КАЛЛАКЕСАР… (11-қисм)

0

ТУҲМАТ

 

* * *

 

Меҳмонали келгунча ҳамма ҳужжатларни тахт қилиб қўйишган эканми, эртаси куни тушдан кейин соқчилар уни ташқарига судраклашди. Тайинлашганди. Энди СИЗО га олиб боришади. У ерда ўтириб суд ҳукмини кутади. Аммо колонияга кетмайди. Қўйсинбой ака СИЗО дагилар билан келишиб қўйган экан. Меҳмонали бир йилни турманинг ўзида ўтказаркан. Аммо бу ердаги шарт-шароит, муҳит жуда ёмонлигини ҳам шипшитишган. Турмадаги аристонларни соқчи-ю, назоратчилардан ташқари «қонундаги ўғри» ва унинг гумашталари кузатувга олган. Бу чиркин муҳитдаги ҳаётини худди ўшалар белгилашади, сўнгги қарорни ўғрибошининг ўзи чиқаради. Аммо Меҳмонали заррача чўчимасди. Биларди. Унга қўйилган айб аристонлар оламида чексиз ҳурматга сазовор этиши тайин. Негаки, ҳеч бир аристон ментни ёқламайди. Уларга ялтоқланган, камеранинг гапини етказган маҳбус сиқувга олинади, керак бўлса, ўлдириб юборилади. Турма қонунлари шуни тақозо этаркан…

Меҳмонали ўтирган машина қандайдир кенг тавақали дарвозадан ичкарига ўтиб яна пича юрди. Гоҳ ўнгга, гоҳ чапга бурилди. Ташқарида аллакимларнинг бақир-чақирлари қулоғига чалинди. Ниҳоят машина тўхтагач, соқчилардан бири эшикни очди. Унинг ёнида бир ит етаклаган, барваста аскар, орқароқда яна бир аскар қўлидаги автоматни Меҳмонали тарафга тўғрилаган кўйи қотиб турарди.

— Чиқ ивирсиланмай тез, — буюрди соқчи баланд овозда. — Қўлларни орқага қил!

Меҳмонали пастга тушгани ҳамоно аскар етаклаб олган овчарка безовта ҳуриб у томон интила бошлади.

«Итиям ўзидан баттар бу ғаламисларнинг, — кўнглидан ўтказди Меҳмонали соқчилар таъқибида рўпарадаги бино томон кетиб бораркан. — Аристонни танийдими бу маҳлуқлар ҳам? Тушишим билан акиллашни бошлади — я! Суякка тиқилиб ўлгур!..»

Буёқдаги манзара худди детектив фильмлардагидек кечди. Навбатчилик қисмига киришди. Ичкарида уч-тўрт чоғли, барвасталикда бир-бири билан пойга ўйнашга ҳозир аскарлар шай туришган экан. Сал нарида эса кенг елкали, малла, юзлари захилдан захил майор қўлида чарм таёқни ўйнатганча турарди.

— Шуми қаҳрамон? — соқчидан сўради майор Меҳмоналига ишора қилиб. — Ўша айтилгани шуми?

— Худди ўзи, — деди соқчи майор билан сўрашиш асносида. — «Дерзкий» эмас лекин. Қўрқмасангизлар ҳам бўлади. Худди ювош итга ўхшайди. Ҳурмайди, сакрамайди. Жим юради.

— Ҳали кўрамиз-да ювошлигини, — деди майор Меҳмоналига яқин келиб. — Хўш, қаҳрамон, нега қотиб қолдинг? Ечин!..

— Нимани ечай? — сўради Меҳмонали тушунмай. — Нега ечинаман?

— Вей, бу ер катта холангнинг уйимас, — бақирди уни елкасидан тортқилаган кўйи нари суриб майор. — Бу ерда саволни мен бераман! Ечин дедим сенга!

— Нимани ечай? Курткамними?

— Трусигинггача ечасан, — янада қаттиқроқ бақирди майор. — Бўл тез!

— Туртма мени, — охири тоқати тоқ бўлиб Меҳмонали майорнинг қўлини елкасидан олиб ташлади. — Ҳаққинг йўқ туртишга!

— Нима?

Жаҳли бурнининг устида тураркан. Майор шу заҳоти юзлари қизариб, Меҳмоналининг елкасига чарм таёқ билан тушириб қолди.

— Кимнинг ҳаққи йўқ? Гапир, исқирт!

— Худодан қўрқларинг ҳеч бўлмаса, — бўш келмади Меҳмонали майорнинг кўзларига нафрат аралаш боқиб. — Қаршингда ҳайвонмас, одам турибди-ку!

— Ие, тилинг узунми ҳали? Бу ерда худо менман, билдингми? Ечин дедим!..

 

* * *

 

Турма ҳақидаги дастлабки таассуротлари шулардан иборат бўлди.

Майорнинг турткилари остида ечинди, нималарнидир текширишди, курсига ўтқазиб суратга олишди, кафтларига қора бўёқ суриб қайсидир қоғозга бостиришди. Шу амаллар якун топгачгина гоҳ елкаси, гоҳ белига автомат қўндоғи билан туртиб йўлакка олиб чиқишди. Уёғига турма назоратчиси, хомсемиз, нуқул беўхшов иршаяверадиган эркак уни олдига солиб камераларнинг бирига олиб кирди.

Камерага икки қават қилиб каравотлар қўйиб чиқилган. Юқоридаги бир қарич даричадан Оллоҳнинг мўъжизаси — ёруғлик тушиб турарди.

Аммо камера ичкарисидан бадбўй ҳид тараларди. Агар бундай ҳидга ўрганмаган одам кирса, кўнгли ағдарилиб қусиб ташлаши аниқ эди. Меҳмонали ҳаётида бу тахлит ҳидлар-у, ҳолатларни кўп кўрган, кўп бор димоғида туйиб кўргани сабабли жирканиб ўтирмади.

Каравотлардан берироққа узун стол қўйилибди. Атрофида тўрт аристон ўтирарди. Улар камера эшиги очилгани ҳамоно даст ўринларидан туришди-ю, каравотлари томонга йўрғалашди ва шу кўйи ҳаммалари баравар Меҳмоналини кузата бошлашди. Афтидан салом беришини кутишди.

— Салом, братва, — дея ўнг қўлини кўксига қўйиб ўтирганларга бир-бир нигоҳ ташлади Меҳмонали. — Мен Меҳмонман!

— Хуш келдинг, яхши одам, — дея аста ўрнидан туриб Меҳмоналига яқин келди ёши олтмишларга борган, тепакал, қалин қошларигача буралиб ўсган аристон. — Демак, сен Мишасан бундан буёғига.

— Майли, Миша бўлсам Мишаман-да, — деди Меҳмонали унга сўрашиш учун қўл узатаркан. — Жонингиз саломат бўлсин!

— Мени Савелий амаки деб чақиравер, — деди аристон. — Анави букчайиб ўтирган аканг Вася, чапдаги думалоқ юзли аканг Женя. Ёнидагиси Марат.

— Танишганимдан жуда хурсандман, — деди Меҳмонали барчаларига жилмайиб боқиб. — Насиб бўлса, келишиб яшаймиз-да энди!

— Сен ҳурматга лойиқсан, — деди Савелий амаки. — Қилиб юрган ишларингни биламиз. Сен қаҳрамонларча иш тутгансан. Омадингни берсин! Шунинг учун сен ҳов биринчи қаватдаги каравотга жойлашасан! Қани, марҳамат!

Меҳмонали аста бориб кўрсатилган каравотга қўлидаги керакли буюмлар солинган халтачани ташлади.

— Энди биз сени меҳмон қиламиз, — деди кафтларини бир-бирига ишқалаб Савелий амаки. — Сенга атаб қўйганимиз бор. Қани, йигитлар, ҳамма буёққа келсин!

 

* * *

 

Меҳмонали илгари бу каби аристонлар, жиноят олами вакиллари билан ош-қатиқ бўлиб кўрмаган. У аристонларни ўта совуққон, аламзада, ноинсоф, ҳамиша дарғазаб, иккиюзламачи, таъмагир деб ҳисобларди. Ҳозирги мулозаматни кўриб ҳайратдан ёқа ушлай деди…

Йўқ, аввалига ишонгиси келмади. Шунақа йўл билан синаб кўришса керак деб хаёл қилди. Бироқ бу ерда синовнинг ҳиди келмасди. Савелий амаки ҳаш-паш дегунча стол устига бир хил ҳажмда кесилган қора нон, бир шиша ичкилик, дудланган гўшт қўйдириб чиқди. Жойлашиб олиб, алюмин кружкага тўлдирилган ичкиликни худди аскарчасига бир айлантириб, газагига дудланган гўшт бўлагидан тишлашгач, Савелий амаки қўйнидан бир дона папирос чиқариб Меҳмоналининг олдига қўйди.

— Бу нималигини биласанми, ўғлим? — сўради у камерадошларга бир-бир ер остидан разм солиб. — Қўлингга олиб кўрганмисан?

— Бу оддий папирос, — деди Меҳмонали елка қисиб. — Лекин мен чекмайман. Шунинг учун қўлимгаям олиб кўрмаганман.

— Тушунаман, — деди Савелий амаки совуқ тиржайиш қилиб. — Унда қўлингга олиб кўр! Ё менинг раъйимни қайтарасанми?

— Йўғ-э, — Меҳмонали хижолат тортган кўйи папиросни шошиб қўлига олди. — Сизнинг яхши инсонлигингизни, қолган братваларниям ёмон инсонлармаслигини кўрдим. Дўстлар учун заҳар ютса арзийди, амаки!

— Баракалла, — деди Савелий амаки қувониб. — Демак, сен билан дўстлашсак арзийди. Бироқ бу папиросмас, тамакиси олиб ташланиб, ўрнига наша тиқилган. Биласанми наша нималигини?

— Албатта, кўп эшитганман. Аммо очиғини айтаман. Бундай нарсаларнинг яқинига йўламаганман.

— Ишонамиз, — деди Савелий амаки. — Бугун сен бизнинг азиз меҳмонимизсан. Худо хоҳласа, келгусида ота-бола, ака-укадай бўп кетамиз. Сен аристонларнинг душмани бўлмиш ментни тинчитибсан. Ҳали ўғрибоши кўргани йўқ сени. Чақиртирадиям. Ўшанда сенга ўғрибошимиз мукофотнинг зўрини беради. Ҳа энди… Бизники шунақа… Камтаргина-да…

— Раҳмат, — деди бош эгиб Меҳмонали. — Худо мени сизлардай ажойиб инсонлар билан учраштирди. Мен… Братвалар учун керак бўлса жонимни фидо қиламан…

— Энди тутат-да, торт! Буниям ичкилик каби айлантирамиз. Худди аскарчасига айлантирамиз!..

 

* * *

 

Ҳали оғуни тутатиб улгурмаганди. Эндигина гугуртни қўлига олганди. Камера эшиги шарақлаб очилиб, ичкарига турма назоратчиси кириб келди.

У остона ҳатлаб ичкарига кириши билан маҳбуслар баравар ўринларидан туришди.

— Сен мен билан юрасан, — Меҳмоналига юзланиб сўз қотди назоратчи. — Қўлларингни орқага қилиб олдимга туш!..

Меҳмонали ҳайрон бўлди-ю, камерадошларга бир-бир қараб олиб буйруқни адо этди.

Турманинг узун йўлаклари орқали юриб бориб чапга бурилишди. Сал нарида навбатчилик қисми жойлашган. Ичкаридан турма ходимлари ё офицерларнинг бақир-чақири атрофни тутган эди.

Назоратчи бу ердан ҳам индамай ўтиб, тахминан эллик метрча юришгач, ўнгга бурилишни буюрди. Шундоқ рўпарада турма раҳбарининг кабинети жойлашган экан. Эшик қаршисига етишгач, назоратчи Меҳмоналини деворга қаратиб турғазиб қўйди-да, ўзи эшикни очди.

— Ўртоқ подполковник, маҳбус Муродов олиб келинди, — ҳисоб берди у турган ерида. — Нима қилай? Олиб кирайми?

— Олиб кир! — буюрди ичкаридан туриб дағал овоз соҳиби.

Меҳмонали назоратчининг буйруғига итоат этган ҳолда кабинетга кирди.

Кабинет кенг эди. Тўрдаги узун стол қаршисида ўрта бўйли, кенг елкали, мўйловдор эркак керилганча ўтирар, икки кўзи Меҳмоналига еб қўйгудек совуқ боқарди.

Турма раҳбари ташқи кўринишидан жуда-жуда ўзбекка ўхшарди.

 

«ШАНТАЖ»

 

* * *

 

Меҳмонали ичкарига киргач, подполковникнинг буйруғини кута бошлади.

Турма бошлиғи гап бошлашга негадир шошилмасди. Меҳмоналига бошдан оёқ назар ташлади. Кўзларига совуққон боқиб бир неча марта бош чайқаб олди. Меҳмонали эса бошқа нарсадан мамнун тортганди. Мусофир юртда ўзбекни учратгани, яна турма бошлиғи юртдоши эканидан терисига сиғмас даражада қувонарди. Ишонарди. Бу одам аросатда қўймайди. Нима бўлганда ҳам бир тупроқнинг одами-ку! Ташлаб қўймас, ахир!..

— Ўтир манави ерга, — буюрди ўзбекчалаб бошлиқ. — Тортинма, бемалол, ўзингни эркин тут!..

— С-сиз… Ростданам ўзбекмисиз? — қувончини ичига сиғдира олмай сўрашга жазм этди Меҳмонали.

— Ҳа, ўзбекман, — жавоб қилди уни менсимайгина жавоб қилди турма бошлиғи. — Тоҳир Суюнов бўламан. Лекин бундан кейин мени «ўртоқ бошлиқ» деб чақирасан! Уқдингми?

— У-уқдим, — бош ирғади Меҳмонали ўтирган ерида. — Албатта шундай деб чақираман, ўртоқ бошлиқ!

— Баракалла. Энди мақсадга ўтамиз… Хуллас, сен Қўйсиннинг одами эканингни биламан. Қанча ўтиришинггача ҳаммаси келишилган. Аммо бу ерни турма деб қўйибди. Турманинг ўз қонунлари, сирлари, шартлари бор.

— Биламан, — деди Меҳмонали беихтиёр жиддий тортиб. — Ҳаммасини тушунтиришган.

— Унда менга қулоқ сол. Камерадагилар билан танишиб улгурдингми?

— Ҳа, танишдим.

— Савелий деган баччағар қандай одам экан? Сенга маъқул бўлдими?

— Қариями? Ҳа, яхши одамга ўхшайди. Яхши қарши олди.

— Худди ўша Савелий камерангда «смотрящий». Биласанми маънисини?

— Биламан. Жўрабоши-да бизнинг тилда!

— Ҳақсан. Савелий жўрабоши. Сен унинг нега қамалганини аниқладингми?

— Йўқ, — деди Меҳмонали турма бошлиғига ер остидан боқиб. — Ҳали улгурмадим сўрашга.

— У ярамас тўрт бегуноҳни сўйиб ташлаган. Лекин шуларнинг учтасини бўйнига олмаяпти. Терговчилар роса ҳаракат қилишди. Бироқ калаванинг учини топа олишмади.

Меҳмонали турма бошлиғининг асл муддаосини тушуна олмай, елка қисиш билан чекланди.

— Балки сен ёрдам берарсан калаванинг учини топишга-а? Қўлингдан келадими?

Меҳмонали бу саволни сира кутмаганди. Бироз довдираб қолди. Чунки йўлга чиқишидан олдин Самад турмадаги икир-чикирларни роса қулоғига қуйганди. Турма ходимларининг гапига учиб қўймасликни, аристонлар орасида гап ташувчига айланмасликни уқтирганди. Шунинг учунми, нима деб жавоб қилишни билмай гарангсиди. Аммо бошлиқ узоқ кутмайди. Индамай ўтираверса, тағин ижикилайди…

Эҳ, шу тамаки ҳиди анқиган хонасидан тезроқ даф бўла қолсайди…

— Қўлимдан келган тақдирдаям бу ишни қила олмайман, ўртоқ бошлиқ, — бу сафар дадил жавоб берди Меҳмонали. — Бунақа нарсалар менга тўғри келмайди.

— Нима? — Тоҳир бундай кескин жавобни кутмаганди. Азбаройи жаҳли чиққанидан беихтиёр ўрнидан сакраб турди-да, Меҳмоналининг тепасида ҳозир бўлди.

— Яна бир марта такрорла! Нима дединг?

— Бунақа ишларни қила олмайман, — жавобини такрорлади Меҳмонали. — Менга тўғри келмайди.

— Шунақами?..

Турма бошлиғи жаҳдини жиловлай олмай ортга тисланиб, деворни муштлади. Кейин эса илдам юриб бориб жойига чўкди.

 

* * *

 

— Вей, йигит, сен қаерда турганингни биласанми ўзи? — ўтирган еридан Меҳмоналига совуқ тикилиб сўради турма бошлиғи. — Ким билан гаплашаётганингни фаҳмлаяпсанми?

Меҳмонали индамади. Нима деб жавоб қайтаришни билмади. Билгани шу бўлдики, подполковник унинг зиммасига хавфли бир вазифани юклашни мўлжаллаяпти. Унинг қўли билан кўзлаган ниятига етиш пайига тушган.

— Сени қандай жиноят содир этганликда айблашгани равшан бўлса керак-а? — бу гал гапни узоқдан бошлади Тоҳир. — Фаросатинг етганми ўзи?

Меҳмоналига турма раҳбарининг сўнгги саволи жуда алам қилди. Агар турмадамас, кўчада кимдир шундай масхараомуз, камситиб савол берса, миясини чақиб қўярди. Бахтга қарши бу ерда миқ эта олмайди. Ҳаммасини Самад уқтириб, миясига қуйган. Нима қилса, қандай балога йўлиқиши-ю, охири нима билан тугашини тушунтирган.

— Етади, — деди мажбуран ўзини босиб Меҳмонали. — Ментни ўлдирганликда айблашган.

— Жуда соз. Энди бир саволимга жавоб бер. Камерангдагилар бундан хабардорми?

— Хабардор. Савелий амакининг ўзи айтди.

— Тўғри, гапинг рост. Аристонлар пихини ёрган одамлар. Ҳамма гапдан хабар топа олишади. Лекин Тошкентингда нима иш қилганинг, қандай қандлар еб қўйганингни билишмайди-да ўшалар! Ё тонасанми?

Меҳмонали киргандан бери бошида бўлгани каби хавотирга тушмаётганди. Турма бошлиғининг муомаласи, ҳолатга анча кўникиб қолгандек эди.

— Нима иш қилган эканман? — саволга савол билан жавоб қайтарди Меҳмонали. — Ў-ўртоқ бошлиқ… Кечирасиз-у, тушунмадим.

— Тушунаса-ан! — деди совуқ тиржайиб турма бошлиғи. — Балони тушунасан сенлар! Эндигина туғилган гўдакни ўлдириб ерга кўмганинг, фоҳишага уйланиб уйда ўтирганинг, ўша фоҳиша бировлар билан ётиб рўзғорга пул топиб келгани, сен эса ўша пуллар эвазига кайф қилиб юрганингни назарда тутдим. Ё адашдимми?

Меҳмонали бу гапларни турма раҳбаридан эшитишни сира кутмаганди.

Қотиб қолди.

Тили калимага келмай, кўзлари олма терган кўйи тиззаларигача ўзига бўйсунмай титрай бошлади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...