Самарқандлик эркак терговдан сўнг сирли равишда оламдан ўтди…

0

 

Ҳа, 57 ёшли Насриддин Жабборов шу йил 16 ноябр куни Самарқанд вилояти Булунғур туман ички ишлар бўлимидаги бир неча соат давом этган терговдан сўнг сирли тарзда оламдан ўтди. Тергов эрталаб бўлиб ўтганди. Марҳумнинг яқинларига кечқурунгина хабар беришди. Бу жараёнда туман марказий касалхонасининг тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари ҳам иштирок этди. Марҳумнинг танасида калтак излари қолиб кетганди. Аммо туман ички ишлар бўлими вакиллари бу айбловларни қатъиян рад этган ҳолда марҳум инфаркт туфайли ўлим топганини айтишди.

Уларнинг айтишига кўра, Жабборов милициянинг махсус рўйхатида тураркан. 16 ноябр куни жиноят қидирув бўлими ходимлари уни наркотик савдосида айбланган шахсларни тутиш махсус операциясида иштирок этишга мажбурлаган. Илгари ҳам у худди шунақа операцияларга чақириб туриларкан. Марҳум кўрсатилган кимсадан милиционерлар берган пул эвазига наша сотиб олаётганда, уни ҳам, наша сотганни ҳам қўлга олишган ва бўлимга олиб кетишган.

— Бизга тез ёрдам хизматидан қўнғироқ қилиб тез етиб боришимизни айтишди, — дейди марҳумнинг яқинларидан бири. — Биз бордик. Унинг жасадини кўрсатишни талаб қилдик. Кўрсатишди. Не кўз билан кўрайликки, унинг танаси калтак изларига тўла. Врачлар бизга марҳум қийноқлар, калтаклар туфайли ўлганини экспертизагина тасдиқлай олишини айтишди. Биз экспертиза ўтказишларини сўраб ариза ёздик. Лекин ҳозирча ҳеч ким бизга жавоб бергани йўқ. Милиция бўлимидагилар ҳатто прокуратурага ҳам бу ҳақда хабар бермабди. Биз ўзимиз хабар қилдик. Билмаймиз. Прокуратура қандай қарорга келиши мумкин. Бу ҳам бизга қоронғу.

— Биз тарафдан марҳумга нисбатан ҳеч қандай қийноқ усуллари қўлланилмаган, — дейди милиция ходимларидан бири. — Унинг соғлиғи шундоқ ҳам яхши эмасди. У касалхонада инфаркт туфайли оламдан ўтган. Қариндошларининг бизга қўяётган айбловлари умуман асоссиз…

Лекин милиционерлар 16 ноябр куни Жабборовни махсус операцияда иштирок этишга мажбурлаганликлари ҳақида гапиришни исташмади.

ca-news. org

loading...