КАЛЛАКЕСАР… (16-қисм)

0

 

 

ЯККАМА-ЯККА

 

* * *

 

Дастлабки синовдан аъло даражада ўтганини Жавҳарийнинг захил юзларига табассумга ўхшаш тус йўлаганидан ҳам билиб олиш қийин эмасди. Ҳойнаҳой, ҳеч қачон кулиш тугул, майин жилмайишни ҳам унутиб юборган бу жангари каллакесар анчадан бери табассумни юзларига ишонган бўлса керак. Аммо нигоҳларидаги совуққон, қонга ташналик, шафқатсизлик нуқси барибир бир лаҳзалик табассумни қора парда каби тўсиб қўяверди. Жавҳарий казармага келишгач, Меҳмоналига совуқ тиржайиш билан боқди.

— Ҳақиқий худо лашкари сенга ўхшаган бўлиши керак, — деди у ўзи билан овора жангариларга зимдан қараб қўйиб. — Ишонсанг, мана шуларнинг ҳаммасиям уч ой олдин келиб бизга қўшилган. Ҳали қонхўрлик тугул, винтовкадан эплаб отишни яхши ўзлаштира олишмади. Ўзимга қолса, ҳаммасини бир чуқур ковлаб тириклай кўмворардим. Ахир, бунақаларминан халифалик қуриб бўлармиди…

— Халифалик? — ҳайрон бўлиб Жавҳарийга боқди Меҳмонали. — Нима ўзи у?

— Ие, билмайсанми халифалик нималигини?

— Йўқ… Очиғи, эртакларда ўқиганим бор. Аммо ҳозир…

— Эслаб қол, халифимиз арабистонлик Саид ас Қўрғоний бўлади. Ҳозирча Бағдодни ўзимизга бўйсундирдик. Локигин сенга ўхшаган мард, чўрткесар, совуққон йигитлар кўпайса, Сурияниям ўзимизники қилволамиз. Бунгаям ҳали бор. Ҳозирча Афғонистонни эгаллайлик, уёғи бир гап бўлар!.. Хуллас, халиф бутун дунёни ўзига бўйсундиришни хоҳлайди. Ҳойнаҳой, сен ҳақингда айтсам, қабулига чорлаб қолса керак. Ўшанда кўрасан у одам қандайлигини.

— Ажабмас. Насиб қип қолар…

Шу тобда Меҳмонали чарчоқ енгибми, кўзлари юмила бораётганини ҳис эта бошлаганди. Бироқ дала командирининг қаршисида уйқуси келаётганини сездириш тўғри келмаслигини ўйлаб тетик туришга уринарди.

— Ҳозир сенинг олдингда яна бир синов кўндаланг турибди, — деди Жавҳарий Меҳмоналига сирли қараш қилиб. — Тайёрмисан? Ё анавиларга ўхшаб чарчаб қолдингми?

— Менга чарчаш, қўрқиш, ҳайиқиш деган нарсалар умуман бегона. — деди Меҳмонали сир бой бергиси келмай. — Фақат… Сал хумор тутгандай бўляпти.

— Шунақа демайсанми? Сендай қаҳрамонлардан айлансин шу героинлари. Ма, манавини олиб қўй. Ҳозирча озроқ дозада қабул қил. Беш дақиқадан кейин ташқарига чиқамиз. Сен навбатдаги имтиҳонни топширасан!

Меҳмонали халтачадаги кукундан керагини одатга кўра милкларига ишқалади-да, аввал Жавҳарийнинг гапини маъқуллаб, бош ирғади. Кейин эса икки ярусли каравот темирига суяниб кўзларини юмди.

Чарчоқ енгдими, ё бошқа сабабданми, тик турган ҳолда кўзи илинган экан. Жавҳарийнинг турткисидан уйғониб кетди.

Уйғонди-ю, бу гал илк бор наркотик таъсирида кайфияти кўтарилганини ҳис этди. Негадир ўзи сезмаган ҳолда қаршисидаги Жавҳарий билан ҳазиллашгиси келди. Баҳона ҳам топила қолди.

Дастлаб командири ўзини таништирганда, ҳайрон бўлганди. «Шу сўтак шоирмикан?», деган гап хаёлидан ўтганди. Ҳозир шу нарсани ҳазил аралаш сўрамоққа тутинди.

— Командир, нега фамилиянгиз Жавҳарий? — сўради у қаддини ростлаб. — Шоирмисиз дейман?

— Топдинг? Сени профессионал террорчи десам, билоғон ҳам экансан-ку-а? Ҳа, шоирман. Охирги шеъримни ўқиб берайми?

— Й-йў-ўқ, шарт эмас, — деди Меҳмонали. — Я-яна битта саволим бориди. Майлими ўша саволимниям берсам?

— Беравер!

— Ҳалиги… Муҳаммад Саййидни биласиз-ку-а?.. Мени буёққа кузатиб қўйган одам бор-ку, ўша!..

— Хўш, унга нима қипти? Саволга унинг нима алоқаси бор?

— Биласизми, Муҳаммад ака келаётганимда «уёққа борганингдан кейин ўзлари қизлардан топиб беради», деб эди. Шуни… Сўрамоқчийдим.

— Ҳа-а, гап буёқда дегин? — беўхшов тиржайди Жавҳарий. — Тўғри айтибди Муҳаммад Саййид… Ҳа, топиб берамиз. Эртага бир жойга жўнатаман. Ўша ерда ўзинг танлаб олаверасан.

— Гап йўқ.

— Энди юр, вақт бўлди. Навбатдаги имтиҳонни топширасан!..

Меҳмонали Жавҳарийнинг орқасида кетиб бораркан, оғзи қулоғига етаёзганди.

«Ҳақиқий менбоп ерларакан, — ўйларди йўл-йўлакай. — Ишиям оғирмас. Ейиш-ичиш текин. Ҳеч ким «йўқол, уйни бўшатиб қўй», деб хит қилмайди. Наркотикниям текинга бераркан. Яна ҳурматингни жойига қўйишгани-чи?!. Эҳ, Муҳаммад Саййид, қойилман сенга! Сени худонинг ўзи учраштирди. Гап йўқ!..»

Ташқарига чиқишгач, Жавҳарий ҳов нарида дарахтга суянганча турган бир жангарини чорлади.

— Одамбой, буёққа кел!..

Жангари буйруқни эшитгани ҳамоно икки ҳатлаб командирнинг қаршисида ҳозир бўлди.

— Манави жўжахўроз бугун келиб ҳалитдан хотин топиб бер деб гаранг қиляпти-ку, — деди Жавҳарий Одамбойга Меҳмоналини кўрсатиб. — Сал қаттиқ тегиб ҳовурини пасайтириб қўймасанг бўлмайди шекилли…

Меҳмонали сезиб турарди. Жавҳарий атайин шу гапларни қистириб ўтди. Аслида имтиҳондан ўтказмоқчи. Қандай муштлашишини текшириб кўрмоқчи. Умуман, Одамбой арзирли рақибдек туюлди. Спортдан яхшигина хабари борлиги кўриниб турибди. Бунинг устига сал нервнийроққа ҳам ўхшаяпти. Ким билсин? Балки наркотикнинг хумори тутаётгандир. Хумор тутса, сўраса беради-ку манави шоир…

Шундай хаёлларни миясидан ўтказишга улгуриб-улгурмай, Одамбой хезланганча Меҳмоналига яқинлашди. Қўлларини кўтаришдан олдин бир-икки афтини бужмайтириб, қаршисидаги йигитни менсимагандек ерга чирт этиб тупуриб ҳам қўйди.

Сўнгги қилиғи ҳақиқатан Меҳмоналининг нафсониятига тегди.

Азалдан биров қаршисида туриб ерга тупурса ўзини ҳақоратлангандек ҳис этар, ўша аҳоти жавобини албатта қайтарарди.

Ҳозир ҳам ўзини тутиб тура олмади. Муштлари тугилиб, кўзлари қонсиради. Кейин эса…

Ўзининг махсус усулини қўллади. Икки марта турган ерида айланди-да, Одамбойнинг кўкрак қафас қисмига кучли зарба йўллади.

У кутмаганди. Икки метр нарига учиб кетди. Шу алфозда кўксига кафтларини босганча энгашиб қолди. Афтидан жавоб зарбаси йўллашга имкони қолмаганди.

Жавҳарий бир неча марта «Аллоҳу акбар!» дея қичқирди-да, Одамбойнинг елкасидан тутиб қаддини кўтаришга ундади.

— Майли, хафа бўлма, укам, — деди у Одамбойнинг елкасига қоқиб. — Шу кунгача ўзингни зўр деб келгандинг. Ҳақиқатан зўридинг. Биронтаям муштлашишда енгилиб, манавинақанги аҳволга тушмагандинг. Зўрдан зўр чиқаркан-да, Одамбой! Хафа бўлма! Меҳмонали, юр, энди яна биттаси бор, ўшаминан бир чўқилашиб кўр-чи!..

 

* * *

 

Бу галги синов негадир қилич билан бўладиган чиқиб қолди. Бир пайтлар Меҳмонали тўгаракларга қатнашиб юрганда, қиличбозликниям ўрганиб олганди. Умуман, қиличбозлик жуда хавфли машғулот. Тиғ дегани ёқимсиз нарса. Тўгаракларда ҳақиқий қилич бермаган бўлишса-да, кейинчалик ҳарбий хизматдалигида росмана қилич билан ҳам машқ қилишига тўғри келган…

Рақиби Одамбойдан бўйи сал пастроқ, бироқ жуда абжир экан. Жавҳарий уни Фурқат деб таништирди. Фурқатнинг башараси ҳам ҳавас қиладиган эмасди. Айниқса, қирра бурни қачон қараса нимадандир норозилангандек кўрсатаркан…

Синов бошланди. Меҳмонали қўлига тутқазилган қилични айлантира-айлантира, хезланган кўйи олдинга ташланган Фурқатнинг қорни аралаш тепди. У ағдарилиб тушди. Қирра бурни янада жийилиб, афтини бужмайтирганча Меҳмоналига тезкор зарбалар йўллади. Лекин томоғига келиб қадалган тиғ уни таққа тўхтатди. Агар қаршисидаги душман бўлса, Меҳмоналига тиғни яна бир баҳя қаттиқроқ тираш кифоя эди. Қилич учи душманнинг томоғини тешиб ўтган бўларди.

— Бўлди, бас! — Жавҳарий қўрқиб кетдими, югура келиб Меҳмоналининг билагига ёпишди. — Қўйиб берса бир-бирингни бўғизлай дейсан-а! Душманларга кўрсатишгин шу ғазабингни! Кофирларга, кофирчалишларга кўрсат!.. Меҳмон, укам, бугун тамом! Енгдинг! Қобилиятинг супер! Мен халифимизга албатта етказаман! Энди юр, хонангни кўрсатаман! Сен-чи, ука, казармада ётмайсан. Алоҳида хонанг бўлади! Юр, бугунча кайфингни қил! Эртага босқинга чиқасан!

— Хўп бўлади!

Меҳмонали қиличини ерга тиркаганча тек қотган Фурқатга ер остидан масхараомуз қараб қўйди-ю, Жавҳарийга эргашди…

Эртаси куни эрта тонгда Жавҳарий ҳузурига чорлади. Меҳмонали тунда «доза»ни сал кўпайтириб қўйган экан. Эрталабгача юраги безовта қилганди. Шу сабабли уйқу ҳам ҳаром бўлганди. Ўз уйида эмаслигини яна бир карра англаб, истар-истамас, кийиниб, айтилган ерда ҳозир бўлди. Жавҳарий саккиз нафар жангарини йиғиб, асабийлашганча уни кутаётган экан. Аммо индамади. Совуққина қўл бериб сўрашган бўлди-ю, шкафини очиб «Калдашников» автоматини олди-да, Меҳмоналининг қўлига тутқазди. Бундан ташқари, яна тўппонча олиб уни ҳам Меҳмоналига топширди. Тўппончанинг уч қисмига овоз пасайтиргич ўрнатилганди.

— Ука, мен халифимиз билан қўнғироқлашдим, — деди Жавҳарий Меҳмоналига совуқ боқиб. — Сен ҳозирги босқинга командирлик қиласан. Мана бу саккиз йигит ихтиёрингда бўлади. Қишлоққа чиқиб борасизлар-да, нариги четдаги кўк дарвозали ҳовлига кирасизлар. Бу уйда қари ота, 16 яшар қизи, хотини яшайди. Ифлос сассиқ чол бизни сотибди. Қобулдаги операциямизни йўққа чиқартирибди. Ўшани йўқ қиласанлар. Лекин биров билмасин. Ими-жимида тинчитасанлар-у, орқага қайтасанлар. Айтганча, Меҳмон, қизини қул қилиб олишинг мумкин. Мен рухсат бераман! Кайфингни қили-иб юрасан кейинчалик.

— Никоҳимга олишим керак бўладими уни? — соддаларча савол ташлади Меҳмонали. — Ҳалиги…

— Қанақа никоҳ? — норози қўл силтади Жавҳарий. — Қул дегани сенинг шахсий мулкинг. Агар кўнглингга келмаса, инсоф қилсанг, уч-тўрт кун кайф қилиб, кейин аскарларингга ошириб юборсанг ҳам ёмон бўлмайди. Бил, сен-у мен салафизм вакилларимиз. Салафийларни худонинг ўзи уёқдан туриб никоҳлаб қўяди. Сира хавотирланма!.. Қолаверса, бизда йигитлар худди шундай йўл тутишади. Ҳозир аёлини ҳам ўртада бўлишиб яшашади. Тушунтира олдимми?

— Тушундим, — деди Меҳмонали бир-бирларига мамнун қараб қўя бошлаган жангариларга бир-бир назар ташлаб. — Кетсак бўладими, командир?

— Ҳа, оқ йўл! Айтганча, Эр-хотинни тинчитгандан кейин уйи ичкарисини титкиланглар! Пулми, тиллами, ишқилиб, қўлга илинадиган неки топсангиз, менга олиб келиб топширасизлар! Худо ёр бўлсин! Босқин сизники, ғалаба Оллоҳники!..

Ўргатилганидек, Жавҳарийнинг бу гапидан сўнг жангарилар баравар қичқирди:

— Оллоҳу Акбар! (Оллоҳ буюк) Оллоҳу Акбар! Оллоҳу Акбар!!!

 

 

БОСҚИН

 

* * *

 

Меҳмоналининг оғзи қулоғига етганди. Куни кеча келиб командирликка тайинланиши бу совуққон йигитга мойдек ёқиб тушганди. Йўл-йўлакай наркотикдан пичасини милкларига ишқалаб олди. Ана энди сотқинликни кўрсатиб қўяр даражага етди ҳисоб. Миясида фақат қўл остидаги жангариларнинг «Оллоҳу Акбар»лаши айланарди. Айлангани сайин тўлқинланиб, ўзини куч-қудратда тенгсиз жангари ҳис этиб борарди.

Ҳаш-паш дегунча Жавҳарий тайинлаган уйга етиб келишди. Қишлоқда зоғ учмасди. Аввалига ҳайрон бўлганди. Марат исмли татар жангари шипшитиб қолди. Айтишича, бу қишлоқда ахборот ташувчилар жуда яхши ишларкан. Демак, жангарилар босқин уюштиришини олдиндан билиб олгач, уй-уйларига биқиниб олганча ўтиришаркан.

Аммо Меҳмоналини ҳайратда қолдириб, қария биқиниб олмабди.

— Кўринг, командир, — деди Марат айвонда қиблага қараганча намоз амалини адо этаётган чўққисоқол қарияга ишора қилиб. — Бу ифлос бизни сотгани етмай, худодан жазо ҳам сўраяпти. Бу ишни очиқчасига, намойишкорона қиляпти. Рухсат беринг! Ўзим тинчитай!

— Йўқ, сизлар уй ичларини тинтиб чиқасизлар! Қизини ўлдириб қўймаларинг! Каллангминан жавоб берасан!

Қария аллақачон сезганди. Жангари каллакесарлар тобора ўзи томон яқинлашиб келаётганини ҳам чуқур ҳис этиб турарди. Лекин ўрнидан жилмасди. Намозни бузиб, қўрқувдан дағ-дағ титраш, шафқат сўраш ўрнига овозини бир баҳя кўтарган ҳолда худога нола қиларди.

— Худойим, маразларнинг, худосизларнинг, одамхўрларнинг жазосини ўзинг бер! — дея илтижо қиларди қария. — Бегуноҳларнинг қонини тўкаётганларни ғазабингга ол!..

«Ҳали шунақами? — кўнглидан ўтказди Меҳмонали қўйин чўнтагидан тўппончани чиқариб ўқларкан. — Ҳозир ўзинг худонинг ғазабига гирифтор бўласан!..»

Оқ оғунинг кайфи борлиғини ўзига бўйсундирган Меҳмонали шу тобда фақат иблиснинг қистовларигагина қулоқ тутарди. Иблис аллақачон вужудига ўрнашиб олган кўйи уни одамийлик, шафқат, меҳр-оқибатдан мосуво этиб бўлганди. Меҳмоналининг тошга айланаёзган юраги фақат нафратни тан оларди. Шу алфозда намоз ўқишда давом этаётган қариянинг тепасига келди-да, тўппончани унинг бошига тиради.

Бу орада жангарилар қариянинг завжасини ҳам ими-жимида сўйиб, келишгангина, ўзига ҳарир рўмоли ярашиб тушган кўҳлик қизни оғзига скотч ёпиштирган ҳолда ташқарига олиб чиқишди.

Меҳмонали қиз тарафга суқ билан тикилиб олди-да, паст овозда қарияга сўз қотди.

Ҳайратланарлиси, қария гарчи аъзойи бадани ўлимини сезиб безовта титраб қўяётган бўлса-да, жангариларга сир бой бермасди. Титраб-қақшаб бўлса-да, Яратгандан инсоф-тавфиқ сўрарди.

— Сенинг ўлиминг яқин, — деди Меҳмонали қаторлашганча ундан ҳаракат кутаётган қўл остидаги жангариларга бир қараб олиб. — Биз сенга Оллоҳ лашкарларини ҳукуматга сотишни кўрсатиб қўямиз!..

Қария шу гапдан кейингина худога ёлворишдан тийилиб, калима келтирди.

— Ашъадуалло, илоҳо иллоллоҳ! Ашъадуанна Муҳаммадун абдуҳу ва Расулуҳ!..

Меҳмонали тепкини босди. Иккинчи марта орқа миясига қарата ўқ узди.

Қария қиблага қараган кўйи жойнамоз устига юзтубан қулади. Жойнамоз усти қора қонга бўялди.

Отасининг ўлдирилганига гувоҳ бўлиб, баттар даҳшатга тушиб қолган қизи ув тортиб йиғлар, силкиниб, жангарилар қўлидан халос бўлишга уринарди. Жангариларнинг жонига тегдими, қизнинг орқа мияси аралаш зарба йўллашди.

У ҳушидан кетди.

Бошқа бир жангари уни даст кўтариб олганча ташқарига йўналди.

Меҳмонали эса ичкаридан олиб чиқилган бир даста пул, бир нечта тилла тақинчоқни жангарилардан олди-да, киссасига жойлаб кўчага йўл олди.

Қариянинг танасидан оққан қон жойнамоз устини тўлиқ эгаллаб улгурганди.

— Бопладик-а? — машинага ўтириб жўнашгач, Меҳмонали жангариларга сўз қотди. — Ҳозир бу қулваччани хонага олиб бориб татиб кўрамиз-да! Нима дейсизлар?

— Командир, сиздан ортсагина биз татиб кўришимиз мумкин, — деди Марат. — Ҳалолингиз бўлсин!

— Орттираман! Сенлардай жасур лашкарлардан битта қулваччани аярмидим? Ҳали бундайларнинг сон мингтасини кўрамиз насиб бўлса!

Жангарилар бу гапдан руҳланиб кетишдими, баравар жўравозликда қичқира кетишди:

— Меҳмон оға, кўп яшанг! Меҳмон оға кўп яшанг! Оллоҳу Акбар! Оллоҳу Акбар! Оллоҳу Акбар!..

Борлиғи шафқатсизлик, ҳайвоний ҳирсдангина иборат бу каллакесарлар то манзилга етгунча қичқиришдан тийилишмади.

Машина дарвозадан ичкарига киргачгина, барчасининг уни ўчди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...