Ҳаммабоп тест: «СИЗ ҲАР ҚАНДАЙ ШАРОИТГА КЎНИКА ОЛАСИЗМИ?..»

0

 

 

Қайси касбда бўлишингиздан қатъи назар, шароитларга кўникишингиз, ҳар қандай одам билан тиллашиб кета олишингиз биринчи ўринни эгаллайди. Ушбу тест ўзингизни текшириб олишингизда кўмак беради. Саволларга «ҳа», «баъзида», «йўқ» дея жавоб беринг.

1. Сизни нозик учрашув кутяпти. Ҳаяжонга тушасизми?

2. Ўзингизни буткул ёмон ҳис қилмай туриб врачга борасизми?

3. Кўпчилик қаршисида, катта тадбирларда сўзга чиқишга қийналасизми?

4. Сизга ҳеч қачон бормаган манзилга сафарга жўнатишяпти. Бормаслик учун баҳона қидирган бўлармидингиз?

5. Ким биландир дардлашишни ёқтирасизми?

6. Кўчада нотаниш кимса сизни саволларга кўмиб ташласа, ниманидир илтимос қилса, жаҳлингиз чиқадими?

7. Ота ва фарзанд ўртасида муаммолар кўплигига, икки авлод бир-бирини тушуна олмайди деган фикрга қўшиласизми?

8. Агар танишингиз сиздан бир неча ой олдин қарз олган бўлса, унга эслатиб қўйишга уялган бўлармидингиз?

9. Ошхонада, ресторанда сизга сифатсиз овқат беришди. Жимгина кетаверасизми?

10. Нотаниш инсон билан учрашдингиз. У биринчи бўлиб сўз бошламагунча индамай тураверасизми?

11. Дўкондан нимадир харид қилишга бордингиз. Узундан-узун навбат. Хариддан ҳам воз кечиб кетармидингиз?

12. Жанжаллли масалаларни кўриб чиқадиган комиссия таркибида бўлишдан қўрқасизми?

13. Адабиёт, санъат ва маданиятга нисбатан мустақил танқидий фикр билдира оласизми?

14. Қайсидир масалада нотўғри фикр билдиришди. Баҳсга киришмай сукут сақлашни афзал деб биласизми?

15. Ишингиздан кимдир камчилик топса, энсангиз қотадими?

16. Ўз нуқтаи назарингизни ишхонада оғзакидан кўра ёзма баён этишни маъқул кўрасизми?

 

НАТИЖАЛАР:

 

Ўзингизга ҳар бир «ҳа» жавоби учун 2 балл, «баъзида» жавоби учун 1 балл, «йўқ» жавоби учун 0 баллдан қўйинг.

 

30-32 балл.

 

Сиз, афсуски, ҳар қандай шароитга осонгина кўникиб кета олмайсиз. Шунинг орқасидан нафақат ўзингиз, яқинларингиз ҳам азобланишади. Сизга ҳар қандай ишни ҳам ишониб топшириб бўлмайди.

 

25-29 балл.

 

Индамас, камгап, ёлғизликни хуш кўрадиган одамсиз. Янги иш, янги танишувлар ҳамиша сизни даҳшатга солади. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз ва ўзингиздан кўнглннгиз тўлмайди. Бошқалар сингари ҳаётда фаол бўлишни хоҳлайсиз-у, уддалай олмайсиз.

 

19-24 балл.

 

Сиз жуда киришимли одамсиз ва нотаниш муҳитда ҳам ўзингизни яхши ҳис этасиз. Муаммолардан қўрқмайсиз. Фақат кўп ишларингиз талаб даражасида эмас. Буни тузатса бўлади.

 

14-18 балл.

 

Қизиқувчансиз. Ўзгалар сўзини сабр билан тинглашга одатлангансиз. Фикрингизни ҳам босиқлик билан тушунтириб бера биласиз. Фақат шовқинли давраларни ёқтирмайсиз. Бундай давралардан доимо нари юришга интиласиз.

 

9-13 балл.

 

Муомалани жойига қўясиз. Бу меъёридан ортиқ дейиш мумкин. Турли мавзуларда баҳслашишни жондан ортиқ кўрасиз. Шундай пайтлар бўладики, бу одатингиз ўзгаларнинг энсасини ҳам қотиради. Барчанинг эътиборида бўлишни истайсиз. Ҳеч кимнинг илтимосини ерда қолдирмайсиз. Бироқ барча илтимосларни ҳам бажаравермайсиз. Баъзида жаҳл отига минасиз-у, тез ўзингизга келасиз. Фақат жиддий муаммолар туғилса, жасурлик етишмайди. Сабр деган тушунча сизга сал бегонароқ.

 

4-8 балл.

 

Ҳар доим ҳар бир ишдан, воқеа-ҳодисадан хабардорсиз. Баҳсларда, тортишувларда иштирок қилишни ёқтирасиз. Ҳар қандай оғир ишга ҳам сира чўчимай қўл урасиз. Лекин ҳамма ишни ҳам қойиллатиб қўя олмайсиз. Шу сабабли раҳбарлар сизга жиддий ишларни ишониб топширишга шошилишмайди.

 

0-3 балл.

 

Сиз ҳаддан зиёд кўп гапирасиз, билган-билмаган ишингизга аралашаверасиз. Ўзингизча қаёқдаги муамоларни ҳам ҳал этмоқчи бўласиз. Кўпинча жанжалларнинг бош сабабчисига айланиб қоласиз. Сизни хафа қилиш ҳам осон. Умуман, ҳаётда сиз билан ишлаш ҳам, яшаш ҳам жуда мушкул. Саломатлигингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Бу одат саломатликка салбий таъсир этмай қолмайди.

БЕҲРУЗ тайёрлади

 

loading...