Қатар амири амирлик фуқароларини ёмғир сўраб дуо қилишга чақирди – ОАВ

0

Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Таний амирликнинг барча фуқароларини 14 ноябрь тонг саҳарда ёмғир ёғишини сўраб дуо қилишга чақирди. Бу ҳақда QNA агентлиги хабар бермоқда.

Октябрдан буён об-ҳаво маълумотларида ёмғир ёғиши айтилаётган бўлса-да, амирликда апрелдан бери тўлақонли ёмғир ёғгани йўқ, фақат охирги ҳафтада Қатарнинг айрим ҳудудларида ёмғир томчилаб ўтди. Пойтахт Доҳада якшанба куни атиги беш дақиқа ёмғир ёғди.

Агентликнинг хабарига кўра, амир мамлакатнинг барча қисмларидагиларни ёмғир ёғишини сўраб дуо қилишга чақирган. Унинг ўзи ҳам масжидлардан бирида халқ билан бирга ёмғир ёғишини сўрайди.

Ёмғир ёғишини сўраб қилинадиган дуо «истисқо» деб аталади, араб ҳукмдорлари ярим йилдан ортиқ вақт давомида ёғингарчилик бўлмаганида ушбу дуога мурожаат қилишади. Қатар ер юзидаги ёғингарчилик энг кам бўладиган жойлардан бири ҳисобланади, бу ерда йилига 80 миллиметрга яқин ёғингарчилик бўлади.

 

kun.uz

loading...