КАЛЛАКЕСАР… (15-қисм)

0

 

 

«Жаннат»га «сайр»

 

* * *

 

Машина ўқдек учган кўйи бир неча қишлоқлардан ўтиб тоғли ҳудудга чиқиб олди. Меҳмонали қишлоқларни берилиб томоша қилишга улгурди. Айниқса, афғон болаларининг машина кетидан қичқиришлари, қорамағиз қизчаларнинг улар томон ўзгача бир ҳайрат аралаш боқиб қолишини кўргач, она қишлоғи ёдига тушди. Қишлоғи бу ердаги қишлоқларга ўхшамайди. У катта бўлган қишлоқнинг қандайдир бошқача файзи бор эди. Айниқса, ёз келса, толлар кўм-кўк новдаларини пастга осилтириб, худди қирқ кокил қизларни эслатиб юборарди. Лой аралаш сув тўлиб оқувчи ариқда Меҳмонали доим туш пайти ўртоқлари билан чўмиларди. Қувур бошига келишарди-да, каттакон трубанинг ичидан оқиб ўтиш ўйнашарди. Роса маза қилишарди бир пайтлар…

«Ифлослар, — кўнглидан ўтказди Меҳмонали муштларини асабий тугиб. — Мени шундай қишлоқдан, ўртоқларимдан жудо қилишди. Сиғдиришмади. Ҳали кўрасан, ҳаммангнинг каллангни оламан. Йўқ, олдин қонингни симириб-симириб ичаман. Кейин каллангни кесаман. Ўчимни оламан ҳаммангдан. Мана, мениям қадрлайдиганлар боракан. Ўзлари қўлларини кўксига қўйиб машинада олиб кетишяпти. Худога шукр!..»

Илғамабди. Машина аллақачон олди баланд тоғлар билан ўралган водийсифат манзилга етибди. Ҳайдовчи кичик кўзгудан Меҳмоналига сирли қараб қўйди-да, айланасига баланд деворлар билан ўралган каттакон бино дарвозасига етмай берироқда тормоз берди.

— Буёғига ўзингиз кириб кетаверасиз, — деди ҳайдовчи. — Омадингизни берсин! Худо ёр бўлсин!..

Меҳмонали аста пастга тушди-да, дарвоза томон юрди. Ҳали етиб-етмай, дарвоза қия очилди-да, икки нафар соқол қўйган, ёши тахминан ўттизларга етган эркак чиқиб келди.

— Маконга хуш кепсиз! — деди уларнинг бири қўлини кўксига қўйиб. — Чегарада хит қилишмадими ишқилиб?

— Йўқ, ҳаммаси яхши ўтди, — деди Меҳмонали икки эркакка бир-бир шубҳа назари боқиб. — Аммо… Айтганча, сизлар кимсизлар? Билсак бўладими?

— Айтишмадими йўлда? — иккинчи соқолли эркак қовоғини очмаган ҳолда савол ташлади. — Тушунтирмадими ҳайдовчи?

— Тушунтирди, — деди Меҳмонали елка қисиб. — Шунчаки… Танишиб қўяйликми девдим-да!

— Танишишга улгурамиз, укам, — чапдаги соқолли гапни қисқа қилди. — Ҳозир дала командирининг ёнига кирасиз. Сизни кутяпти!

— Гап йўқ. Бошланглар унда!..

Ташқарида кўрганлари ҳолва экан. Бино ичкариси поёнсиз саҳрони эслатар даражада кенг эди. Ҳов нариларда жангарилар турли машқларни бажаришар, ора-сирада жўравозликда «Аллоҳу Акбар!», дея қичқиришарди.

«Муҳаммад Саййид алдамабди, — кўнглидан ўтказди Меҳмонали. — Террор лагери шу экан демак. Демак, мен ҳам анавиларга ўхшаб машқ қилсам керак. Интиқом-чи? Интиқомни қачон оламан? Қачон мени хўрлаган маразларнинг қонини ичаман?..»

Дарвозада кутиб олган икки соқолли уни кенг бир хонага бошлаб киришди.

Хона тўридаги юмшоқ диванда тўладан келган, соқолли, ёши нари борса қирқларга етган эркак оёқларини чалиштирганча телевизор томоша қилаётган экан.

Меҳмонали кўрдики, телевизорда жангарилар ҳақида қандайдир киноми, кўрсатувми берилаётган экан.

«Буларнинг иши зўракан-ку, — ўйлади Меҳмонали. — Ўтирибди айшини қилиб. Биров мушугини пишт демайди. Хоҳласа, кўчага чиқади-ю, бояги қишлоқларгами, катта шаҳаргами бориб дуч келганни ўлдиради. Аламидан чиқади…»

— Хуш кепсиз, ука! — Меҳмонали ичкарига кириши билан эркак телевизорни пульт орқали ўчирди-да, пешвоз чиқди. — Қани, танишайлик унда! Кимсиз?

— Меҳмонали мени исмим, — деди у эркакка сирли тикиларкан. — Муҳаммад Саййид…

— Биламан, биламан, — гапни кесди эркак. — Мен Маҳмуд аль Жавҳарий бўламан! Мана шу сизнинг қутлуғ қадамингиз етган кошонада дала командириман! Тушунтира олдимми?

— Албатта, — жавоб қилди Меҳмонали бош қашиб қўйиб. — Ҳаммаси тушунарли, ўртоқ командир.

— Яхши, унда мундай қиламиз… Ҳа, эсим қурсин, ўтиринг диванга! Уялманг, ўтираверинг! Йўлдан чарчаб келгансиз. Тушунаман!

Меҳмонали қаршилик қилиб ўтирмай, диванга чўкди.

— Энди қулоқ солинг, — Жавҳарий унинг ёнига чўкди-да, соқолини ўнг кафти билан бир-икки силаб қўйиб давом этди. — Бугундан бошлаб соқолни ўстирасиз! Бизда қоида шундай. Соқолсиз йигит фариштасиз ҳисобланади. Қолаверса, имижимиз шундай. Уқдингизми?

— Уқдим, — дея Жавҳарийга тик боқди Меҳмонали. — Тушундим.

— Иккинчи қиладиган ишимиз шуки, сиз-у биз Оллоҳнинг лашкарларимиз. Шундай экан, шаҳид бўлишни ҳар биримиз орзу қиламиз. Шаҳидниинг маънисини биласизми?

— Ҳа, худо йўлидаги жангда ҳалок бўлганни шаҳид дейилади. Уларнинг ҳаммаси тўғри жаннатга тушади.

— Баракалла, — дея кулимсиради Жавҳарий. — Тушунаркансиз. Биз-чи, Меҳмонбой, кофир ва кофирчалишларнинг кушандасимиз. Мусулмонлар ҳам турлича бўлади. Улар орасидаги бизга ёрдам беришдан, сафимизга қўшилишдан бош тортганлари ҳам бизнинг назаримизда кофир саналишади. Биз ундайларни сал юмшоқроқ қилиб кофирчалишлар деб атаймиз. Бугундан эътиборан сиз ҳам Оллоҳнинг лашкарисиз. «Жиҳод» ўйида яшашингиз керак. Бошланишига мен сизни бир жойга опкираман. Ўз кўзингиз билан кўрасиз, амин бўласиз! Қани, чўзмайлик, кетдик!..

Меҳмонали қаншарини қашиб олган бўлди-ю, Жавҳарийга эргашиб ташқарига чиқди.

 

* * *

 

Ҳовлига чиқишгач, Жавҳарий таққа тўхтаб киссасидан кичик халтача чиқарди-да, Меҳмоналига тутқазди.

Хумор тута бошлаганди. Жавҳарийнинг сезгирлигига тан берди-ю, халтачани қўлига олибоқ бир чимдим оқ оғуни милкларига ишқалади.

Бир неча ўн қадамча юргач, наркотик элта бошлаганини ҳис этди. Кайфи чоғлана борди. Назарида вужуди куч ва ғайратга, юраги нафратга тўлиб бораётгандек туюлди. Аслида ҳам шундай эди. Оғу Меҳмоналини худди шер қиёфасига киритиб қўйгандек тезроқ «жиҳод» қилишни ихтиёр эта бошлаганди…

Жавҳарий уни бошлаб бошқа бир бино ичкарисига олиб кирди. Йўлаклардан юриб бориб чапга бурилишди.

Тўғриларида икки қанотли эшик зоҳир эди. Жавҳарий илдам юриб бориб эшикнинг иккала қанотини ҳам очиб юборди ва қўли билан Меҳмоналини киришга ундади…

Ичкари жуда кенг бўлиб, буткул бошқа манзара намоён эди.

Хонани айлантириб столлар қўйилган. Устига жуда нафис матодан тикилган дастурхонлар ёзилиб, ноз неъматларга тўла эди. Дастурхонларда одамнинг жонидан бўлак ҳамма нарса бисёр эди.

Бу ҳам майли. Ҳар беш метрда бир-биридан гўзал қизлар қўл қовуштирганча туришар, улар негадир европача кийимларда эди. Шифтнинг ҳар ер-ҳар ерига сайроқи қушлар солинган қафаслар илинган, қушлар бир-бирига гал бермай сайрарди.

Ичкарининг ўзидан эса жуда ёқимли ҳидлар таралиб турарди.

— Хўш, ёқдими бу ер? — сўради Жавҳарий қизларга бир-бир кўз ташлаб оларкан. — Таассуротлар қалай?

— Ҳозир… Анави қизлардан бирини танлашим керакми? — соддаларча Жавҳарийга боқиб сўради Меҳмонали. — Г-гуноҳмасми?..

Жавҳарий кулиб юборди.

— Вей, мусулмон, — деди ниҳоят кулгидан аранг тийилиб. — Олдин бу қанақа жойлигини сўранг-да! Бу ер ёруғ дунёнинг жаннати. Сизни опкиришимдан мақсад, боқий дунё жаннатини озгина бўлсаям тасаввур қила олишингиз керак. Бу қизлар тугул, стол устидаги ноз-неъматларгаям тегиш мумкинмас. Қулоқ солмасдан тегиб қўйганларнинг калласи кетади. Ундайлар шаҳид ҳисобланмайди. Дўзахга дўмбира бўлади. Тушунтира олдимми?

— Тушундим, — деди Меҳмонали айбдорона ер чизиб. — Бошқа бу савол қайтарилмайди, командир.

— Жуда соз. Унда яхшилаб эслаб қолинг. Мабодо биз сизни белингизга бомба бойлаб ўлимга юборсак, шаҳид бўласиз. Кўрибсизки, тўппа-тўғри нариги дунёнинг жаннатига тушасиз. Жаннат тахминан мана шундай тусга эга. Фақат уёқда хонамас, сўлим боғ, гулзорларда яшайсиз. У дунёнинг жаннатидаям ҳеч бир нарсага, ҳурилиқоларга тегмайсиз. Улар қаршингизда муқомлар қилиб кўнглингизни овлайди. Ҳурларнинг муқомларидан жонингиз роҳатланади. Дард, ташвиш, армон, тушкунлик, хасталик нелигини билмай, қиёмат кунини кутасиз. Бизларга қулоқ тутмай, ўзбошимчалик қилсангиз, дўзахга дўмбира бўласиз. То қиёмат кунигача аланга орасида куясиз. Олов ҳеч қачон ўчмайди, унинг домидан чиқиб ҳам кетолмайсиз. Хуллас, шунақа гаплар. Энди юринг, навбатдаги ишга ўтамиз!..

 

СИНОВ

 

Жавҳарий Меҳмоналини эргаштирганча ҳовлининг буткул бошқа тарафига йўл олди. Орқага ўтишгач, Меҳмонали умуман кутилмаган, хунук, аянчли манзарага гувоҳ бўлди. Аммо ичидагини Жавҳарийга сездирмади. Унинг ҳолатини сездими, Жавҳарий таққа тўхтади-да, киссасидан яна халтачани чиқариб, Меҳмоналига тутқазди.

— «Доза»ни қабул қилволсинлар, ўртоқ жангчи, — деди у совуқ тиржайиш қилиб. — Ҳозир бажарадиган ишингиз жа нервний бўлади. Бўлинг тезроқ!

Меҳмонали буйруқни сўзсиз адо этди. Унинг ўзи ҳам ўлиб турганди. Кейинги пайтларда наркотик қулига айланиб улгурганини хаёлига ҳам келтирмасди. Келтиришни хоҳламасди. Гўё шундай ўйларни миясида сақласа, бу оқ заҳардан абадул-абад айрилиб қоладигандек қўрқарди. Ўйлаб ўтирмасдан, ҳар галгидан жонлироқ кукунни оғзига тиқди. Зум ўтмай, яна ўзига таниш ва қадрдон бўлиб қолган ҳолатга тушди. Боши сархушланиб, вужудида чумоли ўрмалашига ўхшаш жимирлашни ҳис этди. Сал ўтиб, оғу у кутган кайфни бера бошлади. Кўзлари қизариб, ранги оқаринқиради. Хаёлан шайтоний амалларни тусади. Қалбини ички ғалаён тўфони тутди. Ҳатто, ёнидаги Жавҳарийнинг кимлигини билса-да, башарти ортиқча гап айтса, сўйиб ташлашга-да тайёр турди.

— Баракалла, эркак, — Меҳмоналининг елкасига қоқди Жавҳарий. — Ҳов анави тиз чўкиб бошига қоп кийдирилган нусхани кўрдингизми? — сўради Жавҳарий Меҳмоналига кўзларини қисган кўйи совуқ тикилиб. — Ҳеч шундай манзарага дуч келиб кўрганмисиз?

— Йўқ, — деди Меҳмонали муштларини тугиб. — Дуч келмаганман. Лекин сиз мени шу ерга опкелганингиз учун миннатдорман, командир!

— Раҳмат, — деди Жавҳарий елка учириб. — Доим шундай миннатдор бўлиб қолинг. Ўзингизга яхши. Худо кўрсатмасин, бизга ўхшаган командирлардан нолиганингизни, ё норозиланганингизни пайқасак, кечирмаймиз. Ҳа, айтганча, сотқинларниям аяб ўтирмаймиз. Шуни билингки, ҳар бир қадамингиз назоратимизда бўлади. Тушунтира олдимми?

— Тушундим, — бош ирғаб жавоб қилди Меҳмонали. — Сотқинлик қиладиган бўлсам, бу ерларга келиб ўтирмасдим.

— Бу жавобингиз менга ёқди. Ҳозир навбатдаги синовимиздан ўтасиз. Ҳов ўша кўриб турганингиз… Яъни, бошига қоп кийдирилган нусха англиялик журналист. Кеча қўлга олганмиз. Уни сиз қатл этишингиз керак. Ҳа, айтганча, қатл нелигини биласизми?

— Биламан, — деди Меҳмонали. — Хотиржам бўлинг, командир! Мен ундайлардан эмасман. Бу ёқларга душманларимдан ўч олиш учун келганман!

— Э, йў-ўқ, — деди Жавҳарий қошлари чимирилиб. — Бу ер сизнинг душманларингиздан ўч оладиган жоймас. Биз кофир ва кофирчалишлардан ўч оламиз. Динсизларнинг шўрини қуритамиз. Шуни миянгизга қуйиб олинг!

— Яхши, англадим!

Сўнгги лаҳзаларда қаршисидаги бу соқолли командир жонига тега бошлаганди. Шубҳасиз, бу ҳам оқ оғунинг таъсири. Айни паллада кайфини сураётган бу ўзбошимча ва иблис етагида қолиб кетган йигит ўзидан бўлакни тан олмас, атрофга, одамларга, шубҳасиз, қаршисидаги соқол қўйган Жавҳарийга ҳам бармоқ орасидан қарай бошлаганди. Ўзини дунёдаги энг абжир, кучли, хавфли, қайсар ва зўр деб ҳисобларди. Шу туришида ҳеч нарсадан қайтмаслиги тайин эди. Бироқ бир ҳақиқатни ҳам англаб турарди. Қаерда тургани, кимларга илакишганини жуда яхши сезарди. Шу сабабли Жавҳарийга қарши гап айтишдан тийилди. Яқин-яқинларда ундан-да миллион ҳисса зўрроқ жангарига айланишини ҳақиқат деб билди.

— Тушунган бўлсангиз, кетимдан юринг! — буюрди Жавҳарий. — Тезроқ бўлинг!

Улар икки ҳатлаб ўша жойга етишди. Елкасига автоматлар илинган, юзларига қора ниқоб тортилган жангариларнинг ўртасида бошига қоп кийдирилган бир кимса тиз чўкканча сукут сақларди. Жангарилар Жавҳарий қаршиларида ҳозир бўлиши билан қўлларини кўксиларига қўйганча ундан буйруқ кута бошлашди.

— Қопни ечинг! — буюрди Жавҳарий тўғрисида турган ўзи қолиб соқолигача малла, кенг елкали жангарига.

Жангари дарҳол буйруқни адо этди. Меҳмоналининг кўз ўнгида калбош, юзлари ичга ботган, мовий кўзли эркак намоён бўлди.

— Хўш, нима билан қатл этасиз бу нусхани? — Меҳмоналига юзланиб сўради Жавҳарий. — Ўзингизга маъқул усулни танлайверинг! Бунисига рухсат бор. Фақат чўзмайсиз. Агар имтиҳондан ўта олмасангиз, хафа бўлиш йўқ, сизни бошқа иш билан банд қилишга мажбур бўламан!

— Менга ўткир пичоқ билан битта пиёлами, чашками берсангизлар бўлади, — деди Меҳмонали ўйлаб ўтирмай. — Шуларнинг ўзи кифоя демоқчийдим.

— Пиёла? Уни нима қиласиз?

— Ҳозирча сир бўла қолсин, — деди Меҳмонали ҳануз қовоғини уйиб. — Фақат… Буни айбга йўймайсиз-да, командир! Шу менинг ёқтирган усулим.

— Ҳа-а, шунақами? Демак, бу динсизнинг қонини ичмоқчисиз. Топдимми?

— Худди шундай.

— Ҳўқандий, чоп, ичкаридан битта пиёла билан қора сопли пичоқни опчиқ!

Четроқда турган бўйи Меҳмоналидан пастроқ жангари буйруқни эшитиши билан қаддини бир ростлаган бўлди-да, бино ичкарисига чопа кетди…

Кўз очиб юмгунча жангари қўлида ўткир пичоқ ҳамда бир дона чашка билан чиқиб келди.

Жавҳарий ҳам, атрофини ўраб турган жангарилар ҳам Меҳмонали нима қилиши мумкинлигини фаҳмлашса-да, атайин сир бой беришмади. Тош қотганча унга тикилиб, воқеа ривожини кута бошлашди.

Тиз чўктириб қўйилган асир эса пичоқни кўргандаёқ титраб-қақшаб, нуқул Меҳмоналига жавдирай бошлаганди. Лекин героин таъсири Меҳмоналига бу жавдирашларни кўрсатмади, сездирмади. Деярли тошга айланаёзган қалбини юмшатмади. Аксинча кўнглининг тўрини эгаллаб олган Самад, тоғасига бўлган нафратини, ғазабини ҳаддан оширди. Улар икковлашиб қўзғолонни кучайтирайверишди. Бир ёқдан иблис ҳозир-у нозир бўлиб, ҳадеганда Меҳмоналини гиж-гижлайверди.

У шошилмасдан борди-да, бир муддат асирга тикилиб тургач, қўлидаги пичоқ тиғини унинг томоғига тиради ва «Бисмиллоҳи Оллоҳу Акбар», дея сира шошилмасдан, намойишкорона бир неча бор тиғ тортди. Асир хириллай-хириллай, охири индамай қолди. Меҳмонали эса сўйилган томоқдан тирқираб пастга тушаётган қоннинг пичасини чашкага тўкди-да, оҳиста қаддини кўтарди ва олдин Жавҳарийга, сўнг жангариларга ижирғанганнамо қараб қўйиб, бир кўтаришда сипқорди. Шундан кейингина жангариларга бирдан жон кирди. Жавҳарий етагида баравар қичқира бошлашди:

— Оллоҳу Акбар! («Оллоҳ буюк»)… Оллоҳу Акбар! Оллоҳу Акбар!..

Қичқириқлар чамаси бир неча дақиқа давом этди. Меҳмонали бўлса, иблис баттар кўксини қитиқлаб, гиж-гижлаб оқ оғу ва қон таъми таъсирида кўксига уриб-уриб олар, қон ўтган галгидек кўнглини алғов-далғов қилмасди. Ора-орада ерда юзтубан ётган асирнинг мурдасига кўз ташлаб, афтини бужмайтирар, «Кофирчалишларга ўлим», дея сўзланарди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...