Ўз-ўзидан ёниб кетган оммабоп Redmi смартфонини Xiaomi тузатиб ёки алмаштириб бермади!

0

Айрим компанияларнинг ҳар хил гаджетлари тутаб, ёниб ва ҳатто портлаб кетганлиги ҳақида хабарлар чиқиб туради. «Хитойча Apple» маҳсулотларида ҳам, кам бўлса-да, шундай ҳолатлар кузатилган.

Лекин яқинда шундай муаммога дуч келган ҳиндистонлик Чавҳан Ишвар (Chavhan Ishwar) ва унинг ёниб кетган Redmi Note 7S смартфони воқеаси фойдаланувчиларнинг Xiaomiга бўлган ишончига путур етказади.

Flipkart онлайн дўконида 1 октябрь куни яп-янги Redmi Note 7S учун буюртма берган Ишвар қўлига бу смартфон 3 октябрда етиб келди. Гаджет бир ой давомида жуда яхши ишлади, лекин 2 ноябрь кечки соат бешларда столда ётган жойида ўз-ўзидан тутай бошлади. Фойдаланувчи ваҳимага тушиб, уни компьютеридан нарировва сураётганида пайқадики, смартфон қизиб кетган ва ғилофи эриган экан.

Чавҳан Ишвар ёнғиннинг олдини олиб, куйган смартфонини 4 ноябрь – душанба куни Xiaomi сервис марказига олиб борди. У ердагилар девайсдан ҳатто SIM-картасини чиқариб олишни ҳам эплашмади – қурилма шунчалик шикастланган экан. Фойдаланувчига 2-3 кун кутиши кераклигини, смартфонни диагностика учун фабрикага жўнатишларини айтишди. 7 ноябрда эса, алангадан «аномал» шикастлангани учун смартфонни тузатиб бўлмаслигини айтишди.

Табиийки, бу жавоб фойдаланувчини қониқтирмади ва у сервис марказига йўл олди, у ернинг бошлиғи эса, ҳодисанинг сабаби батарея эканини, аниқроғи – смартфоннинг ичидаги «нимадир» ёнғин келтириб чиқарганини айтди. Чавҳан ҳақиқатнинг тагига етишга ҳаракат қилиб, қурилмани тушириб юбормаганини, ичига ўзи «нимадир» тиқмаганини таъкидлади. Ходимлар унга жавоб бера олмасдан, Xiaomi мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматининг электрон почтаси манзилини беришди.

Чавҳан юборган электрон мактубга бир кун ўтиб келган жавобда Xiaomi ходимлари эртасига унга ўзлари қўнғироқ қилишларини айтишганди. Бироқ қўнғироқ бўлавермагач, фойдаланувчи уч кундан сўнг ўзи уларнинг рақамларини терди. Мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматининг раҳбари уни тинглаб бўлгач, кулгили жавоб берди: «Сэр, кафолат батареяга татбиқ этилмайди».

Фойдаланувчи барибир ҳеч нарсага эриша олмаслигига кўзи етди ва бу воқеани батафсил ёзиб, суратлари билан бирга ижтимоий тармоқларда тарқата бошлади. Бошқаларга у Xiaomi маҳсулотларига ишонмасликни, бошқа ишончли брендлар гаджетларини харид қилишни тавсия этмоқда.

loading...