Қашқадарёда бир оиланинг 7 аъзоси консервадан заҳарланганди. Она ва фарзандларнинг бири вафот этди

0

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани «Лангар» МФЙ Тутли қишлоғида яшовчи оиланинг 7 нафар аъзоси уй шароитида тайёрланган помидор консервасидан заҳарланиб, вилоят марказидаги шифохоналарга ётқизилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, 18 ноябрь куни соат тахминан 08:00 атрофида мазкур оила бошлиғининг рафиқаси Ю.У. вафот этди, 20 ноябрь куни соат 09.30да мазкур оиланинг катта фарзанди, 2006 йилда туғилган А.Т.нинг ҳам жони узилган.

Эслатиб ўтамиз, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига келтирилган оила бошлиғи, унинг турмуш ўртоғи ва катта ўғлига «Ботулизм касаллигининг оғир даражаси. Ўткир токсемия даври. Токсик нейропатия. Ўткир нафас етишмовчилиги I даражаси» ташхиси қўйилган эди.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабарига кўра, санитария авиацияси хизмати орқали зудлик билан пойтахтдан ҳам малакали мутахассис чақиртирилиб, керакли тавсиялар олинди. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан 20 ноябрь куни 09.30да мазкур оиланинг катта фарзанди, 2006 йилда туғилган А.Т. ҳам вафот этди.

Айни пайтда отанинг аҳволи ҳам ўта оғирлигича қолмоқда.

Оиланинг қолган тўрт нафар аъзоси вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли.

kun.uz

loading...