Ҳикоя: «Портлаб кетма юрагим!»

0

Бу севги қиссасини талабалик йилларимда бир дўстим ҳикоя қилганди. Дўстимнинг айтишича, бу воқеа айнан унинг қишлоғида бўлган экан. Ҳали юрагимдан севги жой олмагани учунми, унинг ҳикоясини ишониб-ишонмай тинглагандим. Ҳатто йиллар ўтиб унутаёзгандим.

Кейинчалик юрагимдан севги жой олди. Ёр билан кечган ширин лаҳзалар кўз очиб юмгунча ўтди-кетди. Оғир айрилиқ азоби бутун вужудимни буровга олди. Шунда дўстимнинг ҳикояси ёдимга тушди ва рўй берган воқеалар кўз ўнгимда гавдаланди…

Дўстимнинг қишлоғида бир йигит-қиз бўлган экан. Улар болалигидан бирга улғайишган, бир синфда ўқишган. Йиллар ўтиб, улар ўртасидаги самимий туйғу ширин севгига айланибди. Мактабни тугатган вақтида билишса, қиз отасининг қўшни қишлоқдаги дўстининг ўғлига бешиккетти қилинган экан. Ўша давр урф-одатига кўра қизни йигитга унаштиришибди. Қиз бунга қанчалик норози бўлмасин, ота-онасининг раъйига қарши боролмабди. Йигит ҳам ўзини қафасдаги қушдай ҳар ёнга урмасин, барибир, севгилисининг тўйи бўлибди.

Қиз янги хонадонга келин бўлиб тушибди, бир йил ўтиб фарзанд кўрибди. Йигит бор дардини ичига ютибди. Шу тариқа йиллар ўтаверибди. У севгилисининг висоли қачондир насиб этишига ишониб яшабди. Бу орада севгилисининг оиласида яна фарзандлар     дунёга келибди.

Йигитни ота-онаси кўп бор уйлантиришга уриниб кўришибди, охири у ҳеч қачон уйланмаслигини айтибди ва сабабини оҳиста тушунтирибди.

Севгилисининг эри тракторчи экан. Бир кечаси пахтазорни шудгор қилаётганда ухлаб қолибди, трактори билан жарга қулабди ва уйқудалигида ҳаётдан кўз юмибди.

Бева расм-русумлар тўла бажарилгандан кейин уч боласи билан ота-онасининг уйига қайтибди. Бу вақтда йигит «кекса бўйдоқ» номини олган, лекин ота-онаси уни уйланишга даъват этишдан чарчамаган экан. Ниҳоят, йигит уйланишга розилик берибди, фақат ўша аёлга. Ота-онаси баттар куйибди, охири ноилож беванинг уйига     совчиликка борибди.

Беванинг ота-онаси ҳайратдан қотиб қолишибди. Шундай эс-ҳушли йигитга уч фарзанди бор қизини бера олмаслигини айтибди. Йигитнинг ота-онаси совчиликка боришдан чарчамабди, беванинг ота-онаси рад этишдан. Ниҳоят, қизининг кўнгил раъйига қараб, тўйга розилик беришибди.

Йигит-қизнинг самимий севгисидан хабар топган қишлоқ аҳли катта тўйда ўйнаб-кулибди. Тўй тугабди. Келин тўй либосида куёв остонасига қадам қўйибди. Шундай бахтли лаҳза келишини орзиқиб кутган йигитнинг юраги севинчдан ёрилиб кетибди…

Мен ҳам ёридан айрилган ўша йигит ҳолига тушдим. Севгилим фарзандлар кўрса ҳам ширин висолига етишишга ишониб яшаяпман. Қачондир унинг тўй либосида остонамдан кириб келишини ҳамон кутаяпман. Йиллар эса беаёв ўтиб бораяпти.

Имоним комил, менга орзиқиб кутганим ширин висол насиб этади. Севгилим кутганимдай уйимга келин либосида кириб келади. Фақат сендан илтимос қиламан юрагим, ўша бахтли лаҳзада севинчдан портлаб кетма. Узоқ йиллик айрилиқнинг оғир азобларига дош берган юрагим, илтимос, ширин висол кулиб боққанда севинчдан портлаб кетма!

Асрор МЎМИН,

шоир ва таржимон

 

loading...