iPhone ҳақида энг кенг тарқалган 6 та алдов

0

Бугун купертинолик техногигантнинг смартфонлари ҳақида энг кенг тарқалган ва кўпчилик ишонадиган олтита хато тушунча ҳақида сўз юритамиз.

  1. Фон режимидаги иловани ёпганда iPhone тезлашади ва батарея қуввати тежалади.

Бўлмаган гап! Сабаби шундаки, Android операцион тизимидан фарқли ўлароқ, iOSда фон режимидаги дастурлар ҳам худди тўлиқ ёпилган иловаларчалик ресурс сарфлайди. Шунинг учун уларни ёпишдан фойда йўқ, балки ҳатто аксинча. Чунки иловани ҳар гал қайтадан очганингизда унинг қайта ишга туширилиши учун вақт ва аккумулятор қуввати кетади.

2. Расм, дастур ва ўйинларни ўчириб ташлаб, iPhone самарадорлигини ошириш мумкин.

Буниси ҳам хато фикр. Айфон хотирасида жой қолмаган тақдирдагина буларни ўчириб ташлаш фойда беради. iOS тизимининг ишлаш тезлиги эса қурилма хотирасидаги бўш жойга умуман боғлиқ эмас. Шундоғам Apple унинг учун керагидан ортиқ гигабайт миқдорида жой ажратиб қўйган.

3. Кэшни тозаласа, айфоннинг ишлаш тезлиги ортади.

Бу гапга ҳам ишонмай қўяверинг. Аксинча – сиз кўп қўллайдиган иловаларнинг тезроқ ишлашига ёрдам беради. Safariда веб-саҳифаларнинг бир зумда юкланиши айнан шу кэш шарофати билан амалга ошади (худди компьютер браузерларидаги каби).

4. iPad қувватлаш ускунаси билан iPhone’ни зарядлаш унга зиён етказади.

Аксинча, Apple планшетининг зарядчиги билан айфонингизни бемалол қувватлайверинг. Бу икки гаджет эгалари уларнинг қувватлагичларини ҳамиша чалкаштириб юришлари мумкинлигини корпорация мутахассислари англаб етишган. Шу боисдан ҳар иккаласини махсус контроллерлар билан жиҳозлашганки, улар аккумуляторни шикастланишдан сақлаб туради.

5. Чет иловалар билан iOS тизимининг ишлашини оптимизация қилса бўлади.

Бекор гап! Ёпиқ тизим бўлганлиги сабабли, бирорта дастурчи iOS ичини «кавлаштира» олмайди. Табиийки, тизимнинг ишига таъсир этувчи илова ярата олмайди ҳам. Шу боисдан, iPhoneни оптимизация қилиш ва тезлигини оширишни даъво қилувчи турли дастурлар аслида ҳеч бир иш қилмайди.

6. Айфон ички хотирасидаги қўшимча жойларни тозалай олувчи дастурлар бор.

Бунинг ёлғонлиги ҳам юқоридаги сабабга боғлиқ – Apple чет иловалар учун ўз операцион тизими созламаларига, қурилмалар параметрларига киришни тақатақ ёпиб қўйган. «Хотирани тозалайдиган» дастурлар эса шунчаки буни қилгандек бўлиб сизга чиройли анимацияни, тағин ора-орада рекламаларни кўрсатади, бунинг эвазига реклама берувчилардан пул ишлайди, тағин илованинг рекламасиз «премиум-версияси»ни тавсия этади – текинга эмас, албатта.

Демак, англаганингиздек, айфонингиз тизимидаги муҳим ишларни фақат Apple тавсия ва таклиф этган усул ҳамда воситалар билан амалга ошираверган маъқул.

loading...