Тожикистонда ҳарбий хизмат ёшидаги йигитлар армияга ўғирлаб олиб кетиляпти

0

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Тожикистонда чақириқ ёшидаги йигитларни армияда хизмат қилиши учун ўғрилаб кетиш ҳолатлари бўйича шикоятлар сони ортиб бормоқда.

Рудакий тумани яшовчиси Насимжон Қосимовни 9 ноябр, у 18 ёшга тўлган куни мажбуран тутиб армияга олиб кетишган. Унинг кичик укаси Наимжонга кўра эрталаб соат саккизда хонадон эшигини бузиб кирганлар шкафдаги кийимларни титиб, мебелни ағдариб ташлашган. Насимжон дераза орқали қўшниникига қочиб ўтиб, уйнинг ертўласида яширинишга улгурган. Уларнинг онаси Гулбаҳор эса бу вақтда ишда бўлган.

“Улар маҳалла вакилига уйнинг ертўласини тинтишлари кераклигини айтишди. Кейин акамни топиб, сочидан судраб олиб чиқишди. Уларнинг бири милиционер эди”, дейди йигитнинг укаси Наимжон.

Қўшниларга кўра Насимжонни ушлашганидан кейин уни деярли яланғоч қилиб ечинтириб, машинага босиб олиб кетишган. “Судраб олиб кетишди. У: “Қўйворинглар, ўзим бораман”, деб қичқирди. Аммо уни кўкраги билан ерда судраб олиб кетишди. Йўлакдан чиқмаганим учун уёғини кўрмадим”, дейди Қосимовларнинг қўшниси Меҳрангез.

Маҳалладагиларнинг айтишича, Насимжонни олиб кетиш учун маҳалла раиси ва милиция бошлиқлари келган. Уни ушлаб кетишганидан бир неча кун ўтиб, яқинларига у аллақачон армияда, чегара қўшинларида хизмат қилаётганини айтишган.

“Расмийлар уйга келиб унинг қўлига чақириқ қоғозини беришганини айтишди. Қизиқ савол туғилади. Қачон беришди? Эшикни қачон бузишди? Қачон худди бир террорчини қидиргандек уйини тинтув қилишди? Қачон уни йўлакка судраб чиқишди?” – дейди Қосимовларнинг яқинларидан Албина Сатаева.

Мутахассисларга кўра, Насимжон Қосимовнинг уйида “тинтув” ўтказганлар Жиноят кодексининг бир нечта моддаларини бузишган. “У ҳақиқатдан ҳам ҳарбий хизматга чақирилганмиди? Яъни, чақириқ ёшига етганмиди? Мен унинг паспортини кўрдим. У ерда 2001 йил 9 ноябрда туғилгани ёзилган. Ҳарбий хизматга чақириш муддати эса айнан шу куннинг эртасидан бошлаб ҳисобланиши керак. Яъни, 9 ноябрдан 10 ноябрга ўтар кечаси, тунги 12 дан кейин. Шунда бу йигит 9 ноябр куни ҳали чақириқ ёшига етмаган бўлиб чиқади. Уни ушлаб кетишганида ҳали 18 га тўлмаган эди”, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Дилшод Жўраев.

Маҳаллий ҳокимият эса ҳеч қандай қонунни бузмаганлигини айтяпти. “Ҳозирги вақт” (Настоящего Времени) нашри журналистлари маҳалла идораси ходимларини иш жойида топа олмади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра “тинтув” ҳақидаги шикоятлар бу йил аввалгига нисбатан анча ортган. “Ўтган йили 40-50% эди. Бу йил эса мурожаатларнинг 80%и ҳарбий хизматга ноқонуний чақирилиш билан боғлиқ”, дейди “Фуқаровий эркинликлар идораси” ходими Дилрабо Самадова.

Мудофаа вазирлиги “тинтув” ҳолатларини рад этади ва агар шундай иш содир бўлса, яшаш жойидаги ҳарбий хизматга чақириқ комиссиясига мурожаат қилиш кераклигини айтади. “Шикоят ва мурожаатларни ҳар бир тумандаги чақириқ комиссияси вакиллари кўриб чиқади. Ҳозирги кунда чақириқ режаси 90%га бажарилган. Бадахшон вилояти режани 10%, Душанбе эса 110% ортиғи билан бажарди. Хатлон, Сўғд вилоятлари ва республикага бўйсунувчи туманларнинг ҳар бири режани 90%га бажарди”, дейди Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Ориф Нозимов.

Sof.uz

loading...