Улар бир хил эмас: қандай қилиб корейс, япон, хитой, вьетнам қизларини бир-биридан ажратиш мумкин? (+фото)

0

Қисиқ кўзли осиёликлар – хитой, япон, корейс, вьетнам миллатига мансуб халқлар бир-бирларига жуда ўхшаб кетадилар, уларни бир-биридан ажратиш қийин. Улар билан гаплашгандан, сўраб-суриштиргандан кейингина қайси миллат вакили эканлигини билиб олишингиз мумкин. Аммо синчков одам суриштирувларсиз ҳам қаршисида турган осиёлик қайси миллатга тегишли эканлигини илғаб олади, чунки қисиқ кўзли халқлар бир-бирларига қанчалик ўхшамасин, ўзига хос белгилари билан ажралиб турадилар.

Корейс қизлари

Корейс қизларининг юзлари текис, ёноқлари квадратсимон. Бурунлари одатда кенгроқ бўлиб, уни турли хил мосламалар ёрдамида ёки ринопластика орқали тўғирлаб юришга ҳаракат қиладилар. Корейс қизларининг аниқ бир кўринишини тасвирлаш бугунги кунда қийин бўлиб қолди. Бунга сабаб бу ерда кенг миқёсда ўтказилаётган пластик жарроҳлик амалиётидир. Аёл-қизлар гўзал кўриниш ҳамда мукаммал бўлиш учун барча нарсага тайёрлар. Статистик маълумотларга қараганда, корейс ёшларининг 80 фоизи турли хил пластик операцияларни бошларидан ўтказганлар, баъзи ота-оналар эса фарзандларининг вояга етганликлари муносабати билан пластик жарроҳликни уларга совға сифатида тортиқ қиладилар.

Агар сиз нотабиий гўзаликка эга бўлган қўғирчоқ сифат осиёликни кўрсангиз, демак билингки, қаршингиздаги соҳибжамол – Жанубий Кореялик қиз бўлади. Корейс аёллари териларига катта эътибор қаратадилар. Терининг ёмон кўриниши ёки ҳуснбузарлар муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, бадандаги нақш (татуировка) лар эса бу ерда қораланади. Қизларнинг сочларини узун ўстириб, қорадан бошқа барча рангларга бўяшлари мумкин.

Хитой қизлари

Хитой қизларининг юзлари бироз кенгроқ, ёноқ суяклари чиққан, бурунлари эса япасқи бўлади. Терилари бошқа миллатларга қараганда бироз қорача, баъзан сариқ тус аралашган. Бу ерлик аёллар ўзларига қарашни жуда қойил қилишмайди, кундуз куни кўчада уйчи кийимда ёки кир кўйлакда юрган хотинларни учратиш мумкин. Дид билан кийинадиганлар ҳам камдан-кам, аниқ бир қоидага риоя қилинмайди, ким нимани хуш кўрса, ўшани кияверади. Ортиқча ялтир-юлтир ҳамда ёрқин ранглар уларни чўчитмайди. Бу нарса сочларга ҳам тегишли – уларни қўрқмасдан турли хил рангларга бўяб кўраверадилар.

Макияж борасида ҳам ҳудди шу нарса. Баъзан улар махсус наклейкалар ёрдамида ўзларига «европача» қош ясайдилар. Хитой аёллари одатда паст бўйли, оғриқдан келган бўладилар. Аммо охирги пайтларда уларда семизликка мойиллик пайдо бўлмоқда. Гаплашиш маданияти ҳам идеал эмас, қизишиб кетсалар ҳиссиётларини жиловлаб ўтирмайдилар, жаҳл билан гапираверадилар, қўлларини паҳса ҳам қилиб қўядилар. Жуда таъсирчанлар, шунинг учун суҳбат чоғида бақиришдан уялмайдилар.

Япон қизлари

Кун чиқар мамлакат аёлларининг жуссаси нозик, бўйлари эса бошқа осиёлик халқлариникига қараганда бироз баландроқ. Бироқ шунга қарамасдан, уларнинг бошлари нисбатан каттароқ, юзлари эса чўзилган овал шаклда. Кўзлари нисбатан кенгроқ очилган.

Дўппайган бурун – уларнинг ўзига хос белгиларидир, у ҳеч қачон пучуқ ёки япасқи бўлмайди. Япон қизларининг териси нисбатан оч рангда, бироқ улар турли хил оқартирувчи воситалар ёрдамида уни янада оқартиришга ҳаракат қилаверадилар. Улар кўринишларига жиддий эътибор берадилар ҳамда ўзларига қараш учун жуда кўп вақтларини сарфлайдилар. Японлар тозаликка қаттиқ риоя қиладилар, шунинг учун ҳам жамоат жойида иркит соч ёки кийимли ивирсиқ одамни учратиш қийин. Кўпчилик япон қизлари камтарона ва сипо макияжни афзал кўрадилар, кийимни танлашда эса қимматбаҳо брендларга мурожаат қиладилар.

Гаплашиш маданияти ҳам чиройли. Секин, аниқ ва хотиржам гапирадилар, баъзан гап орасида рамзий таъзимлар ҳам қиладилар. Японияда ижтимоий жойларда бақир-чақирлар қилиб бўлмайди. Япон тилининг жаранглаши бир меёрда, унда нутқ оҳанги деярли йўқ.

Вьетнам қизлар

Вьетнам қизлари Осиёнинг энг чиройли аёллари ҳисобланадилар,уларни пластик операция қилдирмаган корейс қизларига тенглаштиришади. Вьетнам аёлларининг қадди-қоматлари келишган бўлиб, тана аъзоларининг ўзига хос бичимлари билан ажралиб турадилар. Улар териларини Қуёшдан сақлаш учун кескин чораларга борадилар. Агар сиз иссиқ кун бўлишига қарамасдан бошидан оёғигача ўраниб олган аёлни кўрсангиз, билингки, у вьетнам аёлидир. Уларда қуёшдан сақлайдиган махсус курткалар бўлиб, унга қўшимча равишда юз учун ниқоб ҳам сотилади. Бу кийимнинг капюшони ҳамда қўлларини бутунлай ёпиб турадиган узун енглари бор. Вьетнамда юз учун ниқобларни нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам тақадилар, уларнинг фикрича, ниқоб уларнинг нафас йўлларини ифлос ҳаводан сақлайди.

Баъзи вьетнам аёлларининг севимли кийими – бу пижама. Улар бу кийимни ҳар хил жойларга кийишлари мумкин, ҳаттоки ишга ҳам. Йирик шаҳар қизлари ҳар куни ясан-тусан қиладилар, ҳудди байрам ёки тунги клубга отлангандай. Тор куйлак, калта шортик, ёрқин макияж ва баланд пошна – кўпчилик вьетнам соҳибжамолларининг одатий кийими ҳисобланади.

Таиландлик қизлар

Таиланд қизлари пластик жарроҳликка қизиқмайдилар. Уларнинг жуссалари одатда кичик ва ихчам, тана тузилиши ҳам шунга яраша. Бу ерда ҳам оч рангли тери урфда, аёллар эса табиатан қорамағиз. Шунинг учун улар юзлари ва териларини турли йўллар билан оқартиришга ҳаракат қиладилар.

Аёллар сочларини одатда шоколад, мис ва қизил рангларга бўяшни афзал кўрадилар. Иссиқ туфайли уларни узун қилиб ўстирмайдилар, асосан елкагача келади. Кўз кесими катта эмас, шунинг учун уни ҳар қанақасига катта қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар: тепа қовоқ қисмда стрелкалар чизадилар ҳамда улама киприк қўядилар (улама киприк Таиландда бошқа ерларга қараганда анча оммалашган). Таиландда аёлларнинг кийимида қўғирчоқ услуби ҳукмрон, «Baby-doll» деб номланади. Улар турли хил ёқимтой ҳайвонларнинг тасвири туширилган кийимларни, голфи билан уйғунлашган калта «мактаб» юбкаси ҳамда калта гулли комбинезон кийишни афзал кўрадилар.

loading...