«Асалнинг ҳам ози ширин». Алишер Саъдуллаев «Биз билгандик, биз кутгандик» деган сўзлари мемга айланган қизнинг навбатдаги чиқишига муносабат билдирди

0

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев ўзинг Facebook’даги саҳифаси орқали Рухсора Машарипованинг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган видеосига муносабат билдирди. Видеода Андижон шаҳрида ўтказилган йиғилишда Ёшлар иттифоқи фаоли Рухсора Машарипованинг Андижон вилоятига нисбатан мақтовлари тасвирланган.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдурамонов ҳам иштирок этган йиғилишда Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Рухсора Машарипова сўзга чиқиб, «Андижонда шундай ҳокимларимиз бор экан, биз билмай юрган эканмиз», «Агар иккинчи марта дунёга келиш насиб этса, Андижонда туғилишни истаган бўлардим» каби фикрлари билан йиғилганлар олқишига сазовор бўлган.

«Асалнинг ҳам ози ширин» деган гап бор. Халқ бундай чиқишларни ёқламайди. У ўзгарган. Эмоцияларни жиловлай олиш керак. Ёшлар аниқ мақсад билан ҳаракат қилишни ўрганайлик. Мақтовлар кўпайса, ишдан барака қочади, дангасалашиб ўз устимизда ишламай қўямиз, халққа бу эриш туюлади.

Лекин у қизимиз алоҳида мавзу. Суҳбат қуриб кўришимиз керак. Унчалик биз ўйлаган ва тасаввур қилгандек эмаслигига ишонгим келяпти. Эмоцияларини жиловлашни ўргатиш керакдир, аммо унинг шаънига тегишли гаплар айтишингизни истамас эдим. У ҳам кимнингдур дилбанди, синглиси ёки жигаргўшаси, ахир. Майли фикрини билдирсин, биз уни эшитайлик, тегишли хулоса қилайлик, аммо бирлашиб қоралаб ташламайлик, оммавий киберюмор/мемлар/кибербуллинг қилиб ташламайлик. Фикр ёки сўз қандай бўлмасин, уни эшита олишимиз керак хоҳ танқид, хоҳ мақтов бўлсин. Мени ўйлантираётгани унинг ҳозирги ҳолати ва жамоатчиликка мослашиш учун қанча ҳаракат қилиши ва маълум вақт давомида бошқаларнинг унга қай назарда боқишини ҳис қиляпман. Унга тенгдошларидан бўладиган босимни ҳис қиляпман. У бир куни бу вазиятни тушуниб етишига ишончим комил, аммо биз эса бироз вазмин ва бағрикенг бўлишимизни хоҳлар эдим.

P.S. Мен уни жуда ҳимоя қилиб ёзгим келяпти, аммо ғашингизга тегиш ниятим йўқ. Ҳаддан ортиқ мақтовни ҳеч ким ёқламаса керак, аммо бироз бағрикенг бўлайлик, дўстлар.

P.S.S. Бугун Хоразмда хизмат сафарида эдим, биз учун осон кун бўлмади, ростини айтсам. Бир инфожанг кунига айланди бугунги сана биз учун. Кечки пайт келганимда бугун ижтимоий тармоқларда «хайп» бўлган мавзу ҳақида ўта субъектив фикрларим билан бўлишгим келди, холос. Хайрли тун, дўстлар.

Алишер Саъдуллаев, Ёшлар иттифоқи раиси
Эслатиб ўтамиз, Рухсора Машарипова 2017 йили Ёшлар иттифоқининг қурултойидан сўнг, берган интервьюси сабаб «машҳурликка» эришганди.

loading...