КАЛЛАКЕСАР… (14-қисм)

0

 

 

«ЖИҲОД» ДАРСИ»

 

* * *

 

Ниҳоят кеч ҳам тушди. Муҳаммад Саййидни кундузи назоратчилар олиб чиқиб кетиб, қош қорайганда олиб келишди. Меҳмонали ётган ерида унга зимдан тикилиб қаради. Сочини калга олдирибди. Қизғиш соқол ва калланган боши Муҳаммад Саййидга от ҳуркар даражада хунук савлат бағишлаганди.

Нигоҳларига боқди. Бу нигоҳларда ҳеч қандай ҳис-туйғу кўзга ташланмасди. Улар жуда совуққон ва аламли эди.

— Ҳа, қаҳрамон, — дея Меҳмоналининг тепасига келди Муҳаммад Саййид. — Яна рангинг оқарибдими? Намунча бўш-баёв бўлмасанг? Эркак киши деган сал ўзини қўлга олади-да! Бир умр шу дорига қул бўлиб ўтмайсан-ку, хумпар!..

— Балки қул бўлиб ўтарман, сизга нима?!. — тўнғиллади Меҳмонали. — Менга барибир. Ўламанми, қоламанми, қизиғи қолмаган.

— Бу яхши, — деди Муҳаммад Саййид бетон супачага чўкаркан. — Қара, мана шу ер карцер дейилади. Сенам худди менга ўхшаб биринчи кирганингда даҳшатга тушгандинг. Тўғрими?

— Хўш, кейин-чи?

— Кейин кўникдинг. Менам шундай бўлганман. Олдинига алам қилган, кейин кўникканман. Ҳақ йўлни танлаганлар, жиҳодга умрини бағишлаганларга карцерлари нима бўпти. Бу қизиғарлар бизларни карцер билан қўрқитиб олмоқчи бўлишади. Қўрқитиб бўпти! Ҳали шошмай туришсин, биз сен билан уларнинг кулини кўкка совурамиз! Айтганча…

Муҳаммад Саййид нимадир ёдига ттушган каби илкис ўрнидан турди.

— Савелий масаласини унутганинг йўқми?

— Йўқ, — деди Меҳмонали ҳам ўрнидан қўзғалиб. — Жиҳодни динсиздан бошлашим менга жуда маъқул бўлди. Ҳали қараб туришсин, ундайларнинг додини бераман. Қираман, ёқаман, балчиққа бўктираман!..

— Лекин бир нарсани билиб қўй, — деди Муҳаммад Саййид. — Савелийни мана шу карцернинг ўзида тинчитасан.

— Нима? Шу ерда-я? Ахир…

— Ҳа, нега ҳайрон бўляпсан? Ё мени алдашни мўлжаллаганмидинг?

— Бу нима деганингиз? — Меҳмонали жаҳлини тия олмай, Муҳаммад Саййидга совуқ тикилди. — Ким сизга шундай деди? Ўйлаб гапиринг, оға! Мен шунчаки ҳайрон бўлдим холос. Ҳар ҳолда бу ер хавфли. Чунки йўлакдан кўп одам ўтади. Шунинг учун…

— Биламан, — деди Муҳаммад Саййид ҳануз Меҳмоналига сирли боқишда давом этаркан. — Аммо сен буниям тадоригини кўришинг керак. Бугун қиладиган ишинг имтиҳон деб ҳисобла. Мен сендан ҳақиқий жиҳодчи чиқишига амин бўлишим керак.

— Ишонмасангиз ўзингиз биласиз, — қўл силтаб қўйди Меҳмонали. — Менга кимни қаерда ўлдиришнинг фарқи йўқ. Лекин барибир пана-пастқам, гувоҳсиз жой бўлса яхшийди. Буни менсизам ўзингиз яхши билишингиз керак.

— Майли, ўйлаб кўраман. Фақат сен манави дорининг қулига айланиб қолма. Буни сенга дўст сифатида гапиряпман. Биласанми нима қилишинг керак?

— Хўш, нима қилишим керак?

— Бизни нега жангарилар деб аташлари сабабини биласанми?

— Йўқ, — деди Меҳмонали ҳайрати ортиб. — Илгари бундай одамларга ишим тушмаган. Ўзингиз айта қолинг.

— Унда эшит. Бизни жангари дейишларига биринчи сабаб шуки, биз ўлимдан қўрқмаймиз. Иккинчидан, жанг санъатини пухта эгаллаганмиз. Бунданам зўрроқ сабаб бор. У одам қонини ичиш.

— Нима? — Меҳмонали бу гапни эшитибоқ даст ўрнидан туриб кетди. — Қ-қанақасига? Одамнинг…

— Ҳа, қўрқиб кетдингми? — совуқ тиржайиш қилди Муҳаммад Саййид. — Тан ол, қўрқиб кетдинг-а?

— Қўрқмадим, — деди дарров ўзини қўлга олиб Меҳмонали. — Кутмагандим холос. Ахир… Одам бўла туриб одамнинг қонини ичиш… Ҳар ҳолда…

— Ҳамма гап шунда, — давом этди Муҳаммад Саййид. — Одам қонини ичсанг, кучингга куч қўшилади. Унинг хумори-чи, манави доридан ўн баробар кучли. Худди ўша сени жангга ундаб туради. Душманларни ўлдираётганингдаям, ўзинг жон бераётганингдаям бир тукинг қилт этмайди. Ана шунда ҳақиқий жангари, жиҳодчига айланасан.

— Тушундим, — деди Меҳмонали қовоқ уйиб. — Менам одам қонини ичишим керак экан-да унда? Тўғрими?

— Ҳа, сен Савелийнинг қонини ичасан. Бу жиҳодга, жангариликка илк қадаминг бўлади. Ундан кейинги ишларни йўл-йўлакай гаплашаверамиз.

Меҳмонали суҳбатдошининг сўнгги гапларидан негадир энсаси қотган каби қовоқ уйиб юзини терс бурди.

 

ҚОНХЎР

* * *

 

Меҳмонали шу кўйи бетон супача устида чалқанча ётганча ўйга толди. Кўз ўнгида Барнонинг чеҳраси намоён бўлди. Шу баҳона қишлоқ кўчаларини тасаввур қилди. Лойқа сувга тўлиб оқувчи Бачқирариқ бўйида ўтириб Барно билан суҳбатлашганлари хаёлида гавдаланиб, кўнглини ғашлик ҳисси чулғади. Айниқса, тоғаси Обид сувчининг маст-аласт унга хезланганлари, уйдан ҳайдаб солган кундаги ҳақоратлари эсига тушгани сайин беихтиёр муштлари тугилди. Аъзойи баданини ғазаб эгаллади.

«Уларнинг ўчини ҳам Савелий кофирдан оламан, — ўйларди у кўзларини юмганча. — Бу дунёда меҳр-оқибат қолмабди. Муҳаммад Саййиднинг гаплари тўғри. У ҳақ. Ўша Обид ҳам кофирдан баттар иш қилди. Туғишган жиянини аямади. Хотинини қайириб ташламади. Бунинг ўрнига мени олдига солиб қувди. Бир марта бўлсин оқибат қилмади. Демак, ундайларниям ўлдириб, қонини ичиш керак. Шунда тинчланади одам. Хотиржам тортади. Ҳа, ўлдираман! Кофирларни, кофирликка мойил кимсаларни аяб ўтирмайман. Шундай қиламанки, қийналиб-қийналиб ўлади. Падарига лаънат бу дунёсининг!..»

Орадан икки-икки ярим соатча вақт ўтгач, Муҳаммад Саййид хаёлини бўлди.

— Тур, вақт бўлди, — деди у тепасига келиб. — Ҳозир иккимизни опкетишади.

— Сизам борасизми? — сўради Меҳмонали даст ўрнидан туриб. — Бормоқчимасийдингиз-ку!

— Ўз кўзим билан кўрмоқчиман ҳаммасини, — деди Муҳаммад Саййид. — Бир ўзингни ёлғизлатиб қўймайман. Бу турма назоратчиларидан ҳамма нарсани кутса бўлади…

Шу маҳал карцер эшиги шарақлаб очилиб, остонада турма назоратчиси пайдо бўлди.

— Қани, чиқларинг, — деди у боши билан ташқарига ишора қилиб. — Вақт бўлди!

Муҳаммад Саййид пилдираганча бориб унинг қўлига пул тутқазди.

Назоратчи пул ушлаган кафтини очди-да, қовоқ уйди.

— Бу кам-ку! Қолгани қани?

— Қолганини қочаётганимизда оласан, — деди Муҳаммад Саййид. — Аммо ўша гап-гап-а? Оғзингга қулф соласан, укам!

— Менга ўргатма! Ўзим биламан нима қилишни! Бўлларинг тез! Фақат айтиб қўяй, шовқин кўтармайсанлар! Башарти шовқин кўтарсаларинг ўзингдан ўпкала! Мен жавоб бермайман!

— Қўрқма, укам, — деди Муҳаммад Саййид. — Ҳаммаси ими-жимида бўлади.

— Қани, қўлингни орқага қилиб битта-биттадан чиқларинг!.. Энди деворга ўгирилларинг!..

Назоратчи эшикни ёпгач, олдинма-кетин турманинг буткул бошқа бир бурчаги томон йўл олишди.

 

* * *

 

Шу кўйи назоратчи уларни бошқа бир бинога йўлак орқали олиб ўтиб, пастга тушиш учун мўлжалланган зинапоя рўпарасида тўхтади.

— Деворга ўгирилиб, икки қўлингни кўтарларинг! — буюрди уларга. — Ҳозир ертўлага тушамиз. Сенларга керакли одам ертўлада ўтирибди. Сенларга бир соат вақт бераман. Кейин орқага қайтамиз. Фақат айтиб қўяй, шовқин кўтарилмасин! Мабодо мени гапга қўйсанг, иккалангниям аяб ўтирмайман! Ўлдириб, мурдангни турма итларига ташлайман!..

Улар миқ этишмади. Икковлари ҳам ўз хаёллари билан бандлиги сукут сақлашга мажбур этди.

Назоратчи эса уларни ертўлага олиб тушди-да, ташқаридан туриб эшикни қулфлади.

Ичкарига киришгач, Муҳаммад Саййид гугурт чақиб электр ёққични топди-да, чироқни ёқиб юборди.

Шундагина бурчакда қўл-оёғи занжир билан бойлаб ташланган Савелийга кўзлари тушди.

— Ў, мент бизга ўлжамизни тап-тайёр қип қўйибди-ку, — деди кулиб Муҳаммад Саййид. — Жуда ақлли ментакан. Маладес! Қани, ўғил бола, ишни бошлайсан энди. Мана сенга пичоқ! Мана буниси арқон. Хўш, ишни нимадан бошлашни биласанми?

Меҳмонали жавоб бериш ўрнига наридаги эски курсига ўтириб олди-да, Муҳаммад Саййидга кўзларини лўқ қилди.

— Ҳа, яна нима? — сўради жаҳли чиққан каби қовоқ уйиб Муҳаммад Саййид. — Бирор камчилик бормикан?

— Ҳалигиндан озгина бермасангиз бўлмайди, — деди Меҳмонали. — Миям чиқиб кетгудай бўляпти.

— Шунақа демайсанми? — Муҳаммад Саййид қўйнидан кичик халтача чиқарди-да, бир чимдим кукун олиб Меҳмоналининг кафтига ташлади.

— Тез бўл! Вақтимиз зиқ!.. Кейин… Тўхта, манавиларниям олвол!

Муҳаммад Саййид қўйин киссасидан кичик бир бокал, скотч чиқариб, Меҳмоналига узатди.

— Булар нима учунлигини биларсан-а? Ё тушунтирайми?

— Тушундим, — деди Меҳмонали бокал ва скотчни қўлига оларкан. — Ҳозир боплаймиз!..

Кукунни милкларига суриб-суриб олгач, яна супачага бориб ўтирди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, ранги баттар оқаринқираб, кўзлари жавдираган кўйи ўрнидан турди ва Савелийга яқин борди.

Қари маҳбус ҳануз улардан кўз узмас, ўзича нималардир деб шивирлаб олишни канда қилмасди.

Меҳмонали тепасига яқинлашгани ҳамоно тилга кирди.

— Ҳа, жангари, қаллоб, мени шу йигитчанинг қўлиминан ўлдирмоқчи бўлдингми? — деди у пинагини бузмай. — Охиратинг куйиб кетади барибир. Нима қиласан яна гуноҳга ботиб. Шундоғам бегуноҳларнинг қонига тўйгансан!..

Меҳмонали ортиқча гапларга вақт кетказиб ўтиришни истамасди. Тезда ишини битириб, бу хилқатдан чиқиб кетишни хоҳлаётганди. Қолаверса, наркотик таъсири ҳали кетганича йўқ. У одам қонини тезроқ татиб кўришга ундарди.

Шоша-пиша Савелийнинг оғзини скотчлади-да, қўлидаги пичоқ билан билагини кесди. Шу заҳоти қариянинг билагидан қон оқа бошлади. Ўргатилганидек, чашкани тутиб, эллик граммча қон қуйилишини кутди. Кейин эса Савелийнинг типирчилашларига қараб ўтирмай, орқасига ўтиб томоғига чанг солди.

Кекса аристонга кўп кучнинг ҳам зарурати йўқ эди. Бир неча ўн маротаба типирчилагач, жимиб қолди. Шундан кейин Меҳмонали қўлини унинг томоғидан олиб, оғзидаги скотчни ечди.

Муҳаммад Саййид бу манзарани синчиклаб кузатганди. Меҳмонали қаддини кўтаргани ҳамоно елкасига қоқиб, олқишлаган бўлди. Сўнгра қонни ичишга ундади.

— Айтиб қўяй, — деди у огоҳлантириб. — Биринчи марта одам қонини ичяпсан. Демак, кўнглинг айниб қусишинг аниқ. Бироқ сира ташвиш чекма. Тағин икки-уч карра шундай қилсанг, кўникасан. Кўнглинг ёввойи маҳлуқларникидан ҳам қаттиқроқ тусга киради. Ич, бўтам, ич!..

Меҳмонали таваккал чашкадаги қонни ичиб юборди.

Муҳаммад Саййид алдамаганди. Умрида қон ичиб кўрмаганди. Ҳатто, болалигида кимдир ёнида чумчуқ сўйса ҳам қонини кўргач, кўнгли алланечук бўлиб, қайт қила бошларди.

Ҳозир ҳам деярли шундай бўлди. Қон кўнглини ағдар-тўнтар қилди. Аммо қусмади. Ўқчий-ўқчий, Муҳаммад Саййид тутқазган бир чимдим оқ оғуни олди-да, милкларига ишқалаб ташлади.

Орадан бир неча ўн сония вақт ўтиб, кўнгил айниши ҳийла босилгандек бўлди.

— Ана энди жуфтакни ростласак ҳам бўлади, — деди Муҳаммад Саййид қайтадан Меҳмоналининг елкасига қоқиб. — Биринчи ишни қойиллатдинг. Ҳақиқий жиҳодчи бўлиб етишишингга ишондим, ҳа, ишондим, бўтам! Энди қулоқ сол, эрталаб азонда жўнаб кетасан!

Меҳмонали наркотик таъсирида кўзлари сузилган кўйи, Муҳаммад Саййидга аламли тикилиб сўради:

— Қаерга жўнаб кетаман? Нега?

— Ие, унутдингми? — деди кулиб Муҳаммад Саййид. — Сен бундан буён турмада ўтирмаслигинг керак. Кофирларни, биз ва бизникилар одам ҳисобламаганларнинг қонини ичишинг керак. «Жиҳод» қилишинг керак.

— Биламан буни, — деди совуққонлик билан Меҳмонали. — Айтмасангизам биламан.

— Билсанг, уқвол. Эртага азонда Афғонистонга жўнайсан. Турмадан чиқариб қўйишади. Машинадан тушган жойда сени бошқа бир автомобил кутиб турган бўлади. Ўшанда чегарагача етволасан. Хавотирланма, ҳаммаси пишитилган. Бизнинг жангарилар сени қучоқ очиб кутволишади.

— Хўп, — деди Меҳмонали кетишга чоғланиб. — Тушундим. Уқдим. Илтимос, шу бехосият ердан чиқайлик тезроқ! Анави кофирга қарасам, жиним қўзияпти!

— Кетдик!

Муҳаммад Саййид аста бориб эшикни тарақлата бошлади.

 

* * *

 

Меҳмонали турма қонунларини деярли билмасди. Қаердан ҳам билсин. Келган кунидан фақат камера, совуққон нигоҳлар, дўқ-ҳақоратга ботган сўзларнигина эшитди, кўрди, гувоҳ бўлди. Ичкарида, қаерлардадир бурчак-бурчакда қилинажак ҳаром ишлар, бекитиқча жиноятлардан буткул бехабар эди.

Ўзининг осонликча турмадан қоча олишини кўриб яна бир бор ҳайратланди. Ҳайрат аралаш даҳшатга ҳам тушди. Даҳшатга тушганининг сабаби турма бошлиқлари, назоратчилари, аскарлари мана-мана етиб оладигандек хавотирланиши, ўзи сезмаган ҳолда қўрқа бошлашида намоён бўларди. Бироқ бу қўрқув ва даҳшатларни ўзидан нари ҳайдай билди. «Жиҳод»га ошифталик, қонга ташналик ҳисси катта тезликда борлиғини домига олиб, сарвари оламга яна қайтадан тик боқа олди. Ана шундай ифлосланган, гуноҳлар ботқоғи лойини тотган ҳислар исканжасида чегарагача етиб олди.

Муҳаммад Саййид алдамабди. Уни баланд бўйли, соқол қўйган, нигоҳлари қаҳратон совуғидан-да ёқимсиз бир эркак қарши олди.

Меҳмонали машинага ўтирди-ю, сўнгги манзил томон жўнаб кетди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...