«Ношуд эрим туфайли турмушимиз пароканда»

0
Unhappy couple sitting on couch silently after argument, Image: 163825115, License: Royalty-free, Restrictions: , Model Release: yes, Credit line: Profimedia, CandyBox

— Вақт ўтгани сари ҳаёт синовлардан иборат эканини тушуниб боряпман. Турмушимдаги дардлар, ғуссали кунлар гўё ҳеч тугамайдигандай назаримда! Қизлик давримни, ташвишсиз юрганларимни жуда соғиндим. Ўша ўз шаҳзодамни кутиб, умидларга берилиб юрган дамларимни қумсайман. Гапни қандай бошлашни ҳам билмайман. Ичимдагилар шунчалик тўлиб кетганки…

Айни дамда эрим билан муносабатларимиз жуда ёмон. Ўртамизда қандайдир илиқлик пайдо бўлишига заррача умидим ҳам қолмаган. Биламан, ҳамма эр-хотинлар ҳам бир-бирини севиб-севилиб яшаётгани йўқ. Бироқ уларда жилла қурса, ўзаро ҳурмат, масъулият ҳисси, ўрганиш деган нарсалар бор. Менинг турмушимда эса фақат саҳродай чексизлик. Мен бу чексизлик ичра тобора қақшаб, ҳолсизланиб қоляпман…

Эрим мен тугул болаларига ҳам эътибор беришни истамайди. Кўп аёллар «Ҳеч бўлмаса болаларини яхши кўради-ку, шулар учун яшайман-да»,     дейишади. Мен нима дей?..  Учинчи фарзандимни дунёга келтирганимдан сўнг менга қаердандир қандли диабет касаллиги ёпишди. Эримга дардимни айтиб йиғласам, парвойига ҳам илгани йўқ. Ушбу касаллик туфайли танамдаги ҳар қандай хасталик осонликча чиқиб кетмайди. Оддий бир шамоллашни ҳам иммун тизимим пастлиги сабаб жуда қийинчилик билан ўтқазаман. Шундоқ ҳам еб-ичишим, кийинишимга пул ажратаётган бечора ота-онам, акаларим энди дори билан ҳам таъминлашяпти.

— Мен хотинингизман, нима учун эҳтиёжларимни ҳалигача ота-онам қоплаши керак? Нима учун бунчалик тош юраксиз?!

— Менинг сендан бошқа ва муҳим харажатларим бор, касал бўлавериб жонимга тегдинг!

Эримнинг шу каби гаплари кўнглимга қанчалар азоб бермасин, тишимни тишимга қўйишга мажбур бўляпман. Нима учун оналар қизларини яхши келин бўлишга, яхши рафиқа бўлишга тайёрлашади-ю, ўғилларини оила масъулияти билан таништиришмайди?! Эримда ана шу масъулиятни шакллантириш учун қандай йўл тутишни билмай сарсонман. Болаларимнинг қишлик кийимлари, еб-ичишлари билан умуман иши йўқ. Ўйлаб ўйимга етолмайман, инсон шу қадар ҳам эътиборсиз, лоқайд ва бемеҳр бўлиши мумкинми?! Эрим ярим кечагача аллақандай компьютерхоналарда ўтиради. Хавотир олиб ёки бирор нарса сабаб қўнғироқ қилсам, ёш боладай «Сени деб ютқаздим, нима дейсан?» дейиши миямни тешиб юборай дейди. Чиндан ҳам ақл ёшда эмас, бошда экан. Ўттиз уч ёшга кирган эримнинг оилага бош эмаслиги, турмуш ташвишларига пинагини ҳам бузмаслиги қанчалар аянчли. Мен бу алфозда ортиқ давом эта олмаслигини ҳам айтдим.

— Ўзи ота-онанг бошқаларнинг қайнота-қайнонасига ўхшаб бизга ёрдам қилай демайди-да, тағин сени ажрашиш учун гижгижлашади. Аввал менга иш топиб беришсин, ишлайман!..

Дадам иш ҳам топиб берди. Лекин ношуд эрим у ердан ҳам мингта баҳона топиб, бўшади, ҳозир яна уйда, ишсиз, пулсиз…  Мен эса ўзимни ўққа-чўққа уриб, оила боқиш дардида бозорга чиқайми, деб турибман. Аммо соғлиғим…  Айтинг-чи, мана шундай вазиятда ҳам оилам деб ҳаммасига чидашим керакми? Бундай инсон билан оила мустаҳкам ва бахтли бўлиши мумкинми? Мана шундай инсон билан бутун умр яшашни ўйласам, юрагим сиқилиб кетади. Маслаҳат беринг, эримни қандай одам қилишим мумкин ёки кеч бўлмасдан ҳаммасини тўхтатишим керакми?!

Оиласига меҳрибон, уйига рўзғор учун харажат қилиб келаётган, болаларини боғчага, мактабга, паркка ёки шифокорга ўзи олиб чиқаётган оталарни кўрсам ҳавасим келади, энтикиб кетаман. Менинг турмуш ўртоғим ҳам қачондир оиласига ғамхўр ота, келажагимиз учун қайғурадиган эр бўлармикин, билмайман?..

САДОҚАТ

loading...