КАЛЛАКЕСАР… (12-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Ҳа, қўрқиб кетдингми? — масхараомуз тиржайиш қилди Тоҳир Суюнов. — Биров билмайди, билган қандимни еб юравераман деб ўйлайсан-да-а? Тўғри, сен тарафдаги мелиса, прокурорлар билмаслиги мумкин. Чунки окахонларинг уларниям оғзини мойлаб қўйган. Уста окахонларинг бунақа ишларга. Лекин шу ердан туриб ҳам мелисаларга шипшитиб қўйиш қўлимиздан келади, қаҳрамон. Қўлимиздан ҳамма иш келади. Лекин ундай қилмайман. Биласанми нега? Сабаби шуки, анави фоҳиша билан бўлган гаплар, гўдакни подвалга кўмишингдан Савелий амакинг хабар топса, сенга етиб ортади. Ваҳ, жа-а ёмон қип ташлашади сени аристонлар. Биринчидан, гап камерангга етгани ҳамоно сени унитазнинг ёнбошига итқитишади. Худди ўша ерда бадбўй ҳидларни ҳидла-аб яшайсан. Бундан ташқари, ҳеч бир аристон сени даврага қўшмай қўяди. Худонинг берган куни аристонларнинг оёғини ювиб, пойида тиз чўкиб умр кечирасан. Керак бўлса, улар сенга орқасини ўптиради. Қани айтганини қилмай кўр-чи!..

— Ба-ас! — беихтиёр бақириб юборди Меҳмонали. — Итимос, ўртоқ бошлиқ, етади! Етади!..

— Қўрқиб кетдингми? — турма бошлиғи янада жонланиб Меҳмоналига яқин келди. — Қўрқмаганнинг жони нечтайкан!?. Хўш, тарқатаверайми ўша гапларни? Ё биз билан келишиб ишлайсанми? Ишон, агар биз берган топшириқларни уддалай билсанг, турмадаги ҳаётинг бирмунча яхшиланади. Майли, бир йил ўтиргин. Бироқ бир йил ҳам жа чўзилиб кетади турмада. Бу ер озодликмас, турма, укам, турма!..

 

ИККИЮЗЛАМАЧИ

 

* * *

 

Рози бўлишдан бошқа йўл қолмаганини Меҳмонали тушуниб етганди. Қаршисидаги захил юзли бу юртдоши айтган ишни бажармаса, ит кунига солиши муқаррарлигини сезиб турарди. Шунинг учун гапни чўзгиси келмади. Таваккал қилишни маъқул топди.

— Розиман, — деди у ер чизиб. — Фақат ўша гаплар орамизда қолсин, илтимос, ака!

— Албатта қолади, — Тоҳир кафтларини бир-бирига ишқалаганча жойига бориб ўтирди. — Мен сўз бердимми, демак, сўзимда тураман. Қани, ўтир!

Меҳмонали ортиқча қаршилик қилиб ўтирмай, турма бошлиғи кўрсатган курсига чўкди.

— Савелийни шундай гапга тутасанки, — уқтиришга тушди у. — Ўзиям билмай қолсин тилидан илинганини! Шу баччағарни деб неча марта терговчи алмаштирилди. Барибир бўйнига олмаяпти.

— Мен… Ҳаракат қиламан, — деди Меҳмонали асабий лаб тишлаб. — Ҳаракат қип кўраман!

Турма бошлиғи нимадир ёдига тушгандек даст ўрнидан турди-да, орқароқда турган темир сандиқни очиб ичидан диктофонни олиб Меҳмоналига узатди.

— Манавиндан фойдаланишни биласанми?

— Биламан, — деди Меҳмонали диктофонни қўлига оларкан. — Ўзимникиям бориди, кимгадир беровдим, қайтармаган.

— Унда жуда усталик билан иш тут. Камерага кирмасингдан олдин диктофонни ёққин-да, киссага жойлавол. Камерадагиларга умуман кўрсатма. Кўриб қолишса, каллангминан жавоб берасан. Уқдингми?

Меҳмонали сўзсиз бош ирғаб турма бошлиғининг саволига жавоб қайтарди.

— Баракалла, — деди у Меҳмоналининг елкасига қоқиб. — Савелийни илинтириб бер қармоққа! Ишни қойиллатсанг, кейинги ҳаётингни ўйлаб кўрамиз. Балки… Қайсидир яхшироқ камерага ўтказармиз… Хуллас, кўнглинг тўқ бўлсин! Энди бор! Омадингни берсин, ҳамшаҳар!

 

* * *

 

Меҳмонали ҳам анойи эмас. Турмадаги бу тахлит ишлар, гап-сўзлар ҳақида кўп эшитган. Чув тушиб қолганлар, сирли ишини сездириб қўйиб аристонларнинг ғазабига учраганлар ҳақида ҳам гапириб беришган. Самад ҳам турма сирларини шипшитаётиб, айни «стукач»лик масаласида ҳам айтиб огоҳлантирганди. «Стукач», яъни, тўпоричасига айтганда, иккиюзламачилар ҳеч қачон жиноят олами вакиллари орасида ҳурмат топа олмаслигини гапирганди…

Шундай хаёллар исканжасида камерасига етиб келди. Соқчи шоша-пиша камера эшигини очди-да, совуққон ва зардали оҳангда буюрди:

— Кир!..

Меҳмонали киришдан олдин эпчиллик билан диктофонни ёқди-да, киссасига қайта жойлади. Шундан кейингина буйруқни адо этди…

Камерадошлари уни кўргач, биринчи галдагидек қизиқиш билан боқишмади. Савелий амаки ҳам каравотида қандай чўзилиб ётган бўлса, шундайлигича ётаверди. Фақат бир-икки томоқ қириб олди холос.

Ишни тезлаштириш лозим эди. Турма бошлиғи кечки йўқламадан кейин яна чақиртиришини айтган. Шошилмаса, улгурмайди. Улгурмаса, турма бошлиғи шубҳалана бошлайди. Ими-жимида аристонлар билиши керак бўлмаган гапларни тарқатиш пайида бўлади. Шуларни ўйлаб каравотига чўкди. Аммо илкис яна ўрнидан қўзғалди. Гўё асабийлаша бошлаган бўлиб, бир неча маротаба камеранинг уёғидан буёғига бориб келди.

Аристонлар ҳайрон бўлишмасди. Унга ётган ерларида ҳиссиз қарашарди. Меҳмонали пайқаган бўлса-да, тусини ўзгартирмасдан, эшитилар-эшитилмас сўкинди.

— Итдан тарқаган мент! Ифлос! Мени ким деб ўйлаяпти ўзи булар? Аниқлаб бўпсан! Ҳаётда айтмайман сен кутган гапни! Ҳе энангни!..

Ана шу сўкинишлари иш бера бошлагандек бўлди. Савелий амаки даст ўрнидан турди-ю, бир муддат Меҳмоналига сирли нигоҳларини қадаган кўйи сукут сақлади. Сўнгра каравотдан пастга тушиб унга яқин келди.

— Нима бўлди, Меҳмон? Нега асабийсан? Нима гап ўтди?

Меҳмонали қарияга таъсирини ўтказа олганидан қувониб баттар жиғибийрон бўла бошлади.

— Э, анави турма бошлиғини сўкяпман, — деди у муштларини тугиб. — Бўйнимга яна бир қотилликни илишга чоғланибди хунаса!

— Ие, — ҳайрон бўлиб унга қаттиқроқ тикилиб қаради Савелий амаки. — Нега унақа қилади у ҳароми? Турма бошлиғининг терговга аралашишга ҳақи йўқ-ку! Айтмадингми шуни?

— Терговчи ёнидайди, — деди Меҳмонали ўзини баттар аламзадаликка солиб. — Икковлашиб қонимни ичишди. Икки соат ичида яна чақиришаркан. Агар бўйнимга олмасам, умримни карцерда чиритаркан.

Савелий амаки камерадаги бошқа маҳбусларга бир-бир қараб олди-да, стол тарафга ишора қилди.

— Очиғи, ўғлим, баччағар турма бошлиғи зиёфатнинг белига тепди. Келинглар, биргаликда зиёфатимизни охирига етказиб қўяйлик!..

Аристонлар дарров стол қаршисида ҳозир бўлишди. Кимдир кўрпа остига беркитилган бир шиша ичкиликни келтириб стол устига қўйди. Яна кимдир газак учун қора нон келтирди.

Шу кўйи улар ярим соатча ўтиришди. Ичкиликнинг кўпроқ қисми Меҳмонали ва Савелий амакига берилгани сабабми, уларнинг кайфи ошиб, янада ёзила бошлашди.

— Юр, сен билан энди нарироқда суҳбатни давом эттирамиз, — дея ўрнидан қўзғалди Савелий амаки. — Сен Меҳмон, жа шинаванда суҳбатдош чиқиб қолдинг. Сендақаларни ҳурмат қиламан, ҳа!

Меҳмоналига айни шу керак эди. Бориб Савелий амакининг рўпарасидаги каравотга чўкди.

— Менга ишонасан-а? — сўради Савелий амаки шивирлаб. — Гапир, қаҳрамон, ишонасанми менга?

— Албатта ишонаман, — деди кулимсираб Меҳмонали. — Биринчи кўришдаёқ ажойиб инсон эканингизни илғаганман.

— Баракалла. Хўш, унда терговчига айтмаганларингни менга айт! Аслида ўша бўйнингга қўймоқчи бўлишаётган иккинчи қотилликкаям қўл урганмидинг? Ё ҳақиқатан…

Меҳмонали суҳбат худди ўзи хоҳлагандек авж паллага кира бошлаганидан терисига сиғмас даражада севиниб, Савелий амакининг қулоғига шивирлади.

— Ростини айтсам, улар ҳақ. Мен бирмас, икки ментни тинчитганман. Фақат иккинчисини дарёга улоқтиришга улгуровдим. Шунинг учун дарров аниқлаша олмай қолишган. Энди эса кимдир жасадни дарёдан топиб олган бўлса, суриштириб менгача етишибди-да қизиғарлар!

— Яшавор шоввоз, — дея унинг елкасига шапатилади Савелий амаки. — Боплабсан! Сенга ҳурматим янаям ошди. Аслида-чи… Менам сендан баттар аҳволдаман.

— Нега? — худди қизиқсинган каби қарияга қаттиқ тикилди Меҳмонали. — Тинчликми?

— Э, мана шу ментларнинг дастидан бўларим бўлади шекилли. Уч мурдани бўйнимга юклашмоқчи. Тўғри, аслида шундай. Учтасини тинчитганман. Лекин фақат биттасини бўйнимга олдим. Қолганидан тониб турибман. Шунинг учунам СИЗО да ушлаб туришибди. Йўқса, аллақачон зонага жўнатган бўлишарди.

— Нима, сизам менга ўхшаб уларни дарёга улоқтирганмисиз? — сўради Меҳмонали иш силлиқ битаётганидан қувониб. — Ё ёқворганмисиз?

— Ростини айтайми?

— Айтинг, айтинг. Жуда қизиқиб кетяпман.

— Унда шу гап шу ерда қолсин, — деди Савелий амаки стол атрофида ўтирганча қартабозлик қилаётган аристонларга маъноли кўз ташлаб олгач. — Агар буни эшитиб қолса, ментлар мени замбаракнинг оғзига бойлаб отади.

— Биласиз-ку, мен сир сақлай оламан, амаки, — деди Меҳмонали жиддийлашиб. — Менга ишонаверсангиз бўлади. Братваларни сотиш йўқ. Сотгандан кўра ўзимни осганим маъқул…

— Биласанми, мен икки маразнинг мурдасини майдалаб то қўлга тушгунимча пишириб еганман, — шивирлади совуқ кулимсираб Савелий амаки. — Аламдан шундай қилганман. Худонинг ғазабига учрашниям ўйлаб ўтирмаганман.

— Йўғ-э, — кутилмаган гапдан Меҳмоналининг иккала кўзи ҳам чақчайганча жуссасини орқага ташлади. — Ахир… Бу…

Савелий амаки икки қўлини Меҳмоналининг елкасига ташлаб, норози бош чайқади.

— Зинҳор чунқингни чиқара кўрма! Худо кўрсатмасин, агар бу гаплар ментларнинг қулоғига етса, биринчи навбатда сен ғазабимга учрайсан. Уқдингми, бола?..

— Уқдим, — дея асабий лаб тишлади Меҳмонали. — Сизнинг дардингиз меникидан минг баробар оғирроқ экан. Ишонинг, кар-соқовман!

Савелий амаки бир муддат сукут сақлаган кўйи Меҳмоналига тикилиб турди-да, аста ўрнидан қўзғалди.

 

* * *

 

Ҳали стол атрофида қартабозлик қилаётган аристонларнинг ёнига ўтириб улгурмаганди. Камера эшиги шарақлаб очилиб, таниш назоратчи кирди.

— Сен қўлингни орқага қилиб олдимга туш, — буюрди Меҳмоналига. — Тез бўл, турма бошлиғи кутяпти сени!..

Меҳмонали ортиқча савол бериб ўтирмади. Итоат билан икки қўлини орқага қилганча назоратчига эргашди.

Камерадан чиқиши билан яна таниш буйруқ қулоқлари остида жаранглади.

— Деворга ўгирил! Қимирлама!..

Турма бошлиғи ёлғиз эмасди. Қаршисидаги курсида тахминан қирқ ёшдаги калбош эркак ўтирар, улар нималар ҳақидадир астойдил баҳслашишарди.

Турма бошлиғи ҳануз остонада тек қотганча буйруқ кутаётган Меҳмоналига совуқ боқди-да, қаршисидаги эркакка сўз қотди.

— Мана, бўлғуси мижозингиз етиб келди, — деди у масхараомуз тиржайиш қилиб. — Шу ерда гаплашаверасизми, ё тергов хонасига чиқасизларми?

— Тоҳир, олдин биргаликда ўша сиз айтган диктофондагини тинглаб кўрайлик-чи, — жавоб қилди эркак. — Сиздан яширадиган сиримиз бўлмаса, нима қиламиз тергов хонасида? Нима дейсиз?

— Гап йўқ, — деди турма бошлиғи. — Қани, маҳбус, манави курсига ўтир! Бу киши терговчи Евгений Морозов бўлади. Сени тергов қилади. Қани, диктофонни бер!

Меҳмонали индамай кўрсатилган курсига чўкди-да, киссасидаги диктофонни олиб турма бошлиғига узатди.

— Эплай олдингми ишқилиб? — кулги аралаш сўради турма бошлиғи. — Ё шу ишниям уддалай олмадингми?

— Начальник, эшитиб кўрсангиз ҳаммаси равшан бўлади, — турма бошлиғининг муомаласи ёқмай, худди у каби совуққонлик билан жавоб берди Меҳмонали. — Ҳаммаси ёзилган.

Тоҳир Суюнов диктофонни ёқди-да, стол устига қўйди. Ундан Савелий ва Меҳмонали орасида бўлиб ўтган суҳбат янграй бошлади.

Турма бошлиғи ва терговчи берилиб тинглашар, Тоҳир Суюнов ора-орада Меҳмоналига ер остидан разм солиб лаб тишлаб оларди.

Суҳбат якун топгач, турма бошлиғининг ҳам, терговчининг ҳам ранги ўзгарди. Улар баравар Меҳмоналига еб қўйгудек боққанча бир муддат сукутга толишди.

Орадаги сукунатни эса Тоҳир Суюнов бузди.

— Ҳали сен шунақа ишбилги қотилмисан? — у даст ўрнидан турди-да, Меҳмоналининг тепасида ҳозир бўлди турма бошлиғи. — Ҳали бизни, милицияни, прокуратурани лақиллатиб юрганмидинг? Шу йўл билан жазодан қочишни ният қилганмидинг?

— М-мен… Нима қилдим? — вазият бу даражада қалтис тус олишини кутмаган Меҳмонали кўзлари чақчайганча бир Тоҳир Суюновга, бир Евгенийга жавдиради. — Мен… Ахир…

— Ўчир чакагингни! — бақирди Тоҳир Суюнов. — Бизнинг турмада бунақа номерларинг ўтмайди. Мана, Евгений худди шу масалада тергов қилишни мўлжаллаб келганди. Муаммони ўзинг ечиб бердинг. Нима дейсиз, Женя?

Терговчи истар-истамас, ўрнидан қўзғалди-ю, икки қўлини белига тираганча Меҳмоналига тикилиб қолди.

— Ҳа-а, бу йигитнинг иши биз ўйлаганданам чалкашга ўхшайди, — деди ниҳоят беихтиёр сергак тортиб. — Бу ишни шундай қолдириб бўлмайди. Тез баённома тузишим керак, Тоҳир!

— Марҳамат, — деди турма бошлиғи елка қисиб. — Бемалол тузаверинг баённомани! Кабинет сизнинг ихтиёрингизда! Мен… Нима қилай? Чиқишим керакми ё…

— Ишингиз бўлса қаршилигим йўқ. Бўлмаса, менга халал бермайсиз. Аксинча, сиз шу ерда бўлсангиз, бизга далда бўлади… Айтганча, бу маҳбуснинг тақдири нима бўлади энди?

— Карцерда ўтиради маълум муддат, — деди Тоҳир Суюнов. — Ўша ерда адабини берамиз бошланишига.

— Қарши эмасман!.. Хўп, унда бошлайверайлик-а суҳбатни!

— Албатта.

Евгений қўлига оппоқ қоғоз ва ручка олди-да, нималарнидир ёза-ёза, охири Меҳмоналини саволга тутишни бошлади.

Аммо терговчи ниятига ета олмади. Чунки Меҳмонали ҳаммасини англаб етганди. Турма бошлиғининг ўйинлари-ю, уни чув тушириш мақсадида бошлаган иши ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлиб улгурганди. Шунинг учун аввалига индамади. Терговчининг саволларидан қотилликларни фақат у содир этгани англашилгач, ортиқ тек ўтиришни хоҳламади.

— Ўртоқ турма бошлиғи, — деди у терговчи йўллаган навбатдаги саволни ҳам жавобсиз қолдириб. — Қўйсин ака бундай нарсалар ҳақида гапирмаганди. Сиз билан келишганини айтганди. Мен ахир…

— Ҳа, сен ахир, — жеркиб берди уни турма бошлиғи. — Ўзингча бойиб кетдингми? Шу сабабли терговчини писанд қилмаяпсанми? Ўша Қўйсин аканг сени алдаганини биласанми ўзи? Вей, бола, сен турмадасан! Бу ерда пул, келишув, қонунбузарликлар ўтмайди. Қолаверса, ўша Қўйсин аканг берган пулларни Самад деганлари аллақачон ўзлаштириб, сарфлаб бўлган. Сен қуруқ қолдинг. Гўллигинг, омилигинг учун ҳозир қип-қизил жиноятчига айландинг.

— Бўлиши мумкинмас, — деди Меҳмонали гезариб. — Самад ака унақанги одаммас!..

Шу орада терговчи қоғоз-қаламини қайтадан жилдига жойлади-да, қовоқ уйган кўйи ўрнидан турди.

— Эртага бу аристонингизни жавоб беришга тахт қилиб қўярсиз, — деди у хонадан чиқишга чоғланиб. — Агар эртагаям ҳозиргидай ҳунар кўрсатса, диктофондаги далил асосида ишни ёпиб судга ошираман.

— Хўп бўлади, Женя, — дея даст ўрнидан турди турма бошлиғи. — Эртага тайёр туради. Акси бўлса, ўзидан ўпкаласин?..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...