Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Тошкентга келади

0

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 29 ноябрда Тошкентда ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақадаги муаммолар муҳокамасига бағишланган норасмий саммитида иштирок этади. Бу ҳақда «Asia-Plus» нашри Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбаларига таяниб хабар қилди.

Учрашувда минтақадаги давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва ижтимоий-маданий соҳалар бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинади.

Президентлар минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, Афғонистон ҳудудида тинчлик ўрнатиш масалалари ҳақида фикр алмашади.

Хабарда минтақа етакчиларининг норасмий саммитини Тошкентда ўтказиш дастлаб 12 апрелга режалаштирилгани, лекин президентларнинг розилиги асосида ушбу сана ўзгаргани ҳам қайд этилган.

Норасмий форматда учрашувларни тез-тез ўтказиш ташаббуси 2018 йил март ойида Нур-Султон (Остона) шаҳрида ўтган биринчи саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган. Шавкат Мирзиёев ҳар йили Наврўз байрами арафасида учрашув ўтказишни таклиф қилиб, минтақа давлат раҳбарларини 2019 йилда Тошкентда ўтадиган иккинчи норасмий саммитга чақирганди.

2018 йил 15 мартда ўтказилган минтақа давлатлари етакчиларининг биринчи маслаҳатлашув учрашувида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Мажлиси раиси Акжа Нурбердиева иштирок этган.

loading...