Турмуш: «Ота-онага қараш фақат кенжа фарзанд бўйнидами?!»

0

— Инсон шундай яралганки, доим ношукр. Мен ўз ношукрлигимни жуда яхши биламан, лекин бошқалар ўзлари ҳақида ҳеч нарсани билмайдиган кўринади.

Келин бўлиб ҳозирги хонадонимга келганимга икки йил бўлди. Эрим билан совчилар орқали танишганмиз. Совчиликка эримнинг опалари келганида дастлаб ҳайрон бўлганмиз. Кейин бизга куёвнинг онаси яқинда автофалокатга учрагани ва оёғи бироз оғриётгани учун совчиликка опалари юрганини айтишди. Шу билан бу ҳақида ортиқча гап-сўз айтмай, иккала томон нон синдиришди. Бошқаларга ўхшаб эрим иккимиз кўп гаплашиб, кўришиб юрмадик. Тўйни тезлаштириб, чиройли орзу-ҳавас билан мени келин қилишди. Эримнинг ҳаракатчанлиги, топиш-тутишидан нолимайман. У худди ўзимга ўхшаб яхши яшашни истайди ва шунга интилади. Тўй ўтгач, деразанинг пардасини суриб ҳовлига қарарканман, баҳри дилим очилганди. Худди орзумдагидак хонадон. Ҳар тараф саришта, чиройли, шинам уй. Лекин, не кўз билан кўрайки, қайнонам ҳалигача ногиронлар аравачасида ўтирган эди. Бир-икки ҳафта қайнопаларим галма-галдан келиб қайнонамга қараб туришди. Мен яқинда қайнонам юра бошлашига ишониб, юрагимни ҳовучлардим. Йўқ, адашибман!

— Ойимни кўряпсиз, ҳоллари бу, — деди катта қайнопам кетар чоғида. — Биз энди ҳадеганда келавермаймиз, иложимиз йўқ. Хуллас, ойим анча йиллардан буён юрмайди. Ҳожатларини чиқариш учун бир кўтарасиз-да энди, хавотир олманг, онам енгилгина…

Бу гаплар не-не умидлар билан бир бегона хонадонга келган келинчак учун қандай таъсир қилишини тушуниб тургандирсиз. Мен бува-бувилари билан катта бўлмаган эрка, нозик қиз эдим. Қайнонам эса анчагина бақувват, ёши бир ерга бориб қолган, устига-устак ногирон аёл. Ўшанда қайнопаларим у ёқда қолиб, эримдан жуда ранжигандим.

— Нима учун мени алдаб келин қилдинглар? — йиғлардим мен қийналиб кетган кунларимда.

— Юрагимни сиқмагин, онам бечоранинг сенга зарари тегмайди-ку!

— Мен шу ёшимда катта аёлни қандай қилиб… Ахир ногирон аёлга доимий парвариш керак. М-мен эса…

Эримнинг жаҳли чиқиб,     ўқрайиб қўярди ва гапимиз шу ерда тугарди. Орадан бироз вақт ўтиб, ҳомиладор бўлдим. Лекин, минг афсуски, шу ҳолимда ҳам қайнонамни кўтариб, тувакка ўтқазиш менинг бўйнимда эди. Натижада ҳомиламдан айрилдим. Эрим гарчи бўлаётган ишларни кўриб турса ҳам индай олмаган. Мен эса ўзимни еб, йиғлаб юраверганман. Бечора аёлга жаҳл қилай деса, унда нима гуноҳ?! Қайнонам жуда яхши аёл, мен билан деярли иши йўқ, юмушларни ҳам буюрмайди. Эрим эса ишидан ортолмагани учун ногирон онасининг камчиликлари фақат менинг бўйнимда. Яқинда яна ҳомиладор бўлганимни билдим. Энди ўзимни асрашга, фарзандим туғилгунча оғир ишларни қилмасликка қарор қилдим. Лекин қайнопаларим…

— Онамга қарамаганинг учун ҳали жавоб берасан! — эшикдан кирар-кирмас бақириб кетди ўртанча қайнопам. — Эҳ, онажоним-а, кимларга ташлаб қўйдик сизни, эҳ, онам!

— М-мен, ҳалиги… Ҳомиладорлигим учун уларни кўтара олмагандим…

Юзимга тушган тарсакидан ловиллаб кетдим. Қулоқ чаккаларим шунчалар оғриб зирқирадики! Ҳеч нарса демай хонамга кирдим-у, йиғлай бошладим. Тан оламан, қайнонам кўтариб тувакка ўтқизишни сўраганда, уларга ёрдам бера олмаслигимни айтдим, лекин бу ишни ҳам қорнимдаги ҳомиламни ўйлаб қилганман. Ахир иккинчи боламдан ҳам айрилишим кейинги туғруқ учун жуда хавфли эди. Қайнопам сингилларини чақиртириб, ҳовлида роса мени қарғашди. Орада эримни ҳам чақиртириб шу ҳолимда урдиришди.

Бу воқеаларга бир ҳафтадан ошган. Мен аразлаб кетганим йўқ, ҳали ҳам шу уйдаман. Бироқ эримга оғир кўтармаслигимни, ўзимни асрашим шартлигини тушунтиришга уриняпман. Агар қайнопаларимнинг инсофи бўлганида, жилла қурса, мен туғиб олгунимча қайнонамга ўзлари галма-галдан қарашарди. Ахир она фақат ўғилники, кенжа фарзандники эмас-ку! Нима учун ота-оналари билан қолган кенжа фарзандларгагина барча оғирликни ташлаб қўйишади? Эрим менга қўл кўтаргани билан ёмон одам эмас, мени яхши кўради. У ҳам сиқилиб юрибди. Мени авайлаганидан ишини ҳам йиғиштириб, ҳозир кун бўйи уйда, онасига ўзи қараяпти. Қайнопаларим эса биздан камчилик қидиришни билишади, холос. Бундай вазиятлар бошқа оилаларда борлигини жуда яхши биламан. Гўё энг кичик ўғилгагина ота-она керакдай, гўё фақат кенжалар мажбурдай катта фарзандлар ҳамма нарсани ташлаб қўйишган. Ота-онага ғамхўрлик қилиш, қиз-ўғил, катта ёки кичик, ҳамманинг бўйнидаги қарз-ку! Бирга яшашмаса-да, оналарига ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қайғуриш болаларнинг бурчи эмасми? Сўнгги кунлар мана шу нарсалар асабларимни емириб, мени адо қиляпти, жуда чарчадим. Юрагим эзилиб, барча нарсадан тўйиб кетяпман. Кейин эса ношукрлик бўлмасин, деб яна тавба қиламан.

Айтмоқчи бўлганим, ҳозирги турмушим билан танишаётган опалар, акалар, ота-онангизга фақат энг кичик укангиз ва унинг хотини масъул эмас! Озгина виждонингиз бўлса, сизлар ҳам ота-онангизни уйингизда ҳафтанинг қайсидир кунлари меҳмон қилинг, касал бўлса қаранг, эркаликларини кўтаринг. Нима ҳам дердим, ҳаммага инсоф берсин!

Ш. Н

 

loading...