“Микрокредитбанк”нинг Қашқадарё вилоят филиали ўн ойда қанча кредит ажратди?

0

“Микрокредитбанк” аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида имтиёзли ва тижорат кредитлари миқдорини йилдан-йилга кенгайтириб бормоқда. Жумладан, банкнинг Қашқадарё вилоят минтақавий филиали томонидан 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳамда аҳоли хонадонларини тадбиркорликка жалб қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун вилоятда жами 9 543 та мижозга 208,6 млрд сўмдан ортиқ имтиёзли ва тижорат кредитлари ажратилди.

Шундан, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш мақсадида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 3 406 та мижозга 48,8 млрд сўм, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди-маблағлари ҳисобидан хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш дастурлари доирасида 108 та 1,8 млрд сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилди. Ушбу кредитлар ҳудудларда чорвачилик, иссиқхоналар ташкил этиш, тикувчилик, балиқчилик, асаларичилик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа янги соҳаларни ташкил этиш ва ривожлантиришга йўналтирилди.

Жумладан, Қашқадарё вилоятининг туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида Шаҳрисабз шаҳрида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 60 дан ортиқ аҳоли хонадонларида миллий услубдаги “Уй меҳмонхоналари”ни ташкил этиш учун 1,5 млрд сўм миқдоридаги кредитлар ажратилди. Мазкур меҳмонхоналар Шаҳрисабз шаҳрига келаётган хорижий меҳмонларга қулайлик яратиш билан биргаликда, уларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Қолаверса, бу шаҳарнинг ташриф қоғозига айланиб бормоқда.

Шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида банк тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгайтирилмоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда. Жумладан, Интернет банк, СМС банк, Мобил банк каби хизмат турлари жорий этилиб, мижозлар ушбу хизматлардан фойдаланган ҳолда ўз ҳисоб варағидаги маблағларни банкка келмасдан туриб масофадан бошқаришмоқда. Жисмоний шахслар учун МКБ Мобиле дастури ташкил этилиб, мижозлар ушбу дастур ёрдамида банк пластик карточкасидаги маблағларини бошқарибгина қолмай, ушбу дастур орқали масофадан коммунал тўловлар, бюджет ва солиқ тўловлари ва бошқа турдаги тўловларни амалга ошириш, шунингдек, микроқарз олиш имкониятига эга бўлишмоқда. Яъни сиз банкка келмасдан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўзингизга тегишли банк пластик карточкаси орқали микроқарз олишингиз мумкин бўлади.

Банкимизнинг ҳудудий филиалларида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 2 та Инфокиос, 5 та УзCард ва УнионПай тизимида ишлайдиган банкоматлар ҳамда 9 та ҲУМО тизимида ишлаётган банкоматлар ўрнатилди. Ушбу банкоматлар 24/7 тизимида, кеча-кундуз ишламоқда.

2019 йилда банк томонидан инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида хорижий кредит линиялари ҳисобидан 16 та лойиҳага 1 746,8 минг АҚШ доллари (16,5 млрд сўм) миқдоридаги кредитлар қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ажратилди. Жумладан, Қарши шаҳрида жойлашган Косон филиали мижози бўлган “Шомурод ота” фермер хўжалигига чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 100,0 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилган бўлиб, фермер хўжалиги Украина давлатидан 57 дона наслли зотдор қорамолларни олиб келиб кўпайтирмоқда. Ушбу лойиҳа асосида 5 та янги иш ўринлари яратилиб, аҳолига ва ички бозорга арзон нархдаги сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Бундай лойиҳалар аҳолига қулайлик яратиш билан биргаликда, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, истеъмол бозорини сифатли маҳсулот билан тўлдириш, аҳолини иш билан банд қилишга ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшмоқда.

Хулоса ўрнида айтиб ўтиш жоизки, “Микрокредитбанк”нинг Қашқадарё вилоят филиали юқорида айтиб ўтилган ислоҳотлар ва бошқа шу каби саъй-ҳаракатлар билан қишлоқ хўжалиги ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳаларининг ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.

Банк ахборот хизмати

 

loading...