Феруза Собитова нима сабабдан Гавҳар Шариповани уйидан чиқариб юборганини сўзлаб берди (видео)

0

19 ноябрь куни «Опа-сингиллар» сериалида Нафиса ролини ижро этган актриса Гавҳар Шарипова оламдан ўтгани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ маълум бўлишича, актриса Гавҳар Шарипова юк машинаси ҳайдовчиси шилқимлик қилгани сабаб юриб кетаётган машинадан ўзини ташлаб вафот этган. Марҳуманинг яқин дугонаси бўлган актриса Феруза Собитова унинг ҳаёти, нима сабабдан тушкунликка тушиб қолгани ва уйидан нега чиқариб юборгани ҳақида сўзлаб берди.

«Гавҳарнинг ҳаётида баъзи бир ишлар бўлди. Москвага кетишига тўғри келди, қайтиб келгач, яшашга жойи йўқлиги сабаб меникида яшаб юрди. Жуда тушкун ҳолатда бўлди, руҳиятига таъсир қилганди. Шунақа гаплар гапирардики, мен қўрқиб кетардим. Лекин қалби чиройли эди, унга бемалол ўғлимни ташлаб кетардим. Ҳар куни туғруқхонага борарди, ёнида пули бўлмаса ҳам ёзган шеърлари учун олган пулига пакетлаб нарса олиб борарди. Уйга бозор қилиб келмагин десам ҳам, олиб келаверарди. Жудаям қўли очиқ, меҳрибон эди. Фарзандли бўла олмаганидан сиқиларди…

Москвада ҳам оғир ётиб қолдим деб айтиб берганди. Тўшакда ётганимда ҳам доим шеърлар ёзардим, деди. Хит бўлган кўплаб қўшиқларнинг шеърларини меники дерди. Сен буни қанақ қилиб исботлайсан, десам, ўзим биламан ва Аллоҳ билади дерди. Манзура билан гаплашгани эсимда, у билан озгина тортишиб қолди. У ёзмаган, лекин урушарди, сўкарди, дуоибад қиларди…

Кўп суҳбат қилардик, ҳаётимни қайтадан бошласам, кўп хатоларга йўл қўймасдим дерди. Лекин мен кўп яшамайман Феруз, дерди. Менга ҳам кўп маротаба автоҳалокатга учрайсан, деб айтганди. Илтимос, менга бунақа гапларни гапирма, дердим. Кейинроқ порталларга бир нарсалар ёзгани учун ‘тепадан‘ ‘Нега сизни уйингизда яшаяпти?’, деган мазмунда қўнғироқлар қила бошлашди. Шу сабаб уни ўзим уйдан чиқариб юбордим.

Оиласида опа-сингиллари бор, онаси бор. Лекин тез-тез ораларида гап қочиб турарди. Раҳматли кўп жойга иш сўраб борди. ‘Миллий театр’га борди, ‘Ўзбекфильм’га борди, лекин уни ишга олишмади. У руҳан жуда заиф бўлгани сабаб тушкунликдан чиқиб кета олмади…

Унинг катта хатоси — севган ёрининг, дўстларининг хиёнатини кечира олмади. Мен ҳам неча йил фарзанд кўрмадим, кечалари йиғладим. Кейин шу вазиятни ўз ҳолига қўйвордим. Гавҳарга ҳам шундай қил дедим. Орада автоҳалокатга учраб, миямдан жароҳат олдим. Невропатологим ҳомиладор бўла олмаётганимга миям сабаб бўлганини айтди. Даволанишдан кейин ҳаммаси жойига тушиб, уч ойдан кейин ҳомиладор бўлдим. Ҳаммаси яхшиликка. Жуда меҳрибон аёл эди, бир оилани гуллатадиган аёл эди…»

Феруза Собитова, актриса

Daryo.uz

loading...