Қонунчилик палатасининг шаъни ва обрўсини шубҳа остига қўювчи баёнот ёки Алишер Қодировнинг чиқишидан муддао не?

0

Маълумки, бир неча кун олдин сиёсий партиялар раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда блогер Хушнудбек Худойбердиев сиёсий партиялар раҳбарларига бир қатор саволларни бериб, у Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитовга “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларда фермер ва деҳқон хўжаликларининг мазкур Кенгашга мажбурий аъзолигининг белгиланиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид эканлигини айтиб, бу ҳолатга партиямиз раисидан ўз муносабатини билдиришни сўраганди.

Биринчи навбатда ушбу саволга шахсан мен депутат сифатида ўз муносабатимни билдирар эканман, шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, ҳозирги кунда ўтказилаётган сайловолди дебатларида аксар ҳолларда, айниқса блогерлар савол беришганда, қисқа, лўнда “ҳа” ёки “йўқ” деган жавобни кутишади. Бу мутлақо нотўғри ёндашув. Чунки шундай саволлар борки, уларга батафсил жавоб бериш, маълум бир вақтни, яъни батафсил изоҳни ҳам талаб этади.

Айнан, блогер Х. Худойбердиев томонидан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитовга берилган саволга бир томонлама қисқача жавоб бериш имконияти йўқ эди. Шунинг учун А.Хаитов ўз жавобида нафақат кўрсатув  иштирокчиларига, балки ушбу кўрсатувни кузатиб бораётган миллионлаб ватандошларимизга нима сабабдан “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларда фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашга мажбурий аъзолигининг белгиланганлиги юзасидан қонуний асосларни обдон тушунтириб берди ва бу масалада лозим бўлса қўшимча равишда ҳужжатларни ҳам тақдим этиши мумкинлигини айтиб ўтди.

Лекин минг афсуски, бу мавзу юзасидан Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари, Спикер ўринбосари А.Қодировдан  “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларда фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашга мажбурий аъзолигининг белгиланиши Ўзбекистон Конституциясига зид эканлиги тўғрисида билдирилган фикрига мутлақо қўшилиб бўлмайди.

Ваҳоланки, мазкур қонун ҳужжатларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартишлардан  “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракциясининг хабари бўлган-ку! Энг қизиғи, нима сабабдан бу масала ўша вақтдаёқ кўтарилмади ва тегишли муносабат билдирилмади? Ҳеч бўлмаса ушбу масалани “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қонунчилик палатасида бирлашган Демократик блокда муҳокама қилиши мумкин эди-ку!

Бундан ташқари, мазкур партия раисининг бундай чала-чулпа хулосаси Қонунчилик палатаси шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказмайдими? Ёки юртдошларимиз орасида “Олий Мажлисдек нуфузли палата Ўзбекистон Конституциясига зид равишда қонунларни қабул қилар экану, биз нима учун қонунларга риоя қилишимиз керак” деган нотўғри фикрни шакллантирмайдими?

Бу масалада Алишер Келдиевичга мурожаат этиб айтмоқчиман: Ахир сизнинг ўзингиз ҳам ҳозирги кунда парламент муҳокамаларида қонунларни қабул қилиш қанчалик мураккаб жараён эканлигини яхши биласиз-ку! Сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари холисона ёндашиб, қонун лойиҳалари бўйича ўз фикр ёки таклифларини нафақат фракция йиғилишларида, балки Қонунчилик  палатасининг ялпи йиғилишларида ҳам эркин равишда билдириб келишаётганидан наҳот сиз бехабар бўлсангиз? Фракциялар ўртасида соғлом рақобат тобора кучайиб бораётганидан нега кўз юмаяпсиз? Нима, халқона ибора билан айтадиган бўлсам, шошганда лаббай топилмай қолдими сизга?

Энг ачинарлиси, бу фикр айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар, сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга тайёргарлик ишлари авж палласига кираётган бир пайтда айтилгани ғалати эмасми? Ахир, мамлакат халқи жиддий сиёсий синовдан ўтиш остонасида турган бир паллада, бундай асосланмаган, пуч фикрларингиз ҳеч қандай фойда келтирмаслиги аниқ.

Мазкур масалани ҳуқуқий томонига эътибор қаратадиган бўлсак,  Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши томонидан бу масала батафсил ёритиб берилганлиги учун ортиқча изоҳ беришга ҳожат йўқ деб ҳисоблайман.

Мазкур кенгаш ўзининг ҳуқуқий мақоми бўйича нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Шундай экан, унинг биринчи галдаги вазифаси фермерларни, деҳқон хўжаликларини бирлаштириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларида замонавий усулда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сотиш, қисқача айтганда, уларда бозор иқтисодиёти кўникмаларни шакллантиришдан иборат. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга 2018 йилда йўллаган Мурожаатномасидаги қуйидаги ибратли сўзлар келтирмоқчиман: “Аграр соҳада энг катта муаммомиз бу —фермерларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида етарли билимга эга эмаслигидир.

Бизга қишлоқ хўжалиги технологияларини мукаммал эгаллаган, замонавий ишлаб чиқариш усулларидан хабардор фермерлар сув билан ҳаводек зарур.

Фермерлар кенгаши Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги, Инновацион ривожланиш вазирликлари билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйиши, фермерларни ўқитиш дастурларини ишлаб чиқиши лозим.

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан мақсад – иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш орқали халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир. Буни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур”.

Айнан шу каби долзарб вазифаларни тегишли давлат органлари билан биргаликда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши ҳам амалий ижросини таъминлаб келмоқда. Албатта, яна такрорлайман, кенгаш нодавлат нотижорат ташкилоти, шунинг учун ҳам у аъзолик бадали ҳисобидан ўз фаолиятини юритади ва унинг ҳисобига келиб тушадиган маблағлар, айнан кенгаш Низомида кўрсатилган мақсад ва вазифаларга сарфланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Конституциясига зид равишда қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлса, нима сабабдан Конституциявий суд ўз муносабатини билдирмади. Бундай масалаларни кўриб чиқиш ушбу суднинг вазифаси бўлиб, бу тўғридан-тўғри Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Шуҳрат БАФАЕВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати, O‘zLiDeP  фракцияси аъзоси

loading...