави қўрқинчли зиналардан пастга тушишни ўйлаганим сайин юрагим музлаб борарди.

Лекин нимаям қила олардим? Биз пастлай-пастлай, охири бўйдор кедр дарахтларининг соясида тўхтадик. Атрофдаги фаришталар қаёққадир ғойиб бўлишганди.

Кедрларни ёнлаб ўтганимиздан сўнг қаршимида унчалик катта бўлмаган анҳорга яқинлашдик. Анҳорнинг икки ёни хушбўй гулларга тўла эди.

Мен оҳиста анҳор бўйига чўкдим.

— Сен анҳор сувидан ичиб, чўмилиб ҳам олишинг мумкин. — деди фариштам. — Бу суқаддас сув.

— Сув ичишим мумкин? — ҳайрон бўлиб сўрадим мен. — Мен сув ича оламанми?

— Ҳаракат қилиб кўр. — деди бобом кулимсираб.

Шу гапдан сўнг кафтларимни сувга тўлдириб бир ҳўплам ичдим. Муздек сув ичимга кириб аъзойи баданим роҳат олгандек бўлдим. Дарров енгил тортдим. Бироқ бошим айланиши, дармонсизланишим йўқолмади.

— Мен сув ича олдим! — хурсанд бўлиб қичқирдим мен.

— Сен нафақат сув ича олишинг, — деди фариштам. — балки манави мевалардан ҳам татиб кўришинг мумкин.

У шундай деб мевалари оғирлигидан эгилиб қолган бир шохни синдириб қўлимга тутқазди. Шоша-пиша қип-қизил, нақшинкор олмани узиб олиб ея бошладим…

Йўқ, бунақасини тирик эканимда сира емаганман. Буни аниқ биламан. Уёқдаги олмаларнинг таъми бу қадар мазали эмас…

— Қолганларини ўзим билан олиб кетсам майлими? — сўрадим фариштамдан.

— Нега? Ҳали йўлда бунақа меваларнинг кўпини учратамиз. Яхшиси, уларни сувга ташла. Балиқлар ҳам бир хурсанд бўлишсин.

Бобом қўлимдаги шохни олиб сувга ташлади. Шунда балиқлар тўдасига кўзим тушди. Барчалари меваларни талаша-талаша ейишга тушиб кетишди. Мен бўлсам, сув бўйида ўтириб дам олар, бобом ва фариштам негадир бир оғиз сўз демай, нималарнидир муҳокама қилишарди. Ҳа, улардаги бу одатни илгари англаганман. Улар гапларини мен эшитишим мумкин бўлганда, овоз чиқариб, сўзлар ёрдамида муносабат юритишар, эшитмаслигим шарт бўлганда, сўзсиз суҳбат қуришарди.

Барибир тушуниб турардим. Икковлари мен ҳақимда гаплашишаяпти. Майли, улар ниманидир ўйлаб топишсин. Мен унгача пича ухлаб олмасам бўлмайди.

Афсуски, узоқ ухлашга қўйишмади. Бобом ибодат қилиш ниятида нари кетди. Фариштам мени ёнига ўтқазиб олдин муқаддас сувда яна бир карра ювинишга ундади. Сўнгра дарахт остига ўтқазиб

— Сен ҳаётда нотўғри яшагансан. — деди фариштам. — Худога чин дилдан ишонмагансан. Черковни эса шунчаки бир ташкилот сифатида кўргансан. Билиб қўй, қалбинг тоза бўлса-да, Худога астойдил ишонмасанг, гуноҳларинг учун чин кўнгилдан тавба қилмасанг, Яратган ҳузуридаги абадий ҳаётга эриша олмайсан. Қалбинг поклиги камлик қилиб қолади.

— Менга бир нарсани тушунтириб беринг! — дедим фариштамнинг сўзларидан аламим келиб. — Нега Яратган менга нисбатан бу қадар шафқатсиз? Ахир, барча салтанатлардан ўтиб келдим. Бошқалардан кам жойим бўлмаса… Ана, мендан-да баттарроқ руҳларнинг зинада турганларини кўрдим-ку!

— Сен улардан ёрқинроқлигинг сабабини биласан. Сени бобонг дуо қилиб, ёнингда елкама-елка турибди. Зинада турган ожиз руҳларнинг эса бобонг каби ҳимоячилари йўқ. Шунинг учун ҳам улар ўзларини ўзлари қутқариб, ҳимоялаб ола билишмайди.

— Агар бобонг икковларинг мени кўтариб Худойимнинг ҳузурига олиб чиқсаларинг, мени қабул қилишини сўрасаларинг, олиб қолмасмиди?

Аҳмоқона саволимни эшитган фариштамнинг юзлари тундлашди.

— Худди оловга яқинлашиб келган Қорқиз каби эриб битардинг.

— Бу оловдан бобом икковларинг зарар кўрмасмидиларинг?

— У бизга янада куч, матонат ато этарди.

— Энди менинг тақдирим нима кечади?

— Ҳозир биз сени бир жойга олиб борамиз. У ерда яшашга арзимасанг ҳам бир ҳафта бўлиб, дам оласан, боқий дунёнинг кичик бир жаннатидан баҳраманд бўласан. Ана ундан кейин сени дўзахга олиб кетамиз. У ерда дўзах азобидан сен каби қўрқмаганлар қиёмат кунини ёхуд Худойимнинг шафқатини кутиб яшашади.

— У жуда ёмон жойми? Мени уёқда жинлар азоблашадими?

— Тўғри, у ер ҳавас қиладиган эмас. Жинларнинг ҳокимлиги чегара билмайди. Аммо қўрқма. Қўлингдан келганича ибодат қил, Яратгандан шафқат сўра. Қолаверса, сени бутун черков аҳли дуо қилади.

— Бобом айтгандики, мен ва онам учун дуо қиладиган одамнинг ўзи йўқмиш?..

— Мен Ердаги черковни эмас, мана шу арши аълодаги черковни назарда тутдим.

Сал ўтмай ўйлаб қолдим. Умуман, нега қўрқишим керак? Дўзахда мен кабилар ўтирган бўлса, боришим билан ўшаларга қўшиламан. Ўз гуруҳимиз, суҳбатларимиз бўлади. Қандайдир диний семинарлар ташкил этармиз балки. Жинлар билан ҳам тил топишса бўлар, ахир!.. Турмада, зонада яшадим. Чидадим-ку!

Бобом ибодатни тугаллаб, ёнимизга келди ва биз анҳор ёқалаб йўлга тушдик. Йўл-йўлакай, турли шаклдаги шаршаралар, майсазорлар, қип-қизил меваларини кўтара олмай шохларини эгиб олган ажойиб, ям-яшил дарахтларни томоша қилганча анча юриб қўйдик.

Анҳор бўйидаги сўқмоқ бўйлаб юриб ерости йўлига ўхшаган қоронғилик қаърига кирдик ва ташқарига чиққанимизда кўз ўнгимизда бепоён водий намоён бўлди. Водий оппоқ қор ястанган тоғ орасида жойлашган эди.

Шундоқ рўпарамизда дарё бор эди. Мен сувидан ичиб роҳатланган анҳор шу дарёга келиб қуйиларкан. Дарёнинг ўрталарида кичик оролчалар мавжуд эди. Баъзилари ранг-баранг гуллардан, айримлари мажнунтоллардан иборат эди.

Дарахтлар гоҳ тўп-тўп ҳолда, гоҳ якка-якка қад ростлаган. Якка ҳолдагилари адашмасам, телеминорадан-да баландроқ эди.

Водийнинг бир четида кўл бўлиб, шу дарёга қуйиларди. Соҳилларида шаҳарча кўринишидаги яшаш жойи кўзга ташланарди.

— Биз шу ёққа боришимиз лозим. — деди бобом ўша ёққа ишора қилиб. — Ана, черков қўнғироғини кўраяпсанми, мен ўша ерда хизмат қиламан! Черковнинг ёнгинасида уй бор. Бу уйда биз оилавий истиқомат қиламиз.

— Бизнинг оиламизми?

— Ҳа, менинг онам ва унинг синглиси. Сен, болам, уларни кўра олмагансан. Туғилмасингдан ўлиб кетишган. Яна сени у ерда бир одам кутаяптики, кўрганинг ҳамоно хурсанд бўлиб кетасан.

— Укам Алёша эмасми? — кўзларим чақнаб сўрадим мен.

— Ҳа.

— Унда тезроқ бора қолайлик! Бобожон, илтимос, тезроқ бошлаб бора қолинг!

Кўлга яқинлашганимизда, негадир фариштам йўлимизни тўсди.

— Буёғига сизларга ҳамроҳ бўла олмайман. Яхшиси, оилавий ўзларинг ўтириб дам олинглар… Менга қара, аҳмоққинам, нега қўрқасан-а? Сен оиланг даврасида бўласан. Фариштанинг сира зарурати йўқ.

— Қўрққаним йўқ. Шунчаки… Сизга ўрганиб қолгандим, холос.

— Эртага келиб сендан хабар оламан.

Фариштам шундай деб қанотларини ёйди. Оловли қанотлар шовқин кўтарди. Фариштам бир лаҳзанинг ўзида оппоқ қушчага айланиб бир-икки атрофимизда парвоз қилгач, кўздан ғойиб бўлди. Биз бобом билан қўл ушлашганча манзил томон йўл олдик.

 

* * *

 

Биринчи уй қаршисидаги ўриндиқда йигит ва қиз ўтирарди. Бизни кўриб даст ўринларидан туришди.

Мен йигитга тикилиб туриб тош қотдим. Наҳотки, бу Алёша?..

— Салом, опажон! — йигит кулимсираб менга қўл узатди.

Ҳа, бу менинг эгазагим, жондан азиз укажоним Алёшанинг ўзи эди. Илгари менга қуйиб қўйгандек ўхшар, одамлар бизни фақат сочимиздангина ажратиб олишарди. Ҳозир эса қаршимда улғайган, жиддий қиёфали йигит турар, мендан анчагина ёш кўринарди. Деярли бобом каби кийинган, фақат бўйнида тумори йўқ.

— Алёшамисан? — сўрадим титраб.

У мени анча вақт маҳкам қучиб турди. Пайқадимки, у ҳам ҳаяжондан, қувончдан титраб кетарди.

— Аня, бу ерга бутунлай келдингми? — Мен бош ирғадим.

— Ҳаммасини кейин гапириб берамиз, — гапга аралашди бобом. — Алёша, Аннани бувингминан таништир!

Бувим? Гарчи уни кўрмаган бўлсам-да, эллик ёшдан ўтиб оламдан ўтганини билардим. Лекин… Қаршимдаги ёшгина, гўзал аёлни кўриб ҳайрон бўлдим. Қандай қилиб ёшгина аёл менинг бувим бўлиши мумкин?..

— Сен бувингнинг ёшамоллигидан ҳайрон бўлдингми? — кулди бобом. — Кўникишингга тўғри келади. Бу ердагиларнинг ҳаммаси бир хил ёшда. Барчамиз ўттиз иккига кирганмиз. Болалар улғаяверишади, кексалар эса пайғамбар ёшига қадар ёшараверади. Таниш, бувингнинг исми Екатерина.

— Мени оддий қилиб Катя деб чақиравер! — деди бувим ва юзларимдан ўпиб қўйди. — Хуш келибсан, Аня!

— Нега бизни Нина кутиб олмади? — сўради бобом бувимдан.

— У азиз меҳмонга атаб пирог пишириш билан банд. — жавоб қилди бувим…

Улар негадир бараварига кулиб юборишди.

Биз шаҳарча кўчалари бўйлаб, қадимий фавворани айланиб ўтиб черковга яқинлашдик. Бобом черковга киришини, биз усиз уйга бораверишимизни тайинлади.

Биз Катя ва Алёша билан бирга черков яқинидаги боғ ортида жойлашган икки қаватли уй томон юрдик.

Уйга яқин келганимизда, мовий ранг кўйлак кийган, енглари шимарилган ёшамол бир аёл айвончага чиқди. Пайқадимки, у бувимнинг синглиси Нина. Менга унюқи қўлларини узатаркан, ҳаяжон билан сўз қотди:

— Неварагинам! Аня! Хайрият, келибсан! Хайрият! — шундай деб мени маҳкам қучоқлаб олди.

Мени ичкарига олиб кириб таништира кетишди. Биринчи қаватдаги хоналар қадимий рус қўрғонларини ёдга солар, иккинчи қаватнинг деразалари боғга қараган эди.

Танишиб бўлгунимча, бобом ҳам келди. Нина пирогни ҳам пишириб столга қўйди…

Мен қўрқардим… Пирог есам, бўшлиқдан иборат танамга сингармикан? Ҳазм бўлиш ўрнига кўриниб қолмасмикан?.. Йўқ, танамда пирог ёғдай эриб кетди… Мен овқат ея олдим.

Бир пиёла чой устида бобом бўлган воқеаларни ҳаммалираг гапириб берди. Қариндошларим жуда-жуда ачинишди менга. Алёша эса бобом ҳикоясини тугатгунча елкамдан қўлини олмади…

Овқатланиб бўлганимиздан сўнг менга дам олишни таклиф этишди. Ҳа, жуда толиққандим. Хоналардан бирига кириб диванга чўзилдим…

Бирпас ётгач, негадир уйқум қочиб ўрнимдан турдим ва деразадан кўлни, уёқдан-буёққа чопаётган ўрдакларни, оққушларни томоша қилдим. Ҳеч нарсани ўйламадим ва афсус ҳам чекмадим.

Чунки, мен бу ерда жуда хотиржам эдим…

 

ТЎРТИНЧИ БОБ

 

Бир маҳал эшик тақиллаб, зум ўтмай Алёша кириб келди.

— Яхши дам олдингми, опажон? — сўради у майин жилмайиб.

— Албатта. Менга қара, бу ерда вақт, кун қандай белгиланади? Бугун қайси кун? Соат неча бўлди?

— Биласанми, опажон, — тушунтира бошлади Алёша. — бу ерда кун ҳам, вақт ҳам ҳисобланмайди. Сен боқий ҳаётга кириб келдинг. Тўғри, яқиндагина водийга келганлар шу ер қоидалари бўйича вақтни, кунни ҳисоблашади. Масалан, ҳозир эрталабки олти бўлди дейиш мумкин. Ҳали замон черковда ибодат вақти бошланади… Айтганча, нега вақтни суриштириб қолдинг?

— Қандай қилиб сўрамай? Менга сизларнинг бағрингизда бўлиш учун атиги олти кун берилган холос. Шунинг учун яна қанча вақтим қолганини билмоқчиман. Менга соат топиб бера оласанми?

— Бажонидил. Манави сенга ёқадими? — Шу заҳоти қандайдир қадимий куй янграбди. Мен ортга ўгирилиб девордаги соатни кўрдим. Соатга олтинранг ҳарфларда имзо чекилган эди.

Соатдаги мусиқа тугагач, олти маротаба жиринглади.

— Қандай ажойиб! Нега бу соатни аввалроқ пайқамадим-а?

— Илгари бу соат йўқ эди. Ҳозир эсимга тушиб қолди. Соат авваллари болалар кутубхонасида эди. Герцен кўчасида. Эсладингми?

— Ҳа, эсладим. Кичик залда осиёлиқ турарди. Аммо… Бу ерга қандай келиб қолди?

— Хотирам олиб келди. Сен энди шу соатга қараб вақтни аниқлайверасан. Бу соат сенга аслида вақт мавҳум эканини, болалигимиз йўқолиб кетмаганини, биз энди ўтмишимиз устидан ҳукм юрита олишимиз мумкинлигини эслатиб туради.

— Ҳа-а, шунинг учун ҳам уй ичкариси қадимий буюмларга тўла экан-да!

— Сен тўғри топдинг. Биз ўтмишдаги буюмлар орасида яшашни истадик. Гарчи уларнинг бизга зарурати бўлмаса-да, барибир қалбимизда ёқимли ҳислар уйғотади.

— Сизлар уларни нимада олиб келасизлар?

— Бир маротаба эслашимиз кифоя. Истасанг, сен ҳам бир уриниб кўр!

— Бунинг учун нима қилишим керак?

— Ўзингга керакли бирор буюмни эсла, унинг барча кўринишларини ипидан игнасигача тасаввур қил. Ва ўша буюмни қаршингда ҳозир бўлишини чин кўнгилдан иста!..

Мен кўзларимни юмиб, укам айтганларини адо этдим-у, кафтимда нимадир борлигини ҳис этдим. Кўзимни очсам, ростдан ҳам ўзимнинг ҳаётлигимдаги севимли китобларимдан бирини ушлаб турибман. Севиниб кетдим. Алёша китобни олди-да, авайлабжавон қўйди.

— Энди юз-қўлларингни ювиб ол! — деди у кетишга чоғланиб.

— Тўхта, яна нималарнидир кўришни хоҳлайман!..

Қизиқишим ортганиданми, эмигрантлик пайтимдаги энг ёқтирган буюмларимни ёдга ола бошладим. Ана, Венада ишлаб чиқарилган юмшоқ ўриндиғим, мана буниси диван… Ие, мушугим Тарвуз ястаниб ётадиган ёстиқ-ку!.. Қизиқ, Тарвузнинг ўзини чақириш мумкинмикан?..

Алёша қўлларимдан тутиб мени боғ томон етаклади.

Хиёбонда турли жониворларнинг бронзадан ясалган ҳайкалчалари атрофга кўрк бағишлаб турарди.

— Мен ҳов анави бронза шерни олсам майлими? — сўрадим болаларча соддалик билан.

— Болага ўхшайсан-а, опа! — деди Алёша кулиб. — Бронза ҳайкалини нима қиласан? Тиригини чақириб бера қолай!

У бир марта ҳуштак урганди, дарахтлар орасидан баҳайбат шер югуриб чиқди ва мени четлаб ўтиб Алёшанинг тиззасига суйкалганча ириллай бошлади. Укам унинг бошини силай-силай қайтадан дарахтлар орасига жўнатиб юборди. Мана буни жаннат деса бўлади!..

Боғ орқали баланд тоғлар орасидаги улкан шаршарага дуч келдик. Шаршарага мармар зиналардан тушиларди. Мен шоша-пиша зиналардан пастга тушиб муздек сув остига туриб олдим. Кўп туришнинг иложи йўқ экан. Бир зумда аъзойи баданим музлаб юқорига чопқилладим… Ҳа, кийимларим шаллабо бўлди. Лекин… Қандай қилиб бошқа кийим топаман?.. Ҳа-я, белимга оқ чойшаб ўралган. Ўшандан кийим ўрнида фойдаланиб турсам ҳам бўлади.

— Алеша, кийимимни алмаштириб олсам бўладими? — сўрадим укамдан.

Шундай десам, у тушуниб тескари ўгирилади деб ўйлагандим.

Хайрият, ақллигина укам нари кетди. Мен бўлсам, жонҳолатда эгнимдаги ҳўл кийимларни ечиб чойшабга ўралиб олдим.

— Энди шошилмасак бўлмайди. — деди Алёша уй томон безовта боқиб. — Ҳозир ибодат бошланиб қолади. Кетдик!..

Шу куни Алёшага қўшилиб мен ҳам ибодат қилдим. Йўқ, йўқ… Яратганга нола қила бошлашим ҳамоно кўнглим бўшаб, кўзларим жиққа ёшга тўлди. Лекин мен ибодат қилишдан тўхтамадим. Айни дамда тирик бўла туриб, мен каби ўлимдан кейин ўзини нималар кутишини билмаган, идрок этмаганлар учун ҳам ибодат қилдим. Худойимдан уларга ҳам инсоф, диёнат сўрадим. Кейин… Кутилмаганда Алёша бақира бошлади:

— Телбанамолар кетсин!.. Телбанамолар кетсин!..

Бу ҳайқириқни эшитиб ичимда нимадир узилиб кетгандек бўлди. Қандайдир куч мени бир тарафга итқитиб ташлади.

Йўқ, бу кучли шамол эди. Бу шамолга умуман қарши бориб бўлмасди. Кўз очиб юмгунча зилол сувли кўл бўйида пайдо бўлдим.

Соҳилда ўтириб то черковдаги ибодат тугамагунча укамни кутишга қарор қилдим.

 

* * *

 

Шу пайт осмону фалакда даҳшатли шовқин кўтарилди.

Шоша-пиша бошимни кўтардим. Не кўз билан кўрайки, фариштам учиб келибди. У пастга тушибоқ мени қанотлари остига олди.

— Йиғладингми? — сўради меҳрибонлик билан.

— Ҳа, сизни соғиниб кетдим… Сизсиз менга жуда оғир бўларкан…

— Истайсанми, биргалашиб парвоз қиламиз? Сўради у бошимни силаб.

Мен шу онда касалхона шифти учза қилган илк парвозимни эсладим… Билмадим… Ҳозир анча семиргандекман. Ҳавога кўтарила олармиканман?..

— Мен уча олмасам керак. — дедим бош эгиб.

— Ундай дема. Ҳаракат қилиб кўр!

Мен югуриб бориб юқорига сакрадим. Қандайдир сониялар ҳавода муаллақ турдим-у, дарҳол пастга қуладим.

— Сени ўргатмасам бўлмайдиганга ўхшайди!

Фариштам қўлимдан маҳкам ушлаганча сомону фалакка кўтарилди. Бир-икки чақирим шу кўйи учиб боргач, икки қўлимдан маҳкам ушлаганча баланд кўтариб пастга улоқтирди. Ана энди ўзим ҳаракат қилишим шарт эди. Қўлларимни силкита-силкита… Учиб кетдим…

Фариштам жилмайиб ёнгинамда учиб борарди.

Водий бўйлаб саёҳатимиз ниҳоят топгач, фариштамдан илтимос қилдим:

— Мени водийдан олисроқ, сирлироқ масканларга олиб боринг!

— Агар менинг, ёки бошқа яқинларингнинг рухсатисиз Водийни ташлаб кетиб қолмасликка сўз берсанг, майли! — деди фариштам.

— Сўз бераман.

— Хўш, қеарга боргинг келаяпти? Ўзинг кўрсат!

— Ҳов анави тоғ чўққисига чиққиб келаяпти.

— Қани, учдик бўлмаса!..

 

БЕШИНЧИ БОБ

 

Водийда ҳам кунлар кетидан кунлар ўтиб борарди. Ҳаммасидан ҳам менга танамнинг бу ерга келиб ёшара бошлагани ёқиб тушганди. Ўзим ҳам тобора кучга тўлиб бораётгандек эдим. Ахир, ўлганимда қирқ ёшда эдим. Гарчи ҳеч қаерим оғриб безовта қилмаса-да, ёш ўз сўзини айта бошлаганди. Сезиларли даражада семиргандим, суякларим тез-тез қисирлаб, мени қўрқитарди. Бу ерда эса қарилик даҳшатлари ҳақида умуман ўйламаса бўларкан. Ҳар бир ҳаракатингиздан танангиз яйрайверади. Худди болаликдаги каби чарчаш нима эканини билмайсиз.

Ҳар куни сайрдан қайтиб бобомнинг жаннатга ўқувчиларни тайёрлайдиган мактабига йўл оламан. Дарсларни бобом асосан боғда олиб борарди. Бобом ва Алёша ўриндиққа ўтиришса, ўқувчилар майсалар устидан жой олишарди.

Барча ўқувчилар ёш, навқирон эди. Баданларидан нур ёғиларди. Бироқ фариштам ва бобомгача ҳали уларга анча бор.

Ўқувчилар менга катта қизиқиш билан боқишар, лекин уларнинг нигоҳларини ачиниш деб қабул қилардим. Шунда ҳам хафа бўлмасдим. Нима бўлгандаям, улар Жаннатга тайёрлов курсини ўташаяпти. Мен-чи? Мен бу ерларда вақтинчалик меҳмон эканимни яхши биламан…

Дарсдан бўш вақтларида улар боғни, кўлни тозалаш, ўсимликларни парваришлаш, жониворларга меҳр кўрсатиш билан машғул бўлишарди…

Кунларнинг бирида фариштам мени монах аёллар яшайдиган масканга олиб борди. Юқоридан бу жой кўплаб черковлардан иборат бўлган шаҳарчага ўхшарди.

Биз маскан узра айланиб учдик. Шунда кўчаларда сайр қилиб юрган гўзал монах қизларга кўзим тушди. Улар ҳам бизни пайқашди шекилли кулимсираганча қўл силтай бошлашди. Шу ерга жуда-жуда тушишни истардим. Қизлар билан яқиндан танишгим келарди. Аммо пастлаганимда негадир ҳаво етишмай, нафасим бўғилди ва тезда юқорига кўтарилдим.

— Тезроқ уйга кетайлик! — дедим фариштамга. — Бу ернинг ҳавоми ёмон экан. Мазамни қочираяпти.

— Бу ҳаводан эмас. — деди Фариштам афсус билан бош чайқаб. — Сен бу ерга тушишга ҳақли эмассан.

— Нега? Худо гуноҳкорларни кечиради дегандингиз-ку! Менинг эркинлигимни чегараламайди демаганмидингиз? Нега бу ерга тушишга ҳақсизман?

— Ҳа, Худойим ростдан ҳам эркинлигингни чегараламайди. Аксинча, бу эркинликни ўзинг учун ўзинг чегаралашингни истайди. У сени ҳам бошқалар сингари севади. Сен ўша муҳаббат туфайли унинг хоҳишини адо этишингни кутаяпти.

Мен алам аралаш фариштамга ер остидан қараб қўйдим.

Ҳа, шу қадар гўзал қизлар, ажойиб маскан билан яқиндан танишиш бахтига муясссар бўлмаганим жуда алам қилганди.

 

ОЛТИНЧИ БОБ

 

Мана, Водийдаги ҳаётимнинг бир кунигина қолди. Эрталабданоқ шуни ўйлаб юрагим ғаш тортганди. Алёша ҳам барча ишларини ташлаб сўнгги кунни мен билан биргаликда ўтказишни лозим топибди.

— Хўш, нима билан машғул бўлмоқчисизлар? — сўради бобом бошимни силаб.

— Шунчаки сайр қилиб юрамиз, холос. — менинг ўрнимга жавоб берди Алёша.

— Йўқ, Аннани Ольга кўрмоқчи эканини айтишди. Биласанми, Анна, у сенинг ҳам бувиларингдан бири. Фақат кўп минг йиллар илгари яшаган. Шу яқин атрофда туради.

— У киши қарими? — сўрадим бобомдан.

— Сенга айтганман-ку, бюу ерда қариларнинг ўзи бўлмайди. У ҳам ҳаммамиз каби ўттиз уч ёшда.

— Бу ерда қанчадан бери яшайди?

— Икки минг йилдан ошди.

— Нега Яратганнинг ҳузурига кетмаган?

— Билмадим. Негадир шу ерда яшаб қолган… Хуллас, борсанг, ўзи сўзлаб беради. Қани, парвоз қилинглар, болаларим!

Бир учиб кетдик. Йўл-йўлакай Алёша менга гапириб берди. Ольга бувим яшайдиган жой Олмос Водий дея аталаркан. У ерга бориш учун абадий музликлар, сўнгра бир неча водийлар устидан учиб ўтиш лозим экан.

(давоми бор)

ЕЛЕНА ВОЗНЕСЕНСКАЯ

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

loading...