Алишер Қодиров Ўзбекистон парламенти конституцияга зид қонунлар қабул қилганини тан олди (+ВИДЕО)

0

Аввалроқ сайтимизда барча партия раҳбарлари ва блогер ҳамда журналистлар ўртасида мулоқот бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Мулоқотда блогер Хушнудбек Худойбердиев ЎзЛиДеП раиси Актам Хаитовга нодавлат нотижорат ташкилотлар, хусусан Фермерлар Кенгашига фермерларнинг ва Савдо-саноат палатасига тадбиркорларнинг мажбурий аъзо қилинишига муносабатини сўраган эди. Унда Хаитов аниқ жавоб бермасдан, кейинчалик ёзма равишда жавоб беришини маълум қилган эди. Шундан сўнг Фермерлар кенгаши вазиятга расмий муносабат билдирди.

Учрашувда “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров ҳам ушбу масалага ўз муносабатини билдирди. Унинг билдиришича, бундай ҳолат конституцияга, қонунга зид.

“Тўғри ҳукуматнинг раиси номзодини таклиф қилган партия сифатида саволингиз манзилли йўналтирилди. Лекин мен амалдаги депутат сифатида сизнинг саволингизга шундай деб жавоб берган бўлар эдим. Саволингиз жуда ҳам тўғри ва сиз айтган саволга мен ноқонуний деб жавоб бераман. Қонунга, конституциямизга зид айрим қонунларнинг қабул қилинган ҳолатлари бизнинг парламентимизда бор. Буни эътироф этиш керак. Лекин мен бир нарсани айтмоқчиман. Бу сафарги парламент ноёб, тарихий муҳитда ишини бошлади ва бошқача муҳитда ишини тугатяпти. Биз ишимизни бошлаган пайтимизда жуда кўп ҳолатларда конституцияга зид айрим нуқталарда қонунларни қабул қилиниши жараёнларида депутатларнинг жуда кўпчилигида ҳозирги журъат етишмаган. Буни эътироф этишимиз керак. Жамият ҳам айнан шунга эътироз билдирмоқда. Парламент журъатли бўлиши керак” – деди Қодиров.

Шунингдек, партия раҳбари аввлги сайловда ЎзЛиДеП нтомонидан номзоди илгари сурилган ва бу сафарги номзодлар рўйхатига киритилмаган Абдурашид Абдуқодировни ўзининг партияси номидан номзодлар рўйхатига киритилишини хоҳлашини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, “Миллий тикланиш” раиси Алишер Қодиров бир вақтнинг ўзида Олий Мажлис депутати, партиянинг парламентдаги фракцияси раҳбари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари ҳисобланади.

loading...