Ўзбекистонда икки нафар Тожикистон фуқароси узоқ муддатга қамалди

0

Ўзбекистонга гиёҳванд моддаси олиб кириб, уни сотишга уринган икки нафар Тожикистон фуқаросига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Тожикистон фуқаролари – 34 ёшли И.У. ва 36 ёшли К.Д. Ўзбекистонга 6 дона полиетилен пакетларга қадоқланган “ОПИЙ” гиёҳвандлик воситасини олиб кирган. Улар жорий йилнинг 5 июнь куни соат 01:30 да ўз маҳсулотларини Самарқанд вилояти ҳудудида 20 000 АҚШ долларига сотаётганларида тезкор-тадбирда ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сотиш) ва 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Тожикистон Республикаси фуқароларига нисбатан юқоридаги моддалар билан айблов эълон қилинган ҳамда “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг ҳукмига кўра К.Д. ва И.У. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми ва 246-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, К.Д.га нисбатан 10 йил, И.У. га эса 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

loading...