«Жоҳилиятга қайтишдан қўрқдим…» ёхуд «Дунё бир гап бӯлар, охиратни асранг!»

0

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Иймон келтиргандан кейин жоҳилиятга қайтишни оловга тушишдек ёмон кўрмагунича банда иймон лаззатини тополмайди”, деган маънодаги ҳадисларини ўқиб, рости, ҳайрон қолганман. “Тавба, одам бир марта иймон келтиргандан кейин яна куфрга қайтишни исташиям мумкинми?!” деб ўйлаганман.

У пайтда ҳали ёш эдим, эндигина Аллоҳ ва Унинг динини таниб, ўзимни қўярга жой тополмаган, Китоб ва ҳадисдан бир нарсани тушуниб қолсам, ҳайратларим еру кўкка сиғмаган, намозларда шавқланиб, осмонларда ҳаволаниб юрган пайтларим экан. Ҳали балолар ёғилиши мумкинлигини, Оллоҳ, иймон келтирдим, деган бандаларини синовга солмай қўймаслигини хаёлимга ҳам келтирмаганман…

Кейинроқ аёзли кунлар бошланди, совуқ шамоллар қаттиқ-қаттиқ эса кетди. Юпунлигимдан қалтирашга тушдим. Олдинги шавқ, ҳайрат, ихлосларимни совуқдан-совуқ хабарлар тўзғитиб ўйнайди. Кечаси мошинанинг овози эшитилса, менга келишмадимикан, деб зил кетаман. Кўчада белида чизиғи бор мошиналарни кўрсам, ўзимни қўярга жой тополмай қоламан. Метрога тушганларимда бирортаси шунчаки текшириш учун олдимга келса ҳам, қалтироқ босади. Эшигим “тиқ” этса, юрагим “пирр” этади… Атрофга қарайман, анави очиқ-сочиқлар, ичиб-чекаётганлар, ажнабийга ўхшаганлар бемалол юришибди, ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан қўрқувлари йўқ. Мен эса, мунғайгандан мунғайганман…

Хотиржам бўлишнинг йўли осон…
Изн сўраш шартми?

Дунё ҳавасидан тийилиш йўллари

Бир куни уйга қайтаётиб, кўчамизда қўшнимга рўпара келдим. Ичадиям, чекадиям, ўйнаб-куладиям. Ўшанда ичмаган бўлса-да, кайфи чоғ, бир нарсалардан хурсанд эди. Болаларини айлантиргани олиб кетаётган экан. Мен билан очиқ кайфиятда сўрашиб ўтди. Меним эса, ўша пайтларда дилим хуфтон, бир елкамга ойни, иккинчисига қуёшни қўйсаям, ичим ёришмас эди. Қўшнимга ҳавасим келиб кетди. “Хотиржам, ичида ҳадиги йўқ, кайфияти осмонда, маза қилиб юрибди-я”, деб ўйладим юрагим орзиқиб. Аммо, Аллоҳга қасамки ва Ўзига беадад шукурлар бўлсинки, бу ҳавас икки дақиқага чўзилгани йўқ. Раббим бирдан ўша юқорида эслаганим ҳадисни ёдимга солди. “Воҳ! – деб юбордим. – Мен ҳали жоҳилиятга қайтишни орзу қиляпманми?!” Қўрқув миямга тепди. Йўқ, бу бошқача қўрқув эди. Ўзимдан, ўзимнинг аҳволимдан қўрқиб кетдим. Иймоним заифлигидан, уни бой бериб қўйишим мумкинлигидан қўрқиб кетдим. Ожизгина иймоним, бир чимдимгина амалим борлиги учун қўрқиб юрганимдан қўрқиб кетдим. Миямга урилган “мен қанақа мўминман ўзи?” деган саволдан қўрқиб кетдим.

Шу қўрқув келдию бошқалари кетди. Атроф кўзимга сокин кўрина бошлади . Ҳамма тўполон ичимда экан-да, деганман ўшанда. Дарҳақиқат, қалбимга ором инди, таҳликаларим ариди, бир яхши ҳаловат топдим. Ҳатто бир сафар ярим кечаси эшигим тақиллаганида, чиқсам, хавфсизлик хизмати либосидаги карис йигит турганини кўриб ҳам олдингидек қўрққаним йўқ (тўғри, бироз довдираганман, “Кутбидин здесь живет?” деб сўраганида, бир пас тек қотиб, кейин рўпарадаги эшикни кўрсатганман; қаранг, қўшним ўшанақа жойда ишлар экан, умуман билмаганаканман).

Шу-шу, Расулуллоҳнинг (у зотга чексиз саловот ва саломларимиз бўлсин) ўша ҳадислари ҳақиқати ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ва яна бошқа масалалардаям бир дарс бўлдики, тушунмаган, ақлим етмаган нарсани инкор этмайдиган, мен тушунмаяпман, холос, дея холис қабул қиладиган бўлдим.

 

Абдуғофур Искандар

***

Дунё мусибатлари қанчалик оғир бўлмасин, охират мусибатлари олдида ҳеч нарса эмасдир. Миср подшоҳи вазирининг хотини Юсуф алайҳиссаломга у билан фаҳш ишни қилишни таклиф қилганида у зот бу таклифни рад қилиб, Аллоҳдан қўрқишини айтди. Шунда у аёл Юсуф алайҳиссаломга таҳдид қилиб: “Агар менинг буйруғимни бажармасанг, зиндонбанд қиламан ва хору-зор бўласан” деб, ё у билан фаҳш ишни қилишни ёки зиндонбанд бўлиб, хорланишни танлашга ихтиёр берди. Юсуф алайҳиссалом охират мусибати оғирроқ ва боқийроқ эканини билгани учун ўткинчи дунё мусибатини ихтиёр қилиб: “Эй Роббим, менга таклиф этаётган нарсадан кўра мен учун зиндон маъқулроқдир, деди” (Юсуф сураси, 33).

Юсуф алайҳиссалом бундай йўл тутиб, динини ва охиратини сақлашга ҳамда Роббисининг розилигини топишга эришди.

Айрим инсонлар арзимас дунёга эришиш учун охиратидан воз кечадилар. Мол-дунё кўзига чиройли кўринганидан ҳалолига қаноат қилмай, ҳаромига ҳам ошиб ўтишади. Бировга зулм қилиш, унинг обрўсини тўкиш, молини ноҳақдан ейиш, фирибгарлик, айғоқчилик, аҳдларга бевафолик, гиёҳвандлик, зино ва шу каби жамият учун иллат бўлган, инсон деган номга ор ҳисобланган ишларни қилишдан тап тортишмайди. Нафсига қул бўлиб, динини, иймонини хатарга қўйиб, турли ношаръий ишларга журъат қилишади.

 

“Ҳикматлар чашмаси» асосида Қудратуллоҳ Сидиқметов тайёрлади

loading...