Даврон Файзиев: «Иккинчи ўрин биз учун вариант эмас»

0

ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги Ўзбекистон – Саудия Арабистони баҳсидан (2:3) кейин таниқли спорт журналисти Даврон Файзиев telegram’даги саҳифаси орқали ушбу ўйин натижасига ўз муносабатини билдирди.

“Кеча ютқаздик. Буни қабул қилиш ва айниқса тушуниш қийин бўляпти. Чунки 94 дақиқа давомида устунлик билан ўйнаган ҳолда ютқаздик. Арабларнинг 3 чи голида жиддий хато қилдик. Қолган вазиятлар учун жамоага эътироз билдириб бўлмайди. Прессинг, комбинациялар, яккакурашлар, темп… бор эди ҳаммаси. Интернетдаги фикрлар ва стадионни тарк этаётган мухлислар гапларидан ҳам шу хулоса тасдиғини топди. “Шундай ўйинда қанақасига ютқаздик”, асосан шу мазмундаги фикрлар. Абрамов бунга – эмоциялар устун келиб охирги дақиқаларда битта тўп фарқи билан ютаётган жойимизда хужумга югуриш асосий сабаб, деб изоҳ берди. Тўғри, лекин вақт ўтиб ҳимоя тартибга келиб, хатолар камайгач шу хужумкор услуб билангина Корея, Япония, Эронларга бас келиш мумкин. Кейинги босқичда ўйнасак асосий вазифа шу темпни сақлаб қолиб, гол ўтказишни камайтириш. Шуни ҳал қилишимиз керак. Эрве Ренар ўйин тугагач бизнинг мураббий ёнига алоҳида келиб “Жамоанг шунчаки дахшат!”, деб кетди. Нима бўлганда ҳам шу куни жамоани қўллаб-қувватлаган, трибуналарни тўлдирган минглаб ва экран қаршисидаги миллионлаб мухлисларга раҳмат айтиш керак, афсуски байрам тақдим этолмадик. Биринчи давра тугади, олдинда 4 та учрашув. 4 кундан кейин Фаластинни қабул қиламиз ва агар ютсак гуруҳда биринчи ўринга қайтамиз, баҳоргача. Шунда Саудия Арабистонини меҳмонда ютиш мажбурияти қолади. Бошқа йўл йўқ. Иккинчи ўрин биз учун вариант эмас”, деб ёзган Даврон Файзиев.

loading...