КАЛЛАКЕСАР… (18-қисм)

0

 

 

“УЧРАШУВ”

***

 

Меҳмонали хонаси эшигига яқин боргандагина ичкарида аёл кишини қолдириб кетганини эслаб қолди. Эслади-ю, афсус чека бошлади. Ёнида шунча пули бўла туриб, қаёқдаги қаланғи-қасанғи аёл билан бир тўшакда ётишни ўзи учун ҳақорат ҳисоблай бошлади. Шундай тушкун кайфиятда эшикни очиб ичкарига қадам қўйди. Аёл каравотда ўтириб олганча қўлидаги жажжи кўзгучага боқиб кўз остиларига бўёқ сурар, шу орада кокилларини бармоқлари орасига олиб силаган бўларди. Чамаси, ўз ҳуснига ўзи ҳам маҳлиё эди. Аммо шу тобда Меҳмоналига аёл ҳуснининг умуман қизиғи йўқ эди. У қўлтиғига қистирилган пакетичидаги кўкимтир пуллар дамидан сархуш эди. Ҳатто, танасининг аллқаерида наркотик хумори қўзғолон қила бошлаган бўлса-да, эътибор бермасди.

— Сиз ташқарига чиқиб туринг, ҳозир менам чиқаман, — деди совуққон оҳангда Меҳмонали. — Фақат узоққа кетиб қолманг!

— Хўп бўлади, — зўрға овози чиқиб ўнг қўлини кўксига қўйди аёл. — Кутаман унда!..

Меҳмонали аёл чиқиб кетиши билан хона эшигини ичкаридан қулфлади-да, каравотдаги матрасни кўтарди. Кейин кўкимтир пулларни тахлами билан эринмасдан каравот устига териб чиқди. Устига яна матрасни ташлаб, чойшабни чиройли қилиб ёйди. Ана энди кўнгли хотиржам тортса ярашади. Матрас остида пул борлигини ит ҳам билмайди. Бемалол ишларни битиришга тушаверса бўлади.

Меҳмонали ҳануз пул туфайли сархушланган бошини қаший-қаший ташқарига чиқиб хона эшигини қулфлади ва ҳовлига йўл олди. Сал нарида аёл уни кутиб турган экан. Уёқдан буёққа ўтиб турувчи жангарилар унга кўз қирини ташлаб қўяр, айримлари аёлга қараб жилмайишдан тийила олмасди.

— Юринг, — деди аёлга Меҳмонали тоқатсизланиб. — Фақат имилламанг! Имиллаганларни ёмон кўраман!

Аёл яна итоат билан қўлини кўксига босганча Меҳмоналига эргашди.

“Буларнинг бари бир гўракан шекилли, — ўйларди у Аваз турадиган казарма томон кетиб бораркан. — Пул бўлса бўлдийкан-да ҳаммасига! Йўғса, ватанни ташлаб манавинақанги ҳаром ишларга келмасди манжалақилар. Наҳотки, дунёда ҳаё, уят, номус деган нарса қолмаган бўлса? Ана, Мўташ ҳам уялмасдан кечаси менинг қўйнимда ётаркан-у, кундузи пул деб бировларнинг бағрига ўзини ураркан. Мен аҳмоқ бўлсам, бировлардан қолган қолғиндини севибман, ардоқлабман, у билан ҳатто фахрланибман. Қанчалар тубанлик! Бирови юзингда кўзинг демай, насибангни тортиб олса, яна бирови ҳасми ҳалолингни қўйнига солиб ётса, ишрат қилса. Яхшики, Муҳаммад Саййидга учрадим. Мана шу ерларга адолат истаб келдим. Мана, ёмон бўлмадим. Ҳадемай бу жангари каллакесарлардан ҳам зўрроқ каллакесарга айланаман. Балки айланиб бўлгандирман? Журналистнинг калласини олганимда, қонини симириб ичганимда қойил қолишди-ку! Демак, бу жангариларнинг ҳаммаси бўшанг, латта экан. Агар менданам зўр бўлса, қарияникига шулар бориши керак эди. Менинг ўрнимга жойнамоз устидаги қарияни сўйиб келган бўларди. Тўғри-да, мусулмон бўла туриб мусулмонни сотибди у қария. Тағин шунча гуноҳи билан жойнамоз устига чиқиб намоз ўқигани нимаси? Мана, менам фаришта эмасман. Бир нечтасининг жонини суғурволдим. Демак, гуноҳкорман. Шунинг учун ҳам намоз ўқимаяпман. Юрагим бетламайди. Қачонки гуноҳлар қилишдан тийилсам, ана ундан кейин намоз бошласам бўлади. Буни Жавҳарий ҳам айтди. Айтганча, Жавҳарий келиб сандиғини очса нима қиларкин? Жинни бўп қолса керак аламдан. Мен олганимни аниқлай олармикан? Кейин-чи? Кейинига улгурмайди. Яқинда униям калласини оламан. Қонини симираман. Шундоғам қонсираб юрибман шу кунларда. Эҳ, Мўташ ҳозир шу ерларда пайдо бўлиб қолсайди… Жигини узардим ўзиям. Менга қилган хиёнатларининг, отаси кўрсатган кунларнинг, Самаддан тортган жабрларимнинг аламини ўша манжалақидан олардим. Жангариларнинг ўртасига ётқизиб энасини кўрсатардим. Кейин эса калласини ҳамманинг кўз ўнгида сапчадай узиб ташлардим. Мурдасини бўлса, бўриларга едирардим…”

Шундай хаёллар билан Аваз тайин этган ғорга етиб келганини ҳам пайқамабди.

Меҳмонали шоша-пиша ёнига разм солди. Аёл ҳамон бошини қуйи солган кўйи ёнида қадам ташларди. Унга кўз ташлади-ю, Меҳмоналининг тошга айланаёзган юраги ҳаприқиб қўйгандек бўлди. Бироқ дарров ўзини қўлга олди. Тўғри-да, ҳадемай халифалар халифасига айланиш арафасидаги одам, устамон, тенгсиз командир, бунинг устига даста-даста пулларнинг эгаси бу тахлит аёлларни кўрганда сўлагини оқизмаслиги керак. Сўлаги оқса арзийдигани ҳали учрайди. Албатта учрайди…

 

***

 

Ғор оғзида Аваз таваккалчи ёнида Меҳмонали таниб-танимас бир узун бўйли жангари билан гаплашиб турган экан. Меҳмоналини кўрди-ю, икки қулочини керганча унга пешвоз чиқди.

— Кутавериб қон бўп кетдик-ку, командир! — деди Аваз аёлга тез-тез назар ташлаб оларкан. — Нега кеч қоп кетдинг? Ё Жавҳарий кеп қолдими?

— Келгани йўқ, — деди Меҳмонали ерга чирт этиб тупуриб. — Манави аёлни олиб чиққунимча сал кечикдим.

— Ҳа, майли, — кафтларини бир-бирига ишқалаб олди Аваз. — Ҳозирнинг ўзида аскарларимиз ўттиз кишидан ошди. Суюнчини чўзавер! Кейин… Сени кўришга меҳмонлар келган. Ғорда кутиб ўтиришибди.

— Меҳмонлар? Ким экан? Менинг қишлоғимдан келишибдими?

— Йўқ, — деди Аваз кулимсираб. — Қишлоғингданмас. Аммо уларни танийсан. Юр, вақт кетмасин! Ҳали олдинда қиладиган ишлар кўп!

Меҳмонали аёлни эргаштирганча Авазнинг кетидан ғорга кирди.

Ичкари узун эди. Ғорнинг нариги бошидан ҳам тангадек ёруғлик кўзга ташланар, узунлиги тахминан бир километрча келарди.

Ярмигача боришгач, чапга бурилиб, кичкинагина хонага ўхшаш хилқатга киришди. Бу ерда шам ёқиб қўйилгани боис ичкари яққол кўриниб турарди. Нималарнингдир чийиллаган товуши қулоққа чалиниб қолар, ичкаридан захми, мурдами, ишқилиб, ниманингдир сасиган ҳиди уфурарди. Меҳмонали бундай ҳидларга анча кўникиб қолгани боис у қадар эътибор бермади. Ёнидаги аёл эса кирибоқ бурини кафтлари билан беркитганча бўғриқиб-бўғриқиб нафас ола бошлади. Лекин чиқиб кетишга қўрқдими, жойидан жилмади…

Хилқат бурчагида эса Меҳмоналини “сюрприз” кутарди. Буёғига қўл остида хизмат қилишга аҳд қилган жангарилар айлана қуриб ўтириб олишган, улар орасида эса Муҳаммад Саййид керилганча ўтирар, ёнидан эса…

Меҳмонали худди ўшани кўриб сал қурса даҳшатданми, хурсандлигиданми, бақириб юбораёзди.

Ҳа, фаришталар омин деган чоғи, Муҳаммад Саййиднинг ёнидан жой олган аёл боягина хаёлидан кечирган Мўътабар эди. Худди ўша фоҳиша, Меҳмоналининг номусини ер билан битта қилган бузуқи, хиёнаткор, Самаднинг ўйнаши, фоҳишахонанинг тўрини бировга бермас Мўътабарнинг ўзи эди. У Меҳмоналини кўрганданоқ бошини эгиб олган, шам ёруғида ҳам елкалари титраб қўяётганини илғаш қийин эмасди…

— Ини-им, — дея биринчи бўлиб қулочини кериб кўришишга тутинди Муҳаммад Саййид. — Бормисан? Командирим! Ишонганим, иним! Кўрсатганига, учраштирганига, етказганига шукр!..

Улар худди эски қадрдонлар каби бир-бирларини қўйиб юбормай бир дақиқадан ортиқроқ туриб қолишди. Ниҳоят Муҳаммад Саййид Меҳмоналини қўйиб юбориб, икки елкасига қўл ташлади.

— Бормисан, қиёматли иним? — деди у Меҳмоналини секин-секин силтаб. — Мана, мен келдим! Сенга хизмат қилишга келдим, иним!..

— Очиғи кутмовдим сизни, — деди оғзининг таноби қочиб Меҳмонали. — Энди қайтиб кўрмасам керак деб ўйлагандим. Хайрият, ўзингиз кеп қолдингиз.

— Қани, ўтирайлик, — деди Муҳаммад Саййид кўрпачага ишора қилиб. — Ўтир! Баракалла! Сени кутиб мана бу жангчи укалар билан чақчақлашиб ўтиргандим. Буларнинг ҳаммалари ажойиб йигитлар экан. Роса мақташаётганди сени, иним!..

— Борингларга шукр, — деди ўнг қўлини кўксига қўйиб Меҳмонали. — Оллоҳнинг ўзи етказди сизни! Бу йигитлар сиз айтгандан ҳам зўрроқ. Иншооллоҳ бундан кейин улар билан қуролдошга айландик. Оллоҳнинг лашкари бўлиб, мана шу заминда адолат ўрнатмоқчимиз! Ҳаромиларнинг қонини ичмоқчимиз…

Охирги гапини Меҳмонали атайин бир четда қимтинибгина ўтирган Мўътабарга теккизиб айтганди. Шу гапни эшитса, сал уяла бошлар, афсус чека бошлар деб ўйлаганди. Мўътабарда ҳеч қандай ўзгариш сезмагач, унга бўлган нафрати минг чандон ошди ва беихтиёр муштлари тугилди.

 

ИНТИҚОМ

***

 

Орадан тахминан ярим соатча вақт ўтгач, Меҳмонали яна тоқатсизлана бошлади.

Йўқ, шу тобда Жавҳарий ҳам, унинг хонасига беркитилган сассиқ пуллари ҳам, ҳали замон у Меҳмоналини қидириб, БТР ларда кириб келиши ҳам қизиқтирмаётганди. Бу нарсалар Мўътабарни кўргандаёқ хаёлидан кўтарилганди. Меҳмоналини бу фоҳишанинг не ниятда Муҳаммад Саййидга эргашиб келгани кўпроқ ўйлантирарди. Унақасига ўйлади, бунақасига фикрлаб кўрди. Ўхшай қолмади. Барибир ўйлаб ўйларининг охирига ета олмади.

Охири ёрилди.

— Устоз, бир дақиқага ташқарига чиқиб кела оласизми? — Муҳаммад Саййидга юзланди Меҳмонали. — Жудаям зарур гапларим бориди.

— Очиғи, менам сени ташқарига бошламоқчийдим ўзи, — деди кулиб Муҳаммад Саййид. — Юр, гаплашиб олайлик бўлмаса!

— Узоқ қолиб кетманглар фақат, — тайинлади Аваз таваккалчи чиқиб кетаётганларида. — Меҳмон, шошилиш керак.

— Биламан, — деди Авазга кўз қисиб Меҳмонали. — Хотиржам бўлинг!

Ташқарига чиққанлари ҳамоно Меҳмонали Мўътабардан гап очди.

— Анави аёл нега сизга эргашиб келди, устоз? (лагерга келгандан бери Меҳмонали кўнглининг бир четида Муҳаммад Саййидни шундай аташга аҳд қилганди) — сўради у қаршисидаги Муҳаммад Саййидга тик боқиб. — Сира тушуна олмадим. Ҳалидан бери ўйлайвериб қон бўлдим.

— Биламан, — деди ҳийла бош эгиб сўз бошлади Муҳаммад Саййид. — Бу аёл ҳаммасини менга гапириб берган. Буёғидан келсанг, Мўътабарни турмадан чиққан куним кўчада учратиб қолгандим. Кўзимга ўтдай кўринди. Афғондаги укахонларни хурсанд қиларман деган мақсадда кўнглига қўл солдим. Дарров кўнди-қўйди. Йўлда эса сен ҳақингда гап очди. Суриштириб келиб, у бизга бегона эмаслигини аниқладим. Шундан кейин Мўътабарни жангари йигитларга қўшиб қўйиш ниятимданам қайтдим. Билмадим… Сенда гаплари кўпмиш.

— Гапига кўзим учиб турган йўғиди, — деди алам аралаш Меҳмонали. — Тўғриси, шуни кўрсам жиним қўзияпти. Асабим бузилиб, зўрға ўзимни тия оляпман.

— Бу ишинг нотўғри, — деди Муҳаммад Саййид ва шошилиб киссасидан халтача чиқариб Меҳмоналига узатди. — Олдин турмадаги кунларни би-ир эслаб қўймаймизми?

Меҳмонали кулиб халтачани қўлига олди ва бир чимдимини олиб тишларига ишқалади.

Муҳаммад Саййид берган бу оғу турмадагисидан анча кучли туюлди.

Меҳмонали ҳеч қанча ўтмай, кайф сура бошлади. Юрагини деярли чирмаб олган алам ва нафрат туйғуси ортга чекиниб, иллюзия гирдобига кириб бораётганини ҳис этди. Ҳис-туйғулари жунбушга кела бошлади.

Хонасига беркитилган пулларни, Жавҳарийни ҳам унутгандек, эркин нафас олиб, ўзини қўйиб юборди.

Энди Мўътабар кўзларига фоҳиша эмас, бир даста гул каби кўрина бошлади. Бир тўшакда “асал ойи”ни ўтказган кунларини ёдга олиб энтика бошлади.

— Меҳмон, иним, — дея унинг елкасини сиқимлади Муҳаммад Саййид. — Нима бўлди? Жа хурсандсан? Тинчликми?

Меҳмонали унга наркотик таъсирида қизариб кетган кўзлар билан боқаркан, беихтиёр яна жиддий тортди. Хаёлига кутилмаган режалар ўрладими, елкасини учира-учира Муҳаммад Саййидга суяниб олди.

— Устоз, Мўътабар ифлос, — деди шивирлаб. — Эшитяпсизми? Ифлос ва пасткаш у!

— Унда ўч ол! — деди Муҳаммад Сайид Меҳмоналини қучиб. — Мен бекорга опкелганим йўқ уни. Бор-э, деб ҳайдаб солишим ҳам мумкин эди. Аммо сенга хотин бўлиб юрганидан хабар топгач, бу фикримдан қайтдим. Бор, интиқом яқин. Бўшашма! Қара, сени террорчи ошналаринг қандай ҳурматлашаркан! Шундай ҳурматли эр йигит қаёқдаги бир фоҳишадан интиқом олмаса, уят бўлади. Устига устак ўз оёғиминан келди.

— Ҳақсиз, — деди муштларини тугиб Меҳмонали. — Ўзи кейинги кунларда қонсираб юргандим. Майли, сиз аскарлар билан ўтира туринг! Ичкарига кириб Мўътабарни ташқарига чиқарворсангиз бўлди. Ишини битираман-у, қайтаман, устоз! Ана ундан кейин эрталабгача би-ир чақчақлашамиз!

— Хўп, омадингни берсин! Фақат сергак бўл!

Шундай деди-ю, Муҳаммад Саййид пилдираганча ғор ичкарисига кириб кетди…

 

***

 

Бу галги доза ҳақиқатан Меҳмоналига бошқача таъсир қилиб, тафаккурини теранлаштириб юборгандек эди. Шунинг таъсирида Мўътабар ташқарига чиқиб қаршисида ҳозир бўлгач, ўзини мажбурлаб бўлса-да, жилмайиш қилди.

— Сен ҳалиям менинг хотинимсан, — деди Меҳмонали Мўътабарнинг икки елкасидан тутиб. — Шуни биласанми?

— Биламан, жоним, — дея унинг елкасига бош қўйиб олди Мўътабар. — Ҳар куни соғинардим. Охири чидолмай, Самаддан аниқ манзилингизни олдим-у, йўлга отландим. Бахтимга анави киши учраб қолди. Сиз ҳақингизда гап очгандим, дарров таниди. Кейин бирга опкелди. Барака топсин!

— Унда кетдик, — деди Меҳмонали Мўътабарнинг билагини сиқимлаб. — Учрашувни ювмасак бўлмайди.

— Вой, нима билан ювамиз?

— борганда кўрасан. Ҳозир сени зўр жойга обораман. Фақат қўрқмагин!.. Айтганча, шошма, шу ерда тура тур! Мен ҳозир…

Меҳмонали нимадир эсига тушгандек югурганча ғор ичкарисига кирди. Ўзининг ўткир ханжарини олди, скотчни қўйинга урди. Шундан кейингина аста юриб ташқарига чиқди-да, Мўътабарни қўлтиқлади. Аёл бу ҳаракати азбаройи ёқиб тушганидан бир қўли билан Меҳмоналининг билагидан маҳкам ушлаб олди.

— Қаерга борамиз? — сўради мулойимлик билан. — Лагерингизгами?

— Йўқ, — деди Меҳмонали зўрма-зўраки жилмайиб. — Лагерда кўзи очлар кўп. Сени қизғонаман улардан… Сени тоғнинг зўр ерига обораман. Ўша ерда ювамиз учрашувимизни…

Улар қўлтиқлашганча ёлғизоёқ сўқмоқ орқали икки километрча йўл босишди. Ниҳоят қоялардан бирининг остида қад ростлаган ғорсифат жойга киришди. Бу ер қоронғи эди. Меҳмонали бунинг ҳам тадбирини кўриб олган экан. Қўйин киссасидан шам ва гугурт олиб, шамни ёқиб юборди. Кейин бошқа чўнтагини ковлаб пиёла чиқарди. Мўътабарга билдирмасдан ханжар ва пиёлани бир четга қўйди. Сўнгра қулоқларини динг қилди. Яқин атрофда зоғ учмасди. Оғир сукунат ҳукмрон эди. Бақир-чақирни яқин орада ҳеч ким эшитмаслигига амин бўлгач, Мўътабарнинг белидан олди.

— Кел, ўзимнинг хипча бел хотиним, — дея уни маҳкам қучоқлади -да, ерга босди. — Мен сени ейман! Еб қўяман!..

Беш ўн дақиқадан кейин Меҳмонали нафсини қондириб, Мўътабарнинг бошига бошини тираган кўйи ўнг ёнбошдаги скотчни қўлига олди ва қаддини кўтариб ярим метрчасини ханжар билан кесиб олди.

Мўътабар пинагини бузмасди. Меҳмоналининг асл мақсадидан бехабар эди. Шунинг учун яна ва яна бағрига тортишни канда қилмасди. Меҳмонали эса бу орада куч билан Мўътабарнинг оғзини скотчлади. Шундагина аёл ўзини нималар кутаётганига фаҳми етдими, типирчилашга тушди.

— Қимирлама, фоҳиша! — шивирлади Меҳмонали Мўътабарни устидан маҳкам босиб. — Интиқом яқин! Сен ҳадемай жаҳаннамнинг тўридан жой оласан! Менга қилган хиёнатларинг, алдовларинг, жодугарликларинг учун жавоб берасан! Қара, қонинг жуда ширин бўлса керак-а? Сени ўпсам, маза қиламан ҳар гал. Демак, қонинг ширин!..

Меҳмонали сира тап тортмай, иккиланмай, пиёлани яқинроққа сурди-да, қўлига ўткир ханжарни олиб тинимсиз типирчилаб қўлидан чиқишга уринаётган Мўътабарнинг томоғига тиради ва жуда секинлик билан тиғ тортди. Аёл хириллаб, оёқ-қўлларини қоқишга тушди. Меҳмонали бу ҳаракатдан жуда яхши хабардор эди. Сўйиб ташланган одам оёқ-қўлини қоқиб жон таслим қилиши унга жуда яхши таниш. Мўътабар жон бериш билан овора бўлиб турган маҳал у пиёлани унинг қонига тўлдирди ва бир кўтаришда сипқорди. Ўқчий-ўқчий, пиёлани жойига қўяётганда, Мўътабар индамай қолганига гувоҳ бўлди.

Фоҳиша ҳақиқатан жон бериб бўлганди.

Бунга тўлиқ амин бўлгач, шошилмасдан ўрнидан турди-ю, ташқарига йўл олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...