Австралия ҳаддан зиёд иссиқ ҳаво ва ёнғинлардан азобланмоқда…

0

 

Ҳа, айни кунларда Австралияни иссиқ ҳаво ҳамда чанг-тўзонлар забтига олди. Ғарбий Австралияда ҳафта охирида ҳаво ҳарорати +45,4 даражагача етган. Жанубда эса +46,5 даража қайд этилган. 21 ноябр куни Виктория штатида ҳаво ҳарорати +43,6 даражагача кўтарилган.

Атмосферадаги намлик пастлиги ва кучли шамоллар ёнғинларга сабаб бўлди. 20 ноябр кунининг ўзида Жанубий Австралиядаги 45 та ҳудудда кучли ёнғин кузатилган. Айниқса Йорк ярим оролидаги Йорктаун шаҳрида вазият жуда оғир бўлди. Бу ҳудудда олов 4 минг гектар майдонни эгаллаб олган. Тахминан 11 та уй куйиб кул бўлган. Бир неча одам оғир жароҳат олган.

Виктория штатидаги жами 60 та йирик объектлар ҳам олов қуршовида қолиб кетди. Мельбурн яқинида бир нечта бинолар ёниб кетгани ҳақида маълумот тарқатилган.

Мамлакат шарқида ҳам вазият жуда оғир. Янги Жанубий Уэльс штатида ёнғинлар 1650000 гектар майдондаги экин-тикинларни йўқ қилган. 476 та уй, 577 та қишлоқ хўжалик биноси ёниб кетди.

Ҳозирга қадар мамлакат бўйича 5 киши ўлим топгани айтилмоқда. Юзлаб жониворлар ҳам иссиқ ҳаво ва ёнғинлар қурбонига айланди.

loading...