Ҳикоя: Жаннат калити

0

2005 йил 23 ноябрь

«Кундалигим! Неча йиллардан буён менга дилдош, ҳеч кимга сиримни сотмайдиган қадрли сирдошим. Дардларимни шу кунгача фақат сенга очдим, сенга ишондим. Юракларда зирқираган қайғуларим билан яна ёзяпман.

Бугун фарзандим беш ёшга тўлди. Кўзларимнинг нури, ягона овунчоғим, дилбандим ва… ва оғриқли нуқтам. Мен уни «оғриқли нуқта» деб сўнгги пайт жуда кўп айтяпман. Яратган Эгам бу сўзларим учун мени жазоламаса эди. Ахир у қандай бўлишидан қатъи назар меники, менинг бир бўлагим-ку?! Инсон ўз аъзосидан уялиб, ундан кечиши мумкинми? Йўқ, йўқ, мен ундан кечиш ҳақида ҳатто ўйламайман ҳам. Асло!..

2006 йил 12 август

Кундалигим! Бугунги воқеа жисму жонимни ўртаб юборди. Бечора болагинамнинг қўлларига қалам ушлатдим. Сўнг қоғозга нималарнидир чизиши учун қўлидан тутдим. Икки дақиқага қолмай унинг қўллари «йиқилди». Чарчаб қолди! Дадам бизни кузатиб турган экан.

— Бунинг одам бўлмайди, Дилбар! — деди.

Бу аянчли сўзлар менга       наштардек санчилишини наҳотки отам билмаса?! Ахир унинг ўзи ҳам бизни папалаб катта қилган-ку! Наҳотки бу кескин гапдан нақадар қон ютишимни билмаса?!

— Дада! Ундай деманг!..

— Э-э-эй, калласи ишламайдиган аёл бўлдинг-да! Ахир бу боланг жони бор қўғирчоқ-ку?! На гапиради, на юради, ҳатто қўлларини ҳаракатлантиролмайди! Жонингга тегмадими унга қарайвериш, менинг юрагим эзилиб кетди-ку?!

Барча сўзлар азобли, ҳаммаси юракни эзади. Лекин отамнинг ҳар гапидан ғам иси келарди. Ҳа, у менга ачинаётганди. Фарзандининг ташвишланишини кўриб куюниб кетаётганди. Аммо фарзандингнинг ҳеч нарса қила олмаётганини кўриш энг аянчлиси, ишонаверинг.

Ҳа, менинг болам юрмайди, гапирмайди, қўли тугул бошини ҳам тута олмайди. Хўш, нима қилибди?.. Шу сабаб мен ундан кечайми?! Кечолмайман, кундалигим, қўлимдан келмайди!..

2007 йил 3 сентябрь

Эй, менинг сирдошим! Кундалигим! Қўшни болаларнинг мактабга кетаётганига интиқиб қараяпман, кўнглим ўртаниб кетяпти. Улар шунчалар кичкина, шунчалар ширинки! Қизчалар чиройли оқ ленталарни тақиб олишган йигитчалар эса худди катта амалдорлардай костюм-шимда, қўлларидаги портфелни бир-бирига улоқтиришга шай. Ҳар бир боланинг юзи тўла шодлик, қизиқиш…

Фақат менинг ўғлим ёнимда деразадан қараб, жимгина ўтирибди. Унинг қарашларини сенга тасвирлаб берайми, кундалигим? Кўзлари жуда маъюс. У шундай боқадики, бу боқишларда жуда кўп нарсани тушунадиган, ақлли инсон нигоҳи бор. Боши ҳийла эгик, елкалари жуда кичкина, оёқлари ҳам ўсмаяпти. Фақат бирор ноқулайликни сезганида инграб қўяди, холос. Мен бу ожиз, ниҳоятда ожиз, менга муҳтож боламни ташлаб кетишим мумкинми? Эй, Худо, жуда сиқилиб кетяпман!..

2010 йил 23 ноябрь

Кундалигим! Бугун фарзандим ўн ёшга кирди. Унинг кеча айтган сўзи мен учун энг катта      совға. «Ойи!» Болажонимнинг тилидан чиққан илк сўз. Жуда ёқимли сўз. Мен ишонаман, у аста-секин бўлса-да, бошқа сўзларни ҳам гапира бошлайди. Шунда мен ҳам ҳозир кўриб турган мана бу оналарга ўхшаб хурсанд бўламан. Секин-аста ўғлимни мактабга олиб бораман ва у келажакда катта одам бўлиб кетади. Ана шунда одамларнинг фарзандим ҳақида айтган гаплари унутилиб, кўзларимдан қувонч ёшлари тўкилади.

— Сени яхши бир оиладан сўраб келишибди, қизим, — деди ойим кеча. — Хотини вафот этган, яхши инсон экан…

— Ойи, мени бу фарзандим билан унча-мунча эркак қабул қилмайди, биласиз-ку?!

— Йўқ, болам, сен турмушга чиқавер, болангни ўзимиз олиб қоламиз. Ахир сен ҳам ёшсан, бу ҳаётга келиб, ўша гиёҳванд эрингдан бошқа нима кўрдинг?..

— Ойи-и!

Сўзимда нола, алам борлигини онам ҳам сезди.

— Илтимос, болажоним!

— Унга мендан бошқа ҳеч ким, эшитяпсизми, ҳеч ким мурувват билан қаролмайди. Қолаверса, сизлар ҳам энди ёш эмассизлар. Дадамнинг феъли оғир. Кўз олдимда бу бечорага неча бора бақирди-ку! Мен бўлмасам унинг ҳоли не кечади?!

— Йўқ, йўқ, энди бақирмайди…

Эҳ, онажон! Бу ҳаракатларингиз, бу энтикиб кетишларингиз замирида менинг бахт топишим ётибди. Биламан, менинг болам ҳатто сизларга ҳам ортиқчалик қилади. Ахир баъзан ўзимга ҳам… Эй, Худо, мени кечир!

2013 йил 17 апрель

Кундалигим! Биз бугун    сайрга чиқдик. Ўғлимнинг кулишини ҳозир тасвирлаб бераман. Худди катта одамлардай аста, майин, маъноли кулади. Дарахтдаги куртакларни енгил шабада учирар, ўғлим эса бундан нақадар завқланарди. Оҳ, менинг энг беғубор инсоним! Бу дунёда сендан-да пок, сендан-да заиф, сендан-да ночор ким бор? Оҳ!.. Менинг бу дунёга келиб аравачаю ётоқдан бошқа нарса кўрмаган болам! Наҳотки сен ҳеч қачон югуриб юролмайсан?.. Наҳотки ўсмир йигитлардай қизлар олдида ўзингни кўз-кўз қилиб, ёшлик ва забардастлик ҳисидан ғурурлана олмайсан? Наҳотки сен ҳеч қачон аёл кишининг тароватини, фарзанд неъматини туёлмайсан? Болам! Жоним болам! Одамлар менга ҳали ҳам сени ногиронлар уйига бериб юбориш таклифини беришяпти. Лекин сен гапиряпсан-ку…

— Ой-йи-и, қор-р-рним о-оч-оч-чди.

— Нима овқат ейишни истайсан, болажоним?

— Х-хон-хоним, ой-йи.

Ичимга кирган шайтон «Унга меҳрибонлик уйида ҳам яхши қарашади», дейди…

2016 йил 23 ноябрь

Кундалигим! Бугун юрагим пора-пора бўлиб тирналди. Ўғлимнинг туғилган кунини қўшни болалар қуршовида нишонладик. Мен болаларнинг ёнига ўғлимни кўтариб олиб чиқдим. Ўғлим табриклар қуршовида ҳам жуда хафа эди. Меҳмонлар кетгач, нима бўлганини сўрасам…

— Ў-ўн ол-олти ёш б-болани ҳам кўтариб ю-юрибсиз, о-о-й-и-и! — деди.

Бу гап мени адо қилди. Кундалигим, у ғамни ҳис этяпти! Ночорлигини, иложсизлик, аламни, тушкунликни ҳис этяпти. Мен жилла қурса унинг ҳеч нарсадан руҳан эзилмаслигини ўйлаб ўзимни тинчлантирардим. Аммо менинг болам ич-ичидан қон йиғлар, чорасизликдан сиқилиб кетаётганди.

Ўғлим! Менинг кўнглида ғубори йўқ, бу дунёга дард билан келиб, дард билан кетгувчи жон болам. Шифокорлар сенинг оёқ-қўлинг ишлагани билан баъзи хасталикларинг тузалмаслигини айтишмоқда. Буни сенга тушунтира олмайман. Қандай овутсам экан,а сени?!

2018 йил 6 июнь

Кундалигим! Бир ҳафта аввал ўғлимни шаҳарга, шифохонага олиб бордим. Йўл азоби бизни ҳар йили мана шундай қийнайди. Сўнгги йиллар уни кўтариб юришга кучим етмаяпти. Бу гал ҳам йўл давомида бир неча маротаба уни кўтаришга тўғри келди. Тўғри, менинг болам бошқа ўн саккиз ёш йигитлар каби  вазнга ҳам эга эмас. Лекин, барибир…

Шифокорлар юрагимдаги салбий ўзгаришлар ҳақида гапирганидан буён уни иложи борича кўтармасликка ҳаракат қилаётгандим. Бечора болам йўл бўйи жуда қийналди. Унинг инжиқлик қилиши, асабийлиги ҳам мана шу дард сабабидан. Шифокорлар ҳар йили даволаниб туришим лозимлигини айтишган. Аммо шароитимиз етарли бўлмагани учун тез-тез кела олмаяпман. Начора, қисмат бу! Ўзимни шундай овутаман: «Биз бу дунёга истакларимизни қондириш ёки орзуларимизга эришиш учун келмаганмиз. Барчаси синов!» Йўловчи каби кетиб боряпман, бир қўлимда ногирон фарзандим. Одамлар «Сен ғамни судраб юрибсан», дейишади ҳали-ҳамон. Аммо мен мана шу ғам билан тирикман. Шу ғам мен учун синов, шу ғам гуноҳларимга каффорот, эҳтимолки, айнан шу ғам жаннатимнинг калитидир! Атрофимга қарасам, мендан аввалгилар ҳам ўтган, мендан кейингилар ҳам ўтади. Биз, барибир, абадий эмасмиз. Балки, мен, асл оламда мангу   бахтга етишиш учун, мана шу дунёда кўпроқ азобланаётгандирман. Ҳар не бўлмасин, Яратганнинг иноятидир шу фарзандим. Кундалигим! Мен гўзал сабр қилавераман, мен дилбандимдан асло кечмайман!..»

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

loading...