Самарқандда врачнинг лоқайдлиги туфайли фарзандини дунёга келтирган аёл ўлим топди…

2

 

Самарқанд суди акушер-гинеколог Ф. Одиловага нисбатан ҳукм эълон қилди. Унинг хатоси ва лоқайдлиги туфайли фарзандини дунёга келтирган аёл оламдан ўтган. Жиноятини яшириш илинжида акушер-гинеколог ҳужжатларни қалбакилаштиришга уринган.

Гап шундаки, ўтган йил 14 ноябр куни С. Савритдинова исмли аёл соғлом қизалоқни дунёга келтирган. Аммо орадан бир неча кун ўтиб аёлнинг аҳволи оғирлашган. Бунга айнан врачнинг хатоси ҳамда лоқайдлиги, масъулиятсизлиги сабаб бўлган. Ҳа, Савритдинованинг туғруқ жараёни оғир кечганди. Танасидаги тикилган ерлар чидаб бўлмас даражада оғриқ берарди. Бу ҳам етмагандек, аёлнинг иситмаси кўтарилди. Врач Савритдиновага оғриқ қолдирувчи укол қилди. Афсуски, оғриқлар пасанда бўлмади. Аҳволи тобора оғирлашиб борди. 19 ноябр куни эрталаб Савритдинованинг нафас олиши қийинлашди. Врач у кўричак бўлган деб ҳисоблади-ю, аёлни зудлик билан жонлантириш бўлимига олиб кира кетишди. Савритдинованинг яқинлари йўлакда туришганди. Аёлнинг эрига дорилар рўйхатини тутқазишди. У кўз очиб юмгунча дориларни етказди. Лекин Савритдинованинг ҳаётини сақлаб қола олишмади. У ўша куни оламдан ўтди.

Аслида бу фожиа туғруқдан кейин ривожлана борган метроэндометрит, перитонит, сепсис оқибатида юз берган экан. Агар врачлар ўз вақтида тўғри ташҳис қўйишса, тиббий ёрдам кўрсатишса, аёл яшаб қолиши мумкин эди. Хатосини кеч бўлса-да, англаб етган Ф. Одилова ҳужжатларни қалбакилаштиришга уринди. Саналарни ўзгартирди ва ҳоказо…

Суд жараёнида Ф. Одилова айбини тўлиқ бўйнига олди. Марҳуманинг қариндошларидан узр сўради. Суд Одиловани 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм этди. Одилова бундан ташқари, уч йилгача тиббиёт муассасаларида фаолият юритиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди.

 

loading...

2 ФИКРЛАР

  1. Eeee bunaqa kasbiga ma’suliyatsiz vrachlar qancha,ularni ko’zi urganib,sovuqqon bb ketgan…Oqdaryo tumanidagi tug’riqxonada vaqtida yordam kursatilmaganligi uchun men jiyanchamdan,kelinim bn ukam qizalog’idan ayrilib qoldik….qachongacha davom etadi bu xolat..

Comments are closed.