ТИББИЁТ ХАБАРЛАРИ ҚИСҚА САТРЛАРДА…

0

 

 

БУ ШИРИНЛИКЛАР САЛОМАТЛИК КУШАНДАСИДИР

 

Россиялик диетолог, тиббиёт фанлари номзоди Людмила Зотова кундалик ҳаётда истеъмол қилинадиган ширинликларнинг ҳаммаси ҳам фойдали эмаслигини таъкидлаб ўтди. Диетологнинг айтишича, биринчи навбатда ёғда қовурилган ширинликлар, масалан, пончиклар, чак-чак, кейин десерт сифатида истеъмол қилинадиган ширинликлар, бундан ташқари шоколадли батончиклар, кремли тортлар саломатлик кушандаси экан.

— Ширинлик таркиби қанча мураккаб бўлса, — дейди Зотова. — Саломатлик учун шунча хавфли ҳисобланади. Инсон организми учун сутли ва тухум оқи асосида пиширилган десертлар ҳам жиддий зиён етказади.

Мармелад, зефир каби ширинликлар эса аксинча организм учун фойда берса берадики, зиён етказмайди. Асосийси, улар табиий маҳсулотлардан тайёрланса бас. Асал, мураббо ва аччиқ шоколад ҳам бизнинг саломатлигимизга зарар етказмайди.

 

КОФЕ УМРНИ УЗАЙТИРАРКАН

 

Дунё олимлари олиб борилган изланишлар натижасида кофенинг яна бир фойдали хусусиятини аниқлашди. Маълум бўлдики, кофе таркибида мавжуд катта миқдордаги антиоксидантлар одам узоқроқ яшашини таъминлай оларкан. Изланишлар 12 йил давом этди. Кўнгиллилар шу муддат давомида қатъий назоратда бўлишди. Натижа юқорида айтиб ўтилган фикрларни тўлиқ тасдиқлади. Антиоксидантлар ҳақиқатан одам организмидаги тўқималар қаришини сезиларли тарзда секинлаштираркан. Бундан ташқари, кофе юрак ва саратон хасталиклари ривожланишини ҳам тўқималар қаторида секинлаштиради. Кучли шамоллашга қарши курашда кофенинг аҳамияти алоҳида ҳисобланади.

 

ПАРҲЕЗ ОРГАНИЗМНИ ЗАИФЛАШТИРАДИ

 

Организмнинг турли хасталикларга қарши муваффақиятли кураша олиши учун иммунитет кўтаринки ҳолатда бўлиши, биз истеъмол қиладиган таомлар таркибида фойдали моддалар етарли даражада бўлиши лозим. Шундан келиб чиқиб олимлар ҳар қандай кўринишдаги парҳез организм учун зарар етказишини таъкидлашди.

Айниқса куз ва баҳор фаслида парҳездан воз кечишимиз лозим.

— Ҳеч бўлмаса ноябр охирига қадар парҳездан воз кечиб туришимиз талаб этилади, — дейди олимлардан бири. — Вируслар мавсумида организм парҳез таъсирида ўз кучини йўқота бошлайди. Ана шу нарса хасталик ғалаба қилишини таъминлайди. Бундан ташқари, ёғли, шўр ва аччиқ таомлардан юз буришимиз лозим. Кўпроқ дам олишимиз, ухлашимиз, сув ичишимиз керак. Ана шунда организм заифлашмайди.

 

loading...